“Қиз болани коллежни битирмасидан, ҳунар эгалламасидан кимки турмушга бермоқчи бўлса, билиб қўйинглар, мен бунга мутлақо қаршиман. Қиз бола, аввало, касб эгалласин, ўз фикрига эга бўлсин. Шундан кейин у ҳаётда ўз ўрнини топади, йўлини йўқотмайди”.
И.Каримов
Баҳор. Атроф чиройга бурканмоқда. Мевали дарахтлар гулга кириб, майсалар қуёшнинг заррин нурларига эркаланиб бўй чўзмоқда. Йўлак чеккасига экилган турфа гуллар ўз ифорини йўловчиларга тарқатмоқда. Бир гуруҳ қизлар шўх-шодон қиқирлашиб, коллеждаги дарслари тугаб уйлари ошиқаётир. Баҳорнинг майин шабадаси навниҳол қизларнинг сочларини ўйнайди.
– Қизлар, келинглар ният қиламиз. Мен шифокор бўламан. Одамларнинг дардига малҳам бўлсам дейман,– деди Раъно.
– Феруз, сен ким бўласан?
– Таржимон бўламан. Сайёҳларга юртимиздаги ҳамма қадамжоларни кўрсатаман.
– Мен учувчи бўламан, – деди Нозима.
– Вой... қиз бола ҳам учувчи бўладими?
– Ҳа... Нима қипти? Самолётимга сизларни ўтқазиб осмону фалакка учираман.
Қизлар суҳбатлашиб бораркан, Раънонинг уйи олдида таққа тўхташди. Йўлаклар сувлар сепиб супуриб-сидирилган, дарвоза ланг очиқ. Остонада қимматбаҳо машина турибди. Раъно табиатан уялчанг қиз эмасми, дарвозадан ийманибгина кирди. Ҳовлидаги супада қориндор, савлатли киши ва башанг кийинган, зеб-зийнатга бурканган, тўладан келган аёллар ўтирарди. Раъно хиёл эгилиб салом берди. Меҳмонлар саломга алик оларкан, бир-бирларига маъноли қараб қўйишди.
***
Ортиқбой ака қийин вазиятда қолди. Чунки ҳали коллежда ўқиётган қизига совчилар келганди.
Тўрахон ака виқор билан деди:
– Ортиқбой ака...
– Лаббай...
– Ўзингизга аён: ёлғизгина ўғлим, меросхўрим. Яхши ниятлар билан хонадонингизга қулчиликка келдик. Ўғлим бизнес ишлари билан бир кун Хитой, Япон, Олмон деганларидек юртма – юрт кезади.
Совчи аёллар ҳам ўзларига навбат етганида оғзиларидан бол томиб ёлғиз ўғилни мақтай кетишди.
Хаёлида қизи тақдирини ўйлаётган Ортиқбой ака минг андиша ичида: “Қизимни беролмайман”, деди. Шу пайтгача гапи икки бўлмаган, қўлини қаерга чўзса етадиган Тўрахон ака бундай жавобни кутмагани учун бехосдан:
– Нега? Нима учун?.. – деб юборди.
– Ахир қизим энди ўн еттига тўлади. Коллежда ўқияпти,
шифокор бўлмоқчи, қизимни ўқитаман.
– Ҳа,... Ортиқбой ака, қизиқ одамсиз-да... Тўйдан кейин ўқишига бораверади. Қиз боланинг ўқиши... . Менинг мол-давлатим набираларимга ҳам бемалол етади.
Шу вақтда болалик давридан ҳали қадам узмаган Раъно ойисига илтижо қиларди:
– Ойижон, мени турмушга берманглар, мен ўқийман, дўхтир бўламан.
Маслаҳатга келган қариндошлар ҳам Ортиқбой акага розилик билдиришга ундаб, Раънонинг келажакда бекаму кўст, фаровон ҳаёт кечиришини башорат қилишарди.
Бу орада совчилар ҳам гапга чечанлик билан ёшлар тақдирини ҳал қилишга ҳаракат қила кетди.
Умри меҳнатда ўтган Ортиқбой ака хаёлан: “Эҳ, азизлар, бахт бу мол-давлат, тилла тақинчоқлар билан ўлчанмайди-ку”, дер эди.
Ортиқбой ака совчиларга қатъий оҳангда:
– Менинг ҳаётда энг катта орзуйим: барча фарзандларим олий маълумотли бўлса, яхши касб-ҳунар эгалласа, қизим Раънонинг шифоркор бўлганини кўрсам армоним йўқ”, – деди.
***
Униси “у” деди, буниси “бу” деди... Совчилар ноумид қайтди. Орадан йиллар ўтди. Раъно шифокорлик касбини эгаллади ва ўз ҳамкасбига турмушга чиқди.
Энди Ортиқбой аканинг кўнгли хотиржам, Раъно ўзи севган касб эгаси бўлиб, ҳаётда ўз ўрнини топди.
Ҳа, азизлар, қаршимиздан мол-дунё жилва қилиб чиққан чоқда Ортиқбой акадек қатъиятли бўлайлик. Зеро, қизларимиз бизнинг келажагимиз, уларнинг бахти бизнинг бахтимиздир.
Тоҳиржон ТУНГАТОВ,
Чиноз туманидаги “Ҳазрат-Али” жоме масжиди имом-хатиби
Ҳаётда баъзи йўқотишлар бўлади — вақт ўтиб, ўрни тўлиб кетади. Аммо шундай йўқотишлар бор-ки, уларнинг ўрнини ҳеч нарса тўлдира олмайди. Ана шундай бебаҳо неъматлардан бири — уламолардир. Бугун улар бизнинг орамизда бор, аммо эртага бўлмаслиги мумкин. Улар битта-битта кетишмоқда. Биз еса, афсуски, кўп ҳолларда бу ҳақиқатнинг англаб етмаяпмиз.
"موت العالم موت العالم"
— яъни “Олимнинг ўлими – оламнинг ўлимидир” деган машҳур ибора бор.
Яна шу мазмунда Имом Байҳақийнинг ривояти келтирилади:
"موت العالم مصيبة لا تُجبر، وثلمة لا تسد، ونجم طُمِس، موت قبيلة أيسر من موت عالم."
"Олимнинг ўлими — тузатиб бўлмайдиган мусибат, тўлдириб бўлмайдиган бўшлиқ, сўниб қолган юлдуздир. Бир қабиланинг йўқ бўлиши, бир олимнинг ўлимидан енгилроқдир."
Чунки олимларнинг ўлими билан фақат бир инсон эмас, бутун бир жамият руҳий, илмий ва ахлоқий жиҳатдан зарарга учрайди, маънан қулаб боради. Айнан шунинг учун олимнинг ўлими “оламнинг ўлими”га тенглаштирилган.
Зеро олимлар — фақат китоб ўқиб, дарс берадиган одамлар эмас. Улар — йўл кўрсатувчи, ҳаққа чақирувчи, ҳақиқатни мудофаа қилувчилардир.
Улар йиллар давомида илм ўрганишди, сабр билан одамларга етказишди, ўз ҳаётларини умматга бағишлашди. Энди эса, битта-битта ўтиб кетишяпти...
Кеча Абдуқаҳҳор домла Шоший (1969-1987 йиллар – Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси Халқаро бўлими мудири, 1969-1982 йиллар – Бухородаги Мир Араб мадрасаси директори, 1982-1987 йиллар – Тошкент Ислом институти ректори) оламдан ўтган эдилар.
Бугун эса яна катта мусибат - юртимизнинг забардас уламоларидан бири устоз Иброҳимжон домла Қодиров вафот этдилар. Домла умрларининг охиригача масжидларда имомлик қилиб, дин хизматида бўлган пешволардан, юзлаб шогирдларни тарбия қилган устозлардан эдилар. Устозимиз Ёрқинжон домла раҳимаҳуллоҳ ҳам айнан шу кишида таҳсил олган эдилар.
Шундай уламолар бирма-бир ўтиб боришмоқда. Биз ўтган уламоларимиз ҳаққига дуо қилиб, ҳозирда ҳаёт бўлиб турганларини қадрларига етишимиз керак.
Уларнинг сўзларига қулоқ тутиб эҳтиром кўрсатиш, алоқани мустаҳкамлаб, имкон борича кўпроқ фойдаланиб қолишимиз ва фарзандларимизни уларга яқинлаштиришимиз керак.
Лекин биз уламоларимизни тириклик чоғида қадрлаш ўрнига, четга чиқиб олиб, дин, миллат душманлари "тегирмонига сув қуйиб" уламоларни обрўсизлантираётганлар ва бу орқали юртимиз пешволари билан оммани боғлаб турган ипни узиб, мусулмонлар бирлигини парчалаётганлар сўзига учиб қоляпмиз. Уларга ишониб, уламоларимизнинг сўзларига қулоқ тутмай ғийбат, туҳмат қилиб, ранжитамиз. Вафот этганларидан кейин эса тобутларини талашиб, йиғлаб-сихтаб, пушаймон бўлиб қолаверамиз.
Ёрқинжон домла раҳимаҳуллоҳ бир суҳбатларида айтган эдилар:
“Кўрсангиз кўзингиз қувнайдиган, жаннатнинг ҳиди келиб турадиган забардас олимлар, аҳли илмлар бор. Тириклигида биров иккита нон олиб хабар олмайди. Олимларни қадрламайди.... Вафотидан кейин эса азиз бўлади. Тириклигида текинга қилган суҳбатига бир километр юриб бормаган одамлар, ўлганидан кейин юзлаб километр масофалардан йўл босиб келади. Кўтар-кўтар қилади. Қадрламабмиз, кўришмабмиз, шу ерда шундай олим киши бор экан билмабмиз, деб юраверади”.
Хуллас, уламоларни ғанимат билайлик. Улар халқимизга катта неъмат, неъматни қадрламасак ундан ажралиш билан синаламиз. Кейинги пушаймон эса асло фойда бермайди.
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим