frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Биродарини обрўсини сақлаганнинг мукофоти

13.03.2017   8433   8 min.
Биродарини обрўсини сақлаганнинг мукофоти

عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : " مَنْ رَدَّ عَنْ عِرْضِ أَخِيهِ ؛ رَدَّ اللَّهُ عَنْ وَجْهِهِ النَّارَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ "

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Кимки биродарини обрўсини (тўкилишидан, яьни ғийбат қилинишидан) сақласа, Аллоҳ таоло уни юзини (бутун баданини) қиёмат кунининг оловидан сақлайди” дедилар. Термизий, Аҳмад ва Байҳақийлар ривоят қилишган.

Ғийбат деганда кўпчилик хар хил нарсани тушунади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларга: “Сизлар ғийбат нималигини  биласизларми?” дедилар. Шунда улар: Аллоҳ ва унинг Расули билувчироқ дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларга: “Агар биродарингиз сиз у ҳақида гапирган сўзингизни эшитса, сиздан хафа бўладиган бўлса, батаҳқиқ сиз уни ғийбат қилибсиз” дедилар. Шунда саҳобалар: Ё Расулаллоҳ, агар биз айтаётган сифат унда бор бўлсачи? дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Шунда ғийбат бўлади. Агар сиз айтаётган сифат унда бўлмаса, сиз унга бўхтон қилган бўласиз” дедилар. Имом Муслим, Аҳмад ва Термизийлар ривоят қилиишган.

Шунинг учун ҳам бирор киши билан гаплашаётган вақтимизда орамизда бўлмаган яьни суҳбатда иштирок этмаётган инсон ҳақида агар гапиришга зарурат туғилса, у ҳақида яхши сўз айтишимиз лозим экан. Бирор киши у ҳақида ёмон сўз айтса, обрўсини тўкмоқчи бўлса, тезда уни тўхтатиб, биродаримизни ҳимоя қилмоғимиз керак экан. Ана шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек зиммамиздаги бурчимизни адо этган бўламиз. Мана шу қилган ишимиз учун Аллоҳ таолонинг қиёмат кунида юзимизни яьни бутун баданимизни дўзахдан сақлашидек улуғ мукофотга сазовор бўлар эканмиз. Агар уни обрўсини ҳимоя қилишга, ғийбат қилаётганни тўхтатишга кучимиз етмаса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таьлим берганларидек, у мункар ишни қўлимиз ва тилимиз билан тўхтатишга қодир бўлмадикми, қалбимиз билан инкор этиб, у суҳбатни тарк этмоғимиз лозим бўлади. Ана шунда ўзимизни Аллоҳ таоло қайтарган мункар ишга алоқадор бўлиб қолишдан сақлаган бўламиз. Улар эса У зотга ўзлари жавоб берадилар.

Аллоҳ таоло Қурони Каримда марҳамат қилади:

“Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир”, деган (Ҳужурот, 12).

Ҳужурот сурасидаги бу оятда ҳам Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини ғийбат қилмасликка амр этмоқда:

“Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар”.

Ғийбатнинг ҳаром, гуноҳи кабиралардан эканлигини ҳамма уламолар бир овоздан таъкидлаганлар. Бу иш нақадар қабиҳ ва нақадар ёмон эканлиги ояти кариманинг ўзида ҳам ажойиб услуб ила баён қилинмоқда:

“Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими?”

Қуръони Карим бировни ғийбат қилишни ўша шахс ўлганидан кейин гўштини ейиш билан баробар қилмоқда. Маълумки, инсоннинг гўштини ейиш нафақат ислом динида балки исломдан бошқа динларда ҳам мумкин эмас, ўлгандан кейин ейишни эса, асло хаёлга ҳам келтириб, тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун юқоридаги «яхши кўрасизми?” деган саволга ҳеч ким, ҳа, деб жавоб бермайди.

Шу боисдан оятнинг ўзи, “Ҳа, ёмон кўрасизлар!” деб таъкидламоқда.

Аллоҳ таоло ўликнинг гўштини тановул қилишни тасаввур қилолмадингизми? Кўнглингиз кўтаролмадими? Бировни ғийбат қилиш сиз учун ана шундоқ бўлсин, деб айтмоқда.

Оятнинг давомида Аллоҳ таоло юқорида зикр қилинган гуноҳни қилганларни Аллохдан қўрқишга даъват қилиб, “Аллоҳдан қўрқинглар”, демоқда.

Шу билан бирга, аввал билмасдан кимнидир ғийбат қилиб гуноҳ иш қилган бўлсангиз, тезда тавба қилиб гуноҳингизни ювишингиз мумкин деб, Аллоҳ таоло ўзининг фазли-марҳаматидан ноумид бўлмасликка чақирмоқда.

“Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир”.

Яъни, қилган ишингизга қаттиқ афсус қилиб, чин дилдан надомат чекиб, иккинчи бор бу ишни қилмасликка аҳд қилиб ва аҳдингизга вафо қилинг.  Ҳамда ўзингиз ғийбат қилган кишини қаерда, қайси мажлисда ғийбат қилган бўлсангиз, ўша ерда, ўша мажлисда ғийбат қилинган киши ҳақида яхши гапларни гапиринг. Ана шунда Аллоҳ таоло тавбангизни қабул қилиб, сизга раҳм қилади. 

Ғийбатнинг сабаблари

Ғийбатнинг сабаблари жуда кўп, улардан баъзисини эсга оламиз:

  1. Аччиғини тўкиб солиш.

Бир одам бошқасининг аччиғини чиқарган бўлса, аччиғи чиққан уни ғийбат қилиш ила ундан ўч олишга ҳаракат қилади.

  1. Тенгдошлар ва ҳамсуҳбатларга шерик бўлиш, уларнинг гапини қўллаб-қувватлаш.

Таниш-билиш ёки улфатлар бировнинг ғийбатини қилаётган бўлса, ёқиш ва яхши кўриниш ниятида уларга қўшилади. Буни ўзича одамгарчилик деб ўйлайди. Аслида гуноҳга шерик бўлган бўлади.

  1. Ўз обрўсини кўтариш учун бировни айблаш.

Мисол учун, «Фалончи жоҳил, фаҳми йўқ», деб, ўзини илмли ва ўткир фаҳмли қилиб кўрсатишга уринади.

  1. Ҳасад.

Одамлар бир кишини мақтаётганлари учун ҳасад қилади ва уни ғийбат қилиб, обрўсини тўкиш пайидан бўлади.

  1. Ўйин-кулги ва ҳазил.

Одамларни кулдириш ва даврани қизитиш мақсадида бошқаларнинг камчилиги ва айбини айтиб, ғийбат қилинади. Баъзилар бу ишни ўзига касб қилиб олган ҳам бўлади.

Ғийбатнинг давоси

Аввало ғийбатчи қиладиган ғийбати туфайли Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлишини билиб қўйиши керак.

Шунингдек, унинг савоблари ғийбат қилинган одамга олиб берилишини, агар савоби бўлмаса, нариги одамнинг гуноҳлари унга олиб берилишини ҳам билиб қўйсин.

Ғийбат пайти бўлиб қолса, ўзининг айбларини ўйласин ва уларни тузатишга киришсин. Ўзининг айблари бўла туриб, бошқаларни айблашдан уялсин. Агар ўзини айблардан холи билса, ўшанга шукр қилиш ила машғул бўлсин. Ўзини ўзи энг ёмон айб – ғийбатчилик ила ифлосламасин. Ўзини биров ғийбат қилишини истамаганидек, ўзи ҳам ўзгаларни ғийбат қилишни истамасин.

Ғийбатга боис бўлган сабабга назар солсин ва ўша сабабни йўқ қилишга ҳаракат қилсин. Дарднинг давоси уни келтириб чиқарган сабабни йўқ қилиш ила бўлади.

(علوم الدين إحياء 3-жилд 146-саҳифа).

Мўмин-мусулмонлар ўзлари ғийбатдан четланибгина қолмасдан, бошқа ғийбат қилаётганларнинг оғзига уриб, ғийбатга йўл қўймасликка ҳаракат қилишлари зарурдир. Юқоридаги ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Мусулмон мусулмоннинг биродаридур. Ҳар бир мусулмон зиммасида мусулмонларнинг қони, моли ва обрўсини ҳимоя қилиш бурчи бордир” деганларидек ҳар биримиз ўз бурчимизни адо этмоқликка ҳаракат қилмоғимиз лозимдир. Аллоҳ таоло бизларни ўзи қайтарган мункар ишларни қилишдан сақлаб, бажаришимизни амр этган амалларни қилишимизга ўзи ёрдам берсин.

Ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Қирқ ҳадис” асари асосида

Тошкент Ислом Институти 4-курс талабаси

Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли тайёрлади

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Буни шукр деб бўладими?

27.06.2025   3034   3 min.
Буни шукр деб бўладими?

Беҳисоб пул ва бойликларни чекиш-ичиш, кайфу сафо учун сарф қилиш – Аллоҳга шукр қилишми?!

Ёшлик даврини зино ва ҳаром ишлар билан ўтказиш – Аллоҳга шукр қилишми?!

Телефон орқали ўзгаларга зарар етказиш, ҳар хил бўлмағур ишларда фойдаланиш – Аллоҳга шукр бўладими?!

Егуликларни чиқинди қутисига ташлаш, уволни билмаслик – Аллоҳга шукр қилишми?!

Закотни ўз вақтида адо этмаслик, садақадан тийилиш – Аллоҳга шукр қилиш деганими?!

Интернетда фойдасиз нарсалар учун вақт ажратиш, вақтни бекорга зое қилиш – Аллоҳнинг берган неъматларига шукр қилишми?!

Ахир Аллоҳ таоло бизларга шукр қилишни ва У Зотнинг фазлини эътироф қилишга буюрган-ку: «Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз!»[1].

Қолаверса, Аллоҳ таоло шукр қилувчиларни азобламаслиги хабарини ҳам берган: «Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизларни нега азобласин?! Аллоҳ  шукрни қабул этгувчи ва билгувчи Зотдир»[2].

Шукр – Аллоҳ таоло ато этган неъматларнинг давомли бўлишининг гаровидир: «Яна Парвардигорингиз билдирган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”»[3]. «...Агар шукр қилсангиз (ва иймон келтирсангиз) У Зот сизлар учун  рози бўлур...»[4].

Бу дунёда борлигимизга шукр қилиш – ота-оналаримизга яхшилик қилишимиздадир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг розилиги – ота-онанинг ризосидадир” [5], деганлар.

Қариндошчилик муносабатларини йўлга қўйиш, улар билан борди-келди қилиш, узилган ришталарни тиклаш ҳам Аллоҳ бизга қариндош, яқинлар бергани неъматининг шукридир. Набий алайҳиссалом бу борада: Ризқида кенгчилик бўлиши, ажали ортга сурилиши кимни хурсанд қилса, қариндошчилик алоқаларини боғласин”, деганлар[6].

Садақа бериш – Аллоҳ бизни мол-дунё билан сийлагани учун шукр қилиш демакдир. Садақа Аллоҳ таолонинг ғазабини ўчиради. Набий алайҳиссалом: “Махфий қилинган садақа Яратганнинг ғазабини ўчиради. Қариндошчилик алоқаларини боғлаш  умрни узайтиради. Яхшилик қилиш ёмон ўлим топишдан асрайди”, [7] деганлар.


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.

 


[1]  Бақара сураси, 152-оят.
[2]  Нисо сураси, 147-оят.
[3]  Иброҳим сураси, 7-оят.
[4]  Зумар сураси, 7-оят.
[5]  Ибн Ҳиббон ривояти.
[6]  Имом Бухорий ривояти.
[7]  Имом Табароний ривояти.