Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Август, 2025   |   2 Рабиъул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:18
Қуёш
05:42
Пешин
12:30
Аср
17:10
Шом
19:11
Хуфтон
20:29
Bismillah
25 Август, 2025, 2 Рабиъул аввал, 1447

Аъзам

14.03.2017   14653   4 min.
Аъзам

Бир даврада кимнингдир: “Мен учта аъзамни биламан: Имоми Аъзам, Ғавсул Аъзам, Махдуми Аъзам. Аммо тўртинчиси ҳам бор. Ўша тўртинчисининг ким эканини ҳеч била олмадим”, деган гапини эшитиб қолдим. Шу гап каминани ўйлантириб қўйди. Буни билиш унчалик катта илм талаб қилмаса керак, озгина ғайрат қилиб кўрай-чи, деган фикрда илмий адабиётларни варақлаб ана шу жавобларни топишга мушарраф бўлдим. 

Исми Аъзам Аллоҳ таолонинг Қуръони карим ва ҳадиси шарифда зикр этилган исмларининг энг буюгидир.

Исми Аъзам Аллоҳ таоло исмлари ичига яширилган. Бунинг ҳикмати бандаларининг бутун Асмои-ул Ҳуснага муҳаббатини сақламоқ, Ўзига бутун исмлари ила дуо этилишини таъмин этмоқдир. Агар Исми Аъзам қайси бири экани аниқ бўлганида одамлар бошқаларини қўйиб фақат ўша исм билан дуо этмоққа тушар, бошқа исмларни тарк этар эди. Чунки Аллоҳ таолонинг наздида Исми Аъзамнинг эътибори буюк бўлиб, бу исм ила қилинган дуо, албатта, мустажоб бўлиши ривоят этилган.

Исми Аъзамнинг Асмо-ул Ҳуснадан қайси бири экани ҳақида ислом олимлари бир-биридан фарқли фикрларни илгари сурганлар. Аксар олимлар “Исми Аъзам – Аллоҳ исмидир”, дейдилар.  Ҳазрати Али таъкидлашича, Исми Аъзам бир исм эмас. У Фард, Ҳайй, Қаййум, Ҳаким, Одил, Қуддусдан иборат олти исмдир.

Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг фикрича, Исми Аъзам – Ҳаким ва Одилдан иборат икки исм. Ғавсул Аъзам Исми Аъзамни: “Ҳайй исмидир”, деган. Имом Раббоний эса Исми Аъзам Қаййумдир деган фикрни илгари сурган.

Аён бўлаётирки, ислом буюклари Исми Аъзамга бир-биридан фарқли исмларни топганлар. Балки уларнинг ҳар бирининг руҳиятига тажаллий этган Исми Аъзам фарқли бўлгандир.

Асмо-ул Ҳусна ичида бир Исми Аъзам бўлгани каби ҳар бир исмнинг аъзамий бир мартабаси бор. Баъзан бир исмнинг аъзамий мартабаси Исми Аъзам билан адаштирилади. У исмнинг аъзамий мартабадаги тажаллийси сабаби ила Исми Аъзам саналади. Исми Аъзамнинг ҳар бир олимга кўра фарқли бўлишининг сабаби шу бўлса керак.

Муҳаммад алайҳиссалом – Ҳабибуллоҳ, Иброҳим алайҳиссалом –Халилуллоҳ, Мусо алайҳиссалом – Калимуллоҳ, Исо алайҳиссалом – Руҳуллоҳ, Одам алайҳиссалом – Сафийуллоҳ, Нуҳ алайҳиссалом – Нажиуллоҳдир. Бу олти пайғамбарнинг бошқа пайғамбарлардан рутбаси баланд бўлгани боис улар “Улулаъзим” дейилади. Ҳаммасидан буюги Муҳаммад алайҳиссаломдир.

Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собит ал-Куфий; Имоми Аъзам (699-767) – фақиҳ, муҳаддис, улуғ имом, ҳанафийлик мазҳаби асосчиси. Куфада туғилган. "Имоми Аъзам" (буюк имом) – улуғлиги эътироф этилиб берилган унвон. Абу Ҳанифа фиқҳий илмни биринчи бўлиб тасниф қилиб, уни бобларга ажратиб, тартибга солган ва китоб шаклига келтирган. У фақиҳларнинг устози, имом Шофиъий таъбири билан айтганда, "барча одамлар фиқҳда унинг боқимандаларидир".

Гилоний (Жилоний) Муҳиддин Абдулқодир ибн Аби Солиҳ Жангийдўст (1077- 1166) – илоҳиётчи олим, мутасаввиф. Гилон вилоятида туғилган. Халқ оммаси уни мўъжиза кўрсатишга қодир бўлган азиз-авлиё ва бечораларнинг ҳомийси деб, улуғлаган. Унга "Ғавсул Аъзам" ("улуғ ҳимоячи") ва "пири дастгир" ("мададкор пир") лақабларини берган.

Махдуми Аъзам (Буюк ҳазрат; асл исми Саййид Аҳмад Хожаги ибн Саййид Жалолиддин Косоний Даҳбедий, 1463/64-1542) – буюк аллома, йирик диний арбоб, нақшбандийлик тариқати пирларидан. Даҳбедий "Махдуми Аъзам", номи билан машҳур бўлган. Буюк шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур уни ниҳоятда ҳурмат қилган ва Махдуми Аъзамга бағишлаб рубоийлар ҳам ёзган. Махдуми Аъзам ҳам шоир ҳақидаги "Бобурия" рисоласини ёзиб, Ҳиндистонга жўнатган.

Ўрганганларимиздан аён бўлдики, аъзамлар учта эмас, бешта бўлиб, биринчи  Аъзам – Аллоҳ таолонинг Ўзи; иккинчиси, рутбаси баланд расуллар, қолганлари авлиёлар экан. 

Дамин ЖУМАҚУЛ,

журналист

 

 

Бошқа мақолалар

Россияда вақтинча яшаб турган ватандошлар билан учрашувлар ўтказилмоқда

23.08.2025   8431   2 min.
Россияда вақтинча яшаб турган ватандошлар билан учрашувлар ўтказилмоқда

Россия Федерацияси ҳудудида вақтинча бўлиб турган фуқароларимиз билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, ҳуқуқий онгини ошириш, маърифатини зиёда қилиш бўйича суҳбатлар ўтказиш мақсадида шу йилнинг 20-24 август кунлари Ўзбекистон делегациясининг навбатдаги хизмат сафари уюштирилди.


Ставрополь ўлкаси ва Ростов вилоятига сафар қилган делегация таркибида тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари қатнашди. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов ҳам иштирок этиб, ватандошларимизни истиқлолимизнинг 34 йиллиги билан қутлади.


Узоқ ўлкаларда ўқиб, ишлаб юрган ҳамюртларимиз билан ҳалол касб қилишнинг фазли, ақидада адашмаслик, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш одоби, Исломда бағрикенглик, ватанпарварлик мавзуларида суҳбатлар ўтказилди. Ҳар қандай диний мавзудаги маълумотлар борасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига тегишли расмий интернет тармоқлардан фойдаланиш тавсия этилди. Турли диний оқимлардан эҳтиёт бўлиш зарурлиги – ҳам шариат кўрсатмаси, ҳам замон талаби экани таъкидланди. Шунингдек, долзарб мавзудаги буклетлар тарқатилди. 


Ставрополь мусулмонлари қозиси Муҳаммад ҳазрат билан музокаралар олиб борилиб, Халқаро Кавказ университетида 60 давлатдан келиб таълим олаётган талабалар орасидаги 285 нафар ўзбекистонлик талаба билан учрашув ўтказилди. Университет раҳбарияти ушбу талабалардаги илмга ташналик ва одоб-ахлоқни алоҳида таъкидлаб, улар тимсолида Ўзбекистон халқига эҳтиромлари янада ошганини билдирди.


Учрашувлар давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг дуойи саломлари етказилди. Бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган ишлар, тинчлик, фаровонлик, динимиз равнақи йўлидаги ислоҳотлар ҳақида ҳам айтиб ўтилди.


Хизмат сафари давом этмоқда.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Россияда вақтинча яшаб турган ватандошлар билан учрашувлар ўтказилмоқда Россияда вақтинча яшаб турган ватандошлар билан учрашувлар ўтказилмоқда Россияда вақтинча яшаб турган ватандошлар билан учрашувлар ўтказилмоқда Россияда вақтинча яшаб турган ватандошлар билан учрашувлар ўтказилмоқда Россияда вақтинча яшаб турган ватандошлар билан учрашувлар ўтказилмоқда Россияда вақтинча яшаб турган ватандошлар билан учрашувлар ўтказилмоқда
Ўзбекистон янгиликлари