frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Ибратли дунё

10.02.2017   17673   2 min.
Ибратли дунё

Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:

- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.

- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..

- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?

- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.

- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:

- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.

- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.

Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.

ТИИ талабаси

Тожиддинов Абдуссомад

Бошқа мақолалар

Расулуллоҳ ﷺнинг зуҳдлари

22.04.2026   17230   3 min.
Расулуллоҳ ﷺнинг зуҳдлари

Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёнинг аввалидан охиригача яшаб ўтган ва яшаб ўтишлари келажакда тақдир қилинган барча зоҳид зотларнинг ҳаммаларидан кўра зоҳидроқлари эдилар. Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Тиҳома тоғи катталигича олтин, кумуш, зумрад у киши билан доимо ҳамроҳ юришлиги шарти билан таклиф этилганда ҳам қабул қилмадилар, айтдиларки:

“­Йўқ, Аллоҳим, мен бир кун оч, бир кун тўқ юришни истайман” (Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, Байҳақий ривояти).

Шунингдек, ҳазрати  Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Менга Уҳуд тоғи катталигича олтин берилганда ҳам мени бу нарса қувонтиролмайди. Мабодо уч кун ўтиб бу бойликдан бир дирҳамча қолгудай бўлса, у  ҳам бўйнимдаги қарзимни ўташлик учун қолган бўларди холос” (Зайд ибн Ваҳбдан ривоят қилинган, Бухорий ривояти)

Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларида дунё бойлигидан нимадир сақлашни хуш кўрмасдилар. Ҳатто Уҳуд тоғичалик олтинлари бўлган тақдирда ҳам барчасини мусулмонларга тарқатиб берган бўлардилар. Ўзларида эса қарзларини тўлашгагина кифоя қиладиган миқдорни сақлаган  бўлардилар холос.

Шунингдек, ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар эътиборини ишқ ҳақиқатига қаратар эканлар, ҳеч бир банданинг кўнгли то Аллоҳ  Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббати билан лиммо-лим бўлмагунча ва бу севгини бошқа ҳамма нарсага бўлган муҳаббатдан устун қўймагунича иймонда камолга етишолмаслигини уқтирардилар:

“Сиздан бирортангиз мен унга ота-онасидан, боласидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча, мўмин бўла олмайди” (Анас ибн Моликдан икки шайх ва Насоий ривоят қилган).

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга дунёни муҳаббати инсон қадрини ерга уришлигини, хўрлаб очкўз қилиб қўйишлигини атрофлича тушунтириб ўтганлар. Ҳақиқатда инсон боласининг кўзи дунё бойлигига ҳеч қачон тўймайди.

Жумладан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Одам боласи, икки водий тўла мол-дунёси бўла туриб, мол-дунё тўла учинчи водийни орзу қилади. Учинчисини қўлга киритгандан сўнг тўртинчисини тилай бошлайди. Одам боласининг кўзини тупроқдан ўзга нарса тўлдиролмайди” (Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Шунингдек, Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмин киши ўзининг иффату ҳурматини сақлашлигини, дунёга тўқлик, беҳожатлик ва бапарволик назари билан қарашлигини яхши кўрар эдилар. Аллоҳнинг Расули саллаллоу алайҳи васаллам яна айтдиларки:

“Чиндан ҳам садақа,  одамларнинг кири ва гуноҳларининг ювиндисидир” (Абдулмутталиб ибн Робиъадан ривоят қилинган, Муслим ривояти).

Ҳазрати Пайғамбаримизнинг бу муборак сўзларида мўмин киши шахсиятини қанчалар олийжаноб, азиз, шарму ҳаёли, ўзгалар қўлига қарамайдиган бўлиши лозимлиги  ҳақида  ойдин ишоралар бор.

Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам яна таълим берар эдиларки, агар мўмин кишининг назари – кўзи  тўқ бўлса  Аллоҳнинг муҳаббатига, одамларнинг муҳаббатига бемалол, осонликча эриша олади. Чунки одамлар ўз қўлларидаги молу дунёдан умидвор бўлган кимсани, ҳеч қачон ёқтирмайдилар. Чунончи, марҳамат этдилар:

“Дунёдан юз ўгиргин, Аллоҳ севади. Одамлар қўлидаги нарсадан умидвор бўлма, одамлар севишади” (Абул Аббос Саҳл ибн Саъидийдан ривоят қилинган, Ибн Можа ривояти).

“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.