Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Июн, 2025   |   7 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:09
Қуёш
04:51
Пешин
12:26
Аср
17:34
Шом
19:54
Хуфтон
21:30
Bismillah
03 Июн, 2025, 7 Зулҳижжа, 1446

Китоб – миллатнинг маданий ва маънавий мероси

16.02.2017   12253   9 min.
Китоб – миллатнинг маданий ва маънавий мероси

Китобдан яхшироқ дўст йўқ жаҳонда

Ғамхўринг бўлгай у ғамгин замонда

У билан қол танҳо ҳеч бермас озор

Жонингга юз роҳат беради такрор

Абдураҳмон Жомий 

Ислом дини илму маърифатга тарғиб қилувчи диндир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га нозил қилинган дастлабки оятларда илм олишга ундаш маъноси борлигининг ўзи ҳам, Ислом илму маърифат дини эканлигининг ёрқин далилидир:

"Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан!” (Алақ,1).

Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) шундай деганлар: "Сулаймон ибн Довуд(а.с.)га илм, мол-дунё ва подшоҳликдан бирортасини танлашлик. ихтиёри берилганда, у Зот илмни танладилар. Натижада, Аллоҳ таоло у Зотга илм билан бирга мол-дунё ва подшоҳликни ҳам қўшиб берди". Зеро, илм ақл чироғи дейдилар. Илмли кишининг йўли доимо чароғон бўлиб, у ҳамма ерда ҳам қадрланади. Бу дунёнинг қоим туриши ҳам олимларнинг илмига боғлиқ эканлиги Пайғамбаримиз (с.а)нинг ҳадисларида баён этилган. Ҳазрат Али (к.в.) шундай деганлар: "Илм мол-дунёдан яхшидир, чунки илм сени ножоиз ишларни қилишдан сақлайди. Молни эса ўғирлаб кетмасликлари учун ўзинг қўриқлайсан. Мол-дунё сарф қилинса камаяди, илм эса тарқатиш билан янада зиёда бўлаверади".

Китоб — инсоннинт энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи ва билим манбаидир. Китоб фикрлаш қуроли, хазиналар калити, тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, мўътабар ва муқаддас деб ҳисоблаган. Шунинг учун китобта муҳаббат, уни қадрлаш, ўқишга иштиёқ халқимизнинт қон- қонига сингиб кетган. Кишининг маданияти унинг китобида акс этади. Шу маънода бугунги кунда китоб ўқиш ва унга муносабат бир қадар сусайгандек. Чунки ёшлар кўпроқ кино, видео, телевидение, компьютерга берилиб кетди. Компьютер ҳозирги кунда кўпгина хонадонларга ҳам кириб келган. Исталган янгилигу ахборотларни бу воситалардан хоҳлаганча олиш мумкин. Ачинарлиси, бугун китоб ўқиш  учун вақт сарфлашга ҳожат йўқдек. Аслида, ҳеч бир ахборот воситаси, кино ёки видеофильм бадиий асар ўрнини босолмайди. Масалан, "Ўтган кунлар" романи асосида ишланган фильм қанчалик маҳорат билан суратта олинган бўлмасин, китобнинг таъсирини, жозибасини беролмайди. Китобхонлик оиладаги муҳитга ҳам боғлиқ. Маърифатли оилаларда китобга эътибор фарзандлар тарбиясида қўл келади. Инсон ўзининг фикрлаш қобилияти, маънавият дунёси билан тирик. Одамни бошқа мавжудотлардан ажратиб турувчи омиллардан бири ҳам унинг маънавияти ҳисобланади.

Хўш, биз инсонлар маънавий озуқани қаердан оламиз? Албатта, "билимлар манбаи" бўлмиш китобдан. Китоб - бебаҳо бойлик экани барчамизга маълум. Бирорта санъат турини телевидение ва радио, замонавий компьютерлар имконияти ва афзалликларини инкор қилмаган ҳолда айтиш мумкинки, буларнинг ҳеч бири китоб ўрнини боса олмайди. Айниқса, бадиий китоблар ҳар бир кишида инсоний фазилатларини кучайтиради, дунёқарашини кенгайтиради. "Ўзимдаги барча яхши хислатларим учун китобдан миннатдорман", деган эди ўз давридаги алломалардан бири.

Дарҳақиқат, китоб бизнинг дўстимиз ҳисобланади. Лекин афсуски, бугунги кунда орамизда бу бебаҳо-маънавий бойликдан баҳраманд бўлиш ўрнига "Интернет кафе"ларда вақтини беҳуда ўтказаётган ёшлар учраб туради. Авваллари на компьютер, на интернет бўлган. Ота- боболаримиз "Бобурнома", "Ўткан кунлар", "Меҳробдан чаён" сингари бебаҳо асарларни ўқиб, улғайишган. Хўш бугунчи? Кўпчилик, айниқса, ёшлар интернетни китобдан афзал билишади. Шу ўринда, бу замонавий ахборот воситасининг салбий оқибатлари ҳам йўқ эмаслигини унутмаслик лозим. У туфайли бугун китобга бўлган меҳр тобора камайиб боряпти. Унутмайликки, китоб бизнинг энг яхши дўстимиздир. Биз қанча кўп китоб ўқиганимиз сари, шунча тушунчамиз кенгаяди. Афсуски, кўп ёшлар интернетни китобдан устун қўймоқда. Бу эса уларни дангасаликка гирифтор қилмоқда. Китоб - бу офтоб, у билимлар сарчашмасидир. Китобни инсон тафаккурининт қанотларига ўхшатишган. Зеро, тафаккури, фикр доираси кенг маърифатли кишилар жамиятнинт чинакам бойлигидир. Аксинча, ҳаётда рўй бериб турадиган айрим нохушликлар илдизи эса маърифатсизлик, китоб ўқимасликнинт аччиқ мевасидир. Темирни занг кемирганидек, одамни ҳам маънавиятсизлик мўрт қилади. Маънавият эса инсонга китоб ўқиш орқали юқади. Ҳар қандай янгилик ҳам бир кун эскиради, бироқ инсониятнинт минг-минг йиллар давомида қўлга киритган ақлий ҳамда фикрий дурдоналарини ўзида жамлаган китоблар асло эскирмайди. Бинобарин, китоб-ҳамиша илм-маърифат, адаб ва ахлоқ манбаи бўлиб келган. Бугунги кунда ёш авлодни миллий қддриятлар руҳда тарбиялашда ҳам китобдан кўра қудратлироқ восита йўқ. Инсон ақлий салоҳиятининг юксалишида китобнинг ўрни беқиёс. Зеро, китоб туфайли дунёқарашимиз бойиб, тафаккуримиз янада ўсиб бораверади. Не-не улуғ зотлар китобга ошно бўлиб, етукликка эришган, комил инсон даражасига етишганлар.

Китоб - инсон маънавияти ва дунёқарашини юксалтирувчи муҳим манбаа ҳисобланади. Китоб ўқиган инсон мулоҳазали, билимли бўлиб, юксак тафаккури ила бошқалардан ўзининг дунёқараши ва фикрлаши билан ажралиб туради. Китоб билан ошно бола яхши инсон бўлиб улғаяди. Шунинг учун ҳам оилада, боғча ва мактабларда болаларнинг китобга меҳрини, адабиётга қизиқишини ошириш ота-оналарнинг, ўқитувчиларнинг вазифаси.

Кўп китоб ўқиган кишининг билим савияси юқори, муомала маданияти юксак, етук инсон сифатида ҳаётда ўз ўрнини топа олади. Бироқ, бугунги кунда китобга, китоб ўқишга бўлган эҳтиёж ва интилиш, айниқса, ёшлар орасида тобора камайиб бормоқда. Бу эса жуда ачинарлидир. Қанчадан-қанча китоблар, китоб жовонлари ва дўконларида шунчаки кўргазма сифатида турибди. Табиий савол туғилади. Нега шундай? Нима учун китоб ўқимай қўйяпмиз?

Минг афсуски, китоб ўқиш ўрнига қимматли вақтини бекорчи кўнгилочар ўйинларга сарфлаётган инсонлар ҳам орамизда оз эмас. Ундайлар фикрлашда, ўзини тутишда ҳам маънавияти юксак эмасликларини намоён этиб кўйишади. Техника асри даврида яшаяпмиз, кундан-кунга техник воситалар тараққийлашиб, уларга бўлган эҳтиёж ортиб бормокда. Хусусан, қўл телефонлари, турли интернет тизимини бунга мисол қилишимиз мумкин. Тўғри, Юртимизда ёшларга кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Чунки миллатимиз шаънини, миллий ғуруримизни юксалтирувчи бу - ёшлар. Шу боис, турли миллат ва элатларнинг ёшлари каби ўзбек ёшлари ҳам дунё билан мулоқотда бўлиши керак. Бунга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Лекин айрим ёшлар берилган имкониятлардан унумли фойдаланиш ўрнига, интернетдаги кўнгилочар ўйинлар, танишувлар, ёшлар онгини заҳарловчи сайтларга кириб, у ердаги маълумотлар билан танишмоқдалар. Бунинг оқибатида уларнинг дунёқараши бир томонлама бўлиб қолмоқда.

Қадимда буюк шоир ва ёзувчиларимиз, олимларимиз китобга шу қадар меҳр қўйган эдиларки, ҳатто тунлари шам ёруғида китоб мутолаа қилганлар. Сўз мулкининг султони Навоий хазратлари 7 ёшида Фаридиддин Атторнинг "Мантиқут-тайр" асарини ёд олган, буюк муҳаддисимиз Имом ал-Бухорий ҳазратлари эса олти мингдан зиёд ҳадисни ёд билган. Аммо у даврларда бизга яратиб берилаётган имкониятларнинг бир қисми ҳам бўлмаган. Лекин улар ўз максадлари сари интилиб, юксак маънавият соҳибига айланишган. Демак, биз учун берилаётган имкониятдан унумли фойдаланиш хар биримизнинг ўзимизга боғлиқ. Тўқликка шўҳлик эса ўзбек миллатииинг ёшларига хос фазилат эмас. Аслини олганда, айрим ёшларимиз бундай лоқайдликдан йирок. Улар ўзларининг ҳур фикрлиги ва юксак маънавияти билан ажралиб туради. Бирок, гуруч курмаксиз бўлмагани каби инсонлар орасида ҳам маънавий қашшок кишилар йўқ эмас. Бундайларнинг лоқайдликлари натижасида "енгил ҳаёт" ихлосмандлари сафи ортиб бормоқда. Оқибатда китобни ўқиш унутилмоқда. Маънавияти саёз, китоб ўқимайдиган инсонлар оиласида тарбия топаётган фарзандлар келажакда баркамол шахс бўлиб улғаймайди.

Шу боис, ҳар бир инсон билимлар калити бўлмиш - китоб билан дўст бўлмоғи лозим. Ахир дунёда китобдан кура яхширок дўст ва маслакдош йўқ.

Атоқли адибимиз Ойбек таърифича, китоб - тафаккурнинг толмас қанотларидир. Шу маънода айтиш мумкинки, китоб - инсоннинг қалб гавҳари, тафаккур хазинасидир. Биз шундай йўл тутайликки, токи фарзандларимиз учун китоб энг бебаҳо совғага айлансин. Шундагина фардандларимиз биз орзу қилгандай, маънавий етук, теран фикрлай оладиган, катта ва кичик меҳрибон, Ватанига содиқ, инсофли, диёнатли ва олийжаноб инсонлар бўлиб камол топадилар.

 

Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,

Янгийўл тумани “Жоме” жоме масжиди имом хатиби.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

“Ал-Мавоҳибул латифа” асарида ҳадисларни шарҳлаш услуби

30.05.2025   6200   6 min.
“Ал-Мавоҳибул латифа” асарида ҳадисларни шарҳлаш услуби

Муҳаммад Обид Синдийнинг “Ал-Мавоҳибул латифа” асари, албатта, Ислом ҳадиси ва фиқҳ фанини ўрганишда муҳим адабиётлардан биридир. Унинг ёритиш услуби ўзига хос ва илмий тафсирга бойдир.

Муҳаммад Обид Синдий Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисни келтиргач, ўша ҳадисни яна қайси муҳаддислар китобида зикр қилганини қуйидаги тартибда беради: Имом Бухорий “Жомеъус саҳиҳ”да, Имом Муслим “Саҳиҳ”да, Имом Молик “Муватто”да, Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий, Ибн Можа, Дорқутний ва Байҳақийлар “Сунан”ларида, имом Шофеий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Доримий, Баззор, Абу Яъло Мусилийлар “Муснад” ларида, Табароний уч мўъжамида ва бошқа зикр қилганларини санаб ўтади. Сўнг ривоятларнинг лафзларидаги фарқларни зикр қилади. Сўнг ҳадиснинг мазмунида баён қилинган масалага оид бошқа лафзлар билан зикр қилинган ҳадисларни келтириб, у ҳадисларни санадлари ва ровийларининг аҳволини баён қилиб, ҳадиснинг даражасини айтади.

Шунингдек, Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг муснадида келган ҳадис фиқҳий масалага ҳужжат бўлиши учун мутобеъ ва шоҳид ҳадисларни келтириб ўтади. Бу билан аллома Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадис заифмаслигини кўрсатиб берган. Шунингдек, аллома ҳадисни шарҳлашда юқорида санаб ўтилган нарсаларни зикр қилгач, ҳадис ровийси бўлган саҳобийга тўхталиб ўтади ва унинг таржимаи ҳолини қисқача келтиради. Ҳадис санадидаги ҳар бир ровийга бирма-бир тўхталиб ўтади. Ҳадисдаги ғариб (кам учрайдиган) лафзларни шарҳлайди, ундан олинадиган фиқҳий масалани баён қилишга ўтади.

“Ал-Мавоҳибул латифа” китобни кўп олимлар мақтаган. Жумладан, “ал-Яниъ ал-жаний” китобининг муаллифи Муҳаммад ибн Яҳё Таймий шундай деган: “Ажойиб китоб бўлиб, у ҳам фақиҳ, ҳам муҳаддисга кўп фойда беради”[1].

Муҳаддис Шайх Муҳаммад Рашид Нўъмоний: “Ал-Мавоҳибул латифа” асарини ўқиб чиқдим. Ҳеч иккиланмай шуни айтаманки, Ибн Ҳажарнинг “Фатҳ” китобидан кейин ҳадис шарҳлаш борасида бунга ўхшаган бошқа китоб йўқ”, деган[2].

Ҳадисларни шарҳлаш услубига қарқалса, аллома гоҳида бир ҳадисни шу даражада узоқ шарҳлайдики, унинг шарҳини олиб алоҳида кичик бир рисола қилса бўлади. Мисол учун, Ҳаж китобида келган 255-ҳадисни шарҳи 278-бетдан бошланиб, 366-бетгача давом этган. Агар ушбу ҳадиснинг шарҳини алоҳида нашр қилинса, 90-100 бетли кичик рисола бўлади[3].

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “тонгни ёруғлатиб бомдодни ўқишнинг” савоби буюкроқ”, деган сўзлари бомдодни ўқиш учун белгиланган вақтда икки хил савоб борлигини билдиради. Чунки, исми тафзил бўлган “أفعل” сийғаси бир сифатда икки нарса ўзаро рақобатлашиб, бири иккинчисидан устун келганини билдиради”[4].

Муаллиф бу ерда араб тили граматикасидаги исми тафзилнинг таърифидан келиб чиқиб, ҳадисда айтилмаган янги бир маънони яъни, бомдод учун ажратилган вақтда ўқиладиган намозга бериладиган савоб икки хил бўлиши мумкинлини айтмоқда.

Синдий ҳадис шарҳлашда гоҳида эътиқодий масалаларга ҳам кенг тўхталиб ўтади. Мисол учун асарнинг “Иймон” китобида у олимлар орасида Иймонга берилган таъриф борасидаги ихтилофни баён қилиб шундай дейди:

“Иймоннинг шаръий таърифи: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳдан олиб келган нарсани тасдиқлашдир. Иймонинг бу таърифига барча олимлар иттифоқ қилган. Ихтилоф эса, тил билан тасдиқлаш иймон таърифига кириш кирмаслиги борасида бўлган. Аксар муҳаққиқ олимлар ва Ашъарий: “Иймон Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган нарсани тасдиқлашдан иборат. Тасдиқлаш деганда тафсилий[5] масалаларни тафсилий, ижмолий[6] масалаларни ижмолий тасдиқлаш тушунилади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган нарсаларни тасдиқлашда далили бўлиши керак деган шарт йўқ. Шунинг учун муқаллиднинг иймони ҳам иймон ҳисобланади”, дейишган. Бошқа олимлар эса иймонинг таърифида: “Иймон тил ва қалбнинг иши, яъни қалб билан тасдиқлаб, тил билан иқрор қилиш”, дейишган. Баъзи олимлар: “Аслида дил билан тасдиқлаш кифоя. Тил билан иқрор бўлиш эса, банда билан Аллоҳнинг ўртасидаги иймонга алоқаси йўқ. У шаръий ҳукмларни ижро қилиш учун қўйилган шарт”, деган. Имом Насафий айтади: “Мана шу гап Абу Ҳанифадан ривоят қилинган. Абу Мансур Мотуридий ҳам шу фикрни маъқуллаган. Икки ривоятнинг саҳиҳроғида айтилишича Ашъарий ҳам шу фикрга борган”[7].

Муаллифнинг яна бир ажралиб турадиган томони, у ушбу китобида бошқа китоблардан бир нарсани нақл қилганда фақат ўзи ўқиган ва китобларда учратган маълумотни келтиради. У ҳеч қачон китобда ўқимай, шайхлардан эшитган маълумотни ушбу асарида зикр қилмайди. Бир масала борасида маълумот бераётганда: “Бу масала борасида мен кўрган ва мендаги китобларда учратган маълумотим шу” иборасини ишлатиб, ўша масалани қўлидан келганча, қодир бўлганча ёритганини айтиб ўтади. Агар бирор манбада учратмаган бўлса, зикр қилмайди.

Тошкент ислом институти Тиллар кафедраси

ўқитувчиси Анваров Элёрбек


[1] Саид Бектош. Имом фақиҳ муҳаддис шайх Муҳаммад Обид Синдий. – Байрут: Дору башоири-л-исламия, 1987. – Б. 298.

[2] Саййид Абдулмажид Ғоврий. Шайх Муҳаммад Обид Синдий ва жуҳудуҳу фи ҳадисин набавий.- Байрут: Дорул ирфон, 2015. – Б. 36.

[3]“ал-Мавоҳибу-л-латифа” китобининг тўртинчи жуз 278-366 бетларига қаралсин.

[4] Муҳаммад Обид Синдий. ал-Мавоҳибу-л-латифа. – Байрут: Дорун наводир, 2013. 2-жуз. – Б. 175.

[5] Тафсилий тасдиқлаш деганда, Аллоҳнинг борлиги, бирлиги ва Унинг сифатлари ҳамда Аллоҳга иймон келтириш керак бўлган бошқа барча нарсаларга алоҳида иймон келтириш тушунилади.

[6] Ижмолий тасдиқлаш дегани масалан қабр азобига иймон келтириш. Унинг тафсилотига кирмасдан, қабр азобининг ҳақлигига иймон келтириш тушунилади.

[7] Муҳаммад Обид Синдий. ал-Мавоҳибу-л-латифа. – Байрут: Дорун наводир, 2013. 1-жуз. – Б. 70.

Ҳадиси шариф