Масжид – Аллоҳнинг уйи. Унинг деворлари ва устунлари, Аллоҳ номи билан қурилган. Унда ибодат қилинади, Аллоҳ улуғланади, мақталади, Унга руку ва саждалар қилинади. Бу борада, Қуръони каримда бундай баён қилинади: “Албатта, (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан қўшиб яна бирор кимсага дуо (ибодат) қилмангиз!”( Жин сураси, 18 оят).
Аллоҳ таоло масжидларни қуришга, обод қилишга ва уни асраб- авайлашга чақиради: “(У чироқ) кўтарилишига (қурилишига) ва уларда ўзининг номи зикр қилинишига Аллоҳ изн берган уйларда (масжидларда)дир” (Нур сураси, 36 оят). Дарҳақиқат, масжидларни пок тутиш, тозалаш ва хушбўйлантириш борасида бир қанча шаръий кўрсатмалар мавжуд.
Масжидлар қанчалик шарафли жой эканидан келиб чиқиб, шариатимизда намозхонлар учун одоблар, суннатлар ва аҳкомлардан иборат кўрсатмалар бор. Уларнинг ҳурматини сақлаш, ҳуқуқини муҳофаза қилиш ва намознинг шаънини улуғлаш учун мана шу кўрсатмаларга эътибор бериб юриш гўзал амалдир. Қуйида мазкур кўрсатмаларни зикр қилиб ўтамиз:
1) Зийнатланмоқ - Масжидга боришни қасд қилган киши, намоз учун имкони борича безаниши лозим яъни, тоза кийим кийиши, хушбўйланиши ва мисвок тутиши мақсадга мувофиқдир. Аллоҳ таоло: “Эй, Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз!” (Аъроф сураси, 31оят), дейди.
Масжидга тоза, хушбўй ифор билан кирган киши иззат-икромда бўлади. Шундай экан, намозхон кийим-кечагида ва емак-ичмагида ёқимсиз ҳидлардан узоқ бўлиши, бадани ёки кийимидан келадиган ҳар қандай ёмон ҳидлар билан намозхонларга озор бермаслиги зарур. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким пиёз, саримсоқ ва (кўк пиёз каби) ўсимликлардан истеъмол қилган бўлса, бас, масжидимизга яқинлашмасин! Чунки фаришталар одам фарзанди озор чекадиган нарсалардан озорланади”-дедилар (Имом Муслим ривояти).
2) Оҳиста юрмоқ - Намозга келаётган мусулмон шошмасдан сокинлик ва виқор билан юриши керак, ҳатто намозга иқомат такбири айтилса ҳам шошмаслиги даркор, балки қадамини қисқа қилиб майдалаштириши лозим. Чунки китобларда, масжид сари кўп қадам босган киши учун буюк ажр-савоблар борлиги зикр қилинади. Набий алайҳиссалом: “Намозга иқомат такбири айтилса (ҳам) ўзингизга сакинатни лозим тутган ҳолда юрингиз! Бас, улгурганингизча (имомга эргашиб) намоз ўқинг, (улгурмай) ўтказиб юборганингизни қазосини ўқинг!”, деганлар.
Масжидга кираётганда айримларнинг шошилиши ва намоз ўқиётганларни безовта қилиши, айниқса имом руку қилган пайтда (тезлашиш) хато саналади, айрим ҳолларда баъзилар овозини кўтариб юборади ва намозхонларни чалғитади.
Яна бир гап, масжидга кирган киши имомни ўтирган ёки сажда ҳолатда топса, намозга қўшилмасдан имомни тик туришини кутиб турмасдан, балки имом қайси ҳолатда бўлса ҳам, яъни қиёмдами, рукудами, саждадами ёки жалсадами, фарқи йўқ, қулоқ қоқиб намозга қўшилиб имомга эргашмоғи лозим. Имом Термизий “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” китобида Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бирингиз намозга келса, имом қайси ҳолатда бўлса ҳам, у қилганидек қилсин! (яъни, рукуъда бўлса рукуъ қилсин, саждада бўлса сажда қилсин ва ҳоказо)”. Яна Абдуллоҳ ибн Мағфал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Имомни сажда қилган ҳолатида топсангиз, сажда қилинг, ёки рукуъ қилган ҳолатда топсангиз, рукуъ қилинг, ёки қоим (тик турган) ҳолатда топсангиз, қоим бўлинг! Агар рукуъга улгурмасангиз саждани (бир ракъат) ҳисобламанг!”- деганлар. Шу ҳадисга биноан айтиладики, ким масжидга кирса ва имом намозни тугатай деб турган бўлса ҳам намозга қўшилиш афзалдир. Орқада кечикиб келганлар билан алоҳида жамоат бўлиб ўқиш ниятида кутиб туриш яхши эмас. Чунки катта фазилат у учун азон айтилган биринчи жамоатдир.
3) Намозга азон ва такбир айтмоқ - Намозга такбир айтиш мустаҳаб амалдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Агар инсонлар нидода нима борлигини (яъни, азоннинг ажрини) ва биринчи сафда нима борлигини билганларида эди, (кучли эътибор билан) қатнашган бўлар эдилар. Яна “таҳжийр”да, (яъни, такбирда) нима борлигини билганларида, (уни айтишда) мусобақалашиб юборган бўлар эдилар ҳамда “ъатама”да (яъни, хуфтон намозида) ва “субҳ”да нима(яъни, бомдод намозида қандай буюк ажрлар) борлигини билганларида эди, бу икки намозга эмаклаб бўлса ҳам келган бўлардилар” (Муттафақун алайҳ).
4) Масжидга ўнг қадам билан кириб, чап қадам билан чиқмоқлик - Масжидга кираётган киши ўнг оёғи билан кириб: “Аъузу биллаҳил азийми ва биважҳиҳил карийми ва султониҳил қодийми минаш шайтонир рожийм” (маъноси: Буюк Аллоҳдан карим юзи ва қадим салтанати ила тошбўрон қилиб қувилган шайтондан паноҳ сўрайман), дейди ва Набий алайҳиссаломга саловот айтади ҳамда: “Аллоҳуммафтаҳ лий абвааба роҳматик”(Аллоҳим! Менга раҳматинг эшикларини оч!), дейди. Масжиддан чиқаётганда чап оёғи билан чиқади ва Набий алайҳиссаломга саловот айтади ҳамда: “Аллоҳумма иъсимний минаш шайтон”(Аллоҳим! Мени шайтондан асра!) ёки “Аллоҳумма ажирни минаш шайтонир рожим. Аллоҳуммафтаҳ лий абвааба фазлик!”(Аллоҳим! Мени тошбўрон қилиб қувилган шайтондан йироқ қил. Аллоҳим! Менга фазлинг эшикларини оч!), дейди.
6) Масжидда барча баробар бўлмоқлик- Масжидда барча намозхонлар баробардирлар, ким аввалги сафни олдинроқ келиб эгалласа, у бунга ҳақлидир. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизлардан ҳеч бирингиз ўтириш учун ўтирган кишини жойидан ҳаргиз тургизмасин!”. (Имом Муслим ривояти). Ҳеч бир кишига масжиддан бирор нарсани ўзлаштириш мумкин эмас, яъни, бир жойни ўзи учун белгилаб, келишидан олдин гилам солиб ёки ҳасса ёки стол қўйиб ёки шунга ўхшаш ишлар қилиб ёки вакил жўнатиб қўйиши мумкин эмас. Шунинг учун нимаики қўйилган бўлса, олиб ташлаб, ўрнида намоз ўқилаверади. Ким масжидга аввалроқ кириб бир жойни эгалласа, сўнг таҳорат янгилаш мақсадида жойини тарк қилса, ўша жойни эгалик ҳуқуқи ўзида қолади, ўрнига биров ўтириб олган бўлса, уни тургизиб юборишга ҳақлидир.
7) Йўлакларни тўсиб қўймаслик - Имкон даражасида намозхон масжид эшиклари ва кириш йўлларида намоз ўқимаслиги керак, чунки намозхонларни киришига халақит бериб, киришга тўсқинлик қилиши мумкин, (намоздан сўнг чиқишда ҳам шундай), балки олдинги сафга интилиш керак. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “(Аввал) олдинги сафни тўлдиринг сўнг кейингисини, агар қисилиб (сиғмай) қолса, орқа сафга ўтсин!”. (Абу Довуд ва Насаий ривояти).
8) Намоз ўқувчи олдидан одам ўтиши хавфи бўлса, сутра қўймоқлик - Имом[1] ёки ёлғиз киши олдига сутра[2] қўйиб намоз ўқиши мустаҳабдир, гарчи уларнинг рўпараларидан кишилар ўтиб қолиш хавфи бўлмаса ҳам сутрага яқинроқ туришлари керак[3]. Агар бирор киши намоз ўқиётган кишининг олди тарафидан ўтишга уринса, намозхон қўли билан тўсиб уни қайтаради, агар шунда ҳам қайтмаса, қаттиқроқ қайтаришга буюрилган. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизлардан бирингиз намозда бўлса, бас, (шу пайт) бир инсон олдингиздан ўтишни ирода қилса, кучингиз етганча уни қайтаринг! (Насаий ривояти).
Шунинг учун намоз ўқиётган киши рўпарасини кесиб ўтиш жоиз эмасдир, гарчи бошқа имконият ва бошқа ўтишга йўл топа олмаса ҳам, фақат зарурат юзасидан ёки имкони йўқ даражадаги катта машаққат бўлсагина рухсат берилади. Абу Жуҳайм Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Намоз ўқиб турган кишини олдидан ўтувчи киши, (бу иши учун) унга қандай нарса (яъни, қанчалик гуноҳ) борлигини билганида эди, унинг олдидан ўтмасдан қирқ (кун ёки ҳафта ёки ой) бўлса ҳам кутган бўлар эди”(Бухорий ривояти). Ҳадисдаги қирқдан қайси маъно мақсад қилинганини Аллоҳ билади. Бу ҳадисда намозхон олдидан ўтишни арзимас санаш хатарли эканига далил бордир.
9) Намозхонларга озор бермаслик - Масжидни қасд қилган киши одамларнинг зич бўлиб турган сафларини оралаб ўтиб, уларга озор бермаслиги лозимдир. Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни хутба қилиб турганларида бир киши одамлар сафларини оралаб ўтиб кела бошлади, шунда Набий алайҳиссалом унга: “Ўтир! Бас, озор бердингку!”, дедилар. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эътикоф ўтирган эдилар, шунда ҳаммага эшиттириб Қуръон тиловат қилаётган қориларни овозини эшитиб қолдилар ва пардани очиб: “Огоҳ бўлинг! Албатта, барчангиз ҳам Раббингизга муножот қилгувчисиз, бас, айримларингиз айримларга озор бермасин ва қироатда баъзиларингиз баъзилардан овозини баланд кўтармасин!” ёки “намозда”, дедилар (Аҳмад ва Абу Довуд ривояти). Шунингдек, масжидда ёмон сўзлар гапириш ва шовқин-сурон қилишдан сақланиш лозим. Саид ибн Мусайяб: “Ким масжидда ўтирса, бас, албатта, Раббиси билан ўтирибди. Унинг яхши гапдан ўзгасини айтмоққа ҳаққи йўқдир”- деган эканлар.
10) Сафни тўлдирмоқ - Олдинги саф тўлмай туриб, янги саф тортилмайди, балки, аввалги сафни тўлдириш суннатдир. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Фаришталар Раббилари ҳузурида саф тортганларидек саф тортмайсизларми?!” Биз: Ё Расулуллоҳ! Фаришталар Рабби ҳузурида қандай саф тортишади? – дедик, Расулуллоҳ: “Аввалги сафларни тўлдирадилар ва сафда жипслашадилар”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Намозхон масжидга кирганда, саф тўлиб бўлган бўлса, сафдагилардан бирини ўзи билан саф тортиши учун тортқиламайди. Чунки Набий алайҳиссалом Ибн Умар ривоят қилган ҳадисда шундай деганлар: “Ким сафга уланса, Аллоҳ у билан уланади. Ким сафдан узилиб қолса, Аллоҳ ундан узилади” (Имом Насаий ва Ҳоким ривоят қилишган ва Имом Муслим шартига кўра саҳиҳ дейишган). Бундай ҳолатда, тўлган саф орасидан жой излаш энг яхши ишдир, айниқса, сафнинг икки чет тарафидан излаш яхши (чунки ўртаси зич бўлади) ва топилган оралиққа кириб олаверади. Лекин янги сафда ёлғиз намоз ўқимагани яхши. Зеро, Пайғамбар алайҳиссалом: “Сафнинг ортидаги ёлғиз киши учун намози мукаммал бўлмайди”, деганлар. Аммо олдинги сафдан очиқ жой топа олмасанг, кейинги сафда бир ўзи тураверади, намози дуруст бўлади. Чунки Аллоҳ таоло шундай деди: “Бас, тоқатингиз етганича Аллоҳга тақвода бўлингиз!” (Тағобун сураси, 16 ояти).
Набий алайҳиссалом сафда турган нмозхонлар орасига шайтон кирмаслиги учун оралиқ масофани тўсишга, яъни, зичлашишга буюрар эдилар. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сафни тўғри олинг, елкаларни баробар қилинг, бўш жойларни тўлдиринг ва шайтонга бўшлиқ қолдирманг!”. (Имом Абу Довуд ривояти). Бошқа ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким (саф орасидаги) битта бўшлиқни тўлдирса, Аллоҳ уни даражасини кўтаради ва жаннатда у учун бир уй бино қилади”- деб марҳамат қилганлар. Хулоса шуки, сафларни барпо қилишда имом ҳам ва унга эргашганлар ҳам бир-бирларига ёрдам беришлари лозимдир.
11) Масжидда жимлмк сақламоқ- Масжидда шивирлашиш, тартибсизлик (шу жумладан шовқин қилиш ҳам) қилишдан қайтарилган. Ҳозирги кунда, айрим намозхонлар масжидга киришдан олдин, телефонларини товушсиз ёки умуман ўчириб қўймасликлари натижасида, намозхонларнинг ибодатларига халақит беришмоқда. Намозхонларга озор берадиган ўткир оҳанглар ва мусиқий товушлар намоздаги хушуъ ва хузуни бузмоқда. Шуни унутмаслик лозимки, мусулмонга ибодат қилаётган пайтда озор бериш янада оғирроқ гуноҳ ҳисобланади. Раббисидан қўрқадиган ва масжидларни улуғлайдиган ҳар бир мусулмон масжидга киришдан олдин, телефонини ўчириб қўймоғи лозимдир.
Хулоса қилиб айтганда, масжид одобларига қатъий риоя қилиш, ҳар бир намозхоннинг вазифасидир. Зеро, масжидда намоз ўқиш, зикр ва ибодат қилишга ташна бўлиш ҳам масжидни обод қилиш эканини, унутмаслик лозим.
Жалолиддин Ҳамроқулов
Тошкент ислом институти кафедра мудири
“Новза” жоме масжиди имом хатиби
[1] Имом деб айтилишини сабаби, жамоат бўлиб намоз ўқилганда имомнинг олдидаги сутра орқадаги барча эргашганлар учун кифоя қилади.
[2] Сутра – намозхон ва унинг рўпарасидан ўтадиган кишиларни орасида тўсиқ қилиб қўйиладиган нарса, шариатимизда унинг бўйи 30-40 см бўлиши шарт қилинган, ёчочдан ясаладиган нарсадир.
[3] Сутра билан намозхоннинг ораси 1 метрдан ошмаслиги керак.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир қиз айтади: «Маҳзун бўлган дамларимда Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўладиган кўп сўзларни айтиб юборардим. Ўзимга ёмонлик, ҳатто ўлим тилар эдим. Кейин эса бу қилаётган ишим ҳаром эканини билиб қолдим. Шундан кейин қайғуга тушганимда бундай гапларни оғзимга олмайдиган бўлдим. Лекин аҳволим баттар оғирлашаверди. Қайғуларимни, аламларимни қандай ифодалашни билмай қолдим. Энди нима қиламан? Энди нима дейман? Нима қилишимни билмай анча вақт юрдим. Бир куни бир олимнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қийинчилик, ташвиш ва қайғу келганда айтадиган дуолар ҳақида сўзлаётганини эшитиб қолдим-у, қалбимда мисли кўрилмаган хотиржамликни туйдим, чунки қайғулар ўраб олганда нима дейишни ўрганиб олган эдим! Ана шу дуолар билан ғам-ташвишларимни ифодалай оламан. Ўша заҳоти Роббимга дуо қилдиму, Ислом дини нимани ҳаром қилган бўлса, албатта унинг ўрнига покиза, ҳалол нарсани ҳам кўрсатиб берганини тушуниб етдим. Демак, Аллоҳ таоло бизга қайғу вақтида У Зотни ғазаблантирадиган сўзларни ҳаром қилиб, бунинг ўрнига У Зот рози бўладиган, дардларни аритадиган дуоларни ўргатган экан».
Биринчи дуо
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ғам-ташвиш пайтида «Лаа илааҳа иллаллоҳул‑ъазиймул‑ҳалийм, лаа илааҳа иллаллоҳу Роббус‑самааваати вал‑арди ва Роббул‑ъаршил‑ъазийм», деб дуо қилар эдилар» (Имом Бухорий, имом Муслим ривояти).
Маъноси: «Буюк, Ҳалим Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Еру осмонларнинг Робби, буюк Аршнинг Робби Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ».
Мулоҳаза:
Бу ҳадисни бизга айтиб бераётган буюк саҳобий – Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида ўн уч яшар ўспирин бўлган. У киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ғам-ташвишга тушган вақтларида шу дуони айтаётганларини эшитиб юрган, уни кўп айтганлари учун эшитавериб, ёдлаб олган.
Ёшлар (қизлар ҳам, ўғил болалар ҳам) балоғат ёшига, яъни ўсмирлик ёшига етмай туриб ҳам бу дуони ўрганиб олсалар яхши бўлади, чунки ўсмирлик ҳам турли ташвишлар, муаммолар кўп бўладиган даврдир. Бу даврнинг ўзига хос муаммоларини енгишда бу дуони ёдлаб, уни ихлос билан ўқиб юриш фойдалидир.
Покиза синглим! Маҳзун бўлганингизда бу дуони оила аъзоларингиз – ака-ука, опа-сингилларингиз эшитадиган қилиб айтиб юринг. Қарабсизки, улар ҳам сиздан эшитиб, ёдлаб олишади. Дуони уларга эшиттириб айтсангиз, қайғуда эканингизни билиб, сизга мулойим муносабатда бўлишади, кўп безовта қилмасликка ҳаракат қилишади. Бундан ташқари, бу дуони оила аъзоларингизга эшиттириб айтиш билан Ибн Аббос розияллоҳу анҳумога эшиттириб дуо қилган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам эргашган бўласиз!
Иккинчи дуо
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ғам-ташвиш етса, «Ё Ҳайй, ё Қайюм! Раҳматинг билан ёрдам сўрайман!» дер эдилар» (Имом Термизий ривояти).
Учинчи дуо
Абу Бакра Нофеъ ибн Ҳорис Сақафий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Мушкули борнинг дуоси будир: «Аллоҳим, раҳматингдан умидворман. Мени кўз юмиб-очгунча ҳам ўз ҳолимга ташлаб қўймагин, ҳамма ишларимни Ўзинг ўнглагин, Ўзингдан ўзга илоҳ йўқ"» (Имом Абу Довуд ривояти).
Тўртинчи дуо
Асмо бинт Умайс розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга бундай деганлар: «Сенга мушкул пайтда нима дейишни ўргатайми? «Аллоҳ, Роббим Аллоҳ! У Зотга ҳеч нарсани шерик қилмайман» дегин» (Абу Довуд, Ибн Можа ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари Фотима розияллоҳу анҳога қайғулардан сақлайдиган, эрталаб ва кечқурун айтиладиган гўзал дуони бундай ўргатган эканлар:«Васиятларимни эшитинг, Фотима! Сизга васиятим шуки, тонг отганда ёки кеч кирганда шундай дуо қилинг: «Ё Ҳайй, ё Қайюм! Раҳматинг билан ёрдам сўрайман! Ҳамма ишларимни Ўзинг ўнглагин, мени кўз юмиб-очгунча ҳам ўз ҳолимга ташлаб қўймагин!»
Аёл зоти эркакларга нисбатан қайғуларга кўпроқ дуч келади. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло ғамларни аритиши учун айтиладиган дуоларни аёлларга ўргатишга жуда эътиборли бўлганлар. Қизлари Фотима розияллоҳу анҳога қайғулардан сақлайдиган, тонгда ва кечда айтиладиган дуони, Асмо бинт Умайс розияллоҳу анҳога бошга мушкул иш тушганда айтиладиган дуоларни ўргатмоқдалар.
Бешинчи дуо
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Бир бандага ғам-ташвиш, қайғу етганда «Аллоҳим, мен Сенинг қулингман, қулингнинг, чўрингнинг фарзандиман! Тақдирим қўлингда, ҳукмингдаман! Менга чиқарган ҳукминг адолатли. Ўзинг айтган, махлуқотларингга ўргатган, Китобингда келтирган, ғайб илмингда сақлаб қўйган барча исмларинг ҳаққи, Қуръонни қалбимнинг баҳори, қалбимнинг нури, қайғуларимнинг кушойиши, ғамларимнинг аритувчиси қилгин!» деса, Аллоҳ таоло унинг ғам-ташвишларини етказиб, ўрнини хурсандчилик билан тўлдиради».
Саҳобалар «Эй Аллоҳнинг Расули, бу дуони ўрганиб олайликми?» дейишган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, бу дуони эшитган одамга уни ўрганиш вожиб бўлади», дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).
Бошқа ривоятда у зот «Шундай дуо қилинглар, уни бошқаларга ҳам ўргатинглар! Ким бу дуоларни айтса, Аллоҳ унинг маҳзунлигини кетказиб, хурсандчилигини бардавом қилади», деганлар.
Бир қиз айтади: «Мен бу дуоларни кўп айтар эдим, лекин ўзимдан «Нега «Аллоҳим, Қуръонни қалбимнинг баҳори, қалбимнинг нури, қайғуларим кушойиши, ғамларимнинг аритувчиси қилгин», деб дуо қиламиз? Қандай қилиб Қуръонни ўқимасак ҳам, оятлари ҳақида фикр юритмасак ҳам, қайғуларимизнинг ечими бўлади?» деб сўрайверардим.
Шунга қарамай, бу дуони кўп айтиб юравердим. Натижа эса мени ҳайрон қолдирди… мен Қуръонни қаттиқ севиб қолдим. Тиловатига шўнғиб, бутун вужудим билан унинг ҳаловатини ҳис этардим. Ҳар сафар Қуръони Каримни қўлга олганимда ажиб ҳислар туяр эдим. Уни тиловат қилганимда мени бахт ўраб олар, ҳаётимда Қуръоннинг ўрни кенгайган сари саодатим ҳам ортиб бораверарди. Қарабсизки, бошимга кулфат тушганда Аллоҳ таоло дуоларимни қабул қилди, Қуръонни қалбимнинг баҳори, қалбимнинг нури, қайғуларимнинг кушойиши, ғамларимнинг аритувчиси қилиб қўйди.
Ким бу дуони тилдан қўймай айтиб юрса, Аллоҳ таолодан Қуръони Каримни севиб тиловат қилишга, уни тушуниб, унга амал қилишга муҳаббат уйғотишини ёлвориб сўраса, Аллоҳ таоло уни Қуръонга ошиқ қилиб қўяр экан. Аллоҳ кимни Қуръонга муҳаббат билан сийлаган бўлса, бу инсон қайғуларига энг яхши малҳамни топган бўлар экан».
Бошқа бир қиз айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошга ғам-қайғу тушган пайтда айтиладиган дуони ўргатиб, «Шу дуони қилинглар, бошқаларга ҳам ўргатинглар! Ким бу дуоларни айтса, Аллоҳ унинг маҳзунлигини кетказиб, хурсандчилигини бардавом қилади», деган эканлар. Бу сўзлар ҳақида мулоҳаза қилиб кўриб, шундай хулосага келдим: бу дуонинг фойдаси фақат унинг лафзларини ёдлаб, айтиб юраверишда эмас экан, балки уни бошқаларга ўргатишда ҳам яхшилик бор экан. Ўзингиз дуо қилганингизда қалбингиз шодликка тўлар экан, уни бошқаларга ўргатганингизда эса ўзингизга ҳам, бошқаларга ҳам саодат улашган бўлар экансиз. Шу ниятда, яъни менинг бошимга тушган кунларни кўрмасин деган мақсадда бу дуони синглимга ўргатдим.
Эҳ, бу дуони учратгунимча қанча-қанча йилларни маҳзунликда, машаққатда ўтказдим...
Уни ўрганганимдан кейин эса ҳаётим ёрқин тарафга ўзгариб кетди. Шунинг учун бу ишга жидду жаҳд билан киришдим. Синглим ҳам бу дуони бирпасда ёдлаб олди. У ҳам мен каби маҳзун бўлганида шу дуони эслаб, тинмай такрорлар, дарди енгилласин деб, мен ҳам синглим билан бирга шу дуони такрорлар эдим. Синглимга бу дуони ўргатганимдан ўзим ҳам хурсанд эдим. Уни ўзим таниган ҳамма инсонларимга ўргатишга ҳаракат қилдим. Чиройли қоғозга чиқартириб, дугоналаримга совға қилдим. Совға қилаётиб, «Бу дуо ҳаётингни янада нурларга тўлдиради», дер эдим. Буларнинг барчаси – Пайғамбаримизнинг ваъдаларига ишончим меваси эди».
Олтинчи дуо
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига «Сизларга бир дуони ўргатайми? Кимга бирор қийинчилик етса ёки дунёдаги балолардан бири келса, Аллоҳга шуни айтиб дуо қилса, Аллоҳ унга албатта кушойиш беради!» деган эканлар. Саҳобалар: «Ўргатинг, эй Аллоҳнинг Расули!» дейишибди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу – Зуннуннинг дуоси: «Лаа илааҳа иллаа анта, субҳаанака, инний кунту миназ-золимийн», деган эканлар» (Имом Насоий ривояти).
Бошқа ривоятда бундай дейилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Зуннун балиқ ичида туриб «Лаа илааҳа иллаа анта, субҳаанака, инний кунту миназ-золимийн», деб дуо қилган. Қай бир мусулмон ўша дуони қилса, Аллоҳ уни албатта ижобат қилади» (Имом Термизий ривояти).
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.