Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Апрел, 2025   |   21 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:13
Қуёш
05:37
Пешин
12:27
Аср
17:09
Шом
19:10
Хуфтон
20:30
Bismillah
19 Апрел, 2025, 21 Шаввол, 1446

Хавла бинти Саълаба

17.02.2017   11194   4 min.
Хавла бинти Саълаба

Улуғ саҳобийя  Хавла бинти Саълаба (разияллоҳу анҳо) Ислом тарихида ном қолдирган машхур аёллардан. У Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам)га биринчилар қатори иймон келтириб, машҳур саҳоба Авс ибн Сомитга турмушга чиққан эди.

Солиҳа аёл Хавла эрига вафодорлиги, бола тарбиясида сабри, матонати билан машҳур қозонган эди. Хавла зукко ва доно аёл бўлиб, оиласи, фарзандларидан меҳрини аямас эди, уларга чавандозликни, камондан ўқ отишни ўргатар эди.

Тарихчилар  Хавла билан боғлиқ машхур воқеани манбаларда бундай зикр қилади. Жоҳилият даврида Авс ибн Сомит   хотинига: “сен менга онам каби сан”  деб қўйди ва бу айтган гапидан пушаймон бўлди. Хавла бу гапни Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам)га айтганда “эй Хавла энди сен эрингга харом бўлдинг” дедилар. Хавла эрини оқлаб “Эй Аллоҳнинг расули, эрим кексайиб, ақли заифлашиб қолган, болаларим эса ёш, энди мен нима қиламан?”  деб эридан айрилгиси келмаётганини билдирди. Пайғамбармиз яна аввалги жавобни қайтардилар. Шунда Хавла бинти Саълаба йиғлаб Аллоҳ таолога бундай дуо қилди:  “Аллоҳим сенга арз қиламан, мени бу мушкулотдан ўзинг қутқар. Роббим бу ишимизни ечимини Пайғамбаринг тилига ўзинг тушургин” деди.

Оиша онамиз (разияллоҳу анҳо) ривоят қиладилар: мен ҳам, бошқалар ҳам Ҳавланинг ҳолига ачиниб йиғладик. Шу пайт унинг илтижолари, оҳу фарёди Аллоҳ таолога етгани маълум бўлди. Аллоҳ таоло ўз ҳабибига ваҳий тушуриб, аёлни севинтирди. Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) табассум қилиб, тушган оятни тиловат қилдилар:

قَدْ سَمِعَ اللَّهُ قَوْلَ الَّتِي تُجَادِلُكَ فِي زَوْجِهَا وَتَشْتَكِي إِلَى اللَّهِ وَاللَّهُ يَسْمَعُ تَحَاوُرَكُمَا إِنَّ اللَّهَ سَمِيعٌ بَصِيرٌ (1) الَّذِينَ يُظَاهِرُونَ مِنْكُمْ مِنْ نِسَائِهِمْ مَا هُنَّ أُمَّهَاتِهِمْ إِنْ أُمَّهَاتُهُمْ إِلَّا اللَّائِي وَلَدْنَهُمْ وَإِنَّهُمْ لَيَقُولُونَ مُنْكَرًا مِنَ الْقَوْلِ وَزُورًا وَإِنَّ اللَّهَ لَعَفُوٌّ غَفُورٌ

Эй Муҳаммад Аллоҳ ўз жуфти ҳақида сиз билан баҳслашаётган ва Аллоҳга арз қилаётган аёлнинг сўзини эшитди. Аллоҳ икковингизнинг сўзлашувунгизни эшитур. Албатта Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчидир. Ораларингиздаги ўз хотинларини  “зиҳор”  қиладиган кишиларга улар (хотинларни алсо) оналари эмасдирлар. Уларнинг  (чин)  оналалари  (уларни)  туққан аёллардир. Улар, ҳақиқатан, номақбул ва ёлғон сўз айтурлар. (Лекин)  Аллоҳ афв этувчи ва кечирувчидир”.

Хавла бинти Саълаба эрига бу хабарни айтганда Авс ниҳоятда севиниб кетди.

Хавла эрининг вафотидан сўнг турмуш қурмади. У эрига кўп ачинар, доим унинг ҳаққига дуо қилар эди. Эрига Аллоҳдан мағфират тиларди. Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) қачон Ҳавлани кўрсалар: “Ассалому алайкум, эй дуосини Аллоҳ ижобат этган аёл, эй сўзини Аллоҳ тинглаган аёл”  деб саломлашар эдилар.

Бир куни Умар ибн Ҳаттоб (разияллоҳу анҳу) масжиддан қайтаётганда бир аёл йўлини тўсиб чиқиб, насиҳат қила бошлади: “Эй Умар сен бир вақтлар “Умарча” дейишарди,  кейин “Умар” деб аталадиган бўлдининг. Бугун эса “Мўминлар амири” дейишмоқда. Эй Умар, маъсулят бобида Аллоҳ таолодан қўрқ, ким қиёмат кунидан қўрқса, ким ўлимдан қўрқса, ўткинчи нарсалар ҳам уни қўрқувга соладиган бўлади”.

Ҳамроҳлари Ҳазрати Умарга: “Шу кампирнинг гапини қулоқ солиб ўтирибсизми?” дейишди. Шунда Ҳазрати Умар: “Бу аёлнинг кимлигинни билмайсизми? У Авс ибн Сомитнинг хотини Хавла бинти Саълаба бўлади. Бу аёлнинг сўзини Аллоҳ таоло эшитган-у, Умар эшитмасинми?” дедилар.

Зиҳор муоммоси ҳал этилишида сабабчи бўлган тақводор, эрига вафодор бўлган бу аёл саҳобийялар ичида кўркам ва ифорли гул мисли яшаб ўтди. Аллоҳ таоло ундан рози бўлсин.

Давоми бор...

Манбалар асосида

Тошкент Ислом Институти 4-курс талабаси

Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли тайёрлади

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Соҳибқироннинг қайси фармони лашкарни Тўхтамишнинг тунги ҳужумидан сақлаган?

14.04.2025   2305   6 min.
Соҳибқироннинг қайси фармони лашкарни Тўхтамишнинг тунги ҳужумидан сақлаган?

Ватанимиз тарихидаги 14 апрель санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
 

1144 йил (бундан 881 йил олдин) – тилшунос, адиб, тафсир ва ҳадис олими Замахшарий Хоразмда 69 ёшида вафот этди. Шундан деярли икки юз йил кейин, яъни 1333 йили Хоразмни зиёрат қилган машҳур араб сайёҳи Ибн Баттута ўзининг “Ар-Риҳла” (“Саёҳатнома”) номли асарида Хоразм (Кўҳна Урганч)нинг ташқарисида Замахшарийнинг устида қуббаси бўлган мақбарасини кўрганлиги ҳақида ёзади.
Замахшарий ҳақида Ибн Қифтий қуйидагича ёзган: “Замахшарий илм ул-адаб, грамматика ва луғат бобида ўзгаларга мисол бўладиган аллома эди. У ўз ҳаёти давомида кўплаб буюк олимлар ва фозиллар билан учрашган бўлиб, тафсир, ҳадис, грамматика ва бошқа соҳалар бўйича бир қанча асарлари бордир. У ўз асрида араб тилида ижод қилган ажамлар (ғайри араблар) орасида энг буюгидир”. Бундан ташқари араб нақлларидан бирида шундай дейилади: “Агар Замахшарий бўлмаганида араблар ўз тилларини билмас эдилар”.
 

1395 йил (бундан 630 йил олдин) – Амир Темур ўзининг 250 минг атрофидаги қўшинини Шимолий Кавказдаги Терек дарёсининг чап соҳилига ўтказиб, саф торттирди. 15 апрелга ўтар кечаси Тўхтамишнинг бир гуруҳ лашкари тунда ҳамла қилмоқчи бўлди. Лекин чиғатойлар Соҳибқироннинг “Кеча бўлғонда ҳеч киши ўз еридин тебранмагай ва ундашмасунлар ва шабихун [яъни кечаси тўсатдан ҳужум]дан воқиф бўлсунлар, ўт ёқмасунлар!” – деган фармонига амал қилиб, шайланиб ноғора ва карнайларни чалиб турган эдилар, душман яқинлашолмай, қайтиб кетди.
 

1411 йил (бундан 614 йил олдин) – Шайх Нуриддин Самарқанд устига қўшин тортди. Амир Абдулхолик ва Чингиз ўғлон бошчилигидаги Оқ Ўрдалик, илгари Темур хизматида бўлган кўчманчилар энди у билан иттифоқда эдилар. Улуғбек қўшин билан уларга қарши чиқди. Самарқанднинг ғарбий тарафидаги Қизилработ деган ерда икки ўртада уруш бўлди. Унда Шайх Нуриддин ғалаба қозонди. Улуғбек Калиф томон чекинди, унинг оталиғи Шоҳмалик эса Самарқанд билан Шаҳрисабз оралиғида жойлашган Олақароғ тоғига яширинди. Шундай қилиб, Шайх Нуриддин учун Самарқандга йўл очилди. 
 

1469 йил (бундан 556 йил олдин) – улуғ сўз санъаткори Алишер Навоий рамазон ҳайити куни улуғ ҳукмдор Султон Ҳусайн Бойқаронинг тахтга чиқиши муносабати билан ўтказилган таҳният (ҳукмдорни муборакбод этиш) маросимида илк бор ўзининг машҳур “Ҳилолия” қасидасини тантана иштирокчиларига тақдим этди. Мазкур қасида шоирнинг ниҳоятда теран бадиий тафаккури ва тахайюлининг маҳсулидир. Қасида 91 байтдан таркиб топган, унинг матлаъ ва мақтасида янги ой – ҳилолга ишора қилинади. 
“Ҳилолия” қасидаси мазмун-моҳияти ва бадииятининг мукаммаллашувини унинг воқеий асар эканлиги ҳам таъмин этган. Қасидадаги воқеалар тўрт асосий образ атрофида айланади: шоир, Аторуд (Меркурий сайёраси, мифологияга кўра, айни шу сайёра шоир ва ёзувчилар ҳомийси саналади), улуғ шоирнинг севгилиси ва шаҳаншоҳ Ҳусайн Бойқаролар шулар жумласидандир. “Ҳилолия”нинг етакчи қаҳрамони улуғ шоирнинг ўзидир.
 

1916 йил (бундан 109 йил олдин) – композитор, Ўзбекистон халқ артисти Сулаймон Юдаков таваллуд топди (вафоти 1990 йил). Унинг асарлари ўзбек ва тожик халқ куйлари ҳамда замонавий оҳанг ва усуллар уйғунлиги, жанр жиҳатидан хилма-хиллиги, ёрқин ва ҳаётбахш куйлари билан ажралиб туради.
 

1917 йил (бундан 108 йил олдин) – Бухоро амири Саййид Олимхоннинг ислоҳотлар тўғрисидаги фармони бекор қилинди. Ёш бухороликлар амирликда таъқиб остига олинди. Бухоро амири 7 апрелда Бухорода турли ислоҳотлар ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Бироқ, фармонни қувватлаш мақсадида Ёш бухороликлар томонидан пойтахт Бухоро шаҳрида 8 апрелда бўлган намойиш амир томонидан бостирилди.
 

1919 йил (бундан 106 йил олдин) – Туркистон Республикаси ҳукумати “Туркистон республикасидаги кутубхоналарни миллийлаштириш тўғрисида”ги буйруқни эълон қилди. Ушбу буйруққа мувофиқ барча халқ кутубхоналари, шаҳар, жамоат кутубхоналари ва хусусий кутубхоналар Туркистон республикасининг мулки деб эълон қилинган ва Халқ Комиссарлари Кенгашининг ихтиёрига берилган эди. 
 

1923 йил (бундан 102 йил олдин) – Туркистон Олий инқилобий трибунали тугатилиб, унинг ўрнига Олий суднинг Туркистон бўлими ташкил топди. Олий суднинг Туркистон бўлими раиси этиб А.Шарафуддинов сайланди. У бунга қадар Туркистон Олий инқилобий трибунали раиси лавозимида ишлаган эди. Олий суднинг Туркистон бўлими таркиби Президиум, жиноий судлов ва жиноий кассация ҳайъатларидан иборат эди.
 

1997 йил (бундан 28 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Автомобилларни тадқиқ этиш ва синаш марказини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
 

1999 йил (бундан 26 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Лизинг тўғрисида”, “Хотин-қизларга қўшимча имтиёзлар тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида” Қонунлари қабул қилинди.
 

2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хоразм Маъмун академиясининг фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.


2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “«Collegium Нumanum» Варшава менежмент университетининг Андижон филиалини ташкил этиш тўғрисида”, “Қўқон давлат педагогика институти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорлари қабул қилинди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади,
ЎзА

Ўзбекистон янгиликлари