Неча йиллар олдин бир шер бўлган экан. У қариб ҳайвонларни тутиб ея олмайдиган даражада кучдан қолибди. Очликдан қийналиб, охири бир ҳийла ўйлабди. Ҳайвонлар шоҳи шер касал бўлди, деб жониворларга эълон қилиб, ўзи бир ғор ичига бориб ётибди. Ҳайвонлар навбат билан уни кўргани кела бошлашибди. Шер эса ғорга кирган ҳайвонларни тутиб ея бошлабди. Бу воқеа тезда ўрмонга тарқалибди. Ҳайвонлар нима қилишни билмай қолишибди. Шернинг зиёратига борай, дейишса, борганлардан бирортасининг қайтганини кўришмабди, бормай, деса, шер тузалиб қайтса, унинг ғазабидан қўрқишибди. Шунда тулки: "Мен бориб гап нимада эканини билиб келаман", дебди ва ғорга қараб кетибди. Ғор оғзига бориб ичкарига мўралабди, қараса, шернинг қариганидан юришга ҳам кучи қолмабди. Уни кўрган шер: "Кел, эй тулки, олдимга кир, мен билан бироз суҳбат қил", дебди. Тулки эса: "Шоҳим, жон деб кирардиму, лекин оёғим остига қарасам, ҳайвонларнинг ғорга кирган изларини кўряпман, қайтиб чиққан изларини эса кўрмаяпман, шунинг учун мени маъзур тутасиз", деб орқасига бурилиб кетиб қолибди. Келиб ҳайвонларга кўрганларини айтиб, уларни тинчлантирибди.
Эй инсон, билгинки, тирикчилик шерни ҳам тулки қилади. Лекин тирикчилик учун ўйлаган режанг атрофингдагиларга зиён етказмаслиги лозим. Акс ҳолда, сен ҳам шернинг кунига тушиб қолишинг мумкин.
Акбаршоҳ Расулов
«Вақф» хайрия жамоат фонди Бухоро вилояти филиали томонидан саховатпеша ҳомийлар кўмагида Бухоро шаҳридаги 24-сон “Нурли маскан” кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида хайрия тадбири ташкил этилди.
Тадбир давомида интернатда таълим олаётган болажонларга 120 дона кузги спорт кийимлари эҳсон қилинди.
Ушбу хайрия тадбири орқали болажонларнинг кузги мавсумни янада қулай ва хушкайфиятда қарши олишларига кўмаклашилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати