Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Июн, 2025   |   5 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:08
Қуёш
04:53
Пешин
12:27
Аср
17:42
Шом
20:03
Хуфтон
21:45
Bismillah
30 Июн, 2025, 5 Муҳаррам, 1447

Имом Зайнул Обидийннинг жумардлиги

13.04.2017   9436   2 min.
Имом Зайнул Обидийннинг жумардлиги

Ҳасан ибн Ҳасан билан Зайнул Обидийн ака-уканинг – Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайннинг фарзандлари – амакиваччалар. Нимадир бўлиб иккаласининг гапи чиқишмай қолибди.  Жаҳл келса ақл кетади деганларидек, ғазаб отига минган Ҳасан ибн Ҳасан оғзига нима келса қайтармасдан айтиб, уни бас дегунча хақорат қилибди. Ўша вақтда улар жамоат билан масжидда эканлар. Зайнул Обидийн сукут қилиб, жавоб қайтармабди.

Бу ёғини ўзларидан эшитамиз.

“Сўнг уйга қайтдим, қоронғу тушганда тўсатдан кимдир эшик қоқиб  қолди. Эшикни очсам, Зайнул Обидийн турибди. У энди росмана жанжаллашгани келган бўлса, керак деб ўйладим. Лекин у мутлақо хотиржам эди: “Эй, оғажон, сен мен ҳақимда айтган гапларинг рост бўлса, Аллоҳ мени мағфират қилсин; агар акси бўлса, сени мағфират қилсин, – деб бир оз сукут сақлаб турди-да, – сенга Аллоҳнинг саломи бўлсин”, – дея ортига  қайрилиб кетди. Орқасидан эргашиб, бориб: “Аллоҳга қасамки, иккинчи бор сенга ёқмайдиган иш қилмайман”, деб узр сўрадим. У мени бағрига босиб меҳрли бир сасда: “Менга нима деган бўлсанг ҳаммасидан кечдим”, деди”.

***

Мадиналиклардан бири айтади: “Зайнул Обидийн масжиддан чиқаётганда унга эргашиб сўка бошладим. Ўзи уни сўкишимга бирор сабаб ҳам йўқ эди. Бу ҳолни кўрган одамлар ёппасига устимга бостириб кела бошлади. Агар мени ушласалар бурда-бурда қилиб ташлаши тайин эди. Шунда у зот одамларга қараб: Унга индаманглар”, деди. Улар тўхташди. Менинг қалтираётганимни кўриб, очиқ чеҳра билан яқинлашди ичимдаги қўрқувни кетказиб, тинчлантира бошлади. Сўнг эса: “Сен каминани билганларинг билан сўкдинг, ҳали сен билмаганлари  қанча!  Бирор эҳтиёжинг борми, ёрдам берайликми?!” деди. Уятнинг зўридан ҳеч нарса дея олмадим. Хижолатдан терга ботганимни кўриб устидаги тўнини елкамга ташлади-да, менга яна минг дирҳам беришларини амр қилди”.

Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.

 

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар

Буни шукр деб бўладими?

27.06.2025   6335   3 min.
Буни шукр деб бўладими?

Беҳисоб пул ва бойликларни чекиш-ичиш, кайфу сафо учун сарф қилиш – Аллоҳга шукр қилишми?!

Ёшлик даврини зино ва ҳаром ишлар билан ўтказиш – Аллоҳга шукр қилишми?!

Телефон орқали ўзгаларга зарар етказиш, ҳар хил бўлмағур ишларда фойдаланиш – Аллоҳга шукр бўладими?!

Егуликларни чиқинди қутисига ташлаш, уволни билмаслик – Аллоҳга шукр қилишми?!

Закотни ўз вақтида адо этмаслик, садақадан тийилиш – Аллоҳга шукр қилиш деганими?!

Интернетда фойдасиз нарсалар учун вақт ажратиш, вақтни бекорга зое қилиш – Аллоҳнинг берган неъматларига шукр қилишми?!

Ахир Аллоҳ таоло бизларга шукр қилишни ва У Зотнинг фазлини эътироф қилишга буюрган-ку: «Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз!»[1].

Қолаверса, Аллоҳ таоло шукр қилувчиларни азобламаслиги хабарини ҳам берган: «Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизларни нега азобласин?! Аллоҳ  шукрни қабул этгувчи ва билгувчи Зотдир»[2].

Шукр – Аллоҳ таоло ато этган неъматларнинг давомли бўлишининг гаровидир: «Яна Парвардигорингиз билдирган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”»[3]. «...Агар шукр қилсангиз (ва иймон келтирсангиз) У Зот сизлар учун  рози бўлур...»[4].

Бу дунёда борлигимизга шукр қилиш – ота-оналаримизга яхшилик қилишимиздадир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг розилиги – ота-онанинг ризосидадир” [5], деганлар.

Қариндошчилик муносабатларини йўлга қўйиш, улар билан борди-келди қилиш, узилган ришталарни тиклаш ҳам Аллоҳ бизга қариндош, яқинлар бергани неъматининг шукридир. Набий алайҳиссалом бу борада: Ризқида кенгчилик бўлиши, ажали ортга сурилиши кимни хурсанд қилса, қариндошчилик алоқаларини боғласин”, деганлар[6].

Садақа бериш – Аллоҳ бизни мол-дунё билан сийлагани учун шукр қилиш демакдир. Садақа Аллоҳ таолонинг ғазабини ўчиради. Набий алайҳиссалом: “Махфий қилинган садақа Яратганнинг ғазабини ўчиради. Қариндошчилик алоқаларини боғлаш  умрни узайтиради. Яхшилик қилиш ёмон ўлим топишдан асрайди”, [7] деганлар.


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.

 


[1]  Бақара сураси, 152-оят.
[2]  Нисо сураси, 147-оят.
[3]  Иброҳим сураси, 7-оят.
[4]  Зумар сураси, 7-оят.
[5]  Ибн Ҳиббон ривояти.
[6]  Имом Бухорий ривояти.
[7]  Имом Табароний ривояти.