Кунимизни интернетсиз тасаввур қилишимиз қийин бўлиб қолди. Ҳар бир ишимизда интернетга мурожаат қиламиз. Бирор муаммога дуч келсак ҳам, кундалик юмушларимизда савол туғилса ҳам ана шу тармоқлардан жавоб ахтарамиз. Интернет худди очиқ дарвозага ўхшаб унга ҳар қандай ахборот оқими кириб келаверади. Ўз вақтини интернетга сарфлаётган ёшлар эса нафақат вақтини бой беради, балки ёвузлик тўрига илиниб қолиши ҳам мумкин.
Айниқса, экстремистик оқим вакилларига интернетнинг очиқ дарвозаси жуда қўл келмоқда. Бузғунчи оқимлар, ёшларга муаммоларига ёрдам беришни ваъда қилади ёки динни ўргатаман, деб аврайди. Табиийки, қизиққон ва интилувчан ёшлар қандай ёмон йўлга кириб қолганини ўзи ҳам англай олмай қолади. Ана шундай ачинарли вазиятга дуч келмаслик учун, аввало, ҳар бир ўғил-қиз илмли бўлишга интилиши лозим. Кўрган маълумоти ҳақида мулоҳаза юритиши, шубҳали туюлган ахборотлардан узоқ туриши муҳим.
Қолаверса, дин илмини ўрганишни ният қилган ёшлар учун юртимизда қанчадан-қанча ўқув юртлари фаолият юритмоқда.
Аллоҳ таоло ояти каримасида инсониятни огоҳликка чақириб:
“Эй мўминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда, бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишларингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб-текшириб кўринглар!” деб марҳамат қилган. Ушбу оятнинг тафсирида уламолар бу каби вазиятда ўша маълумотнинг ҳақиқат эканини билгунча кутиш лозимлиги, шошилиб қабул қилиш мумкин эмаслигини айтганлар.
Чиндан ҳам, инсон қизиқувчан, у янгилик кутиб яшайди. Бироқ, интернетдан келаётган уйдирма маълумотларни қабул қилиб олиши унинг ўзига зарар етказиши мумкин.
Европа олимлари ёшларнинг илм олиши устидан тадқиқот олиб боришганда, натижа кўпчиликни ҳайратга солади. Ёшларда диний дунёқарашнинг шаклланиши кўп жиҳатдан глобал тармоқ – интернет орқали узатилаётган маълумотларга боғлиқ бўлиб қолаётган экан. Ғарб мамлакатларида истиқомат қилаётган кўплаб мусулмонлар кундалик ҳаётида дуч келаётган муаммоларига ўзлари амал қилиб келаётган ислом дини қандай муносабатда эканини билишни истайди. Бундай қизиқиш юртимизда ҳам учраб туради ҳамда кўплаб юртдошларимиз ўз саволларига сайтлардан жавоб олишга интилади... Демак, ҳар соҳада бўлгани каби интернетдан фойдаланишда энг муҳим шарт – баландпарвоз тавсиялару таги пуч ғояларга ишонмаслик керак. Айниқса, диний мазмундаги масалаларга дуч келганда аллақандай сайтлардан эмас, балки Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг muslim.uz портали ҳамда Айдарбек Тулеповнинг яқинда қайта нашр этилган “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобида тавсия этилган диний идора тасарруфидаги сайтларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Аҳолининг дунёқарашини шакллантиришда, ёшлар онгидаги бўшлиқни тўлдиришда интернетнинг ҳам ўзига хос ўрни бор. Шундай экан, назоратни аввало, ўзимиздан бошлашимиз зарур. Эътибор берайлик, биз кўп вақтимизни яқинларимизга эмас, ана шу тармоқлардаги мазмунсиз маълумотларни олишга ёки ўйинлар дарёсига ғарқ бўлишга сарф этмаяпмизми? Бекор кетаётган азиз вақтимизни фойдалироқ ишларга сафарбар этсак, ҳаётимизга мазмун кириши мумкиндир. Албатта, ҳушёрлик ва зийракликни ҳам ҳамиша қўлдан бой бермаслик муҳим аҳамиятга эга. Маҳмуд Замахшарий айтганидек, “Ҳушёр ва заковатли одам улдурки, унинг фикр доираси кенг, узоқни яқиндек кўра оладиган ғафлат уйқусидан йироқ, балки ҳамиша фикру зикри билан уйғоқ, махфий ишоратдан ҳам ўзига хулоса чиқара ола биладиган, сўқир кўздан ҳам ёш оқиза оладиган бўлур”.
Муҳаммадаъло МАДРАҲИМОВ,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Намоздан кейин имом «Оятал курсий»ни бошидан ўқиганда жамоат қолганини ичида давом эттирадими ёки бошидан бошлайдими? Зикрларни айтишдачи?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намоздан кейин оятал курсий ва тасбеҳларни айтиш мустаҳаб амал саналиб, уларни имом ҳам, жамоат ҳам ўқишлари мандуб, яъни гўзал ва савобли иш ҳисобланади. Шунинг учун имом бошлаб берганидан кейин жамоатдагилар ҳам оятал курсийни бошидан ўқийдилар.
Шунингдек, тасбеҳларни 33 тадан айтадилар. Имом уларни овоз чиқариб бошлаб беришининг сабаби жамоатга айтиладиган зикрни эслатиш учундир.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом фарз намозлардан кейин «Оятал курсий»ни ўқишнинг фазилати ҳақида бундай дейдилар: “Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятал курсийни ўқиса, кейинги намозгача Аллоҳ таолонинг зиммасида бўлади” (Имом Табароний ривоятлари).
Бошқа бир ҳадиси шарифда бундай дейилади:
“Ким ҳар бир фарз намознинг ортидан Оятал курсийни ўқиса, уни жаннатга киришдан фақатгина ўлим тўсиб туради” (Имом Насоий ривояти).
Намоздан кейин тасбеҳларни айтиш борасида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта Аллоҳу акбар”, деса ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлади. Юзинчисида “Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайьин қодийр”ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпикларича бўлса ҳам мағфират қилинади”, дейилган (Имом Муслим ривояти).
Шунга кўра имом домла “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Аллоҳу акбар” дейиши ўзи учун ҳисобга ўтади. Жамоатдаги намозхонлар 33 тадан ўзлари айтишлари керак бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.