Аллоҳ таоло аёл зотини иззату икром билан яратди ва унинг жисмига мислсиз гўзаллик ато этди, руҳига тенгсиз меҳр-шафқат уруғини жойлади. Илоҳий динларнинг шариатларида аёл – она экани эслатилиб, аввало, унга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш лозимлиги уқтирилди. Дунёга келган не-не буюк зотлар меҳрибон оналар ардоғида улғайди. Аммо вақти-вақти билан диндан тойишлар, тўғри йўлдан адашишлар юз бериб турган паллаларда энг кўп хўрланганлар ҳам аёллар бўлди: қадимги Юнонда аёл инсонга ортиқча юк, бало ва фалокатлар сабабчиси, деб ҳисобланди; қадимги Румда аёл фуқаро ҳисобланмади; қадимги Ҳиндда эса аёл эрининг жасадига қўшилиб ёқилди; қадимги Мисрда фиръавнлар мулкнинг бошқаларга ўтиб кетишидан қизғаниб синглисига уйланди; қадимги араблар қизларини тириклай кўмди. Аёлларда ҳеч қайси жамиятда ҳеч қандай ҳуқуқ бўлмагани боис эркаклар юзлаб хотинга уйланиб юраверди.
Муқаддас Ислом дини уларнинг ҳуқуқини Аллоҳ таоло амр этганидек тиклади. Аёлни шарафларга буркади. Аллоҳнинг изни билан Хадича онамиз биринчи бўлиб Исломга кирди...
Толеимиз баландлигидан Ислом жамиятида туғилдик ва болалигимиздан бошқа йўлларда чалғиб юрмадик. Бунинг шукронасини қанча кўп қилсак оз. Аммо ҳаётда шундай инсонлар борки, улар йиқилиб-суриниб кўп динларга, таълимотларга кириб-чиқиб, ҳеч биридан маъно-мазмун топа олмаганидан кейин Исломга бош ураётир ва тўғри йўлга тушиб олганига шукр қилиб, бошқаларга ибрат бўлсин учун ўзининг бошидан ўтганларни ёзиб интернет ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилмоқда. Қуйида бир ёш қизнинг хотираларини эълон қиламиз. Шоядки, мақолани ўқиган азизларимиз унинг ҳаққига дуо қилиб қўйсалар ҳамда адашиб юрган кишилар бўлса, шу воқеа сабаб бўлиб ҳақ йўлини топиб олса.
Исломга киришим у қадар қулай ва осон бўлмаган. Ана шу ҳақда гапириб бермасам бўлмайди. Мен иймонли оилада ўсдим – худди аксар русларга ўхшаб православ оиласида. Жуда ҳам кичиклигимда чўқинтиринган эдим. Ўн тўрт ёшимга қадар бошқа тенгдошларимдан ажралиб турадиган сифатим йўқ эди. Кейинчалик, “ўтиш даври”га келиб дунёқарашимда ўзгаришлар пайдо бўлди. Бошқа тенгдошларимга ўхшаб мен ҳам атрофимдаги ҳақиқий ҳаёт манзараларидан сира қониқмас эдим. Ўша кезларда “мен ҳар доим қарши тураман” деган асосий шиорим пайдо бўлди – аммо ўша чоқда нимага, нима учун қарши туришимни ўзим ҳам жиддийроқ ўйлаб кўрмаган эдим.
Шундай қилиб, ўзларини худди анархистлар каби кўрсатадиган панклар ҳаракатига яқинлашдим. Уларнинг мафкураси аралаш-қуралаш ва маргинал характерда бўлиб асосий ғояларидан бири тажовузкор атиестлик эди. Одамларнинг эътиборини тортиш учун турли номдаги сиёсий шиорлар ўйлаб топиб уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари йўлида курашаётгандек кўриниб қўйсак-да, биз аслида тўпланиб олган ҳамшишалар эдик, холос. Бизнинг вақтимиз жамоат бўлиб ичкилик ичиш ва фаҳш билан ўтар эди. Гиёҳвандлик ва ўз жонига қасд қилишлар ҳам бот-бот бўлиб турар эди.
Бу ахлоқсизликлар навбатдаги ичкиликбозлик якунида мени қаттиқ маст ҳолимда уйнинг олдига ташлаб кетганларидан сўнг барҳам топди. Ота-онам менга нисбатан тарбиявий иш олиб бормоқчи бўлишди ва бунинг учун улардан миннатдорман. Аммо ўша вақтда улардан жуда ёмон норози бўлгандим ва бўғзимда бир қичқириқ бор эди. Ботинимда эса дунёқарашимни ўзгартиришимга доир изланишлар ҳамон давом этарди. Мен таниқли шоир-оккультист билан танишиб қолдим ва унинг таъсирида славян бутпарастга айландим. Менга ўша чоқда бутпараслик, кўпхудолик эътиқоди – рус халқининг ҳақиқий динидек туйилган эди. Бундан ташқари, бутпарастлар ўзларини “худонинг болалари” деб атайди ва бу – менинг ўша кезлардаги худбинлигимга жуда ҳам мос келар эди. Ўша вақтларда “рус бутпарастлари легиони”да турли-туман маросимлар ўтказилар ва мен ўзимни “Тонг ёғдуси, Перуновнинг қизи” деб таништирардим. Бундай маросимлар санамларга сиғиниб, уларни мадҳ этиш, ёғочдан ясалган ўша бутлар атрофида рақсга тушиш ва олов устидан сакраб ўтиш билан ниҳоясига етар эди. Маст қилувчи ичимликлар ичиш таъсирида булар секин-аста оммавий фаҳш билан якунланадиган бўлди. Бутпарастларнинг қарашлари шайтонийликнинг ўзгинаси эди. Аммо дастлаб мен буни сезмаган эдим.
Ҳосили калом, мен зимистонлик ва фаҳшнинг қаршисида турганимни ҳис қилдим. Аммо хатойимни эътироф этишга анча вақт такаббурлигим йўл қўймай юрдим. Ҳозир эса ана шуларнинг ҳаммасини бошимдан ўтказганим ўзимга ғалати туйилади. Аллоҳ таоло менинг барча гуноҳларимни кечирсин деб тинимсиз дуолар қиламан.
Кейин эса ота-онам ва бошқа қариндошуруғларимнинг тергашлари билан мен православ насроний бўлдим ёки ўзим ўйлаганимдек – дастлабки эътиқодимга қайтдим. Православ черковидаги турли тадбирларга қатнай бошладим. Ҳарҳолда, православларнинг диний маросимлари оловнинг устидан ширяланғоч ҳатлаб ўтгандан кўра хийла ахлоқий. Аммо барибир хаёлимда нимадир етишмаётгандек, нимадир охиригача айтилмаётгандек туйилаверар эди. Мени қизиқтирган саволларга бу динда жавоб йўқ эканини ҳис қилдим; мен кўрларча эргашяпман, бунда ҳеч қандай маъно йўқ; бошқа чидай олмадим.
Православ насронийлигини қанча кўп ўргансам, шунча кўп мантиқсизликка дуч келдим. Масалан, бир тарафдан Худо битта деб, иккинчи тарафдан “муқаддас учлик” ҳақида гапиришларини тушуна олмадим. Боз устига православларнинг бутпарастларга ўхшаш жиҳатларини фаҳмлаб қолдим: православлар ҳам Худони қўйиб ҳар бирининг ўз функцияси бор деб ишониладиган муқаддас нарсаларга сиғинади. Шундан кейин бу дин менга тўғри келмайди деган хулосага келдим.
Айнан ўша чоқда қалбимда бир ички интилиш юз берди, Аллоҳ таолонинг марҳамати ила Али Вячеслав Полосиннинг “Мен нима учун мусулмон бўлдим” деган китобини ўқидим. Ана шу китоб менинг дунёқарашимни бутунлай ўзгартириб юборди. Шу вақтга қадар мен Исломни душман деб ҳисоблар эдим. Бу ерда эса Исломни қабул қилган рус православ руҳонийси турар эди. Энг муҳими, Полосиннинг китобидан ўзимга ором бермаётган ҳамма саволларга ажойиб жавоблар топдим.
Кейинроқ мен кўплаб руслар миллий хусуиятларини сақлаб қолгани ҳолда Ислом динига эътиқод қилаётганини билиб олдим. Бунда менга биз кўпинча диний масалада суҳбатлашадиган дугонам – рус мусулмон қизи катта ёрдам кўрсатди. Қўлимга биринчи марта Қуръони Каримни олишга айнан у мени ундаган эди. Шундан кейин мен қадам-бақадам Ислом ҳақиқати билан танишиб бордим. Ниҳоят бир йил бурун шаҳодат калимаси айтиб мусулмон бўлдим. Ўшанда мен ўзимни сўз билан таърифлаб бўлмас даражада бахтиёр ва хотиржам ҳис қилдим, мен гўёки, узоқ йиллар зулматда адашиб юриб, кейин бирданига ёруғликка чиқиб қолгандек эдим.
Ўзи аслида ҳам шундай бўлган эди. Энди мен топилган Ҳақиқатни оламга ёйгим келади, одамлар адашиб юрмасдан Уни тезроқ топсинлар дейман. Шу мақсадимни таъсирчанроқ руҳда ифода этиш учун диний мавзуда шеърлар ёзаман.
Jamila
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таолонинг раҳмати кенг, Унинг мағфират эшиклари биз учун ҳамиша очиқ. Мўмин-мусулмонлар беш маҳал намознинг ҳар бир ракатида “Фотиҳа” сурасининг: «(У) Mеҳрибон, Раҳмли» оятини тиловат қилганда, бир кунда 64 маротаба Аллоҳнинг Меҳрибон ва Раҳмли эканлигини зикр қиладилар.
Қуръони каримда “раҳмат” ва унга боғлиқ бўлган 315 дан ортиқ сўзлар учрайди. Ростгўйлик – 145 марта, сабр – 90 марта, афв – 43 марта, саҳийлик – 42 марта, тўғрилик – 40 марта, содиқлик – 29 марта, одиллик – 24 марта, беозорлик – 15 марта зикр этилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг юзта раҳмати бордир. Улардан биттасини жин, инс, ҳайвонот ва ҳашаротлар орасига нозил қилгандир. Бас, ўша ила улар бир-бирларига меҳр ва раҳм кўрсатадилар. Ўша ила ваҳший ҳайвон ўз боласига меҳр кўрсатади. Аллоҳ тўқсон тўққизта раҳматини кейинга қўйган. Улар ила қиёмат куни бандаларига раҳмат кўрсатади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ халойиқни халқ қилганда Ўз Китобига “Албатта раҳматим азобимдан ғолиб келадир”, деб ёзиб қўйди», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Шундай экан, агар дуоингиз қабул бўлмаса маҳзун бўлманг. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бир мусулмон гуноҳ қилмай, силаи раҳмни узмай туриб дуо қилса, албатта, унга уч нарсадан бирини беради. Ё сўраган нарсасини тезда беради. Ёки унинг мукофотини охиратга олиб қўяди. Ёхуд унга тенг ёмонликни ундан даф қилади", дедилар. Саҳобалар розияллоҳу анҳум: "Ундоқ бўлса, кўпайтирилар экан-да?" дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кўпайтирувчироқ”, дедилар.
Агар касал бўлсангиз ёки бирор кўнгилсизликка дучор бўлсангиз, бу Аллоҳнинг сизга ғазаб қилгани ёки жазолаганини билдирмайди, балки бу ҳам раҳматдир. Зеро, мусибат орқали Аллоҳ таоло бандаларини синаб, Ўзига яқин қилади ва гуноҳларини мағфират этади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонга қай бир мусибат: чарчашми, беморликми, ташвишми, хафачиликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Агар бошингизга бирор мусибат тушса, бу Аллоҳнинг сизга ёмонликни исташи эмас, бу ҳам раҳмат. Бу билан Аллоҳ сизга ўзининг яхши кўрган бандаларидан бири бўлиш имконини берган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Яхшиликлар катта синовлар билан келади. Қачонки Аллоҳ бир бандасини яхши кўрса, Аллоҳ ўша бандага бир синовни юборади. Агар банда синовга сабр қилса, Аллоҳнинг раҳматига эришади, аммо сабрсизлик қилса Унинг ғазабига дучор бўлади”.
Агар бирор савобли амал қилсангиз ҳам буни Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила адо этганингизни унутманг. Лекин гуноҳ иш содир этсангиз дарҳол тавба қилиб, Аллоҳга истиғфор айтинг. Зеро, “Албатта, Аллоҳ одамларга нисбатан меҳрибон ва раҳмлидир” (Бақара сураси, 143-оят.)
Даврон НУРМУҲАММАД