Заъфарон (Crocus sativus – лотин.) –сапсаргулдошларга мансуб кўп йиллик ўтсимон туганак пиёзли ўсимлик. Ёввойи ҳолда учрамайди. Ҳиндистон, Покистон, Хитой, Жанубий Европа, Озарбайжонда катта майдонларда экилади. Пиёзининг диаметри 1-2 сантиметр. Барги 5-15 та, оч сариқ рангда; эни 2 мм, туксиз. Гули 1-4 та, гултожи оқиш, пастки қисми (ташқи томондан) бинафша ранг, узунлиги 2-4 см. Чангчилари гулқўрғондан қисқа. Кўсаги чўзиқ, эни 6-7 мм. Февраль-июлда гуллайди, апрель—августда мева беради. Таркибида эфир мойи бўлгани учун ҳиди жуда ўткир ва ёқимли. 90-100 минг дона заъфарон гулидан 1 кг қуриган гул тумшуқчалари олинади. Заъфарон гулининг қуритилган тумшуқчалари мураббо, тортлар ранги ва таъмини яхшилаш, озиқ-овқат (пишлоқ, сариёғ, ликёр ва бошқаларда ранг бериш учун), парфюмерия (атир-упа) саноатида ишлатилади. Табобатда дори-дармон сифатида қўлланилади.
Заъфарон ўрта асрлардан бери баҳоси ва қадри тушмай келаётган ягона зиравордир. Ўрта асрларда бир қадоқ (450 г) заъфаронни зотли араб чопқир отига айирбошлаш мумкин бўлган.
Бу зираворнинг номи деярли ҳамма тилларда арабча “сариқ” маъносини берадиган “za’faron” сўзидан олинган бўлиб, қадимда мазкур ноёб ўсимлик-дан бўёқлаш моддаси сифатида фойдаланилганидан далолат беради. Ҳозирги даврда заъфарон ўзининг азалий аҳамиятини йўқотиб, асосан пазандаликда ишлатилади ва олтин билан тенг баҳоланади. Ер юзида бугунги кунда йилига фақат уч юз тонна заъфарон етиштирилади.
Маълумки, заъфарон инсониятга зираворсифатида истеъмол қилиниши тўрт минг йилдан кўпроқ тарихга эга бўлиб, бўёқ сифатида неолит даврида тоғларда қоя тошларига расм чизишда ишлатилган. Қадимги Месопотамияда уни таомда ишлатилган излари археологлар томонидан аниқланган. Ёзувларда у ҳақда биринчи эслатмалар Шумер цивилизацияси қолдиқларида кузатилади. Эронда эрамиздан аввалги X асрда заъфарон толаларини қурбонлик ўраладиган матоларни бўяшда ишлатилган, ундан шунингдек кучли томизғи сифатида фойдаланиб, атторлик моллари ва лаззатли ёғлар тайёрлашган. Искандар Зулқарнайн армиясида жароҳатларни даволашда ишлатилган. Қадимги Аҳдда (Тавротда) заъфарон қурбонлик қилишда ёрдамчи восита, бўёқчилик ва атторлик моддаси сифатида ишлатилиши ҳақида битилган. Қадимги Хитой манбаларида шифобахш дори воситаси сифатида эслатилган. Шарқда будда монахлари либосларини бўяш учун ишлатилган. Европада уни ишлатган бойлар жамиятда киборлар табақасига мансублигини ифодалаган. Рим аркони давлати заъфаронни дори сифатида, тери ва матоларга бўёқ, атторлик моддаси сифатида ишлатган. У – энг мазали зиравор, сифатли табиий бўёқ моддаси ва қимматбаҳо атторлик воситаси, ҳамма дардларга даво бўлувчи моддадир.
Шарқда илгарилари у “қизил олтин” деб номланган. Заъфарон қим-матбаҳолигининг сабаби иккита: биринчидан, уни етиштириш жуда машақ-қатли иш, иккинчидан, хушбўйлиги, таъми ва даволаш хусусиятлари бўйича заъфарон зираворлар орасида тенгсиздир. Заъфарон – йилига бир марта 10-15 кун оммавий гуллайдиган, ҳар бир гул очилишининг давомийлиги фақат 2-3 кун бўлган қирмизи “крокус” (лотинча номи) оналик гули тумшуқлари-нинг қуритилганидир.Заъфарон гуллари ва хусусан оналик гулларини қайта ишлаш фақат қўл меҳнати билан амалга оширилади. Оналик гуллари тум-шуғи фақат гулларнинг биринчи очилган куни қирқиб олиниши лозим. Унинг сифати терим ва уни қуритишнинг тезлиги билан боғлиқдир. Бир килограмм заъфарон йиғиш учун тонгда қуёш ҳали оналик гулларини қуритиб улгурмасидан, 150 минг дона атрофидаги гули териб олиниши лозим. Бир гектар ер майдонидан теримчиларнинг маҳорати ва об-ҳавонинг муносиб шароитига қараб 8-12 килограмм заъфарон йиғиб олиш мумкин.
Заъфароннинг кимёвий таркиби 10-12 % сув, 5-7 % минерал моддалар, 5-8 % мой ва мўм , 12-13 % оқсил ва энг оз миқдорда ёғ экстрактидан иборат ўзига хос ва хушбўй ёқимли моддалардан таркиб топган.
Қадимги замонлардан маълумки, у нодир ва бемисл хусусиятларга эга. У оғриқни қолдирувчи, қувонч ва хурсандчилик бахш этувчи, тушкунликдан чиқарувчи, қувонч гормони – серотонин ишлаб чиқариш хусусиятига эгадир. Шундай қилиб, заъфарон – инсон доимий истеъмол қилишга ўрганиб қолмайдиган, енгил психотроп моддадир. Ҳаким Аюрведа заъфаронни ҳазм таомни яхшилашга, сезги ва нафас олиш органларини мустаҳкамлашга, жигар, буйраклар, лимфа безларини тозалашга, титроқни босишга, томирларда тўхтаган қонни юргизишга, юз рангини тиниқлашга, жинсий қувватни фаоллаштиришга ҳам хизмат қилишини таъкидлаган. Қадимда киборлар жамиятига мансуб аёллар туғиш олдидан оғриқни енгиллаштириш мақсадида заъфарон эритилган сувни ичишган.
Замонавий тиббиётда у кўзга томизиладиган дори тайёрлашда ва умумий қувватлантирувчи турли дори-дармонлар тайёрлашда ишлатилади. Заъфароннинг антиканцероген ва антимутаген хусусиятларга эгалиги исботланган. Уни қайноқ сут билан ичилса,бош мия фаолиятини мустаҳкамлаб, хотирани кучайтиради. Агар асал билан истеъмол қилинса, буйракдаги тошларни майдаланишига ёрдам беради. Заъфарон гули тумшуқлари эритмаси инсон организмига зарур бўлган каротин, тиамин, рибофламин, флавоноидлар, кальций, фосфор каби моддаларга ва турли витаминларга бой.Тўрт минг йиллик ишлатиш тарихида унинг тўқсон хил турли касалликларни даволашда қўлланиши аниқланган.
Заъфароннинг хушбўй ҳидини ҳидлаш инсонни нафас олиш органларига ижобий таъсир қилиб тинчлантиради ва уйқусизликдан қутилишга ёрдам беради. Кучли бош оғриғида ва қулоқ шамоллаганида заъфарон сувида пахта ёки юмшоқ матони ҳўллаб касал аъзога босилса, оғриқни қолдиради. Бундан ташқари у қорин очиш ҳиссини ҳам камайтиради. Заъфарон меъёридан ошириб ишлатилса, сезги органларини қаттиқ зўриқишига олиб келиши мумкин. Меъёрдан кўп овқатга қўшилган заъфарон таомни бузишдан ташқари инсонни заҳарланишга олиб келиши мумкин. Бир неча грам янги узилган сифатли заъфарон истеъмол қилинса, ўлимга ҳам сабаб бўлиши мумкин. Мутахассис маслаҳатисиз ҳомиладор аёлларга тинчлантирувчи восита сифатида истеъмол қилиш тавсия этилмайди.
Заъфарон саноатда ипак, тўқилган толалар, гиламларни бўяшда, сариқ рангли сиёҳ тайёрлашда, қимматбаҳо қоғоз ишлаб чиқаришда, рассомликда, терига ёзув ишлаш ва бошқаларда ҳам ишлатилади.
У пазандачиликда мислсиз воситадир. Унинг кичкина толасини қўшиб пиширилса, таом ёқимли олтин рангида товланиб, ўзига хос хушбўй таъмга эга бўлади ва осон ҳазм бўлади.
Заъфарон тўқ қизил ва жигар ранг-қизил, майин ингичка ипга ўхшаш бў-либ, орасида сариқ рангли бир нечта толалар бир-бирига ўралиб, чирмашиб турган ўсимлик гули оналикларидир. Таомни ўзига хос майин, хуштаъмлик ва ноёб аралаш ўткир аччиқ-ширин мазали қилишга заъфароннинг битта ингичка толаси ҳам етарли бўлади. Нозик дидли хўрандалар заъфарон қўшилган таом мазасини янги ўрилган ўт, темир-асал таъмини беришини таъкидлашади.
Пазандачиликда заъфарон суюқ овқатлар, балиқ, гўштли, сабзавотли таомлар ва ширинликлар пиширишда уларга нозик таъм, доривор мазаси, чиройли олтин ранг бериш учун ишлатилади. Заъфаронни чой, кофе ва алкоголсиз ичимликларга қўшилса, инсонни тинчлантириб, осойишталик бағишлайди. Одатда заъфароннинг сувдаги эритмаси таом тайёр бўлиши олдидан қўшилади. Ҳар 1 литр тайёр таомга заъфарон эритмасидан 5-6 томчидан кўп бўлмаган миқдорда қўшиш кифоя қилади. Бундай эритма тайёрлаш учун майдалаб упа ҳолига келтирилган заъфарондан чорак чой қошиғи миқдорида 50 г қайнатилган сувга қўшиб худди чой дамлаганга ўхшаш услубда 30 дақиқа тиндириб, дамланма тайёрланади.
Заъфарон харид қилишда янчилиб майдаланганини эмас, балки бутун толали гулларини олиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бундан икки минг йил аввал Плиний янчилган заъфарон қалбаки бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлан-тирган. Ўрта асрларда заъфаронни сохталаштирган киши гулхан ўтида ёқилган. Ҳақиқий заъфарон ҳеч қачон арзон нархда сотилмаган. Уни узоқ сақлаб бўлмайди, шунинг учун олдиндан олиб қўйиб бўлмайди
Заъфароннинг шифобахш хоссалари
Заъфарон овқат ҳазм қилишни яхшилаб, иштаҳани очади, организмнинг ҳаётий фаоллигини яхшилайди, кишилар ундан ошқозон, юрак, жигар нафас олиш аъзолари ва асаб тизимини мустаҳкамлашда, буйракларни тозалашда, оғриқни қолдиришда, тинчлантирувчи, пешоб, ўт ва тер ҳайдовчи восита сифатида фойдаланишади. Лекин ҳомиладорликда уни истеъмол қилиб бўлмайди, чунки у ҳомилани муддатидан олдин тушишига сабаб бўлиши мумкин.
Заъфарон доришунослик саноатида кенг ишлатилади, у шарқ табобатининг 300 дан ортиқ дори-дармонлари таркибига киради. Унинг дамламаси билан қадимда катарактани даволашган, ҳозирги вақтда ҳам у кўзга томизиладиган дорилар таркибига қўшилади.
Заъфарон бутун организм ҳужайраларини озиқлантиради, терини силлиқ қилади, рангни тиниқлаштиради, хотира ва ақлий фаолиятни яхшилайди, кайфиятни кўтаради. Заъфарон 100 дан ортиқ хасталикларни даволовчи шифобахш хоссаларга эга. Амалда ҳар қандалик хасталик, у бошланиш босқичидами ёки ривожланган охирги босқичидами, бундан қатъий назар, заъфарон ёрдамида 85-87 % га шифо топади. Тадқиқотлар буни қайта-қайта исботлаган.Заъфароннинг шифобахш хоссалари қуйидагиларни ўз ичига олади:
Таъсири: организмни умумий мустаҳкамлаш ва фаоллаштириш. Қонни яхши тозалайди. Иммунитетни мустаҳкамлайди. Онкологик касалликларнинг олдини олади.
Таркиби: Заъфароннинг 2-3 гул оталиги ва 10 дона майиз олиб, ярим стакан совуқ сувга солинади, тун давомида тиндирилади— сув қўнғир-тилла ранг тус олади.Эрталаб наҳорга ичилади, худди шу йўсинда кечқурун ичишга кейинги меъёрдаги дори эрталаб тайёрлаб қўйилади.Муолажа давомийлиги – 2 ой. Бу дорини ичиш учун энг муносиб вақт баҳор ва ёз фасллари.
Заъфарондан бебаҳо дори-дармон рецептлари
Жалолиддин Нуриддинов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا أَكَلَ أَحَدُكُمْ فَلْيَذْكُرِ اسْمَ اللهِ، وَإِنْ نَسِيَ أَنْ يَذْكُرَ اسْمَ اللهِ فِي أَوَّلِهِ فَلْيَقُلْ بِسْمِ اللهِ أَوَّلَهُ وَآخِرَهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирортангиз таом еса, Аллоҳнинг исмини зикр қилсин. Агар аввалида Аллоҳнинг исмини зикр қилишни унутиб қўйса, «Бисмиллаҳи аввалаҳу ва ахироҳу» десин», дедилар» (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар).
Баъзан таом тановул қилиш пайтида инсон шошилиб, «Бисмиллаҳ»ни айтиш эсидан чиқиб қолади. Бир оз еганидан кейин «Бисмиллаҳ»ни айтмагани эсига тушиб қолади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифларига биноан, ана шундай вақтда «Бисмиллаҳи аввалаҳу ва ахироҳу» демоғи лозим.
Бу жумланинг маъноси «аввалида ҳам, охирида ҳам Бисмиллаҳ» дегани бўлиб, таомнинг баракасини қайтаради ва унга шайтон шерик бўлишини қирқади.
وَعَنْهَا قَالَتْ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَأْكُلُ فِي سِتَّةٍ مِنْ أَصْحَابِهِ فَجَاءَ أَعْرَابِيٌّ فَأَكَلَهُ بِلُقْمَتَيْنِ، فَقَالَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَمَا إِنَّهُ لَوْ سَمَّى كَفَاكُمْ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَصَحَّحَهُ.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг олтита саҳобалари билан таом емоқда эдилар. Бир аъробий келиб, икки луқмада (ҳаммасини) еб қўйди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар у тасмия айтганида, ҳаммангизга етар эди», дедилар» (Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ, деган).
Бу ҳадиси шарифда ҳар бир одам таомни «Бисмиллаҳ»ни айтиб еса, у баракали бўлишига далолат бор.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг олти саҳобалари албатта «Бисмиллаҳ»ни айтиб, сўнг таом ейишни бошлаганлар. Аммо ҳалиги аъробийнинг «Бисмиллаҳ»ни айтмай таом егани баракани қочирди.
وَكَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ جَالِسًا وَرَجُلٌ يَأْكُلُ فَلَمْ يُسَمِّ حَتَّى لَمْ يَبْقَ مِنْ طَعَامِهِ إِلَّا لُقْمَةٌ، فَلَمَّا رَفَعَهَا إِلَى فِيهِ قَالَ: بِسْمِ اللهِ أَوَّلَهُ وَآخِرَهُ، فَضَحِكَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ثُمَّ قَالَ: مَا زَالَ الشَّيْطَانُ يَأْكُلُ مَعَهُ، فَلَمَّا ذَكَرَ اسْمَ اللهِ اسْتَقَاءَ مَا فِي بَطْنِهِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган эдилар. Бир киши таом ер эди. У тасмия айтмади. Фақат бир луқма таом қолгандагина «Бисмиллаҳи аввалаҳу ва ахироҳу» деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар ва:
«Шайтон у билан таом еб турди. Аллоҳнинг исмини зикр қилганида қорнидаги нарсани қусиб юборди», дедилар» (Абу Довуд ва Насоий ривоят қилганлар).
Бу ҳам барчамиз учун дарс. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бор жойдаги ҳар бир ўтириш, ҳаракат ва сакинат ҳамманинг диққат эътиборида бўлиши маълум.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган жойда бир одам «Бисмиллаҳ»ни айтмай, таом тановул қила бошлади. Ҳамма дамини ичига ютиб, нима бўлар экан, деб кутиб турди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эса индамас эдилар. Ҳалиги киши эса таом ейишда давом этар эди. Энди нима бўлади? Атиги бир луқма таом қолганда бирдан эсига тушиб қолиб:
«Бисмиллаҳи аввалаҳу ва ахироҳу» деди».
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар ва: «Шайтон у билан таом еб турди. Аллоҳнинг исмини зикр қилганда қорнидаги нарсани қусиб юборди», дедилар».
Демак, таомни «Бисмиллаҳ»ни айтмай еган одам билан бирга шайтон ҳам унинг таомидан қўшилишиб еб турар экан.
Бу эса ҳам гуноҳ, ҳам таомнинг баракасини қочиришдир. Шунинг учун бу масалага жуда эҳтиёт бўлмоқ керак. Мабодо аввалида айтиш эсдан чиқиб қолган бўлса ҳам, эслаган заҳоти айтиш лозим.
Аллоҳнинг исмини зикр қилиб, сўнг таом ейишни бошлаш исломий овқатланиш маданиятининг бошида туради.
Албатта, таом Аллоҳ таоло томонидан бандага бериладиган улкан неъмат эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Доимо Аллоҳни эслаб туриши лозим бўлган банда учун неъматга эришган пайтда неъмат берувчи Зотни эслаш зарурати яна ҳам ортади. Ана шундай пайтда Аллоҳни – неъмат берувчи Зотни эсидан чиқарган одам хато қилган бўлади. Агар ўзи эслаб, хатосини тўғриласа, яхши. Агар унинг эсига тушмаса, атрофдагилар унга эслатиб қўйишлари лозим. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо шундай қилганлар.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби 16-жузидан