Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Апрел, 2025   |   23 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:09
Қуёш
05:35
Пешин
12:27
Аср
17:10
Шом
19:13
Хуфтон
20:32
Bismillah
21 Апрел, 2025, 23 Шаввол, 1446

Хавла бинти Саълаба

17.02.2017   11219   4 min.
Хавла бинти Саълаба

Улуғ саҳобийя  Хавла бинти Саълаба (разияллоҳу анҳо) Ислом тарихида ном қолдирган машхур аёллардан. У Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам)га биринчилар қатори иймон келтириб, машҳур саҳоба Авс ибн Сомитга турмушга чиққан эди.

Солиҳа аёл Хавла эрига вафодорлиги, бола тарбиясида сабри, матонати билан машҳур қозонган эди. Хавла зукко ва доно аёл бўлиб, оиласи, фарзандларидан меҳрини аямас эди, уларга чавандозликни, камондан ўқ отишни ўргатар эди.

Тарихчилар  Хавла билан боғлиқ машхур воқеани манбаларда бундай зикр қилади. Жоҳилият даврида Авс ибн Сомит   хотинига: “сен менга онам каби сан”  деб қўйди ва бу айтган гапидан пушаймон бўлди. Хавла бу гапни Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам)га айтганда “эй Хавла энди сен эрингга харом бўлдинг” дедилар. Хавла эрини оқлаб “Эй Аллоҳнинг расули, эрим кексайиб, ақли заифлашиб қолган, болаларим эса ёш, энди мен нима қиламан?”  деб эридан айрилгиси келмаётганини билдирди. Пайғамбармиз яна аввалги жавобни қайтардилар. Шунда Хавла бинти Саълаба йиғлаб Аллоҳ таолога бундай дуо қилди:  “Аллоҳим сенга арз қиламан, мени бу мушкулотдан ўзинг қутқар. Роббим бу ишимизни ечимини Пайғамбаринг тилига ўзинг тушургин” деди.

Оиша онамиз (разияллоҳу анҳо) ривоят қиладилар: мен ҳам, бошқалар ҳам Ҳавланинг ҳолига ачиниб йиғладик. Шу пайт унинг илтижолари, оҳу фарёди Аллоҳ таолога етгани маълум бўлди. Аллоҳ таоло ўз ҳабибига ваҳий тушуриб, аёлни севинтирди. Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) табассум қилиб, тушган оятни тиловат қилдилар:

قَدْ سَمِعَ اللَّهُ قَوْلَ الَّتِي تُجَادِلُكَ فِي زَوْجِهَا وَتَشْتَكِي إِلَى اللَّهِ وَاللَّهُ يَسْمَعُ تَحَاوُرَكُمَا إِنَّ اللَّهَ سَمِيعٌ بَصِيرٌ (1) الَّذِينَ يُظَاهِرُونَ مِنْكُمْ مِنْ نِسَائِهِمْ مَا هُنَّ أُمَّهَاتِهِمْ إِنْ أُمَّهَاتُهُمْ إِلَّا اللَّائِي وَلَدْنَهُمْ وَإِنَّهُمْ لَيَقُولُونَ مُنْكَرًا مِنَ الْقَوْلِ وَزُورًا وَإِنَّ اللَّهَ لَعَفُوٌّ غَفُورٌ

Эй Муҳаммад Аллоҳ ўз жуфти ҳақида сиз билан баҳслашаётган ва Аллоҳга арз қилаётган аёлнинг сўзини эшитди. Аллоҳ икковингизнинг сўзлашувунгизни эшитур. Албатта Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчидир. Ораларингиздаги ўз хотинларини  “зиҳор”  қиладиган кишиларга улар (хотинларни алсо) оналари эмасдирлар. Уларнинг  (чин)  оналалари  (уларни)  туққан аёллардир. Улар, ҳақиқатан, номақбул ва ёлғон сўз айтурлар. (Лекин)  Аллоҳ афв этувчи ва кечирувчидир”.

Хавла бинти Саълаба эрига бу хабарни айтганда Авс ниҳоятда севиниб кетди.

Хавла эрининг вафотидан сўнг турмуш қурмади. У эрига кўп ачинар, доим унинг ҳаққига дуо қилар эди. Эрига Аллоҳдан мағфират тиларди. Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) қачон Ҳавлани кўрсалар: “Ассалому алайкум, эй дуосини Аллоҳ ижобат этган аёл, эй сўзини Аллоҳ тинглаган аёл”  деб саломлашар эдилар.

Бир куни Умар ибн Ҳаттоб (разияллоҳу анҳу) масжиддан қайтаётганда бир аёл йўлини тўсиб чиқиб, насиҳат қила бошлади: “Эй Умар сен бир вақтлар “Умарча” дейишарди,  кейин “Умар” деб аталадиган бўлдининг. Бугун эса “Мўминлар амири” дейишмоқда. Эй Умар, маъсулят бобида Аллоҳ таолодан қўрқ, ким қиёмат кунидан қўрқса, ким ўлимдан қўрқса, ўткинчи нарсалар ҳам уни қўрқувга соладиган бўлади”.

Ҳамроҳлари Ҳазрати Умарга: “Шу кампирнинг гапини қулоқ солиб ўтирибсизми?” дейишди. Шунда Ҳазрати Умар: “Бу аёлнинг кимлигинни билмайсизми? У Авс ибн Сомитнинг хотини Хавла бинти Саълаба бўлади. Бу аёлнинг сўзини Аллоҳ таоло эшитган-у, Умар эшитмасинми?” дедилар.

Зиҳор муоммоси ҳал этилишида сабабчи бўлган тақводор, эрига вафодор бўлган бу аёл саҳобийялар ичида кўркам ва ифорли гул мисли яшаб ўтди. Аллоҳ таоло ундан рози бўлсин.

Давоми бор...

Манбалар асосида

Тошкент Ислом Институти 4-курс талабаси

Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли тайёрлади

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар

Расулуллоҳ ﷺ мени кўргани келдиларми?

14.04.2025   2917   5 min.
Расулуллоҳ ﷺ мени кўргани келдиларми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу йигит ёшлигида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва ота-онага муҳаббат қўйишнинг олий намунасини кўрсатган. У Исломга кирганини эълон қилиш ва мусулмон ёшлардан бири сифатида Аллоҳ йўлида курашиш истагида Расулуллоҳ билан учрашишга интиқ эди. Бир куни ушбу ниятини амалга оширишни мақсад қилди. Масжидга борди ва у ерни муҳожир ва ансорлар билан тўла эканини кўрди. Улар Ҳабиблари соллаллоҳу алайҳи васалламни тинглаётган эдилар. У бориб, сафнинг орқароғига, ёшлар ва ўсмирлар билан бирга ўтирди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларини якунлаб ташқарига юра бошладилар. Саҳобалар масжид ташқарисига қадар йўлларида туришди. Шу пайт Талҳа ибн Баро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлашди. Сўнгра қўлларини меҳр, муҳаббат билан ўпа бошлади ва: «Мен Талҳа ибн Баро ибн Умайрман. Сизнинг ёнингизга Исломга киришга, байъат олгани келдим... Ўзингиз яхши кўрган нарсани менга амр этинг. Сизга бирон ишда итоатсизлик, осийлик қилмайман...», деярди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини ўпиб, байъат сўраётган йигитчага қарадилар ва елкасига қоқиб: «Сенга ота-онангдан алоқангни узасан деб буюрсам, бажарасанми?», деб сўрадилар.

Бошқа ривоятда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Бор отангни ўлдириб кел» дедилар. У дарҳол амалга ошириш учун юрганида, уни ортга қайтарганлар», деб келади.

Талҳа: «Йўқ», деди. Чунки унга кучли меҳр кўрсатувчи, чуқур муҳаббат билан севувчи онаси бор эди. У ота-онасига оқ бўлишни тасаввур қилолмасди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга юқоридаги саволни такрорладилар. Талҳа ичида рад қилди. Лекин учинчи марта савол такрорланганда, у «ҳа», деди. Чунки унинг Расулуллоҳга бўлган муҳаббати ота-онасига бўлган муҳаббатдан кўра кучли эди... Балки ушбу ҳадиси шариф шундай инсонлар ҳақидадир.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиздан бирортангиз мен унга ота-онасидан, боласидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча мўмин бўла олмайди», дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган.

Талҳа учинчи маротабасида «ҳа», деганида Расулуллоҳ табассум қилдилар ва: «Эй Талҳа, бизнинг динимизда қариндош-уруғлар билан алоқани узиш йўқдир. Мен фақатгина динингда шубҳа аралашишини истамадим», дедилар...

Лекин ўлим унга Аллоҳ йўлида жанг қилишидан аввал етди. У қаттиқ касал бўлиб қолди ва бу қиш фасли эди... У бир ҳушидан кетар, бир ўзига келарди... Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васалламга унинг хасталиги хабари етди. У зот келиб кўрдилар ва аҳлига қараб: «Талҳанинг жони узиладиганга ўхшайди. Агар вафот қилса менга хабар беринглар ва (дафн этишга) шошилинглар. Токи мўмин кишини (вафот этгач) аҳли олдида тутиб туриш яхши эмас», дедилар.

Ярим тунда Талҳа уйғониб кетди. Яқинларидан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдиларми?», деб сўради. Улар у зотнинг сўзларини хабарини беришди. Шунда Талҳа розияллоҳу анҳу: «Йўқ, мен ўлсам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар берманглар. Мен (тунда юрсалар) у зотга яҳудийлар (бирон ёмонлик қилиши)дан қўрқаман. Яна бирон зарарли ҳашарот чақиб олишидан қўрқаман... Ёки бирон мусибат етишидан қўрқаман... Лекин у зотга менинг саломимни айтинглар... Сўнгра, у зотдан мен учун истиғфор сўрашларини айтинглар», деди. Кейин эса аста-секин нафас олиб-чиқариб, хотиржамлик ва сокинлик билан икки шаҳодат калималарини такрорлай бошлади...»

Талҳа ибн Баро ҳатто ўлим соатида ҳам... Фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида ўйларди.. У зотга бирон зиён етишидан қўрқарди... Шу сабабдан ҳам, гарчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга сўнгги бор назар солишларини умид қилган бўлса-да, у зотнинг иштирокларисиз қабрга қўйилишини истади. Чунки унинг қалбидаги Пайғамбар севгиси ҳар қандай хоҳишдан кучлироқ, ҳар қандай рағбатдан устунроқ эди.

Талҳанинг оиласи уни тонг отишидан аввал қабрга қўйдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга чиққанларида у зотга Талҳанинг вафот этгани хабарини етказишди. У зот бомдод намозини адо этиб, асҳоблари билан унинг қабри ёнига келишди ва атрофида саф тортишди. Сўнгра қўлларини кўтариб: «Аллоҳумма алқи Толҳата, тазҳаку илайҳи ва йазҳаку илайка».

Аллоҳим, Талҳани Сен унга кулган ҳолда ва у Сенга кулган ҳолда қарши олгин!», дея дуо қилдилар.

Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббатнинг гўзал намуналарини кўрсатган ёш саҳобийнинг ҳаёти шу тарзда якун топди. У ўзининг ортидан бу дунёда муҳаббат, яхшилик ва вафонинг хуш бўйларини қолдириб кетди.

Абдулмунъим Қандил

Изоҳ: Ушбу ёш ансорийнинг қиссаси Иззуддин ибн Асирнинг «Асадул ғояти фий маърифатус саҳоба» асарида ва яна Бағовий, ибн Ҳайсама, ибн Абу Осим ва ибн Шаҳинлар ҳам келтирганлар. Буларнинг баъзиларини Абу Довуд ривоят қилган.