Имоми Аъзам Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг Имом Молик роҳматуллоҳи алайҳга қатъий жавоблари
Абу Ҳанифа: “Мен юзга яқин фақиҳлар билан мунозара қилганман, лекин ҳақиқатни тезроқ қабул қилишда имом Моликдек фақиҳни кўрмадим, Аллоҳга қасамки, уни яхши кўриб қолдим”, дедилар. Бу ерда имоми Аъзам бизга ишорат қилаяпдиларки етук олим ҳақиқатни жуда тез қабул қилади.
Замонасининг энг забардаст фақиҳини қийнаб қўйган унинг саволларига жуда ҳам зийраклик билан жавоб берган бизнинг мазҳаб бошимиз имоми Аъзам роҳматуллоҳи алайҳга унинг мазҳабини тўғри деб билиб уни инкор қилишга шошилмасдан у зотнинг чиқарган масалаларини батафсил кўриб чиқиб, уни тасдиқ қилиб эргашган мужтаҳидларга Аллоҳнинг саломи бўлсин.
Шуни билиш керакки! Аллоҳ таоло мужтаҳидларга Қуръон ва Ҳадиснинг ичидан замонасининг энг забардаст олимлари ҳам англай олмайдиган ва ақллари ҳам шошиб қоладиган даражадаги хислатларни берганига амин бўламиз. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ 80 мингта саволга жавоб берган бўлса! Билингки 80 минг марта ижтиҳод қилганлар. Бир масалага жавоб бериш учун сизга қанча илмлар керак бўлади. Оддийгина қилиб айтганда Қуръон, ҳадиси набавий, саҳобалар сўзлари ва ижтиҳодларини батафсил билиш ҳамда ёдда сақлаб бир ҳарфини ҳам зинҳор-зинҳор ёддан чиқармасдан уни маҳорат билан минг марта уйлаб кейин жавоб бериш. Шунга эътибор қилинг! Имоми Аъзам Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ Қуръонни шунақа яхши билардиларки гўё ҳар бир оятнинг нима сабабдан нозил бўлганларига ва шу вақтда росулуллоҳ қандай йўл тутганларини зарра мисли ҳам ёддан чиқармаганлар. Ҳадисни билишга келадиган бўлсак: уни ўзлари ривоят қилган муҳаддислардан кўра яхши билган ва ундан ижтиҳод қилганлар. Ҳадиси расулда у кишининг йўллари гўё у зот ўша вақтда ўзлари ўша ҳадисга гувоҳ бўлган ва уни ёзиб олган саҳоба мислидек бир ҳарфига ҳам хиёнат қилмасдан уни бошқа ҳадисларнинг ичидан росулуллоҳ айтган гапларнинг ичидан жуда моҳирлик билан танлаб уни минг марта тарозига ўлчаб кейин масала чиқарган. Саҳобаларни билишга келадиган бўлсак: имоми Аъзам уларни ота-онасидан ҳам яхши таниган ва уларнинг ичидан энг пешқадам мужтаҳид даражасига етган саҳобалар сўзларини Қуръон ва ҳадисдан масалага жавоб топа олмагандан сўнг уларнинг сўзларини қабул қилган. Қуръон, ҳадис ва саҳобалар сўзларидан ҳам масалага жавоб топаолмагандан сўнг ўзларини ўнглаб учала манбага қиёслаб кейин ўзлари хукм чиқарганлар. Яъни, ижтиҳод қилиш усулини Аллоҳ таоло у кишига илҳом қилган бошқа мазҳаб аҳллари у кишидан ижтиҳод қилишни ўрганган. Имоми Шофеъий у кишининг невара шогирди яъни, шогирди ....нинг шогирди ҳисобланади..
Имоми Аъзам ҳар бир масалани 40 та мужтаҳидлик даражаси етган шогирдларининг ўртасига ҳавола қилганлар. Агар улардан соғ чиқса, у имоми Аъзам масаласига киритилган. Гўё бу қобилият бу шогирдларида ҳам ўз аксини топган эди. Лекин шунга қарамасдан улар бу билан у масаладаги моҳирликни кўриб ақллари шошиб бу истеъдодни ўзларига кўчирма сифатида қабул қилардилар. У зот айтган эканлар: агар мен келтирган масала Қуръон, ҳадис ва саҳобалар сўзларига тескари келса! шундай деворга ўрингларки у чиқарган масалам парча-парча бўлиб кетсин деганлар. Бир ўзлари 80 мингта масалага жавоб бериб қўйганлар. Агар билсак бундай сўзларни фақат Аллоҳнинг мард бандалари айта олади, холос. Имоми Молик роҳматуллоҳи алайҳ ўзлари тушунмаган нарсаларни имоми Аъзамдан сўраб олганларида, у киши шунақа услубда жавоб бердиларки Имоми Молик терлаб кетдилар. Имоми Моликнинг олдида бирор киши гапиришга ҳадди сиғмасдилар. Шундай бўлишига қарамасдан у зот эшитилган ҳар хил гапларга барҳам бериш учун имоми Аъзамнинг олдига мунозарага келдилар:
Имом Молик (роҳматуллоҳи алайҳ) имом Абу Ҳанифа (роҳматуллоҳи алайҳ) билан учрашгандан кейин имом Моликдан сўрашибди. Сизда Абу Ҳанифа ҳақида қандай таассурот уйғонди? Имом Молик чўнтагидан рўмолчани чиқариб, терларини артиб: “Абу Ҳанифа мени терлатди”, дедилар. Сўзларида давом этиб: “Аллоҳга қасамки, Абу Ҳанифа ҳақиқатда фақиҳ экан. Яна қасамки, мен бу олимдек мунозара қиладиган фақиҳни кўрмадим. Агар сизларга мана бу темирдан бўлган тўсинни тилладан деса, тўсин тилладан эканига сизларни далили билан ишонтиради!” Кейин Абу Ҳанифадан имом Молик ҳақларида сўрашганда, Абу Ҳанифа: “Мен юзга яқин фақиҳлар билан мунозара қилганман, лекин ҳақиқатни тезроқ қабул қилишликда имом Моликдек фақиҳни кўрмадим, Аллоҳга қасамки, уни яхши кўриб қолдим”, дедилар. Ривоят қилинадики, бир киши имом Моликни олдиларига келиб, шундай савол берибди: “Айтингчи, бир куни йўлда кетаётиб, йўл четида ётган тухум босиб ётган товуқни кўриб қолдим. Кейин унинг тухумини чиқариб олдим. Тухум қўлимдан тушиб кетиб, ундан жўжа чиқиб қолди. Энди у жўжани сўйиб есам бўладими?”, деди. Имом Молик: “Сен Ироқданмисан”, дедилар. У киши: “Ҳа” деб жавоб берди. Имом Молик “бу Абу Ҳанифанинг иши, сизлар ҳаётда бўладиган нарсалар ҳақида савол беринглар. Бўлмайдиган, фойдасиз нарсалар ҳақида сўраманглар”, дедилар. Яна бир киши имом Моликдан сўрабди: “Айтингчи, бир киши бошқа бир кишини “эшак” деб сўкса, унга нима жазо кўрилади”, деди. Имом Молик: “Одобга чақириш учун дарра урилади”, дедилар. Киши: “Агар уни “хачир” деб сўксачи” деганида, имом Молик, “сени одобга чақириш учун дарра уриш керак, чунки сен Ироқликсан”, деб жавоб бердилар.
Имом Молик Абу Ҳанифага эътироз билдириб: “Сиз инсонларни ўзаро тортишувига сабаб бўляпсиз” деди. Унга Абу Ҳанифа: “Эй Молик! Ироқдаги вазият Мадинадагидек эмас. Ироқ ҳозирда халифалик шаҳри ҳисобланади. Ҳар куни янги воқеалар, янги ҳукмни тақазо қилувчи масалалар пайдо бўлади. Ҳозирги кунда Ироқда мамлакатларни фатҳ қилиш авжига чиққан. Буларни барчасига биз фиқҳий тарафдан тайёр туришимиз керак. Ҳаттоки, янги бир масала пайдо бўлса, инсонлар у масалани ечимини билишсин” деб жавоб бердилар. Шунда имом Молик Абу Ҳанифага: “Менга бу янги масалалардан мисол келтирингчи”, деди. Абу Ҳанифа мисолни шундай бошладилар. Бир аёлни эри сафарга кетиб, анча вақт ғойиб бўлди. Ҳалиги аёл эрини ўлди деб ўйлаб, бошқа бир кишига эрга тегди. Шунда аёлни аввалги эри келиб қолса, қандай ҳукм чиқарган бўлардинг эй Молик!”, дедилар. Имом Молик: “Мендан бўлмаган воқеаларнинг масаласини сўраманг”, деди. Абу Ҳанифа: “Эй Молик! бизда (Ироқда) инсонлар ҳар куни ғазот қилиш учун чиқиб, ўз оилаларидан анча вақт ғойиб бўладилар. Шунинг учун мен бундай масалаларга тайёр туришим керак”, дедилар. Кейин унга “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни олдиларига келиб, бир неча саволларни берган киши ҳақидаги ҳадисни ўзингиз ривоят қилгансизку деди. Ҳадисдаги киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Агар бир киши келиб, мол-мулкимни тортиб олса, нима қиламан”, деб сўради. Росулуллоҳ “бермайсан”- дедилар. Агар мен билан уришсачи? “у билан уришасан” дедилар. Агар мени ўлдирсачи? “сен шаҳид бўласан”- дедилар. Саволини давом эттириб: “агар мен уни ўлдирсамчи?”- деди, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “у дўзахда” деб жавоб бердилар. Бунга нима дейсиз эй Молик! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳали бўлмаган тўртта воқеага жавоб бердилар. Имом Молик эса: “бу масалаларнинг фойдаси бўлгани учун жавоб бердилар”, деди. Абу Ҳанифа имом Моликка Ироқдаги “масалаларда ҳам фойда бўлгани учун янги масалаларга янги ҳукмлар чиқаришга масъулман” дедилар.
Иккинчи масала:
Агар бир нарсанинг ечими яъни ҳалоллиги ёки ҳаромлиги Қуръони Каримдан, суннати набавийдан топилмаса. Унинг ечими мусулмонларни ижмоси билан бўлади. Шу масалада икки имом ўртасида ихтилоф пайдо бўлди. Имом Молик: “Мадина аҳлини қилган ижмосини олиш керак”, дейдилар. Чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) динни саҳобаларга қолдирдилар. Дин Мадинада мукаммал бўлди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг вафотларидан кейин улуғ саҳобаларни Мадинада қолдилар. Бундан ташқари ўзларидан кейин қилган амалларини одамларга сўзлаб берадиган тўққизта аёлларини ҳам Мадинада қолдириб кетдилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан яшаган ўн мингта саҳобалар Мадинада қолган эди. Шунинг учун Мадина аҳлининг ижмоси ижмо ҳисобланади. Ахир бир ёки иккита саҳоба яшаб ўтган шаҳар, ўн мингта саҳоба яшаган шаҳарга тенг бўладими!?”- дедилар. Ривоят қилинади. Бир киши имом Моликни олдига келиб: “Ихтилоф бўлган масалаларда нима қилай”,-деди. Имом Молик: “Мадина аҳлининг ҳукмини ахтаргин. Агар Мадина аҳлини ҳукмини топсанг уни ҳақ деб билгин”, дедилар. Бошқа бир киши келиб имом Моликдан “Илмни қаердан топаман”, деганда: “Илмни Мадинадан топасан. Ахир Қуръон Фуротда нозил бўлмаганку”,- деб жавоб бердилар. Имом Моликнинг сўзлари тугагач, Абу Ҳанифа ўз сўзларини бошлади. Абу Ҳанифа имом Моликдан ўн уч йил катта бўлганлар. Абу Ҳанифа имом Моликка қараб: “Эй Молик! Умар (розияллоҳу анҳу) нинг даврларида ғазотлар сабабли саҳобалар ҳар хил шаҳарларга тарқалиб кетганлар. Сен эса “Мадинада ўн мингта саҳоба бор” дейсан. Ўзи аслида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ни охирги ғазотларида бир юз йигирма минг атрофида бўлганку. Эй Молик! Қолган саҳобалар қаерда?”, - сўрадилар. Имом Молик “Бошқа шаҳарларда”- деб жавоб берди. Абу Ҳанифа: “Эй Молик! Умар (розияллоҳу анҳу) хос саҳобаларни динни ўргатиш мақсадида турли шаҳарларга юборганларини инкор қиласанми ёки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг “Умматимни ҳалол ва ҳаромни энг яхши билувчироғи, Муоз ибн Жабал” - деганларини ва уни Яманга жўнатганларини инкор қиласанми. Шунингдек, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) : “Ким Қуръони каримдан таълим олмоқчи бўлса, Ибн Масъуддан олсин”, деганлариничи? Кейин Умар (розияллоҳу анҳу) Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ни Ироққа жўнатганлар. Буларнинг барчасини инкор қиласанми? Эй Молик!”,- дедиларда кейин Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни: “Улардан илм ўрганинглар”, деб васият қилган саҳобаларнинг исмларини санаб ўтдилар. Улар: Ибн Масъуд ва Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳумо) лар Ироққа борганлар. Яманга Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) , Мисрга Зубайр ибн Авом ва Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳумо) лар борганлар. Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ, Абу Дардо ва Билол (розияллоҳу анҳум) лар эса Шомга бориб Ислом динини етказганлар. Эй Молик! Буларни инкор қилолмасанг керак. Ёки бу саҳобаларни илми бўлмаганмиди? Нотўғри ҳисобланмайдими? Умар (розияллоҳу анҳу) бошқа шаҳарларга битта ёки иккита саҳобани жўнатиб, Мадинада бошқаларини олиб қолишлиги. Абу Ҳанифа сўзини бошқа ҳадисларни айтиш билан давом эттирди. Жумладан: Умматимнинг умматимга энг меҳрибони Абу Бакрдир. Умматимни ҳалол ва ҳаромда илмлироғи Муоз ибн Жабал. Фароиз илмини билувчироғи Зайд ибн Собит, Қуръонни билувчироғи Ибн Масъуддир. Бу умматни Амини Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ”, деганлар. Бу саҳобаларни бошқа-бошқа шаҳарларга тарқалиш сабаби уммат илмларини янада кўпайтириш бўлган.
Учинчи масала:
Илм мадрасалари икки хил бўлади. Ҳадис мадрасаси. Рай (илмга суянган фикрга рай дейилади) мадрасаси. Абу Ҳанифани илмда ўз қарашлари бор. У киши бир ҳадисдан юзга яқин фойдаларни чиқариб олардилар. Имом Молик эса, буни ошиқча муболаға ҳисоблаб, ҳадисни ўз маъносини қўйиб, бошқа маънони келтириб чиқаришини ҳам маъқул кўрмаганлар. Энди бундай қилиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни айтмаган сўзларини таъвил қилиш ҳисобланади”,- дедилар. Абу Ҳанифа имом Моликнинг бу сўзларига раддия қилиб,: “Эй Молик! Сен биз Ироқ аҳлига яхшироқ эътибор бер. Ҳозирги пайтда бизга Юнон, Рим ва Форс фалсафалари кириб бўлган. Бу инсонларни чалғитиб қўймаслиги учун, мен уларни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ни тузиб кетган усул услуб манҳажларида собит туришларини истайман. Шунинг учун фалсафачиларга раддия бўладиган жавобларни ҳадислардан ахтаришга ва у ҳадислар борасидада чуқур тафаккур, баҳс қилишга мажбурман. Лекин сен Мадинада саҳоба-тобеинларни ичидасан. Шунинг учун ортиқча кенгчиликка хожатинг йўқ. Аммо Ироқда эса, бизга қарши ҳар қандай ҳужумларни тўсиш лозим. Шунга кўра илмни кенгроқ ўрганмасак бўлмайди” деб жавоб бердилар.
Аллоҳим бизларга уларнинг асарларини тўғри тушуниб ўзларимизни ислоҳ қилишни насиб айлагин. Мазҳабсизликка барҳам бергин. Бутун минглаб китобларни ёзиб ҳам мазҳабдан чиқмаган олимлар йўлини давомчиси бўлишни насиб айлагин.
Аллоҳумма солли васаллим ва барик алайҳ.
Тошкент ислом институти “Ижтимоий фанлар”
кафедраси кабинет мудири
Урол Назар Мустофо тайёрлади
Жаннат аҳлига ваъда қилинган абадий неъматлар ҳақида ҳам узоқ фикр эт, қалбинг умидга тўлсин. Нафсингни хавф қамчиси билан ҳайдаб, умид билан жиловла ва сиротул мустақимга йўлла. Ана шунда буюк мулкка етасан, аламли азобдан халос бўласан.
Аҳли жаннат хусусида, уларнинг юзларида акс этган неъматлар жилваси, мушк билан муҳрланган май ила қондирилишлари ҳақида ўйлаганмисан?! Жаннат аҳли оқ дурдан тикилган чодирлар ичида, қизил ёқутдан бўлган минбарларда, яшил болишлар ва гиламлар устида, май ва асал оқаётган дарёлар бўйида қурилган сўриларда ястаниб ўтирурлар. Уларнинг атрофида хизматга ҳозир ғуломлар ва ҳеч қачон қаримайдиган болалар бўлур. Жаннат оҳу кўзли, хушхулқ ва гўзал юзли аёллар билан зийнатланган. Ёқут ва маржондек нафис бу бокираларга илгари на бир инс ва на бир жин тегинган...
Уларнинг эгнидаги оппоқ ипак кўзларни қамаштиради. Бошларидаги инжу ва маржонлар қадалган тожлари ундан-да нурафшон. Ишвалари сокинлик ва осудалик билан безанган юзлар қариб қолиш каби ноқисликлардан холи. Улар жаннат боғчаларининг ўртасида ёқутдан бунёд этилган чодирда ёлғиз бўлурлар.
Уларнинг ҳузурида борлиғи ҳаё билан тўсилган мусаффо оҳу кўз ҳурлар бор. Устларида эса мангу ёш болалар оқар чашмадан қадаҳларни, кўзаларни ва косаларни айлантириб турурлар. Яна улар учун худди садаф ичида яшириб қўйилган гавҳар мисоли оҳу кўз ҳурлар бордир. Бу ҳурлар жаннат аҳлининг дунё ҳаётида қилиб ўтган солиҳ амалларининг мукофотидир. Улар жаннатнинг чашмалар, дарёлар оқиб турган эмин мақомида, Қодир Подшоҳ ҳузуридаги рози бўлинган ўринда Маликул Карим Парвардигорининг жамолига боқадилар. Уларнинг юзларида неъматлар жилваси порлайди. Уларга на бир заифлик, на бир хорлик етади. Балки улар Парвардигори томонидан ёғдирилаётган турли неъматлардан бахтиёр, ўзлари истаган масканда абадий қолгувчидирлар. Уларга у ерда на бир хавф, на бир ҳазинлик етмас, балки балою фалокатлардан омондадирлар.
Улар жаннат таомларидан ейдилар. Сут, май, асал тўла дарёлардан ичадилар. У дарёларнинг ерлари кумушдан, тошлари маржон, тупроғи мушк, ўтлари заъфарондир. Қуюқ кофур аралашган оқ атиргул сувларига тўла булутлардан ёмғирлар ёғади. Жаннат аҳлига асли кумушдан бўлган, дур, ёқут, маржонлар билан зийнатланган қадаҳлар, шунингдек, ичида муҳрланган май, аралашмаси чучук салсабил бўлган майкосалар келтирилади. У майкосалардан нур порлайди. Уларнинг софлиги шу даражадаки, майнинг майинлиги ва қирмизи рангги косанинг ташқари томонидан билиниб туради. Чунки, бу одамзоднинг санъати эмас, у бундай гўзалликдан ожиз. Майкосалар чеҳрасидан нур ёғилаётган ходимлар кафтида (жаннат аҳлига узатилган ҳолда) туради.
Ҳа, ходимларнинг нур порлаётган юзлари қуёшга ўхшайди, фақат, у юзлардаги ҳаловат, у кўзлардаги ҳусну малоҳат қуёшда не қилсин!
Ажабо! Охират диёрининг бу сифатларига, бу диёр аҳлининг ўлмаслигига ва жаннат аҳлининг кутилмаган ўзгариш, офат-балолардан омонда эканлигига аниқ ишонган киши, қандай қилиб, охири харобаликка юз тутувчи бу ўткинчи дунёни ўзига дўст билиши мумкин?! Қандай қилиб, у диёр лаззатини, бу дунё лаззатига алмаштириш мумкин?!
Аллоҳга қасамки, агар жаннатда сиҳат-саломатлик билан бирга ўлим, очлик, ташналик каби офатлардан омонлик бўлса-ю, бошқа ҳеч нарса бўлмаса, фақат шу сабабнинг ўзи ҳам бу дунёдан юз ўгиришга арзийди. Нега энди охират диёри бу дунёдан устун қўйилмасин? Ахир, жаннат аҳли ҳар қандай хавфдан омон подшоҳлардир. Улар турли-туман неъматлар ичида шод-хуррам, хоҳлаган неъматлари олдида муҳайё! Улар ҳар куни Арш ёнида ҳозир бўлиб, Аллоҳнинг дийдорига назар соладилар...
Абу Ҳурайра Расули акрам алайҳиссаломнинг бундай деганларини ривоят қилади: «Мунодий нидо қилади: "Эй жаннат аҳли! Энди сиз ҳамиша соғломсиз, ҳеч қачон дардга чалинмайсиз, ҳамиша тириксиз, ҳеч қачон ўлмайсиз. Доимо ёшсиз, ҳеч қачон қаримайсиз. Албатта, сиз саодатли бўласиз, ҳеч қачон бахтсизликка йўлиқмайсиз"» (Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло дейди: «Қилиб ўтган (яхши) амалларингиз сабабли сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир» (Аъроф, 43-оят).
Жаннат сифатлари билан танишмоқчи бўлсанг, Қуръон ўқи. Жаннат ҳақида Аллоҳ таолонинг баёнидан улуғроқ баён борми?!
«Парвардигори (ҳузурида) туришидан (яъни, Парвардигор олдида туриб, ҳаёти дунёда қилиб ўтган барча амалларига жавоб беришидан) қўрққан киши учун икки жаннат бордир» (Раҳмон, 46) оятидан то сура охиригача, шунингдек, Воқеа ва бошқа сураларни ҳам ўқи, жаннат ҳақидаги хабарларнинг тафсилотига боқ! Аввало, жаннатнинг сони билан боғлиқ жиҳатларга эътиборингни қарат. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Раҳмон сурасидаги «Парвардигори (ҳузурида) туришидан қўрққан киши учун икки жаннат бордир» ояти хусусида дейдилар: «Икки жаннат бор, у ернинг идишлари ва бошқа барча нарсалари кумушдан. Икки жаннат бор, у ернинг идишлари ва бошқа барча нарсалари олтиндан. «Адн» дейилмиш мангу жаннатда аҳли жаннат ва Парвардигорининг орасида кибриё ридосигина бўлур» (Муттафақун алайҳ).
Кейин жаннат эшикларини тасаввур қил. Уларнинг сони тоатингга яраша. Яъни, қайси мўминнинг Аллоҳ таолога итоати кўп бўлса, унга очиладиган жаннат эшиклари ҳам шунчалик кўп бўлади. Жаҳаннам эшикларининг сони ҳам кишининг маъсиятига мувофиқ бўлади. Яъни, инсон Аллоҳ таолога қанча кўп итоатсизлик қилса, унга шунча кўп дўзах эшиклари очилади.
Абу Ҳурайра Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини ривоят қилади: «Кимки Аллоҳ йўлида ўз молидан бир жуфт нарсани инфоқ қилса, у жаннатнинг барча эшикларидан чорланади. Жаннатнинг саккизта эшиги бор. Кимки аҳли намоз бўлса, «Бобус солат» (Намоз эшиги)дан, рўза аҳли «Бобус сиям» (Рўза эшиги)дан, аҳли садақа бўлса, «Бобус садақа» (Садақа эшиги)дан, аҳли жиҳод бўлса, «Бобул жиҳод» (Жиҳод эшиги)дан ичкарига чорланади». Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу:
– Аллоҳга қасамки, бу эшикларнинг биттасидан чақирилган киши нажот топади. Жаннат эшикларининг барчасидан чорланадиган киши ҳам борми?
– Ҳа, сен ўшалардан бири бўлишингни умид қиламан, дедилар Набий алайҳиссалом» (Муттафақун алайҳ).
Осим ибн Замра Али каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қилади: «Ҳазрати Али дўзахни эслатди. Шундай бир қўрқинч билан эслатдики, унинг даҳшатидан ҳозир қўрқинчдан бошқаси хотиримдан кўтарилди. Кейин шу оятни ўқиди: «Парвардигорларидан қўрққан зотлар эса тўп-тўп ҳолда жаннатга киритиладилар. Қачонки улар дарвозалари очилган ҳолдаги (жаннатга) келиб етганларида ва унинг қўриқчилари: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз» деганларида (улар беҳад шодланурлар)» (Зумар, 73-оят).
Сўнгра кейинги чашмага бориб, у билан покланадилар. Уларга неъматлар жилваси ёғилади. Бадандаги туклардан мудом хуш бўйлар таралади. Сочлар гўё атирли мой сурилгандек бир текис, тартибли. Кейин улар жаннатга етиб келадилар. Жаннат қўриқчилари уларга: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз» – дейишади.
Сўнг вилдон – мангу ёш болалар уларни қарши олишиб, атрофида айланишади, бамисоли, дунё болалари узоқ вақт кўрмаган яқинларини соғинч билан кутиб олиб, атрофида айланишганлари каби. Улар аҳли жаннатга: «Қувонинг, шодланинг! Қаранг, Аллоҳ таоло сизга шунчалик неъматни ато қилибди!» – дея суюнчилашади».
Ровий дейди: «Мангу ёш болалардан бири жаннат аҳли завжаларидан бўлган оҳу кўз ҳурлардан бирига: «Фалончи келди!» деб у жаннатийнинг дунёда чақирилган исмини айтади. Шунда оҳу кўз ҳур:
– Сен уни аниқ кўрдингми? – деб сўрайди.
– Ҳа, аниқ кўрдим, мана у изимдан келяпти, – дейди у. Ўшанда у ҳур севинчдан шу даражада енгиллашиб кетадики, бир зумда жаннат эшиги бўсағасида ҳозир бўлади. Жаннатий банда ўз масканига етиб, маржонлардан иборат соҳил устига қурилган қизил, сариқ, яшил каби турфа рангда товланаётган кўшкка назари тушади. Бошини кўтариб, чақмоқдан чақнаётган кўшкнинг шифтига аста қарайди. Агар Аллоҳ таолонинг тақдири бўлмаганида бу ёрқинлик унинг кўзини кўр қилган бўлар эди. Кўзини шифтдан олар экан, қошида завжаларини, булоқ бўйига қўйилган қадаҳларни, тизиб қўйилган ёстиқларни ва тўшалган гиламларни кўради. Сўнгра уларга суяниб: «...Бизларни бу (неъматларга) йўллаган Зот-Аллоҳга ҳамду сано бўлгай. Агар бизни Аллоҳ ҳидоят қилмаганида ҳаргиз йўл топа олмас эдик...» – дейди (Аъроф, 43-оят).
Кейин мунодий нидо қилади: «Мангу ҳаётсиз, ҳаргиз ўлмайсиз. Доимо бунда муқимсиз, ҳеч қачон кетмайсиз. Ҳамиша саломатсиз, ҳеч қачон хасталанмайсиз».
Расули акрам алайҳиссалом дедилар: «Қиёмат куни жаннат эшиги олдида ҳозир бўламан, унинг очилишини сўрайман. Шунда жаннат қўриқчилари:
– Ким у? – дейди.
– Муҳаммад! – дейман.
– Сиздан олдин бирорта кишига эшикни очмасликка буюрилган эдим, – дейди у» (Муслим ривояти).
Жаннатдаги кўшклар, у ерда даражаларнинг фарқланиши тўғрисида ҳам фикр эт. Чунки, охират даража жиҳатидан энг юксак, афзаллиги жиҳатидан энг улуғ мезондир. Одамлар тоатларнинг зоҳирий кўринишида ва ботиний хулқда бир-биридан фарқлангани каби амалларига кўра тақдирланишда ҳам фарқланадилар. Агар юксак даражаларни кўзлаётган бўлсанг, жидду жаҳд қил, токи Оллоҳ таолога итоат қилишда ҳеч ким сендан ўзиб кетолмасин. Ахир, Оллоҳ таоло айни шу майдонда сенга мусобақа ва рақобатни буюрган-ку!
«(Эй инсонлар), Парвардигорингиз томонидан бўладиган мағфиратга ҳамда Оллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирган зотлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмон ва ер кенглиги каби бўлган жаннатга шошилингиз...» (Ҳадид, 21-оят).
«У (май)нинг муҳри мушк бўлур. Бас, баҳслашгувчи – мусобақа қилгувчи кишилар (мана шундай мангу неъматга етиш йўлида) баҳслашсинлар – мусобақа қилсинлар» (Мутаффифун, 26-оят).
Ажабо! Яқинларинг ё қўшниларингдан бирортаси бойиб кетса ёки иморатини баланд қилиб кўтарса, сиқиласан, қийналасан. Ҳасад туфайли ҳаётинг аччиқ зардобга айланади. Лекин энг олий қароргоҳда, жаннатда шундай яқинларинг ёки қўшнилар борки, улар ўз фазилатлари билан аллақачон сендан ўзиб кетди. Бу фазилатларга дунё ва ундаги жамики нарсалар ҳам бас келолмайди.
Абу Саид Худрий Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Устма-уст, даражама-даража жойлашган кўшк аҳли жаннатийларга, бамисоли узоқ уфқларда мағрибу машриққа сочилиб, бир-бири билан мусобақалашаётган юлдузлардек бўлиб кўринади.
– Эй Оллоҳнинг расули, улар пайғамбарлардан ўзгаси етолмайдиган манзилми? – дея сўрашди.
– Жоним измида бўлган Зотга қасамки, у Оллоҳга иймон келтирган ва мурсалларни тасдиқлаган кишиларнинг манзилларидир» (Муттафақун алайҳ).
Расули акрам бу ҳақда яна шундай деганлар: «Жаннатдаги баланд даража эгаларини улардан қуйидагилар худди осмон уфқларида порлаган юлдузларни кўргандай кўрадилар. Абу Бакр ва Умар шулардандир...» (Термизий ривояти).
Жобир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай ривоят қиладилар: «Пайғамбар алайҳиссалом бизга:
– Сизларга жаннат кўшкларининг хабарини берайми? – дедилар.
– Ота-онамиз Сизга фидо бўлсин, ё Аллоҳнинг расули, хабарини беринг, – дедик.
– Жаннатда ҳамма томони гавҳардан бунёд қилинган кўшклар бор. Бу кўшклар шу даражада шаффофки, ташқарисидан ичи, ичидан ташқариси кўриниб туради. Кўшк ичкарисида на кўз кўрган, на қулоқ эшитган, на инсон хотирига келган бир неъмат, туганмас лаззат, адоқсиз сурур бор, – дедилар.
– Ё Аллоҳнинг расули, бу кўшклар ким учун ҳозирланган? – сўрадим.
– Шундай бир киши учунки, у саломни ёяди, таом едиради, давомли рўза тутади, тунда одамлар уйқуга ғарқ пайтда намоз ўқийди, – дедилар.
– Ё Аллоҳнинг расули, буларни ким бажара олади? – дедик.
– Умматим бу ишларни бажаришга қодир. Улар ҳақида сизларга хабар берайинми? Ким биродарига йўлиққан пайтда салом берса ё алик олса, демак у саломни ёйган бўлади. Кимки аҳли оиласини тўйгунча озиқлантирса, таом едирувчилар жумласидан бўлади. Кимки рамазон ойида ва ҳар ойнинг уч кунида рўзадор бўлса, давомли рўза тутган ҳисобланади. Кимки хуфтон ва бомдод намозини жамоат билан адо қилса, тунда одамлар яъни, яҳудийлар, насоралар ва мажусийлар уйқуда пайтда намоз ўқиган бўлади, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» (Абу Наим ривояти).
Аллоҳ таолонинг: «...абадий жаннатлардаги покиза масканларга киритур» (Саф, 12) ояти ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашди. Расули акрам дедилар: «Покиза масканлар – маржонлардан бунёд қилинган қасрлардир. Ҳар бир қасрда қирмизи ёқутдан бўлган етмишта ҳовли, ҳар ҳовлида яшил зумраддан бўлган етмишта уй, ҳар уйда бир тахт, ҳар тахтда барча ранглардан уйғун етмишта тўшак, ҳар тўшакда оҳу кўзли ҳурлардан бир жуфти ҳалол бор. Ҳар уйда етмишта дастурхон, ҳар дастурхонда етмиш хил таом бор. Ҳар уйда етмишта ходима бор. Мўмин кишига ҳар куни эрталаб шундай бир қувват бериладики, кун давомида ходимларнинг барчаси билан қўшилишга қодир бўлади» (Абу Шайх ривояти).
Абу Ҳомид Ғаззолий "Иҳё улумуд дин (Сўнгги манзил зикри)" китобидан