Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Ноябр, 2024   |   04 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:39
Қуёш
06:59
Пешин
12:12
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:31
Bismillah
05 Ноябр, 2024, 04 Жумадул аввал, 1446

“Қандай қилиб ҳақни топдим...”

13.03.2017   6043   7 min.
“Қандай қилиб ҳақни топдим...”

Аллоҳ таоло аёл зотини иззату икром билан яратди ва унинг жисмига мислсиз гўзаллик ато этди, руҳига тенгсиз меҳр-шафқат уруғини жойлади. Илоҳий динларнинг шариатларида аёл – она экани эслатилиб, аввало, унга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш лозимлиги уқтирилди. Дунёга келган не-не буюк зотлар меҳрибон оналар ардоғида улғайди. Аммо вақти-вақти билан диндан тойишлар, тўғри йўлдан адашишлар юз бериб турган паллаларда энг кўп хўрланганлар ҳам аёллар бўлди: қадимги Юнонда аёл  инсонга ортиқча юк, бало ва фалокатлар сабабчиси, деб ҳисобланди; қадимги Румда аёл фуқаро ҳисобланмади; қадимги Ҳиндда эса аёл эрининг жасадига қўшилиб ёқилди; қадимги Мисрда фиръавнлар мулкнинг бошқаларга ўтиб кетишидан қизғаниб синглисига уйланди; қадимги араблар қизларини тириклай кўмди. Аёлларда ҳеч қайси жамиятда ҳеч қандай ҳуқуқ бўлмагани боис эркаклар юзлаб хотинга уйланиб юраверди.

Муқаддас Ислом дини уларнинг ҳуқуқини Аллоҳ таоло амр этганидек тиклади. Аёлни шарафларга буркади. Аллоҳнинг изни билан Хадича онамиз биринчи бўлиб Исломга кирди...

Толеимиз баландлигидан Ислом жамиятида туғилдик ва болалигимиздан бошқа йўлларда чалғиб юрмадик. Бунинг шукронасини қанча кўп қилсак оз. Аммо ҳаётда шундай инсонлар борки, улар йиқилиб-суриниб кўп динларга, таълимотларга кириб-чиқиб, ҳеч биридан маъно-мазмун топа олмаганидан кейин Исломга бош ураётир ва тўғри йўлга тушиб олганига шукр қилиб, бошқаларга ибрат бўлсин учун ўзининг бошидан ўтганларни ёзиб интернет ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилмоқда. Қуйида бир ёш қизнинг хотираларини эълон қиламиз. Шоядки, мақолани ўқиган азизларимиз унинг ҳаққига дуо қилиб қўйсалар ҳамда адашиб юрган кишилар бўлса, шу воқеа сабаб бўлиб ҳақ йўлини топиб олса.     

Исломга киришим у қадар қулай ва осон бўлмаган. Ана шу ҳақда гапириб бермасам бўлмайди.  Мен иймонли оилада ўсдим – худди аксар русларга ўхшаб православ оиласида. Жуда ҳам кичиклигимда чўқинтиринган эдим. Ўн тўрт ёшимга қадар бошқа тенгдошларимдан ажралиб турадиган сифатим йўқ эди. Кейинчалик, “ўтиш даври”га келиб дунёқарашимда ўзгаришлар пайдо бўлди. Бошқа тенгдошларимга ўхшаб мен ҳам атрофимдаги ҳақиқий ҳаёт манзараларидан сира қониқмас эдим. Ўша кезларда “мен ҳар доим қарши тураман” деган асосий шиорим пайдо бўлди – аммо ўша чоқда нимага, нима учун қарши туришимни ўзим ҳам жиддийроқ ўйлаб кўрмаган эдим.

Шундай қилиб, ўзларини худди анархистлар каби кўрсатадиган панклар ҳаракатига яқинлашдим. Уларнинг мафкураси аралаш-қуралаш ва маргинал характерда бўлиб асосий ғояларидан бири тажовузкор атиестлик эди.  Одамларнинг эътиборини тортиш учун турли номдаги сиёсий шиорлар ўйлаб топиб уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари йўлида курашаётгандек кўриниб қўйсак-да, биз аслида тўпланиб олган ҳамшишалар эдик, холос. Бизнинг вақтимиз жамоат бўлиб ичкилик ичиш ва фаҳш билан ўтар эди. Гиёҳвандлик ва ўз жонига қасд қилишлар ҳам бот-бот бўлиб турар эди.

Бу ахлоқсизликлар навбатдаги ичкиликбозлик якунида мени қаттиқ маст ҳолимда уйнинг олдига ташлаб кетганларидан сўнг барҳам топди. Ота-онам менга нисбатан тарбиявий иш олиб бормоқчи бўлишди ва бунинг учун улардан миннатдорман.  Аммо ўша вақтда улардан жуда ёмон норози бўлгандим ва бўғзимда бир қичқириқ бор эди. Ботинимда эса дунёқарашимни ўзгартиришимга доир изланишлар ҳамон давом этарди.  Мен таниқли шоир-оккультист билан танишиб қолдим ва унинг таъсирида славян бутпарастга айландим. Менга ўша чоқда бутпараслик, кўпхудолик эътиқоди – рус халқининг ҳақиқий динидек туйилган эди. Бундан ташқари, бутпарастлар ўзларини “худонинг болалари” деб атайди ва бу – менинг ўша кезлардаги худбинлигимга жуда ҳам мос келар эди.  Ўша вақтларда “рус бутпарастлари легиони”да турли-туман маросимлар ўтказилар ва мен  ўзимни “Тонг ёғдуси, Перуновнинг қизи” деб таништирардим. Бундай маросимлар санамларга сиғиниб, уларни мадҳ этиш, ёғочдан ясалган ўша бутлар атрофида рақсга тушиш ва олов устидан сакраб ўтиш билан ниҳоясига етар эди. Маст қилувчи ичимликлар ичиш таъсирида булар секин-аста оммавий фаҳш билан якунланадиган бўлди. Бутпарастларнинг қарашлари шайтонийликнинг ўзгинаси эди. Аммо дастлаб мен буни сезмаган эдим.

Ҳосили калом, мен зимистонлик ва фаҳшнинг қаршисида турганимни ҳис қилдим. Аммо хатойимни эътироф этишга анча вақт такаббурлигим йўл қўймай юрдим.  Ҳозир эса ана шуларнинг ҳаммасини бошимдан ўтказганим ўзимга ғалати туйилади. Аллоҳ таоло менинг барча гуноҳларимни кечирсин деб тинимсиз дуолар қиламан.

Кейин эса ота-онам ва бошқа қариндошуруғларимнинг тергашлари билан мен православ насроний бўлдим ёки ўзим ўйлаганимдек – дастлабки эътиқодимга қайтдим.  Православ черковидаги турли тадбирларга қатнай бошладим. Ҳарҳолда, православларнинг диний маросимлари оловнинг устидан ширяланғоч ҳатлаб ўтгандан кўра хийла ахлоқий. Аммо барибир хаёлимда нимадир етишмаётгандек, нимадир охиригача айтилмаётгандек туйилаверар эди. Мени қизиқтирган саволларга бу динда жавоб йўқ эканини ҳис қилдим; мен кўрларча эргашяпман,  бунда ҳеч қандай маъно йўқ; бошқа чидай олмадим.

Православ насронийлигини қанча кўп ўргансам, шунча кўп мантиқсизликка дуч келдим. Масалан, бир тарафдан Худо битта деб, иккинчи тарафдан “муқаддас учлик” ҳақида гапиришларини тушуна олмадим. Боз устига православларнинг бутпарастларга ўхшаш жиҳатларини фаҳмлаб қолдим: православлар ҳам Худони қўйиб ҳар бирининг ўз функцияси бор деб ишониладиган муқаддас нарсаларга сиғинади.  Шундан кейин бу дин менга тўғри келмайди деган хулосага келдим.

Айнан ўша чоқда қалбимда бир ички интилиш юз берди, Аллоҳ таолонинг марҳамати ила  Али Вячеслав Полосиннинг “Мен нима учун мусулмон бўлдим” деган китобини ўқидим. Ана шу китоб менинг дунёқарашимни бутунлай ўзгартириб юборди. Шу вақтга қадар мен Исломни душман деб ҳисоблар эдим. Бу ерда эса Исломни қабул қилган рус православ руҳонийси турар эди. Энг муҳими, Полосиннинг китобидан ўзимга ором бермаётган ҳамма саволларга ажойиб жавоблар топдим.

Кейинроқ мен кўплаб руслар миллий хусуиятларини сақлаб қолгани ҳолда Ислом динига эътиқод қилаётганини билиб олдим. Бунда менга биз кўпинча диний масалада суҳбатлашадиган дугонам – рус мусулмон қизи катта ёрдам кўрсатди. Қўлимга биринчи марта Қуръони Каримни олишга айнан у мени ундаган эди. Шундан кейин мен қадам-бақадам Ислом ҳақиқати билан танишиб бордим. Ниҳоят бир йил бурун шаҳодат калимаси айтиб мусулмон бўлдим. Ўшанда мен ўзимни сўз билан таърифлаб бўлмас даражада бахтиёр ва хотиржам ҳис қилдим, мен гўёки, узоқ йиллар зулматда адашиб юриб, кейин бирданига ёруғликка чиқиб қолгандек эдим.

Ўзи аслида ҳам шундай бўлган эди. Энди мен топилган Ҳақиқатни оламга ёйгим келади, одамлар адашиб юрмасдан Уни тезроқ топсинлар дейман. Шу мақсадимни таъсирчанроқ руҳда ифода этиш учун диний мавзуда шеърлар ёзаман.

                                                                                                                           Jamila

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Шайтон билан гаплашган саҳоба

4.11.2024   1187   7 min.
Шайтон билан гаплашган саҳоба

Бақара – Мадинада нозил қилинган энг аввалги сурадир. Суранинг бошидаги тўрт оят мўминлар ҳақида, ундан кейинги икки оят кофирлар ҳақида ва улардан кейинги ўн уч оят мунофиқлар ҳақида нозил бўлган. Бақара сураси Қуръони каримдаги энг узун сурадир. Энг узун оят ҳам айнан мазкур сурада бўлиб, у қарз ҳақидаги 282-оятдир. Бу оят тўлиқ бир бетни ташкил этади. Бақара сурасини доим ўқиб юрган кишиларга Аллоҳнинг изни билан сеҳру жоду таъсир қилмайди.

 

Бақара сураси ўқилган уйдан шайтон қочади. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Шайтон Бақара (сураси) ўқиладиган уйдан қочади", дедилар (Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: "Ким кечаси Бақара сурасидан ўн оят ўқиса, шайтон ўша кечада унинг уйига кирмайди" (Имом Доримий, Имом Байҳақий ривояти).

 

Шайтон Бақара сураси ўқилган ерга кира олмаслигини ўзи тан олиб айтган. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Рамазон закотини қўриқлашга вакил қилдилар. Бир куни кимдир келиб, егуликдан ҳовучлаб ола бошлади. Мен уни тутиб олдим-да, "Аллоҳга қасамки, сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб чиқаман", дедим. У: "Мен муҳтож одамман, бола-чақам бор. Ниҳоятда муҳтожман", деди. Мен уни қўйиб юбордим.

Тонг отди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Эй Абу Ҳурайра, бу кеча асиринг нима қилди?" дедилар. "Ё Аллоҳнинг Расули, жуда муҳтожлиги, бола-чақаси борлигидан шикоят қилган эди, раҳмим келиб, қўйиб юбордим", дедим. У зот: "Билиб қўй, у сени алдабди. Ҳали яна келади", дедилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг "Ҳали яна келади" деган сўзларидан унинг қайтиб келишини билиб, уни пойладим. У келиб, егуликдан ҳовучлаб ола бошлаган эди, уни яна тутиб олдим. "Сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб чиқаман", дедим. У: "Мени қўйиб юбор, мен муҳтожман, бола-чақам бор. Энди қайтиб келмайман", деди. Унга раҳмим келиб, қўйиб юбордим.

Тонг отди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: "Эй Абу Ҳурайра, асиринг нима қилди?" дедилар. Мен: "Ё Аллоҳнинг Расули, ниҳоятда муҳтожлиги, бола-чақаси борлигидан шикоят қилган эди, яна раҳмим келиб, қўйиб юбордим", дедим. У зот: "Билиб қўй, у сени алдабди. Ҳали яна келади", дедилар. Уни учинчи марта пойладим. Келиб, яна егуликдан ҳовучлаб ола бошлаган эди, уни тутиб олдим. "Энди сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга албатта олиб чиқаман. Бу охиргиси. Сен қайтиб келмайман деб, учинчи марта қайтиб келяпсан", дедим. У: "Мени қўйиб юбор, Аллоҳ сенга манфаат берадиган калималарни ўргатаман", деди. "Нима у?" дедим. У: "Тўшакка ётганингда Оятул-Курсийни – "Аллоҳу лаа илаҳа илла ҳувал-Ҳайюл-Қойюм"ни оятнинг охиригача ўқигин. Шундай қилсанг, Аллоҳнинг даргоҳидан бир қўриқчи тонг отгунча тепангда туради ва шайтон сенга ҳаргиз яқинлаша олмайди", деди. Уни қўйиб юбордим.

Тонг отди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: "Бу кеча асиринг нима қилди?" дедилар. Мен: "Ё Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ сенга манфаат берадиган калималарни ўргатаман деган эди, қўйиб юбордим", дедим. У зот: "Улар нима экан?" дедилар. "У менга: "Тўшакка ётганингда Оятул-Курсийни – "Аллоҳу лаа илаҳа илла ҳувал-Ҳайюл-Қойюм"ни оятнинг охиригача ўқигин. Шундай қилсанг, Аллоҳнинг даргоҳидан бир қўриқчи тонг отгунча тепангда туради ва шайтон сенга ҳаргиз яқинлаша олмайди", деди", дедим.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Билиб қўй, ўзи ғирт ёлғончи бўлса ҳам, сенга рост айтибди. Уч кечадан бери ким билан гаплашаётганингни биласанми, эй Абу Ҳурайра?" дедилар. "Йўқ", дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "У шайтон эди", дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

 

Бақара сураси ўқилган ерга фаришталар тушадилар. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу тунда "Бақара" сурасини ўқиётган эди. Бир пайт ёнгинасида боғланган от ҳурка бошлади. У қироатдан тўхтади. От ҳам тинчланди. Яна ўқий бошласа, от ҳам безовталанар эди. Қироатни тўхтатса, яна жим бўларди. Ўша вақтда ўғиллари Яҳё от ёнида эди. От босиб олмасин деб, қироатни тўхтатиб унинг олдига бордилар. Ўғилларини отдан узоқроққа қўйгач, осмонга қарасалар, унда соябонларга ўхшаш, остида нур таратиб турган нарсалар бор экан. Тонг отгач, бўлган воқеани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб бердилар. У зот алайҳиссалом: “Ҳузайрнинг ўғли, қироатингни давом эттиравермадингми?” дедилар.

Усайд розияллоҳу анҳу айтдилар: “Боламни от босиб қолишидан қўрқдим. У отнинг яқинида эди. Отдан узоқроққа қўйиб осмонга қарасам, у ерда соябонга ўхшаш, ичида чироғи бор нарсалар турган экан. Уйимдан чиқиб қарасам, йўқ бўлиб қолибди”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Улар нималигини биласанми?” деб сўрадилар. Усайд розияллоҳу анҳу: “Йўқ”, деди. Расулуллоҳ: “Улар овозингни эшитиш учун пастга тушган фаришталар эди. Агар тонггача ўқиганингда, одамлар ҳам уларни кўрган бўларди. Фаришталар ҳам улардан қочмас эди”, деб айтдилар».

 

Бақара сураси Қиёмат куни шафоатчи бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қуръонни ўқинглар. Чунки у қиёмат куни ўз аҳли учун шафоатчи бўлади. Икки ёритувчи нур – Бақара ва Оли Имрон сураларини ўқинглар. Зеро, бу иккиси қиёмат куни икки булут ёки бир гуруҳ саф-саф қушлар шаклида келиб, ўз соҳибларининг ҳожатини раво қилади. Бақара сурасини ўқинглар. Уни ўқиш барака, тарк этиш эса ҳасратдир", деганлар (Имом Муслим, Имом Доримий, Имом Аҳмад ривояти).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Бақара сураси охиридаги икки оятни бир кечада ўқиса, кифоя қилади", дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Ҳадисда келган “Кифоя қилади”дан қуйидаги маънолар келиб чиқади:

1. Барча ёмонликлардан сақланишга кифоя қилади.

2. Шайтоннинг ёмонлигидан сақланишга кифоя қилади.

3. Савоб олишга кифоя қилади.

4. Кечасини Қуръон қироати ила бедор ўтказишдан кифоя қилади.

5. Инсу жиннинг ёмонлигидан кифоя қилади.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қуръон оятларининг саййиди Оятул курсийдир", деганлар (Имом Ҳоким ривояти).

Зубайд Абдураҳмон ибн Асваддан ривоят қилади: "Ким Бақара сурасини ўқиса, бунинг эвазига унга жаннатда тож кийдирилади" (Имом Доримий ривояти).

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар