“Одамларнинг энг ожизи-дуога ожизлик қилган одам. Одамларнинг энг бахили салом беришга бахиллик қилган одамдир”
( Ҳадиси шарифдан).
Аллоҳнинг муборак исмларидан бири Салом, унинг сифати ва даражаси Қуръони каримда бундай баён этилади: «Бас, қачон уйларга кирсангизлар, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак покиза саломни айтинглар (яъни «Ассалому алайкум», денглар)» (Нур, 61).
“Салом” Аллоҳнинг марҳамати ҳамда тоза ва мунаввар неъмати эканлигига далолат, «Қачон сизларга бирон ибора билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олинглар ёки (ҳеч бўлмаса) ўша иборани қайтаринглар» (Нисо, 86).
Бинобарин, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан (розияллоҳу анҳу)дан қилинган ривоятда: Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: «Исломдаги қайси амал яхши?» деб сўраганида, у зот: «Қорни очларни тўйдиришинг ҳамда таниган ва танимаган кишига салом беришинг», деган эканлар (Имом Бухорий ва имом Муслим).
“Яхши амал”дан мурод одобдир. Дарҳақиқат, ҳадисда руҳий эҳтиёж нафсоний эҳтиёжга қиёсланаётир. “Қорни очларни тўйдириш”дан савоб ҳосил бўлгани каби, кўнгилни қувонтирадиган саломдан ҳам шу самара мавжудлигига ишора қилинмоқда.
Саломлашув халқлар ўртасида урф даражасидаги одоблардан. Ҳар бир миллат ва халқда унинг ўзига хос кўринишлари мавжуд. Бу сўз баракотидан одамлар ўртасида ўзаро илқлик, яқинлик ва меҳру муҳаббат пайдо бўлади. Одам Ато (алайҳиссалом) инсон сифатида кўз очганларида илк насиҳат ва тавсия ҳам шу манида кечди:
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ таоло Одам (алайҳиссалом)ни халқ қилиб, у кишига «Ана бу ўтирган бир неча фаришта олдига боргин-да, салом бергин, сўнгра уларнинг сенга оладиган алигини яхшилаб эшитгин, чунки бу сенга ва сендан тарқаладиган зурриётларингга йўлланган салом бўлади», деди. (Одам (алайҳиссалом) бориб: «Ассалому алайкум», дедилар. Фаришталар: «Ассалому ъалайка ва раҳматуллоҳи», деб «раҳматуллоҳи»ни зиёда қилишди», дедилар) (Имом Бухорий ва имом Муслим ).
Ушбу ҳадис Исломда саломлашув ибодат амалларидан бир амал сифтида талқин этилиши баробарида, дуо эканлиги эслатилаётир. Мазмун ифодасида фаришталар дуоси жамланганидан хабардор этаётир.
Шунинг учун ҳам Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Иймон келтирмагунингизча жаннатга кирмайсизлар. Бир-бирингизга муҳаббат қилмагунингизча иймонли бўла олмайсизлар. Агар амал қилсангиз, ўрталарингизда муҳаббат пайдо этадиган нарсага сизларни далолат қилайми? Орангизда саломни ёйинг», дедилар (Имом Муслим).
Банданинг олий нияти – жаннат. Жаннатнинг калити – имон. Имон муҳаббат меҳвари эканки, аслида «саломни ёймоқлик» сабаби турар экан. Қуйидаги ҳадис унинг замиридаги маънони комил қилиб, саломлашишнинг қандай фазилатлари борлигини баён этади ва бунга одатланмоққа чорлайди.
Имрон ибн Ҳусайндан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Бир киши Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб, «Ассалому алайкум», деди. Унга жавоб қайтариб ўтирдилар-да, ўнта савоб, дедилар. Сўнгра бошқа киши келди-да, «Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи», деди. Унга ҳам жавоб қайтардилар-да, йигирмата савоб, дедилар. Сўнгра бошқа бир киши келди-да, «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокатуҳу», деди. Унга ҳам жавоб қайтариб, ўттизта савоб, дедилар». (Имом Абу Довуд ва имом Термизий).
Ҳақиқатда, “Ассалому алайкум” ёки «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокатуҳу» энг олий туйғу изҳори бўлиб, замири соф ва самимий тилак билан уйғунлашган: “Сизга тинчлик ва саломатлик тилайман!” Инсонга саломатлик ва тинчлик тилашдан ҳам зиёда тилак бормикин?!
Арабчадан ўзлашган бу сўзда ўзбекона самимиятимизнинг тафти бор, ажиб руҳий илиқлиги бор. У оғиздан чиқиши ёки қулоққа чалиниши биланоқ қалбга ором етади. Бегона танишга, таниш қадрдонга айланади.
Аксарият ўзбек хонадонларида тонгда ўзаро саломлашиш урфга айланган. Бу оила аъзоларининг бир-бирларига меҳру муҳаббатлари ошувига, оқибат ришталарининг юксалишига омил бўлади. Шу сабабли ота-боболаримиз саломлашишга жиддий қараганлар .
Бу каби ўзбекона тарбия билан ўсаётган ёшлар кўча-кўйда, жамоат жойларида одоблари билан ажралиб турадилар. Аммо, минг афсуски, саломлашиш борасида сўз кетганда, айрим кўнгилни хира қилувчи кўринишлар учраб тургани ачинарли ҳол албатта. Бу ўринда айбни ёшларга, ёшликка ағдариш инсофдан эмас. “Ота-онанг кимлигин саломингдан билурлар” дейилганидек, болаларда акс этган ҳар-бир хато ва камчиликнинг бош сабабчиси ота-она. Уларнинг динимиз буюрганидек гўзал “Ассаломлому алайкум” калимасининг ўрнига “привет”, “салют”, “чао”га ўхшаш сўзларни қўлласа, бу фарзандларнинг тарбияси қандай бўлади?! Ёки сўнгги даврда бошни бошга тегизиб, муштни муштга уриб “шохлашиб саломлашишлар”, йигитларнинг ўпишиб кўринишлари на динимиз талабларига ва на миллий қадриятларимизга тўғри келмайди?
Баъзида саломлашишда чала ёки маъно моҳияти бузилган кўринишларга ҳам дуч келамиз. Жумладан, "ассалом", "салом", дейилса салом чала бўлади, маънога путур етади. Шу сабаб суннатга кўра чиройли ва мукаммал тарзда салом бериш, ҳам одоб кўрсатиш, ҳам савоб қозониш лозим. "Ассалому алайкум", дейилса, аниқ қилиб: "Ва аллайкум ассалом", дейиш керак. Бугун айримлар орасида урф бўлганидек айрим харфларни талаффуз этмаслик маънони бузиб юборади. Масалан, "Ассому алайкум" – "сизга ҳалокат тилайман" дегани. Унда ёмон ният, қарғиш акс этган.
Халқимизда: “Бепароволик белни синдирар” деган гап бор. Агар биз бугун миллий-манавий қадриятларимизга бепарволик қилсак, бир куни надоматда қоламиз. Айниқса, саломатлик борасида беэътиборлик қилиш, моҳиятни англамаслик, ўзликни идрок эта билмаслик, муқаддас туйғуларга муносабатда чалғишга етаклайди, ёшларимизнинг эътиқодига ҳам путур етказади.
Қисқа маънода таъриф берилса , “салом” яхшиликнинг калитидир. Эртакларимизда бекорга девлар, ялмоғизлар тилидан “Ҳақ саломинг бўлмаса, икки ялаб, бир ютардим”, дейилмаган. Яъни, “салом” раҳмсизда инсоф, золимда шафқат уйғотиши баробарида меҳру ҳурматни оширади. Шунинг учун ҳам мазмунли, чиройли саломлашиш билан одобимизга кўрк қўшишимиз, ёшларимизни шу руҳда тарбиялашимиз керак.
Ҳасанхон АТОЕВ,
Нурота шаҳридаги “Саййид Ато” масжиди имом-хатиби
Динимизнинг кўзга кўринган барча уламолари “жиҳод” сўзига қуйидагича таъриф берганлар:
“Жиҳод” сўзи луғатда инсон томонидан барча имкониятни ишга солиб ҳаракат қилиш маъносини англатади.
Истилоҳда эса, дини, ватани, оиласи, обрўси ва моли ҳимояси учун шариат рухсат берган йўллар билан амалга ошириладиган кураш ҳаракатларини англатади.
Шундан келиб, мусулмон одам жиҳод қилмоқчи бўлса, ўзининг барча куч-қувват, ақл-заковати ва моддий имкониятларини Аллоҳ йўлида, Унинг дини учун сарфлаши керак.
Таъкидлаш лозим, “жиҳод” сўзи луғатда уруш маъносини англатмайди. Урушни араб тилида бошқа сўзлар билан ифода этилади. Асосан, уруш маъносини англатиш учун араб тилида “қитол”, “ҳарб” сўзлари ишлатилади.
Дарсини ўзлаштириш учун барча имкониятларини ишга солиб ҳаракат қилаётган толиби илм “мужтаҳид талаба” деб аталади. Бинобарин, уни илмий жиҳод қилмоқда деса бўлади.
Шаръий масалаларни ечишда бор имконини ишга солиб ҳаракат қилган улкан олимлар ҳам “мужтаҳид” деб аталган. Ундай кишилар шаръий илмларни равнақ топтириш ва тарқатишда жиҳод қилганлар.
Хулоса қилиб айтганда, “жиҳод” сўзининг луғатдаги хусусиятидан келиб чиқиб, жиҳоднинг турлари кўп ва ўшаларнинг ичида душманга қарши жони, ватани ва динини сақлаш учун жон-жаҳди билан жанг қилиш ҳам жиҳод дейилган.
Исломнинг дастлабки босқичида мушриклар билан ақидавий тортишув қилиб турган пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳ таоло Фурқон сурасида қуйидаги хитобни қилади: “Кофирларга итоат этма! Уларга қарши у(Қуръон) билан катта жиҳод қил!”.
Демак, Қуръон билан катта жиҳод қилинган. Бунда уруш олиб бориш маъноси йўқлигини англаш заррача ақли бор одам учун қийин эмас.
Исломда жиҳод маъноси, аввало, уруш эмас, балки Аллоҳнинг динига сўз билан даъват қилиш маъносида юзага келган ва бу маъно шу мавзуда асос бўлиб қолган.
Имом Термизий, Имом Ибн Ҳиббон ва Имом Дайламий ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жиҳоднинг афзали Аллоҳ таоло учун ҳавои нафсингга қарши жиҳод қилмоғингдир”, деганлар.
“Жомеъул аҳодис” китобида (Ж. 4. Б. 741) келтирилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
قَدِمْتُمْ مِنْ خَيْرِ مَقْدَمٍ نَ الْجِهَادِ الْأَصْغَرِ إِلَى الْجِهَادِ الْأَكْبَرِ مُجَاهَدَةَ الْعَبْدِ هَوَاهُ
“Кичик жиҳоддан катта жиҳодга, банданинг ҳавои-нафсига қарши қиладиган жиҳодига хуш келдингиз!” деганлар.
Бундан инсоннинг ҳавойи нафси йўлига кирмаслик, уни енгиб, шариатга мувофиқ яшаш учун жон-жаҳди ила қилган ҳаракати ҳам жиҳод экани, жиҳод бўлганда ҳам афзал жиҳод экани келиб чиқади.
Имом Бухорий ва бошқа муҳаддис олимлар ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар айтилади:
جَاءَ رَجُلٌ إلى النبيِّ صَلَّى اللَّهُ عليه وَسَلَّمَ سْتَأْذِنُهُ في الجِهَادِ فَقالَ: أَحَيٌّ وَالِدَاكَ قالَ: نَعَمْ قالَ: فَفِيهِما فَجَاهِدْ
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига у зотдан жиҳодга изн сўраб келди. Шунда у зот унга:
“Ота-онанг борми?” дедилар.
“Ҳа”, деди.
“Ундай бўлса, икковлари (хизмати)да жиҳод қил!” дедилар».
Демак, ота-онанинг хизматини қилиш ҳам жиҳод бўлиши мумкин.
Қолаверса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳар доим ишларни тинч йўли билан ҳал қилишга чақирганлар. У зот доимо можароли ҳолатларни чиройли ҳикмат билан ислоҳ қилганлари ва ўртада тинчлик ўрнатганлари билан машҳурдирлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом доимо инсонларни озор беришдан, бошқаларга зарар етказишдан қайтарганлар.
Мусулмоннинг қони ва моли ҳаромлиги, яъни тажовуз қилиш мумкин эмаслиги, жони дахлсизлиги ҳақида қуйидагиларни айтганлар:
فإنَّ دِمَاءَكُمْ وأَمْوَالَكُمْ وأَعْرَاضَكُمْ وأَبْشَارَكُمْ علَيْكُم حَرَامٌ كَحُرْمَةِ يَومِكُمْ هذا في شَهْرِكُمْ هذا في بَلَدِكُمْ هذا
“Зеро, сизларнинг қонларингиз, мол-мулкларингиз ва обрўларингиз бир-бирингизга худди ушбу (арафа) кунингиз, ушбу (Зулҳижжа) ойингиз ва ушбу (Маккаи мукаррама) шаҳрингиз ҳурмати каби ҳурматлидир (яъни, ўзганинг қонини тўкиш, норози қилиб молини олиш ва обрўсини тўкиш ҳаромдир)” (Имом Муслим ривояти).
Нафақат, мусулмонни балки, бошқа диндаги кишиларни ҳам ноҳақ ўлдириш Исломда катта гуноҳ ва оғир жиноят ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
مَنْ قَتَلَ مُعَاهَدًا لَمْ يَرَحْ رَائِحَةَ الْجَنَّةِ وَإِنَّ رِيحَهَا لَيُوجَد مِنْ مَسِيرَةِ أَرْبَعِينَ عَامًا
“Ким бир муоҳадни (мусулмонлар билан ўрталарида аҳд бўлган ғайридин кишини) ноҳақ ўлдирса, у жаннатнинг ҳидини ҳам тополмайди. Ҳолбуки, унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб туради” (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадисларида:
الْمُسْلِمُ مَنْ سَلِمَ الْمُسْلِمُونَ مِنْ لِسَانِهِ وَيَدِهِ وَالْمُهَاجِرُ مَنْ هَجَرَ مَا نَهَى اللهُ عَنْهُ
“Тили ва қўлидан бошқалар азият чекмаган киши ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан четланган инсон ҳақиқий ҳижрат қилувчидир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Бошқа бир ҳадисда эса бундай келади:
عَنْ أُمِّ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّهَا قَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ أَوْصِنِي قَالَ اُهْجُرِي الْمَعَاصِي فَإِنَّهَا أَفْضَلُ الْهِجْرَةِ وَحَافِظِي عَلَى الْفَرَائِضِ فَإِنَّهُ أَفْضَلُ الْجِهَادِ وَأَكْثِرِي مِنْ ذِكْرِ اللهِ فَإِنَّكِ لَا تَأْتِينَ لِلَّهِ بِشَيْءٍ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ كَثْرَةِ ذِكْرِهِ.
“Умму Анас розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан насиҳат қилишни сўрайдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гуноҳлардан тийилгин, ўша ҳижратнинг энг каттасидир. Фарзларга риоя қилгин, ўша жиҳоднинг энг афзалидир. Зикрни кўпайтиргин, Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганингда унга энг маҳбуб амал шу бўлади”, дейилган (Имом Табароний ривояти).
Машҳур аллома Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ “жиҳод”ни нотўғри талқин қиладиганларга раддия сифатида ёзган “ал-Жиҳод фил Ислом” номли китобида бундай деган: “Мен бу асрда баъзи бир доиралар наздида янги Ислом туғилаётганини мулоҳаза қилмоқдаман. У Аллоҳнинг ҳузуридан ваҳий бўлиб тушмайди. Лекин баъзи одамларнинг фикрлари ва мижозларидан келиб чиқади. Унинг ҳукмлари шаръий далиллар ҳукми ила бирлашмайди ва шаръий ҳужжатларга бўйсунмайди. У фақат баъзи шахс ва жамоаларнинг таассубидан ёки шаҳвату ҳавойи нафсидан келиб чиқади”.
Жанг асосида олиб бориладиган жиҳод икки қисмдан иборат:
1. Талаб жиҳоди – фарзи кифоя. У ҳозир йўқлигига уламолар иттифоқ қилишган. Чунки ҳозирда давлатлар ўртасида ўзаро тинчлик битими мавжуд бўлиб, урушмасликка келишилган.
2. Мудофаа жиҳоди – фарзи айн. У душманлар мусулмонлар яшайдиган юртга уруш қилиб, бостириб кирса, ҳимоя учун фарз бўлади.
Маълумки, жиҳоднинг ўзига яраша қоидалари бор. Биринчидан, жиҳодга сафарбар қилиш учун “Халифа” бўлиши лозим. Ваҳоланки, халифалик масаласи тарихда қолгани барчага маълум.
Қолаверса, жиҳод жорий бўлиши учун умматнинг ижмоси ҳам талаб этилади. Булар чақираётган “жиҳод”га Ислом умматининг деярли барчаси қарши экани кундек равшан.
Демак, ҳозирги кунда мазкур кўринишдаги жиҳодга чақираётганларнинг чақириқлари ҳеч қандай асосга эга эмаслигини англаб олмоқ лозим бўлади. Зеро, мен жиҳод қиламан деб ўзга юртларда бегуноҳ инсонларга қарши қурол кўтариб, уларнинг тинчлигига рахна солиб, қотиллик қилаётган ёки ўзи ўлса, шаҳид эмас, балки жоҳилият ўлимида ўлиб кетиш эҳтимоли мавжуд.
Бугунги кунда жиҳодга тарғиб қилаётган гуруҳлар қайси сиёсий кучларга хизмат қилаётганларини ўзлари ҳам билмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким номаълум байроқ остида жанг қилса ва бу йўлда ўлдирилса, демак, у жоҳилият ўлимини топибди”, деганлар.
Ким номаълум байроқ остида, у байроқ кимнинг қўлида эканини, унинг мақсади қандайлигини билмаган ҳолда жанг қилса ва шу йўлда ўлса, у жоҳилиятда ўлгандек бўлади.
Динимиз ҳатто уруш остида бўлган ва душман ерида яшаган, лекин жанговорлик сифатига эга бўлмаган инсонларнинг ўлдирилишига ҳам рухсат бермайди. Жиҳодга чақираётганларнинг аксарияти халқи мусулмон бўлган ўлкаларда бегуноҳ инсонлар ўлдирилаётган, нишонга олинаётган ҳужумларга шаръан рухсат кўзи билан қараши жуда ачинарлидир.
Нисо сурасида бир мўмин кишини қасддан ўлдирганлар жаҳаннам азобига дучор бўлиши хабар берилган.
﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا﴾
“Ким бир мўминни қасдан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунёнинг йўқ бўлиб кетиши Аллоҳ наздида бир мўминнинг ноҳақ ўлдирилишидан кўра енгилроқдир” деб бу жиноятнинг оқибати қанчалик ёмон эканига ишора қилганлар (Ибн Можа ривояти).
Бузғунчи тоифалар ўзларига тегишли веб-саҳифа ва ижтимоий тармоқларда “шаҳидлик”, “жиҳод”, “ҳижрат”, “такфир”, “халифалик” каби тушунчаларни бузиб талқин қилиши натижасида айрим ёшларни ўзларининг тузоқларига илинтиришга муваффақ бўлаётгани ачинарли ҳол, албатта.
Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ айнан низоли ҳудудларнинг ичида бўлган ва террорчилар хусусида бундай деган: «Улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни “шариат рухсат берган иш” дейдилар. Улар оддий йўловчилар тўла самолётни ичидаги айбсиз инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам “шариатда бор иш” дейдилар. Ҳар ким кўзларини юмиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бугун орамизда юрибдилар, деб хаёл қилсин. У зот шундай разил ишларга рози бўлармидилар?!».
Динимизда бегуноҳ инсоннинг қонини тўкиш бузғунчиликнинг энг қабиҳи, катта қабоҳат ҳисобланади. Ислом ҳатто чумолига ҳам озор беришдан қайтаради. Бундай ваҳшийликни қилаётганлар диндорлик ҳақида қанча лоф урмасин, қилган ёвузликлари бу даъволари сохта эканини фош этмоқда.
Баъзи олимлар жиҳодни уч турга бўладилар:
1. Бадан билан, яъни ҳар қандай ҳарбий воситалар билан ватан, миллат-дин ва халқ ҳимояси учун кофир-душманларга қарши жиҳод қилинади. Бу жиҳодни фақат давлат раҳбарларигина амалга оширади, бошқариб боради. Ҳозир, минг афсуски, кўплаб мусулмонлар жиҳод деганда фақат шу – давлат зиммасидаги вазифани тушунади, холос.
2. Оммавий ахборот воситалари ороқали Исломни инсониятга етказиш. Бу тур жиҳодни уламолар қиладилар. Уламолардан маҳрум замонларда яшаган оддий мусулмонларнинг, миссионерлар ва бидъат аҳлининг ҳужумларидан ҳимояланиш учун аввал яшаб ўтган аҳли сунна олимларининг асарларини, насиҳатларини китоблар орқали, оммавий ахборот воситалари ва нашрлар орқали бутун дунёга тарқатишлари, эшиттиришлари керак.
Исломнинг ички ва ташқи душманларининг бузғунчи, ёлғон ва сохта ташвиқотларига қарши курашишда аҳли сунна вал жамоа олимлари эътироф этган диннинг соф таълимотини ёйишдаги услуб бугунги кунда ҳам долзарб ҳисобланади.
3. Дуо билан қилинадиган жиҳод. Бу жиҳод умумий тарзда барча мусулмонларга ҳамиша фарзи айндир. Юқорида келтирилган жиҳод турлари фарзи кифоядир. Шу учинчи жиҳодга бепарво бўлиш катта гуноҳдир.
Жиҳод – инқилоб қилиш, амирларга, бошлиқларга қарши чиқиш ва исён қилиш, бузиш, синдириш-қийратиш, портлатиш ва вайрон қилиш дегани эмас. Бундай ҳаракатлар фитна бўлиб, Ислом ва бошқа мусулмонлар учун кулфат келтиради. Мусулмонларнинг эзилишига, ҳибсга тушишига ва дин, иймон илмларининг тақиқланишига йўл очади.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси