Бир даврада кимнингдир: “Мен учта аъзамни биламан: Имоми Аъзам, Ғавсул Аъзам, Махдуми Аъзам. Аммо тўртинчиси ҳам бор. Ўша тўртинчисининг ким эканини ҳеч била олмадим”, деган гапини эшитиб қолдим. Шу гап каминани ўйлантириб қўйди. Буни билиш унчалик катта илм талаб қилмаса керак, озгина ғайрат қилиб кўрай-чи, деган фикрда илмий адабиётларни варақлаб ана шу жавобларни топишга мушарраф бўлдим.
Исми Аъзам Аллоҳ таолонинг Қуръони карим ва ҳадиси шарифда зикр этилган исмларининг энг буюгидир.
Исми Аъзам Аллоҳ таоло исмлари ичига яширилган. Бунинг ҳикмати бандаларининг бутун Асмои-ул Ҳуснага муҳаббатини сақламоқ, Ўзига бутун исмлари ила дуо этилишини таъмин этмоқдир. Агар Исми Аъзам қайси бири экани аниқ бўлганида одамлар бошқаларини қўйиб фақат ўша исм билан дуо этмоққа тушар, бошқа исмларни тарк этар эди. Чунки Аллоҳ таолонинг наздида Исми Аъзамнинг эътибори буюк бўлиб, бу исм ила қилинган дуо, албатта, мустажоб бўлиши ривоят этилган.
Исми Аъзамнинг Асмо-ул Ҳуснадан қайси бири экани ҳақида ислом олимлари бир-биридан фарқли фикрларни илгари сурганлар. Аксар олимлар “Исми Аъзам – Аллоҳ исмидир”, дейдилар. Ҳазрати Али таъкидлашича, Исми Аъзам бир исм эмас. У Фард, Ҳайй, Қаййум, Ҳаким, Одил, Қуддусдан иборат олти исмдир.
Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг фикрича, Исми Аъзам – Ҳаким ва Одилдан иборат икки исм. Ғавсул Аъзам Исми Аъзамни: “Ҳайй исмидир”, деган. Имом Раббоний эса Исми Аъзам Қаййумдир деган фикрни илгари сурган.
Аён бўлаётирки, ислом буюклари Исми Аъзамга бир-биридан фарқли исмларни топганлар. Балки уларнинг ҳар бирининг руҳиятига тажаллий этган Исми Аъзам фарқли бўлгандир.
Асмо-ул Ҳусна ичида бир Исми Аъзам бўлгани каби ҳар бир исмнинг аъзамий бир мартабаси бор. Баъзан бир исмнинг аъзамий мартабаси Исми Аъзам билан адаштирилади. У исмнинг аъзамий мартабадаги тажаллийси сабаби ила Исми Аъзам саналади. Исми Аъзамнинг ҳар бир олимга кўра фарқли бўлишининг сабаби шу бўлса керак.
Муҳаммад алайҳиссалом – Ҳабибуллоҳ, Иброҳим алайҳиссалом –Халилуллоҳ, Мусо алайҳиссалом – Калимуллоҳ, Исо алайҳиссалом – Руҳуллоҳ, Одам алайҳиссалом – Сафийуллоҳ, Нуҳ алайҳиссалом – Нажиуллоҳдир. Бу олти пайғамбарнинг бошқа пайғамбарлардан рутбаси баланд бўлгани боис улар “Улулаъзим” дейилади. Ҳаммасидан буюги Муҳаммад алайҳиссаломдир.
Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собит ал-Куфий; Имоми Аъзам (699-767) – фақиҳ, муҳаддис, улуғ имом, ҳанафийлик мазҳаби асосчиси. Куфада туғилган. "Имоми Аъзам" (буюк имом) – улуғлиги эътироф этилиб берилган унвон. Абу Ҳанифа фиқҳий илмни биринчи бўлиб тасниф қилиб, уни бобларга ажратиб, тартибга солган ва китоб шаклига келтирган. У фақиҳларнинг устози, имом Шофиъий таъбири билан айтганда, "барча одамлар фиқҳда унинг боқимандаларидир".
Гилоний (Жилоний) Муҳиддин Абдулқодир ибн Аби Солиҳ Жангийдўст (1077- 1166) – илоҳиётчи олим, мутасаввиф. Гилон вилоятида туғилган. Халқ оммаси уни мўъжиза кўрсатишга қодир бўлган азиз-авлиё ва бечораларнинг ҳомийси деб, улуғлаган. Унга "Ғавсул Аъзам" ("улуғ ҳимоячи") ва "пири дастгир" ("мададкор пир") лақабларини берган.
Махдуми Аъзам (Буюк ҳазрат; асл исми Саййид Аҳмад Хожаги ибн Саййид Жалолиддин Косоний Даҳбедий, 1463/64-1542) – буюк аллома, йирик диний арбоб, нақшбандийлик тариқати пирларидан. Даҳбедий "Махдуми Аъзам", номи билан машҳур бўлган. Буюк шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур уни ниҳоятда ҳурмат қилган ва Махдуми Аъзамга бағишлаб рубоийлар ҳам ёзган. Махдуми Аъзам ҳам шоир ҳақидаги "Бобурия" рисоласини ёзиб, Ҳиндистонга жўнатган.
Ўрганганларимиздан аён бўлдики, аъзамлар учта эмас, бешта бўлиб, биринчи Аъзам – Аллоҳ таолонинг Ўзи; иккинчиси, рутбаси баланд расуллар, қолганлари авлиёлар экан.
Дамин ЖУМАҚУЛ,
журналист
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бугунги ахборотлашган жамиятда интернет ва ижтимоий тармоқларнинг ривожланиши натижасида маълумот алмашиш жараёни сезиларли даражада тезлашди. Шу билан бирга, турли мазмундаги ёлғон хабарларнинг тарқалиши ҳам кучайди. Айниқса, диний мазмундаги ёлғон хабарлар жамиятнинг маънавий муҳитига, диний бағрикенгликка ва ижтимоий барқарорликка салбий таъсир кўрсатадиган омиллардан бири сифатида намоён бўлмоқда.
Диний мазмундаги ёлғон хабарлар деганда диний манбаларга асоссиз равишда нисбат берилган, бузиб талқин қилинган ёки ҳақиқатга мос келмайдиган маълумотлар тушунилади. Бундай хабарлар кўпинча Қуръон оятлари, ҳадислар, машҳур уламолар фикрлари ёки диний воқеалар билан боғлиқ ҳолда тарқатилади. Уларнинг асосий мақсади инсонларнинг диний ҳиссиётларига таъсир қилиш, маълум ғояларни тарғиб этиш ёки жамиятда турли қарама-қаршиликларни юзага келтиришдан иборат бўлиши мумкин.
Ёлғон диний ахборотларнинг кенг тарқалишига бир қатор омиллар сабаб бўлади. Аввало, айрим фуқароларнинг диний билимлари ва медиасаводхонлиги етарли даражада шаклланмагани туфайли улар ҳар қандай маълумотни текширмасдан қабул қиладилар ва бошқаларга тарқатадилар. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда ахборотнинг тезкор тарқалиши ҳам бундай хабарларнинг оммалашишига хизмат қилади. Кўплаб фойдаланувчилар маълумотнинг манбаси ва ишончлилигини текширмасдан уни улашишга мойил бўладилар.
Диний мазмундаги ёлғон хабарларнинг энг салбий оқибатларидан бири жамиятда ишончсизлик муҳитининг шаклланишидир. Асоссиз маълумотлар турли ижтимоий гуруҳлар ўртасида тушунмовчиликларни келтириб чиқариши, диний масалаларда баҳс ва зиддиятларнинг кучайишига сабаб бўлиши мумкин. Натижада жамиятдаги ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат тамойиллари заифлашади.
Бундай хабарлар маънавий ҳаётга ҳам жиддий зарар етказади. Диний масалалар бўйича нотўғри маълумотларни мунтазам қабул қилган инсонларда диннинг асл моҳияти ҳақида хато тасаввурлар шаклланади. Бундай ҳолат диний қадриятларнинг нотўғри тушунилишига, айрим ҳолларда эса мутаассиблик ёки бефарқлик кайфиятларининг юзага келишига олиб келади.
Ёлғон диний ахборотлар мафкуравий хавфсизлик учун ҳам муҳим таҳдид ҳисобланади. Айрим радикал гуруҳлар ва экстремистик оқимлар интернет орқали сохта диний маълумотларни тарқатиш орқали ўз тарафдорларини кўпайтиришга ҳаракат қиладилар. Улар диний манбаларни контекстдан узиб талқин қилиш ёки сохта маълумотларни ҳақиқат сифатида тақдим этиш орқали ёшлар онгига таъсир кўрсатишга уринадилар. Бундай ҳолатлар жамият барқарорлигига ва фуқаролар хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Мазкур муаммонинг олдини олиш учун, аввало, аҳолининг медиасаводхонлигини ошириш зарур. Фуқаролар ахборотни танқидий таҳлил қилиш, унинг манбасини текшириш ва ишончли маълумотларни ёлғон хабарлардан ажрата олиш кўникмаларига эга бўлишлари лозим. Шу билан бирга, диний билимларни фақат ишончли манбалар ва малакали мутахассислардан олиш муҳим аҳамият касб этади. Таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари ва диний-маърифий ташкилотларнинг ҳамкорлиги бу борадаги самарадорликни янада оширади.
Хулоса қилиб айтганда, диний мазмундаги ёлғон хабарлар замонавий ахборот маконининг жиддий муаммоларидан бири ҳисобланади. Улар жамиятнинг маънавий муҳитига, ижтимоий барқарорлигига ва мафкуравий хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли ҳар бир фуқаро ахборотларни қабул қилиш ва тарқатишда масъулиятли бўлиши, диний масалаларда эса фақат ишончли манбаларга таяниши зарур.
Абдулазиз Абдуваҳидов,
Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими