Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Ноябр, 2024   |   23 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:59
Қуёш
07:22
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
24 Ноябр, 2024, 23 Жумадул аввал, 1446

Яхшиликларга шошилайлик

9.03.2017   5312   2 min.
Яхшиликларга шошилайлик

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Албатта Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар инсон вафот этса, амаллари тўхтайди. Фақатгина учта ишдан, садақаи жориядан ёки фойдали илмдан ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанддан унга савоб бориб туради”(Имом Муслим ривояти). Ушбу муборак ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам инсон вафот этганидан кейин ҳам унинг ортидан бориб турадиган савобли ишларни сизу-биз умматларига баён қилиб бермоқдалар. Бу эзгу амалларнинг дастлабкиси эса садақаи жориядир. Уламоларимиз садақаи жорияга бошқа инсонларга фойда келтирадиган, уларга мафаати тегиб турадиган ҳар қандай савобли иш дея таъриф берадилар. Яъни инсон ҳаётлик чоғида масжид, мадраса, мактаб ёки шифохоналар бунёд этса, кўпригу-йўллар очиб инсонларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилса, у инсон дунёдан ўтганидан сўнг ҳам қилган бу ишларининг савоби унга етиб туради.
Истиқлол йилларида марҳум Биринчи Президентимиз ташаббуслари билан юртимиз ободлиги йўлида мисли кўринмаган мувафаққиятларга эришилди. Шаҳару-қишлоқларимиз чирой очиб, янги йўллар, кўприклар бунёд қилинди. Мустақиллигимизнинг 25 йиллик тўйи арафасида Фарғона водийсини юртимизнинг бошқа ҳудудлари билан боғлайдиган темир йўлни қурилиши тарихий воқеа бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Аллоҳ таоло марҳум Юртбошимизни қилган бу садақаи жорияларини ажрини ўзи кўпайтириб берсин. Охиратларини обод қилсин!

 У кишининг вафотларидан кейин ҳам шогирдлари муҳтарам Президентимизнинг Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчилигида ободончилик ишлари жадал олиб борилмоқда. Ушбу савобли ишларнинг давоми сифатида “Новза” жоме масжидининг ёнида, Бунёдкор ва Муқимий шоҳ кўчалари кесишадиган чорраҳада кўприк қурилиш ишлари ниҳоясига етай деб қолди. Мазкур улкан ишга арзимас ҳисса қўшиш мақсадида “Новза” масжиди имом хатиби, масжид қавми, ҳайъат аъзолари, намозхонлар ташаббуслари билан  ҳомийларни жалб қилган холда куни кеча 8-март куни хайрия эҳсони ташкиллаштирилди. Унда масжид фаоллари, отахонлар иштирок этиб, Қуръони карим тиловат қилиниб, Юртимиз Раҳбарияти бу ишга бош-қош бўлиб турган азизларимиз ва қурувчиларнинг ҳаққига дуойи хайрлар қилинди. Тадбир сўнгида ош тарқатилиб, уларнинг юртимиз ободлиги йўлида қилаётган ишларига мувафаққият тиланди.

 А.Собиров,
Чилонзор тумани “Новза” жомеъ масжиди ноиби имоми 

Янгиликлар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Нима учун жума куни қайғуларингиз камаяди?

22.11.2024   2116   3 min.
Нима учун жума куни қайғуларингиз камаяди?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бир қиз айтади:

«Худонинг берган куни ҳали у тарафдан, ҳали бу тарафдан мени ғам-ташвишлар сиқувга олади. Лекин жума куни кайфиятим бошқача бўлади, қайғуларим камайиб, хурсандчилигим ортади. Сизларга бунинг сирини айтиб бераман.

 

Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Энг афзал кунлардан бири – жума кунидир. Одам алайҳиссалом шу куни яратилган, руҳи ҳам шу куни қабз қилинган. Сурга шу куни пуфланади. Даҳшатли қичқириқ ҳам шу куни бўлади. Бу кунда менга кўп салавот айтинглар, чунки салавотларингиз менга кўрсатиб турилади». Саҳобалар «Ё Аллоҳнинг Расули, сиз тупроққа қоришиб кетган бўлсангиз, қандай қилиб салавотларимиз сизга кўрсатилади?» дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла анбиёларнинг жасадини тупроққа ҳаром қилган», дедилар (Абу Довуд, Насоий ривояти).


Мана шу муборак ҳадисни эшитганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени қандай қилиб таниб олишларини ўйладим. Ҳар жума куни айтган салавотларим у зотга етказиб турилар экан. Расулуллоҳ мени умуман салавот айтмаган ёки жуда кам салавот айтган ҳолимда таниб қолсалар-чи? Буни ўйлаб, ўзимдан ҳам, Расулуллоҳдан ҳам жуда уялиб кетдим. Қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени таниб олсинлар, у зотга кўп салавот айтганим учун шафоат қилсинлар деб умид қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп-кўп салавот айтадиган бўлдим. Ҳар жума куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпроқ салавот айтишни одат қилдим.

Шундан кейин салавот айтиб бўлишим билан улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилаётганини ўйлаб, жума кунини чинакамига севиб қолдим. Жума куни айтган салавотларим Расулуллоҳга кўрсатилгани учун бу кунни интиқлик билан кутадиган бўлдим. Жума куни тонгда бомдод намозини ўқиб бўлгач, қалбим шодликдан энтикиб кетадиган бўлди, чунки шу кунги салавотларим суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилади! Иншааллоҳ, мен бу борада биринчилардан бўламан!

Салавотнинг бундан бошқа фойдалари ҳам билина бошлади. Жума куни уйимиз янада сокин, файзли бўлиб қолади, муаммо ва ташвишлардан холи бўлиб кетади. Шу куни онам билан бир-биримизга янада меҳрибон, илтифотли бўлиб қоламиз. Буларнинг барчаси, албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган салавотларимизнинг шарофатидир. Ҳатто узрли пайтимда бошқа кунларни руҳан сиқилиб ўтказсам ҳам, жума куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтганим учун қийинчиликлар йўқ бўлиб кетади. Мен бу ҳолатни тахминан етти йилдан бери кузатиб келаман. Ҳозирда эса жума кунлари ўзгача бахт, ўзгача тетиклик ҳис қиламан. Аллоҳ таоло барча муслима қизларни жума кунлари ҳам, бошқа кунларда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ҳаловати билан сийласин!»

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.

Мақолалар