Инсоният яшаш давомида эзгу мақсадларга етиш учун доимо изланади ва ҳаракатда бўлади. Эзгу мақсадли инсон орзу-умидини амалга ошириши учун энг катта таянч тинчлик ва осойишталик муҳитидир. Одатда, тинчлик сўзи кишини безовта қилмасликни, ҳолатларнинг тинч ва осойишта, уруш-жанжалсизлигини, ҳаёт ва турмуш тизимини бир меъёрида бўлишини ифода этади. Оилада тинчлик ва осойишталик ҳукм сурса, оила бардавом ва мустаҳкам. Эл-юртда тинчлик ва осойишталик давом этса, мамлакат тараққиёти, фаровонлиги, юрт аҳлининг турмуши обод бўлади. Буларни акс эттирувчи муқаддас қадриятларимиз, миллий урф-одат ва расм-русумларимиз, динимиз бевосита хотиржамлик силсиласига узвий боғлиқдир. Халқимиз тинчлик ва осойишталикни истаб кундалик ҳаётида қатор диний ва миллий фазилатларни амалга оширади. Жумладан: улар кўришганида салом беради. Бу бир-бирларига тинчлик, омонлик тилаш рамзидир.
Дуо қилса, Яратгандан хонадонларимизни тинч, юртимизни обод қилгин деб юзига фотиҳа тортади.
Ҳар бир яхшилик, эзгулик устида тинчлик бўлсин дея, келажак учун яхши ниятлар қилади.
Тўй-тўновларда тўйлар бўлаверсин дейди,чунки тўй тинч ва фаровон кунлар боис ўтадиган тантанадир.
Оилада янги меҳмон туғилса, гўдакка узоқ умр, баланд мартаба, унинг бахтига тинчлик, икки дунё обрўси ва бахт-саодат берсин деб илтижо қиладилар.
Бир сўз билан айтганда, инсониятга, дов-дарахтга, чорва-молга, қурт-қумурсқага ҳаводек зарур бўлаётган тинчлик-хотиржамлик, осойишталикдан ҳам зиёда, мўътабар неъмат йўқ. Дарҳақиқат, Аллоҳ асрасин, оила ва юрт нотинч бўлса, тўй-томоша, кўнгилхушлик, ҳазил-мутойиба, ҳаёт лаззатини тасаввур қилиб бўлмайди. Инсон бирор луқмани хотиржам ютмайди, ҳар қандай кошона уй-жой, мол-мулк, бола-чақа инсон танасига оғирлик қилади. Айтишларича, нотинчлик, уруш сабабидан охирги беш минг йилда уч миллиарддан зиёд одам ҳаётдан кўз юмган.
Урушлар сабабидан меҳр-оқибат, инсонийлик унутилади, ҳар қандай эзгу амаллар, улуғ мақсадлар поёнига етмайди. Ер қанчалик кенг бўлиши билан шунчалар тор ва зиқ кўринишга мубтало бўлади. Демак, хотиржамлик, осойишталик неъматини сўрашда доно халқимиз нечоғлик тўғри ва гўзал йўл танлаган. Муқаддас динимиз дастури бўлмиш Қуръон оятларида тинчлик-осойишталикка катта эътибор қаратилиб, Аллоҳ таоло: “Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур” (Исро, 83) деб, тинчлик-осойишталик тўғрисида марҳамат қилади.
Аллоҳ таоло бандаларини ўзаро иттифоқликда, аҳилликда, тинчлик-омонликда яшашга даъват этиб: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!”. (Ҳужурот, 9) деган инсонпарварлик тамойилини яратишга чақиради.
Жаннатмакон юртимизда тинчлик-осойишталик барқарорлигини таъминлаш йўлида давлатимиз томонидан катта иш олиб борилаётгани бизнинг бахтимиздир.
Шунга кўра биз ҳам тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, бу фаровонлик, осуда турмушимизнинг барқарорлигини таъминлашда ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Бу орқали турмушимиз фаровонлигига эришамиз.
Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилганидек, “Икки энг азиз неъмат бор-у, кўплар бунинг қадрига етишмайди, булар саломатлик ва тинчлик-хотиржамликдир” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти).
Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, фарзандлар эмин-эркин камолга эришади, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Яратган Парвардигор Қуръони каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаб бундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларгааниқдушмандир” (Бақара, 208).
Ислом дини инсон учун тинчлик ва омонлик динидир. Аллоҳ таолонинг исмларидан бири “Ас-Салом”дир. Қуръон нозил бўлган кеча ҳам салом кечасидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло каломи шарифида: “У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир”, дейди (Қадр, 5).
Динимизнинг тинчликка бўлган эътибори нечоғлик катта бўлиши билан бир қаторда бағрикенглик унинг негизидир. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан ҳис этади.
Тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк илоҳий неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликнинг қадрига етиб, шукрини адо этишлари, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим. Зеро, тинчлик ва хотиржамликнинг улуғ неъматлиги доимо кундалик хайриятларимизнинг бошида зикр қилинади. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳиссалом энг аввало инсон дунё ва охиратда тинч-омон бўлишни сўраб, дуо қилиш тўғрисида Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй, Парвардигор! Дунё ва охиратда тинч ва омонда қилгин” деб қилинган дуодан кўра афзалроқ дуо йўқдир” дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Айнан шу мазмунни Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “(Эй, Анас!) Аллоҳ таолодан дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлишни сўрагин. Зеро, сенга дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлиш берилса, нажот топибсан” дедилар (Имом Термизий ривояти).
Демак шундай экан, Яратгандан бир-биримизга тинчлик, амният, хотиржамлик тилайлик! Аллоҳ таоло тинчлик-осойишталигимизни ҳамиша барқарор қилсин. Жаннатмакон юртимизни тинч, меҳнатсевар халқимиз ҳаётини фаровон айласин!
Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Кўпчилик мусулмонлар Қуръонни фақатгина савоб ва ажр олиш мақсадида ўқишади, айни пайтда Қуръонда кўплаб манфаатлар борлигини унутишади.
Аслида, Қуръонни ҳар гал аниқ бир ният билан ўқилса, Аллоҳ таолонинг фазли ила ўша нияти амалга ошади.
Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: "Амаллар ниятларга боғлиқдир ва ҳар кимга ниятига ярашаси берилади", деганлар.
Қуръон — ҳаёт дастури. Ният олимларнинг сармояси. Шунга биноан мусулмон киши Қуръон ўқиганида қуйидагича ниятларни қилиши керак:
1. Мен Қуръонни илм олиш ва унга амал қилиш мақсадида ўқийман.
2. Мен Қуръонни Аллоҳдан ўзимга, фарзандларимга ва оиламга ҳидоят бериши учун ўқийман.
3. Мен Қуръонни Аллоҳга муножот қилиш учун ўқийман.
4. Мен Қуръонни дардларимга шифо бўлиши учун ўқийман.
5. Мен Қуръонни жаҳолат зулматидан ҳидоят нурига чиқиш учун ўқийман.
6. Мен Қуръонни қалбимнинг қаттиқлигини йўқотиш, унга хотиржамлик солиш ва шайтоннинг васвасасини кетказиш учун ўқийман.
7. Мен Қуръонни ҳасаддан, назар нафасдан ўзимни ва оила аҳлимни асраш учун ўқийман.
8. Мен Қуръонни ғофиллардан бўлиб қолмаслик ва Аллоҳни мудом зикр қилувчилар қаторида бўлиш учун ўқийман.
9. Мен Қуръонни иймоним мустаҳкам бўлиши, ишончим ортиши учун ўқийман.
10. Мен Қуръонни Аллоҳнинг амрига итоат этиш учун ўқийман.
11. Мен Қуръонни ҳар бир ҳарфи учун ўнтадан савоб олиш учун ўқийман.
12. Мен Қуръонни қиёмат куни Қуръоннинг шафоатига ноил бўлиш учун ўқийман.
13. Мен Қуръонни жаннатда юқори даража топиш учун ўқийман.
14. Мен Қуръонни Аллоҳнинг ҳузурида даражам юксак бўлиши учун ўқийман.
15. Мен Қуръонни қиёмат куни ота-онамга тож кийдириш учун ўқийман.
16. Мен Қуръонни Аллоҳнинг хос аҳлларидан бўлиш учун ўқийман.
17. Мен Қуръонни дўзахдан нажот топиш учун ўқийман.
18. Мен Қуръонни ўзимга ёки оиламга етган сеҳр-жоду амалидан халос бўлиш учун ўқийман.
19. Мен Қуръонни Аллоҳ мушкулимни осон, ҳожатимни раво қилиш учун ўқийман.
20. Мен Қуръонни Аллоҳ қарзимга нажот бериши учун ўқийман.
21. Мен Қуръонни қабримда менга ҳамроҳ бўлиши, сирот кўпригида нур бўлиши учун ўқийман.
22. Мен Қуръонни Пайғамбар алайҳиссаломнинг ахлоқлари билан хулқланиш учун ўқийман.
23. Мен Қуръонни ўзимни ботил ишлардан тийилиб, савобли ишлар билан машғул қилиш учун ўқийман.
24. Мен Қуръонни ғам-ташвишлардан фориғ бўлиш учун ўқийман.
25. Мен Қуръонни нафсим ва шайтонга қарши курашиш учун ўқийман.
Қуръон тиловати бу - зикр. Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтганлар: "Аллоҳ таоло шундай деган: "Ким менинг зикрим билан машғул бўлиб, мендан ҳожатларини сўрай олмаса, Мен унга сўраганларидан ҳам афзалини ато этаман".
Аллоҳ таоло барчамизнинг қилган амалларимизни қабул айласин.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ