Абу Абдуллоҳ Салмон ал-Форсий (? - 658) – саҳоба; Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларидан. Асли исфаҳонлик. Ёшлигидан фитратида Ҳаққа интилиш бўлгани туфайли ҳақ динни қидириб сафарга чиққан. Мажусий динидаги отасидан қочган. Дастлаб насроний динига кирган, Пайғамбар алайҳиссаломнинг хабарини эшитганидан сўнг у зотнинг ҳузурларига келиб ислом динини қабул қилган. Ироқ ҳокими бўлган кезларда ҳам бўйра тўқиб сотиб, ўз меҳнати эвазига тирикчилик ўтказган; маошини муҳтожларга садақа этган. Расули Акрам (сав)дан кўплаб ҳадислар ривоят қилган.
Салмон ФОРСИЙ
Қўлга киритган ҳурлигим татимаётган, шу қадар фараҳбахш туйғудан сармаст бўла олмаётган эдим. Чунки ҳали мен каби мингларча мазлумлар энг оғир шароитларда ҳаёт кечириб, золимларнинг зулми остида эзилаётган эди. Бу ҳолни фиръавинлар зулмига учраган Мусонинг асҳобига менгзаш мумкин эди.
Эй азиз! Ичимдаги бу зимистон дунё қачон ёришади? Инсонлар фақат қора танли бўлгани учун, фақир ҳолда туғилгани учун саройларда қул сифатида сотилаётир? Мен Салмон ҳеч қачон бундай адолатсиз дунёда ўзимни озод инсондек ҳис эта олмайман. Келиб чиқишим ва танимнинг ранги уларники каби бўлмаса ҳам ҳар доим мазлумларга ўзимни яқин ҳис этаман. Зеро, мен ўзимни аслзода билан ёнма-ён келганимда душман, йўқсил билан дучма-дуч келганда бир дўст каби ҳис этаман. Шу боис ўзимни танитганимда ҳуррият оташи бир куни баданимни куйдиришини сўзлар, ўзимни ҳақиқат истаган бир қул ўлароқ таъриф этар эдим. Бу ҳисларим мени янги бир изланишга етаклади. Негаки, бунчалар чиркин дунёда юз бераётган ноҳақликларга асло томошабин бўлиб тура олмас эдим.
Менга ўхшаган қуллар ҳар куни ҳисобсиз, савол-сўроқсиз, сабабсиз, улкан ибодатхоналар, обидаларда, саройлар қурилишида оғир тошлари остида эзилиб, қонлар ичида жон бермоқда. Қоринни туйдириш илинжида қиролларнинг, императорларнинг хизматига кирмоқ ва уларга итоат этмоқ қандай бўлади-да, инонганим элчининг, сиғинганим тангрининг менинг тақдиримга бахш этгани бир ҳақиқат қандай? Йўқ! Бу кўргуликларим ва барча биродарларим торган азоблар (Тангрилар) бизга бахш этган тақдир бўлиши мумкин эмас. Булар тўйиш нималигини билмайдиган бойларнинг чегарасиз истакларини таъмин этмоқ учун ўйлаб топган уйдирмаларидир. Ҳеч бир тангри ўзи яратган ва тақдирини белгилаган бандасини бу қадар шафқатсиз ҳаёт ичида синамайди. Ёки мен ишонган тангри ўз оташи билан фақат бойларни азиз биладими? Мабодо, олови ўчиб қолса, ўзига бир фойда келтира оладими? Буни ўзи ҳам билмайди! Ахир мен дунёга ҳурлигимни йўқотиб, қуллик кишанлари остида, оғир тошлар яра-чақа қилиб юборган мажруҳ бир танани кўтариб юрмоқ учун келмадим-ку!
Чўллардан ошдим, саройлардан қутулдим, қуллик, ҳорғинлик, азият, шувиллаган қамчилар зарби, оёққа урилган занжирлар, ваҳшиёна бақиришлар, кўз ёшлари, бераҳмлик... булар менинг озодлигимга дахл қила олмайди. Эркинлигим узоқ диёрларда, отини ўзим ҳам билмайдиган бир маконда. Қайда бўлсам ҳам худди туғилган вақтимдаги каби ҳурлигимни яна топаман. Ичимдаги озодлик учқунлари ёлқинланиб, катта бир вулқон ҳолига келмоғи учун бир оташ истадим. Довуллари қайнаган бу озодлик орзуси танамда кундан кунга ёлқинланиб бораётган эди. Кўзларимни очганим заҳоти узун бир йўл кўрар эдим. Валлоҳи, тоғли, дарали, бепоён ва узундан узун йўл. Бу йўлни очмоққа зўр эҳтиёжим бор эди. Аммо дардларимни, изтиробларимни, хаёлларимни баҳам кўрадиган асомдан бошқа кимсам йўқ эди.
Келдим ва уни топдим гўёки. Бу диёрлар менга етиша олмаган озодлигимни кўрсатгандек бўлди. Бир донишманд танишимдан (поп) илм, ҳикоя, кичик тадқиқотлар, тарихни, ўқиш-ёзишни ўргандим. У: “Озодлик қўлдан кетиб, яна қул бўлиб қолишинг мумкин, бироқ билимни ҳеч ким сендан тортиб ола олмайди”, дерди. У икки тангрига сиғинмас, “Ё пулга ё Аллоҳга сиғинасан”, деган Исо алайҳиссаломнинг изидан борар эди. Унга ва Исога инондим ва итоат этдим. Ҳар бир инсоннинг тангриси бўлган буюк Мавлога қуллик идроким ила боғландим. Бу боғланиш менга йўқотган ҳурлигимни қабул этмаганим ибодатхоналардан, аслзодалардан тортиб олиб берган эди. Мен кимсасиз бир мусофир эдим ёки бир қул, аммо унинг дини буларнинг ҳеч бирини сабаб қилиб мени қуйида кўрсатмади.
Қўлга киритган ҳурлигим татимаётган, шу қадар фараҳбахш туйғудан сармаст бўла олмаётган эдим. Чунки ҳали мен каби мингларча мазлумлар энг оғир шароитларда ҳаёт кечириб, золимларнинг зулми остида эзилаётган эди. Бу ҳолни фиръавинлар зулмига учраган Мусонинг асҳобига менгзаш мумкин эди. Аммо мазлумлар ҳаққини ҳимоя қилиш учун ҳеч бир инсон ҳаракат қилмаётган эди. Аксинча, мен янги мансуб бўлган дин одамлари ўз динларига оид бўлмаганлар (атроф ўлкалар) билан ғавғога киришган эди. Муттасил фатҳ ҳаракатлари ва урушлар давом этарди. Инсонлар янада ваҳшийлашган ва Исонинг насиҳатларини унутар ҳолга келган эди.
Ҳар ишга қодир бўлган тангрининг бизларга бахш этган тақдири фақат аччиқ азоблардан иборат бўлмоқда эди. Менга ҳуррият йўлини кўрсатган руҳоний ҳаётдан кўз юмган ва кучли изтироб ила мени ёлғиз ташлаб кетган эди. Унинг ўлими озодлигимнинг ниҳояси бўлди. Ожиз таним яна қул ўлароқ хизмат қилишга маҳкум этилди.
Руҳонийнинг ўлимидан сўнг бир мусофирнинг эмин-эркин юриши аслзодаларнинг кўзига миллий қадриятларга ва насронийликка зид ҳаракат ўлароқ қабул этилди. Такрор қул бўлишим, оғир тошларни ташишим, қамчилар зарбини тортишим, азиятлар остида қолишим аён бўлиб қолди. Руҳимдаги ҳуррият оташидан унган новдаларни золимлар бурда-бурда қилди. Ҳамма нарсадан умидимни уздим. Чўл энди менга Эрондан Кисронинг қочганим каби узун кўринмас, бу ерларда бир вақтлардаги умидларимни ҳам кўрмас эдим.
Муҳташам саройлар, ибодатхоналар, ҳавога бўй чўзган обидалар яна менинг устимдан, тўккан терларим ҳисобидан юксалаётган эди. Аммо поп менга ўргатган ўқиш ва ёзиш менга бирмунча енгиллик туғдирар эди. Поп менга: “Бу ҳудудларда араб бир пайғамбар келади, унинг динига кир ва унинг дининг ворисларидан бўл”, деган эди. Исми Мустафо эмиш. У – Аллоҳ тарафидан ер юзига туширилган бир нур, ҳақиқатни билдирадиган, ботилни тақиқлайдиган, одобсизликка бўйин эгмасликни ўргатадиган йўлбошчидир. Ким бу пайғамбар? Нима учун поп менга ўзи ишонган Исони ва Тангрини қўйиб, бошқаси кўрсатган бир динга киришимни истаётир?..
Сўрадим, изладим ва тингладим. У Маккадаги Ҳошим ўғиллари қабиласига мансуб Муҳаммад ибн Абдуллоҳ эмиш. У ҳали туғилмасиданоқ отасидан айрилган экан ва кичик ёшида онасининг ҳам ҳасартида қолибди. Шу кунларда Мадинага кўчиш учун тайёргарлик кўраётгани ҳақида эшитдим. Ҳар ким унинг ёлғондан қочиб ҳақиқатга, ботилдан қочиб ваҳдатга, зулмга тўсиқ бўлиб адолатни таъмин этмоққа жаҳд этган бир инсон эканини сўзлаётган эди. Бу ердаги қуллигимдан қочиб зудлик билан Муҳаммадни топмоқни истар эдим. Мўътабар элчининг бу йўлида унга йўлдошлик қилиб зулм сари кетган ҳар бир йўлга ғов бўлмоқни орзу этдим.
Қочдим ва Маккага келдим. Бу ерда ҳар киши у ҳақида сўзларди; бири унинг ҳеч қўрқмасдан бойлар ва мулк соҳибларини Аллоҳ йўлида таҳдид этганини, яна бири унинг оддий бир чўпон бўлганини ва оч кўринмаслик учун қорнига тош боғлаб юришини гапирар эди. Қулоқларимга ишонмадим. Ахир Мусо ҳам, Иброҳим ҳам чўпонлар орасидан танланган бир огоҳлантирувчи, ваҳдатни кўрсатувчи элчи эди. Каъбада доимий йиғилишларнинг бўлиб ўтаётгани, унинг ваъзларининг фақир ва мискинларни кучли исённинг эшигига келтириб қўйганини кўрсатар эди, Маккада унинг йўлларига минг турли тўсиқлар қўйилган бўлса-да, бу ерда жуда катта ўзгаришлар бўлиши сезилиб қолган эди. Мушриклар уни ёлғончи, сохтакор, оталарининг омонат қолдириб кетган муқаддас диннинг ашаддий душмани деб ҳисобламоқда эди. У эса тўхтамасдан ваъз этар, инсонларга йиллар давомида йўқотган ҳақиқатларини баён этмоқда эди.
Кеча танҳо эди. Зим-зиё қоронғуликда фақат чўл ҳашаротлари чиқарган овоздан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Каъбада мушриклар яна тўпланиб олиб у Расулни ғийбат қилаётган эди. Баҳслашув турли фикрлар билан кучайиб бораётган чоқда У пайдо бўлди ва мен уни илк даъфа кўрдим. Гапларини бошлаганда яна бир марта қулоқларимга ишонмадим. “Инсонларни эзмоқ учун қўлланаётган бу тангриларингиз нега сиздан бошқа қулларига ёрдамини қизғанмоқда. Бу тангрилар нега гуноҳсиз бўлган гўдакларнинг ўлимларини истамоқда. Муқаддас ҳисоблаганингиз ойларда йиғилган молларни тангрингиз учун харжлайсизми, йўқса, ўз манфаатларингиз учунми? Ўзи бу бутлар сиздан мулк истайдиган қадар ожизми? Ўзингиз йўниб ясаган бу ҳайкалчалардан нималарни умид қилмоқдасиз? Молу мулк Аллоҳ йўлида сарфлангунга қадар инсоннинг ичини ёқадиган бир қур олов бўлиб тураверади!” Кўзларимга ишона олмаётган эдим. Сўзларига ҳайрат этишними, хитобатини, гўзаллигиними?.. нима қилишни билмай анграйиб қолган эдим. У қўрқмасдан ёлғиз ҳолида ўзининг жонига қасд қилиш режасини тузаётган золимлар тўдасига кириб уларга тўғри йўлни кўрсатаётган эди.
Пайғамбар бу сўзларни айтганидан сўнг мушриклар устига юраверди. Оломон уни аёвсизларча ура бошлади. У эса адл туриб сўзларини ҳеч эътироз билдира олмайдиган тарзда давом эттирар эди. Югуриб бориб ғавғога қўшилиб кетдим, Зулмга қарши менинг илк мужодалам ана шу эди. Мушриклар менинг ўртага кирганимни кўрганидан сўнг бизни Каъбадан суриб чиқарди. Ушбу буюк танишув ўша кеча бошланди. Йиллар давомида излаганим ҳақиқат, эркинлик, ҳуррият оташи илк марта тўғри узанга тушди. Унинг юзи қонаган эди, гўзаллигининг тимсоли бўлган кўзларини юзимга тикди:
– Ассалому алайкум!
– Ваалайкум ассалом, ё Расулуллоҳ!
Ҳар иш шундай бошланди ва ҳар иш шундай ниҳоясига етди.
Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг энг яхшиси менинг асримдагилар, сўнгра уларга яқинлар, сўнгра уларга яқинлар», дедилар (Бухорий, Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳанбал ривоят қилишган).
Мусулмон уммати тарихидаги энг яхши давр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари яшаб ўтган аср бўлиб, у тарих зарварақларидан «Саодат асри» деган ном билан жой олди. Кейинги аср тўрт буюк саҳоба бошчилигида олиб борилган асрларга татигулик ишлар сабабли «Рошид халифалар даври» деган ном билан тарих саҳифаларига битиб қўйилди. Кейинги аср «Умавийлар асри» дея аталиб, мана шу даврдан поғонама-поғона пастлаш ҳолати кузатилди.
Умавийлар давлати Умайя ибн Абдушшамс ибн Абдуманофга нисбат берилади.
Умайя исмли ушбу шахс жоҳилият даврида Қурайш уруғларидан бирининг бошлиғи бўлиб, амакиси Ҳошим ибн Абдуманоф билан ҳар доим Қурайшнинг раҳбарлигини талашиб келар эди. Ислом келгач, мазкур талашув очиқ-ойдин душманликка айланди: Бану Умайя қабиласи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг даъватларига қарши турди; Бану Ҳошим қабиласи эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга барча ишларда кўмакдош бўлди, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни душманларнинг ёмонликларидан ҳимоя қилди.
Бану Умайя одамлари Макка фатҳи даврида бошқа иложлари қолмаганидан кейингина Исломни қабул қилишди. Дастлабки асрларда Исломда пешқадам бўлган уруғларнинг энг катта бобоси Абдуманоф ҳисобланади.
Бану Умайя (умавийлар) тарихини бузиш
Бану Умайянинг тарихи тафсилотларига эътибор берадиган бўлсак, унинг бузиб кўрсатилганлиги, уларни кўпроқ қоралаш ҳолатларини кузатамиз. Бу ишларнинг кўпчилиги уларнинг асосий сиёсий хусуматчилари – аббосийлар томонидан қилинган, чунки тарихга оид китобларнинг кўп қисми айнан аббосийларнинг ҳукмдорлик даврида ёзилган. Шунингдек, шийъалар, хаворижлар, тарихни яхши билмай туриб оғзаки сўзлаб юрадиган оми кишилар ҳам Бану Умайянинг сиёсий душманлари ҳисобланиб, улар ушбу қабиланинг жуда кўп туҳматларга қолишига ҳам сабаб бўлган.
Бу туҳмат ва қоралашлар турли-туман бўлиб, асосий эътибор Бану Умайянинг обрўсини тўкадиган тарихий ҳодисаларга қаратилган, улар бўрттириб кўрсатилган. Ушбу ҳодисаларни нишон қилиб, уларнинг қадрини туширишга олиб борадиган гаплар айтилган:
1. Бану Умайянинг илк даврда Исломга қарши турганлари, Исломни кечикиб қабул қилганлари жуда кўп такрорланади, лекин уларнинг Исломга кирганларидан кейинги буюк ишлари, жумладан, кўплаб юртларни фатҳ этишда кўрсатган хизматлари мутлақо эсланмайди.
2. Бану Умайя даврида содир этилган мусибатлар бўрттириб гапирилади. Карбало воқеаси, имом Ҳусайн ва у кишининг оилаларининг қатл этилиши, Ҳарра воқеаси, Мадинадаги Ҳарамни эътиборсиз қўйиш, манжаниқ билан Маккага тош отиш масалалари шулар жумласидандир.
3. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг қатл қилиниши, Зайд ибн Алий ибн Ҳусайннинг қўзғалони ва у кишининг қатл қилиниши, шунингдек, бошқа тарафларда содир бўлган хатоларни эътиборга олмаслик, халифага қарши чиқиш, тоатни бузиш каби ишларни Бану Умайяга катта айб қилиб, уларга қарши кенг тарғибот ишлари амалга оширилади.
4. Бану Умайянинг душманлари томонидан уларнинг инсоний нафсидаги заифлик нуқталарига алоҳида эътибор берилади, Бану умайялик баъзи кишилардан содир бўлган хатолар бўрттириб гапирилади, бироқ яхшиликлари беркитилади. Хусусан, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ҳақларида бу очиқ-ойдин кўринади.
5. Абу Суфён ва Муовия розияллоҳу анҳумо ҳақларида ҳам бу каби ноўрин гаплар ниҳоятда кўпайган. Бану умайялик баъзи волийлар ботил ишларни қилувчи мутаассиблар дея сифатланади. Бу Ҳажжож ибн Юсуф ва Зиёд ибн Абийҳлар мисолида кўринади.
6. Язид ибн Муовия ҳамда Валид ибн Язид каби халифалар ҳақида ҳам уларга қарши жуда бўлмағур миш-мишлар тўпланиб тарқатилган. Аслида эса мусулмончилик одоби бўйича Бану Умайя даврида рошид халифалар давридагидан кўра бир оз пастлаш – сустлашиш бўлганини эслашнинг ўзи кифоя қилади. Вақт ўтиши билан хатога йўл қўйиш ҳам аста-секин кўпайиб борган. Бану Умайя давридаги мусулмонлар жамияти ҳар жиҳатдан рошид халифалар жамиятига яқин бўлган. Лекин қўлга киритилган ўлжалар, мол-мулкнинг кўпайиши натижасида катта-катта уйлар, қасрлар қуриш, шунингдек, чўри тутишнинг оммалашганлиги бор. Шу билан бирга, Бану Умайянинг жуда кўп яхши фазилатлари ҳам бўлганлиги бор ҳақиқат, лекин уларга қарши бўлган тарихчилар бу фазилатларни эътиборга олмаганлар, балки унутиб қўйганлар.
Улардан баъзиларини айтиб ўтамиз:
1. Ҳазрати Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу катта саҳоба бўлиб, у киши Халифа Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга қарши масалаларда ижтиҳод қилган, фақат ижтиҳоди унчалик тўғри бўлмаган. Лекин барибир у зот одил кишилар сафида қолган. Зотан, барча саҳобалар розияллоҳу анҳум адолатлидирлар.
Бану Умайянинг энг катта арбобларидан бири саналган Марвон ибн Ҳакам тобеъинларнинг биринчи табақасидан бўлган. У Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Усмон розияллоҳу анҳу ва бошқа катта саҳобалардан ҳадислар ривоят қилган.
Яна бир Бану умайялик Абдуллоҳ ибн Марвон халифа бўлишидан олдин аҳли илм ва аҳли фиқҳ бўлган. Мадинаи мунавваранинг катта олимларидан ҳисобланган.
Умар ибн Абдулазиз эса мужтаҳид имомлардан бўлган. Кўпчилик у кишини рошид халифалар қаторида санайди.
Бану Умайя қабиласининг аъзолари қозилик ишларига аралашмас эдилар. Улар кўп жойларда аҳли илм ва аҳли фазлларнинг олдинги сафларида бўлганлар.
2. Бану Умайя даврида жуда кўп буюк исломий фатҳлар бўлган. Улар шарқда Хитойгача, ғарбда Франция ва Андалус юртларигача етиб борганлар.
3. Бану Умайя даврида Ислом давлати тарихлар давомида мисли кўрилмаган энг катта кенгайишни бошидан кечирди.
4. Бану Умайя даврида жуда кўп қўриқ ерлар ўзлаштирилди, улар боғ-роғларга айлантирилди, каналлар қазилди, шаҳарлар қурилиб, ободончилик ишлари олиб борилди, атроф гуллаб-яшнади, тараққий этди.
Шу ўринда таъкидлаб айтамизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги «Одамларнинг энг яхшиси менинг асримдагилар, сўнгра уларга яқинлар, сўнгра уларга яқинлар» деган ҳадислари бежиз айтилмаган. Зеро, Бану Умайя қабиласининг аъзолари, раҳбарлари ва давлат бошлиқлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларига яқин асрда яшаб ўтганлар.
«Ислом тарихи» иккинчи жузи асосида тайёрланди