Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Июл, 2025   |   24 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:27
Қуёш
05:06
Пешин
12:34
Аср
17:39
Шом
19:56
Хуфтон
21:27
Bismillah
19 Июл, 2025, 24 Муҳаррам, 1447

Янгиланиш ва яшариш фасли

14.03.2017   7138   8 min.
Янгиланиш ва яшариш фасли

Баҳор келиши билан табиат узоқ қиш уйқусидан уйғониб жонланади, набототлар ниш уриб чиқади, Юртимиз ва халқимизнинг қут-баракаси, тўкинлиги ва фаровонлиги манбаи бўлган зироат, деҳқончилик ишлари бошланиб кетади.

Аллоҳ таоло бу дунёни чексиз ҳикматларга тўла ҳолда яратган. Инсонлар учун яратилган барча мавжудот, Холиқни борлигига далолат қилади. Шунингдек, атрофимизда рўй бераётган табиат ва манзараларнинг янгиланиб, яшариб, яшнаб туриши Аллоҳ таолони танитувчи, ушбу неъматларни қадрига етиб, шукрини қилишга ундагувчи далиллар, деб айтсак асло хато бўлмайди.

Аллоҳ таоло “Оли Имрон” сурасида шундай деган:

إن فى خلق السموت و الأرض و اختلف اليل و النهار لأيت لإولى  الألباب

Яъни: “Осмонлар ва Ерларнинг яратилишида, тун ва куннинг ўрни алмашиб туришида ақл эгалари учун аломатлар бордир”, (190-оят) деб марҳамат қилган.

Ҳар куни умр дафтаримиздан янги бир саҳифа очилгани каби атрофимиздаги оламни, яъни табиатнинг ҳам сурати ҳар куни янгиланади. Бу янгиланиш инсонни тафаккурга чорлайди.

Дунёда халқимизни ҳаммадан ажратиб турадиган, ўзлигини кўрсатадиган ўзига хос фазилатлари бисёр. Жумладан, бағрикенглик, меҳр-оқибат, хайр-саховат, йиқилганни суяш, бир-бирига мададкор бўлиш, тозалик-озадаликка эътибор бериш, кам таъминланган, кўнги ўксик қалбларни кўнглини кўтариб, уларга меҳр улушиш каби туйғулари қонида бор бу элнинг – Бахор фасли, янгиланиш ва ёшариш фасли бошланиши билан амалга оширадиган барча эзгу ишларида юқорида зикр қилинган туйғулар бутун бўй-басти билан ўз ҳаётий ифодасини топади, десак муболаға бўлмайди.

Баҳорнинг ҳар куни қутлуғ ниятларга ҳамоҳангдир. Ёш ниҳолларнинг эртага боғга айланиши ҳамда унинг мевасидан ёшу кекса баҳраманд бўлиши орзуси дилларни завққа тўлдиради.

Муқаддас динимизнинг мўътабар манбаларида инсонларни боғлар яратишга, экин экишга, ободончилик қилишга тарғиб қилган. Ушбу амалларга Яратганнинг улуғ мукофати борлигини ҳам маълум қилган. Жумладан: Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ўз умматларини мазкур савобли амалларга тарғиб қилиб:

 

" مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَغْرِسُ غَرْساً اَوْ يَزْرَعُ زَرْعاً فَيَأْكُلُ مِنْهُ طَيْرٌ اَوْ اِنْسَانٌ اِلاَّ كَانَ لَهُ بِهِ صَدَقَةٌ

رواه البخاري و مسلم

Яъни: “Бирон-бир мусулмон кишиси бир дарахт ўтқазса ёки бир нарса экса, бас ундан қуш ёки инсон танавул этиб, манфаатланса, шу сабабдан у киши эҳсон қилганлик савобига эришур” деб, марҳамат қилганлар.

Инсонларнинг яратилишидан мақсад ҳам айнан мана шу эзгу амалларни амалга ошириш учун, манфаатли бўлиши учун яратилганлиги кўп-кўп эслатилган хақиатлардандир. Манзарали ва мевали дарахтларни экиш, – бизни ўрат турган оламни, заминни обод қилиш ажри улуғ савобли ишлардан (касб) ҳисобланишини юқоридаги ҳадиси шарифдан билиб олдик. Муқаддас динимиз деҳқончилик ва боғдорчилик ишларига катта эътибор, барчани унга далолат қилган.

Жобир (р.а,) Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)дан бу борада қуйидаги ҳадиси шарифни ривоят қилган: “Ким Аллоҳга ишониб, савоб умид қилган ҳолда қаровсиз ерни обод қилса, унга ёрдам ва барака бериш Аллоҳга лозим бўлди (у бандани Яратган ўзининг марҳамати билан неъматлантиради)”.

Шунингдек, ҳар йили баҳор келиши билан атроф-муҳит, ҳовли ва яшаш жойлар, ўқув даргоҳлари ҳамда маҳаллаларни саранжом-саришта қилиш бўйича кўплаб оммавий ҳашарларни уюштириш ҳам миллатимизга хос фазилатлардандир. Бунда дарахтлар оқланиб, ҳар хил чиқиндилар тозаланади, янги-янги мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилади. Атрофни ўзгача файз ва шукуҳ, поклик қамраб олади. Зеро, Пайғамбаримиз  Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 “Ҳовли ва уй-жойларингизни озода тутинглар”, “Поклик имондандир” дея умматларини покликка чорлаганлар.

Шунингдек, бошқа бир ҳадисда:

" اَلنَّظَافَةُ تَدْعُو إِلىَ الْاِيمَانِ وَالْاِيمَانُ مَعَ صَاحِبِهِ فىِ الْجَنَّةِ "

яъни: “Поклик кишини имонга чақиради. Имон эса, ўз эгаси билан жаннатда биргадир”, дейилади.

Оила, маҳалла, кўча ва гузарлар ободонлаштирилиб, мевали, манзарали кўчатлар ўтқазиш, тозалик ва озодаликка эътибор берган киши миллий маънавиятимизнинг ажралмас қисмига айланган муқаддас динимизнинг талаб ва тавсияларига амал қилган бўлади.

Ривоят қилинадики, бир киши улуғ саҳобий Абу Дардо (р.а.)нинг олдиларидан ўтиб бораётса, у зот ёнғоқ кўчати экаётган эканлар. У киши Абу Дардо (р.а.)га қараб: “Улуғ ёшга кирган бўлсангиз ҳам кўчат экасизми, ахир бу фалон йилдан сўнг мевага кираду-ку” – деди. Абу Дардо (р.а.) бунга жавобан: “Менга савоби етса бўлди, мевасини бошқалар истеъмол қилаверсин” – деган эканлар.

Ҳа азизлар, азал-азалдан ота-боболаримиз Баҳорга покизалик, яхши орзу-ниятлар билан пешвоз чиққан. Чунки меҳнат, тозалик, саранжом-саришталик бор жойда қут-барака, сиҳат-саломатлик бўлади.

Динимизда деҳқончилик, ерни обод қилиш масаласига алоҳида эътибор берилганлигини юқорида ўрганиб чиқдик.

Зеро, ерга меҳнат билан қанчалик ишлов берилса,  деҳқончилик, зироат ҳам  шунга қараб  баракали бўлади. Рўзғоримиз бутун, ҳаётимиз фаровон, турмушимиз ҳам янада обод ва  кўркам бўлади.

Ҳазрат Мир Алишер Навоийдан тортиб барча мутафаккирлар ижодида Юртни ободлиги, элни фаровончилиги йўлида ҳаракат қилиш жамиятда яшаб турган кишиларнинг асосий истаги асосий ғоялардан бўлиши лозим эканлигини зикр қилганлар.

Шаҳар ва қишлоқларда яшовчи барча инсонлар  бу муборак фаслни ғанимат билиб, юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, турмушимиз равнақи йўлида астойдил белларини  маҳкам боғлаб, фидокорона меҳнат қилиш, тозалик ва озодалик ишларини амалга ошириш билан ўзларининг холис ҳиссаларини қўшишга ҳаракат қилишлари мақсадга мувофиқдир.

Мана шундай навбаҳор фаслида юрт тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, имон-эътиқодимизга яраша солиҳ амалларни бажаришликка муносиб шароитларнинг муҳайё экани учун Аллоҳ таолога шукроналар айтган ҳолда атроф-муҳит ва ҳовли-жойларимизнинг озода бўлишлиги учун ҳаракат қилайлик.

Атрофимизни турли зарарли нарсалардан ва ифлосланишдан сақласак, ўзимиз ва аҳлимизнинг ҳаётини сақлаган бўламиз. Шунингдек, тупроқ, сув, ҳаво ва бошқа нарсаларни тоза сақлаш, уларни ифлосланишига йўл қўймаслик ва соғлиқ учун зарарли бўлган нарсалардан сақланиш каби ишларни амалга оширишда барчамиз фаол бўлсак миллий қадриятларимиз ва муқаддас динимизнинг асосий фазилатли ва ҳайрли ишларини амалга оширган бўламиз.

 

Наврўз қўшиғи

Баҳорни билмаган элларни кўрдим,
Бир чечак кулмаган ерларни кўрдим.
Ўзингни соғиниб келади наврўз,
Кафтингга кўз сурай, деҳқоним, юртим,
Ўзингдан ўргулай, боғбоним, юртим.

Чучмома чайқалиб, чалар қўнғироқ,
Ҳаёт ҳидин сочар уйғонган тупроқ,
Илдиз сувратини чизади чақмоқ,
Кафтингга кўз сурай, деҳқоним, юртим,
Ўзингдан ўргулай, боғбоним, юртим.

Меҳмонни чорлайди сумалакларинг,
Қизларинг боғлайди жамалакларин.
Саодатга кўприк камалакларинг,
Кафтингга кўз сурай, деҳқоним, юртим,
Ўзингдан ўргулай, боғбоним, юртим.

Эй, кафти қадоғу  кўнгли юмшоқ эл,
Қуёшда қорайган, юраги оқ эл,
Дуога қўл очган, тилаги оқ эл,
Кафтингга кўз сурай, деҳқоним, юртим,
Ўзингдан ўргулай, боғбоним, юртим.

Муқаддас еринг бор, қутлуғ осмон бор,
Суянган тоғинг бор, дилда иймон бор.
Улуғ боғистонга буюк боғбон бор,
Кафтингга кўз сурай, деҳқоним, юртим,
Ўзингдан ўргулай, боғбоним, юртим.

Иқбол Мирзо

 

 

Исомиддин АХРОРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Тошкент шаҳар вакиллиги ходими,

“Оқилон” жоме масжиди имом-хатиби.

Янгиликлар
Бошқа мақолалар

Намоздан кейинги зикрлар қандай айтилади?

16.07.2025   3754   2 min.
Намоздан кейинги зикрлар қандай айтилади?

Савол: Намоздан кейин имом «Оятал курсий»ни бошидан ўқиганда жамоат қолганини ичида давом эттирадими ёки бошидан бошлайдими? Зикрларни айтишдачи?


Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намоздан кейин оятал курсий ва тасбеҳларни айтиш мустаҳаб амал саналиб, уларни имом ҳам, жамоат ҳам ўқишлари мандуб, яъни гўзал ва савобли иш ҳисобланади. Шунинг учун имом бошлаб берганидан кейин жамоатдагилар ҳам оятал курсийни бошидан ўқийдилар.

Шунингдек, тасбеҳларни 33 тадан айтадилар. Имом уларни овоз чиқариб бошлаб беришининг сабаби жамоатга айтиладиган зикрни эслатиш учундир.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом фарз намозлардан кейин «Оятал курсий»ни ўқишнинг фазилати ҳақида бундай дейдилар: “Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятал курсийни ўқиса, кейинги намозгача Аллоҳ таолонинг зиммасида бўлади” (Имом Табароний ривоятлари).

Бошқа бир ҳадиси шарифда бундай дейилади:

“Ким ҳар бир фарз намознинг ортидан Оятал курсийни ўқиса, уни жаннатга киришдан фақатгина ўлим тўсиб туради” (Имом Насоий ривояти).

Намоздан кейин тасбеҳларни айтиш борасида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта Аллоҳу акбар, деса ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлади. Юзинчисида Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайьин қодийрни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпикларича бўлса ҳам мағфират қилинади”, дейилган (Имом Муслим ривояти).

Шунга кўра имом домла Субҳаналлоҳ, Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳу акбар дейиши ўзи учун ҳисобга ўтади. Жамоатдаги намозхонлар 33 тадан ўзлари айтишлари керак бўлади. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.