Менимча юқоридаги саволни ўқиган ҳар қандай шахс, унга жавобан: “Албатта, мен файз ва баракага эришишни хоҳлайман” дея жавоб берган бўлса, ажаб эмас. Чунки, инсонлар бу дунё беш кунлик бўлсада, унда яхши ҳаёт кечиришни ҳоҳлайдилар. Албатта, бундай яхши ҳаёт кечиришга Аллоҳ таолонинг Ўзи каломида ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида тавсиялар берганлар.
Ана шу тавсиялардан бири “Мулк” сураси ҳақида бўлиб, бу суранинг фазилатлари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир қанча ҳадислар ривоят қилинган.
Ҳазрати Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳи бобомиз ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У (Мулк сураси) сақловчи ва нажот берувчидир. Қабр азобидан нажот беради”, деганлар.
Мулк сураси халқимиз орасида “Таборак” номи билан ҳам маълум-машхурдир. Шунингдек у “Сақловчи” ва “Нажот берувчи” деб ҳам юритилади, чунки у бандаларни Дўзах азобидан сақлайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида: “Албатта, Аллоҳнинг китобида (Қуръонда) бир сура бор, унинг оятлари ўттизта бўлиб, ўз ўқувчисини қиёмат куни шафоат қилади. Уни Дўзахдан чиқариб, Жаннатга киритади. У “Таборак (Мулк) сурасидир” деганлар.
Бошқа бир ҳадисда Расулаллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мулк сураси ҳар бир мўьмин қалбида бўлишини ҳоҳлардим”, деганлар.
Расулаллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб айтганларки: “Ҳар ким “Мулк” сурасини ўқиса, Қадр кечасига етишганнинг савобини топади. Бу сура ўз ўқувчисини шафоат қилади ва унинг гуноҳлари авф этилади. Ҳар ким бу сурани ўқиса, Аллоҳ таълонинг ҳамма китобларини ўқиганлик савобига эришади. Агар сидқ билан унинг оятларини ўқиса қабр азобини кўрмайди. Агар қабр бошида ўқилса, ўша қабодаги майитнинг азоби енгил бўлади ва қабри Жаннат бўстони айланади”.
Ривоят қилинади, кимки оғир бир мусибатга учраса, Аллоҳ таолодан сўраб, тўғри соф иймон-эътиқод ва ихлос билан маъноларини тадаббур ва тафаккур қилиб, “Мулк” сурасини кирқ бир марта ўқиса, иншаа Аллоҳ, У зот енгиллик беради.
Ва яна бирор бир манзил-маконда юқорида айтиб ўтилган шартларга амал қилган ҳолда ушбу сура ўқилса, у ерда, иншаа Аллоҳ, файз ва барака зиёда бўлади.
Агар кимки кўз оғриғига учраган бўлса, уч кун давомида ҳар куни уч марта “Мулк” сурасини, бунда ҳам юқорида айтиб ўтилган шартларга амал қилган ҳолда ўқиса, инша Аллоҳ, шифо топади.
Тошкент ислом институти 4-курс талабаси
Тожиддинов Абдус Сомад Абдул Босит
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ