Ражаб ойи қамарий ойларнинг еттинчиси бўлиб, уруш ҳаром қилинган улуғ ойлардан бири ҳисобланади. Зеро, “ражаб” сўзи луғатда “улуғлаш”, “ҳурмат бажо келтириш” маъноларини англатади. Жоҳилият даври араблари ушбу ойни улуғлагани ва ҳурматлагани боис у “ражаб” деб аталган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг дини аломатларини, ҳаром ойни, аталган қурбонликни, осилган белгиларни ва Роббиларидан фазл ва розилик тилаб Байтул-Ҳаромни қасд қилиб чиққанларни ўзингизга ҳалол ҳисобламанг” (Моида сураси, 2-оят).
Уламолар ушбу оятдаги “ҳаром ой”дан мурод: ражаб, зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррам ойларидир, деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу оятни “Ҳажжатул вадо”да ўқиб, мусулмонларга муборак ойларнинг ҳурмати тўғрисида сўзлаб берганлар.
Ражаб ойи кирганда қандай дуо қилиш тўғрисида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қуйидаги саҳиҳ ҳадис ривоят қилинган: “Ражаб ойи кирса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳумма баарик ланаа фий ражабин ва шаъбана, ва баллиғнаа ромазона”, (Аллоҳим! Ражаб ва шаъбон ойларида бизга барака бергин ва бизни рамазон ойига етказгин), дер эдилар” (Имом Байҳақий ривояти).
Демак, ражаб ойи кирганда ушбу дуони қилиш суннат ҳисобланади.
Ражаб ойида муҳим тарихий воқеалар юз берган. Жумладан:
- Нуҳ алайҳиссалом тўфон бошланганда ражаб ойининг биринчи куни кемага минганлар;
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга илк ваҳий ражаб ойида нозил бўлган;
- Исро ва Меърож воқеаси ҳам машҳур қавлга кўра ражаб ойида содир бўлган.
Ражаб ойи динимизда улуғланган ойлардан бўлгани учун унда кўпроқ нафл рўза тутишга ҳаракат қилинади. Усмон ибн Ҳакимдан ривоят қилинади: “Саид ибн Жубайрдан ражаб ойида шу ойнинг рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик”, деяётганини эшитганман”, деди”.
Ҳа, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ражаб ойида гоҳида сурункасига рўза тутар эдилар, ҳатто кишилар у киши оғизларини очмасалар керак, деб ўйлаб қолишарди. Гоҳида эса, мунтазам оғизлари очиқ юрганларидан кишилар энди рўза тутмасалар керак, деб ўйлаб қолишарди.
Мужийба Боҳилийя розияллоҳу анҳодан, у киши ўз оталари ёки амакиларидан ривоят қилади: “Унинг (отаси ёки амакиси) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борибди. Сўнгра эса бир йилдан кейин яна ҳолати ва кўриниши ўзгарган ҳолда келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мени танимаяпсизми?”, дебди. “Сени нима ўзгартирди, олдин чиройли кўринишда эдинг?”, дебдилар. “Сиздан ажраганимдан сўнг фақат кечасигина таом едим”, дебди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нима учун ўзингни азобга солдинг?”, дебдилар-да, сўнгра: “Сабр ойи рўзасини тут ва ҳар ойдан бир кун тут”, дебдилар. “Бир оз қўшинг, менинг етарли қувватим бор”, дебди. У зот: “Икки кундан рўза тут”, дебдилар. “Бир оз зиёда қилинг”, дебди. У зот: “Уч кундан рўза тут”, дебдилар. “Бир оз зиёда қилинг”, дебди. У зот: “Ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил”, деб уч бармоқларини буклаб-ёзиб кўрсатибдилар” (Абу Довуд, Аҳмад ва Насаий ривояти).
Ҳадис китобларида келтирилган ривоятларда ражаб ойида рўза тутганларга улкан савоблар ваъда қилинган.
Саҳиҳ ҳадисларда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Меърожга чиққан кунлари аниқ айтилмаган. Бу борада турли ривоятлар мавжуд. Шунга кўра, Ражаб ойининг 27-куни тутиладиган рўзанинг фазилати ҳам бошқа кунларда тутиладиган нафл рўзанинг фазилати билан бир хил, деган эътиқод билан нафл рўза тутиш мумкин. Аммо ушбу кунни хослаб рўза тутиш бидъат ҳисобланади. Бу ҳақида уламолар: “Кимки Ражаб ойининг 27-кечасини алоҳида эътибор билан нишонласа, бидъат ишга қўл урган бўлади”, деганлар.
Айрим жойларда вафот этган яқинларини хотирлаб ражаб ойида жонлиқ сўйиб эҳсон қилишга, ҳеч бўлмаганда кичикроқ дастурхон тузаб “ис” чиқаришга ҳаракат қиладилар. Бу ишга худди динимизда адо этиш буюрилган муҳим амалдек алоҳида эътибор қаратадилар. Бироқ бу каби маросимларни ўтказишнинг ҳеч қандай диний асоси йўқ. Зеро, ўтганларнинг руҳини шод этиш маъносида эҳсон қилиш бирор бир ойга хослаб қўйилган амал эмасдир.
А.ДЎСТМАТОВ,
Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири в.б.
Бу ҳаётда меҳр фақат инсонларга эмас, балки табиатга ҳам керак. Сўнгги йилларда табиатдаги салбий ўзгаришлар унга бўлган беэътиборлигимиз ва бемеҳрлигимизни кўрсатди. Ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эрозияси, чўлланиш, глобал исиш табиий мувозанатнинг бузилгани оқибатидир. Бу инсонлар саломатлигига ҳам жиддий путур етказмоқда.
Давлатимиз раҳбари бу хавфни чуқур англаб, атроф-муҳитни асраш чораларини кўрмоқдалар. Президентимиз ташаббуси билан бундан уч йил аввал бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси фикримиз далили бўла олади. Бу лойиҳа бугун чинакам халқ ҳаракатига айланди. Ҳар йили баҳор ва кузда дарахт кўчатларини экиш анъана тусини олди.
Барчамизга яхши маълумки, “Яшил макон” лойиҳасида шаҳарлар яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш, хусусан, уларнинг атрофида “яшил белбоғ” яратиш мақсади белгиланган. Давлатимиз раҳбарининг: “Бу анъана ўзи бизда бор. Халқимиз табиатни “она” дейди, ерни, сувни эъзозлайди. Бунинг замиридаги ҳақиқат ҳозирги экологик муаммолар таъсирида яққол намоён бўлаяпти. Шунинг учун “Яшил макон” лойиҳасини бошладик. Келгуси йил номини ҳам атроф-муҳитни асраш масаласига бағишладик. Энди бу ташаббуслар кенг ёйилиши, айниқса, ёшларимизга чуқур сингиши зарур. Ҳар бир хонадон, ҳар бир корхона табиатни асрашга ҳисса қўшиши керак”, деган фикрлари бугун барчамизни ҳаракатга ундамоқда.
Дарҳақиқат, динимизда ҳам бу хайрли анъанага тарғиб қилинган. Аллоҳ таоло инсонни ердан яратар экан, унинг зиммасига яна шу қайтадиган жойи – ерни обод қилиш вазифасини юклади. Бу борада Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “У сизларни тупроқдан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди” (“Ҳуд” сураси, 61-оят). Бошқа ояти каримада: “Ерни яроқли қилиб қўйгандан кейин унда бузғунчилик қилмангиз!” (“Аъроф” сураси, 56-оят), дейилади.
Аллоҳ таоло ушбу икки ояти каримада ер ва уни ўраб турган табиатни асраб-авайлашга, ундан оқилона фойдаланишга буюради. Шунинг баробарида унга зарар етказишнинг ҳар қандай туридан қайтаради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига деҳқончилик, хусусан, кўчат экишга ундаб, бундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлингизда хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин” (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривояти).
Шунингдек, Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким Аллоҳга ишониб ва савоб умид қилиб қаровсиз ерни обод қилса, Аллоҳ унинг ишига ёрдам ва барака беради”, дейилган.
Абу Дардо розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир киши Дамашқ кўчаларининг биридан ўтаётса, кўча экаётган одамга кўзи тушибди ва унга: “Нега бу ишни қилаяпсиз, ахир сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидансиз-ку?” дебди. Шунда у киши: “Сен шошма, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир кўчат экса, ундан одам ёки Аллоҳ яратган махлуқотлардан биронтаси еса, бунинг эвазига ўша (кўчат эккан банда)га садақа бўлади”, деб айтганларини эшитганман”, дебди”, (Имом Аҳмад ривояти).
Демак, кўчат экиш савобли амаллар сирасига киради. Кўчат экиш ва уни парваришлаш киши дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилганидан сўнг ҳам, унинг ҳаққига муттасил равишда савоб бориб туришига сабаб бўлар экан.
Шундай экан, бизлар ҳам бу эзгу ишдан четда қолмайлик, ободончилик ва фаровонлик йўлида қўлимиздан келган чораларни кўрайлик. Ортимиздан доғ эмас, гўзал боғлар қолсин!
Мусохон АББОСИДДИНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили,
вилоят бош имом-хатиби