Юртимиз ўзининг шонли тарихи, оламга донғи кетган, бутун дунё илм аҳлига таълим берган буюк фарзандлари билан машҳур. Унинг бағридан олимлар, шоирлар, муҳаддис-у луғат билимдонлари, истеъдодли амиру, лашкарбошилар етишиб, нуфузини юқори кўтариб келган.
Бу халқ вакиллари шоирман деб давлат ишларидан, шоҳман деб санъат ва адабиётдан четда бўлиб қолмай, билъакс ҳам, дин ҳам давлат, ҳам санъат билан бир вақтнинг ўзида машғул бўлганлар.
Халқимизнинг ана шундай вакилларидан бири ўзбек халқининг буюк фарзанди, йирик мутафаккир, шоир ва олим, давлат арбоби Алишер Навоий ҳазратларидир. У милодий 1441 йил 9 феврал, ҳижрий 844 йил ўн еттинчи рамазонда Хуросон давлатининг йирик шаҳри Ҳиротнинг Боғи Давлатхона мавзейида истиқомат қилувчи зиёли, хон саройида хизматда бўлган Ғиёсиддин Кичкина оиласида дунёга келади.
Алишер болалигиданоқ ўзининг ўткир зеҳни, зийраклиги хушхулқи ва хушфаҳмлиги билан тенгдошлари орасида алоҳида ажралиб турган. Алишер 3-4 ёшидаёқ шеър эшитиш шеър ўқиш ва ёдлашга қизиқади. Алишер 12 ёшида отасидан етим қолади ва Хуросон подшоҳи Абдулқосим Бобур саройига хизматга киради. Абулқосим Бобур адабиёт ва санатни жуда севар ижодкорларни қадрлар ўзи ҳам ўзбек ва форс тилларида ғазаллар ёзар эди. Маърифатпарвар ҳукмдор Алишер ўз тарбиясига олади. Шеърият аҳли унга “зуллисонайн – икки тил эгаси” лақабини бердилар. Навоий тахминан 18 – 19 ёшларида Абдураҳмон Жомий билан танишади. Навоийнинг билим савияси, қобиляти ва шеърий иқтидоридан хурсанд бўлган Жомий уни ҳам фарзанд, ҳам шогирд сифатида қадрлайди. Кейинчалик бу икки улуғ шоир ўртасида шогирд ва устозлик муносабатлари янада мустаҳкамланади.
Алишер 1466 йилда Самарқандга келади ва у ерда дастлаб моддий қийинчиликда яшайди. Шунга қарамай, Самарқанд мадрасаларида таҳсил олади, илм фан, адабиёт ва санъат аҳли билан танишади. Ўзининг иқтидори, қобилияти билан тез орада обрў ва эътибор қозонади.
1469 йил Ҳусайн Бойқаро тахтни егаллагач, Алишер Навоийни Ҳиротга ўз ёнига таклиф қилади. Навоий Ҳусайн Бойқаронинг тахтга чиқиши муносабати билан “Ҳилолия” қасидасини битади.
Ҳусайн Бойқаро уни муҳрдорлик вазифасига тайинлайди. Кейинчалик (1472) бош вазир лавозимига кўтаради, унга “Амири кабир” унвонини беради. Навоий ўзининг олижаноб ва энг юксак орзулари – халққа хизмат қилиш, мамлакат осоишталигини сақлаш, ҳокимиятни мустаҳкамлаш, фан ва адабиёт, ободончилик маданиятини ривожлантиришдек улкан ишлар қанчалик оғир ва масъулиятли булмасин уларни катта меҳр-муҳаббат ва улуғворлик билан амалга оширди.
Алишер Навоий юрт учун, раият манфаатини кўзлаб ўз орзулари, шахсий манфаатларининг баҳридан кечган. Аллоҳ таолога муҳаббати чексиз, Унинг Каъбасини кўришга орзуманд шоир умри армон билан ўтади. У Каъбани зиёрат қилиш, ҳаж амалини бажариб келиш учун Ҳусайн Бойқародан уч марта изн сўрайди. Аммо, тож-у тахт учун доимий курашлар билан овора шоҳ агар Сиз бу юртдан кетсангиз, ўғилларим менга қарши исён қиладилар. Сиз шу ерда экансиз, улар бу ишга ботинмагай, деб, Навоийга рухсат бермайди. Шоҳ амрини вожиб билган, юрти учун жонини фидо айлаган ҳассос шоир, ўзининг энг катта орзусини халқ учун, беҳуда қон тўкилмслиги йўлида қурбон қилади. У “Ихлосия” мадрасаси “Хулосия” хонақоҳи, “Шифоҳия” табобатхонаси, Жоме масжиди, “Дорул ҳоффоз” Қироатхона ва шунга ўхшаш бошқа ўнлаб бинолар қурдирди.
1476 йили иғволардан қаттиқ чарчаган Алишер Навоий вазирликдан истефога чиқиб, ижод билан шуғулланиш мақсадида подшодан изн сўрайди. Султон ноилож унинг илтимосини қондиради.
1483-1485 йил давомида “Хамса” асарини ёзиб тугатади. 1491–1492 йилларда у ўзбек тилида ёзган ҳамма шеърларидан яхлит бир девон тузишга киришди. Алишер Навоий “Тарихи мулуки ажам”, “Тарихи ҳукамо”, 1491 йилда “Мажолис ун-нафоис” тазкирасини яратди.
Алишнр Навоий 1501 йил 3 январда оғир бетобликдан сўнг ҳаётдан кўз юмди.
Хайрулло МАРДОНОВ,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус
ислом билим юрти ўқитувчиси
Нуқтаи назар
Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та конфессия вакиллари бағрикенглик тамойили асосида тинч-тотув яшаб келмоқда. 2174 та исломий ва 198 та ноисломий диний ташкилот фаолият кўрсатапти. Сўнгги саккиз йилда Ўзбекистонда жами 130 та – 3 та олий ва 1 та ўрта махсус ислом билим юрти, 102 та масжид ҳамда турли конфессияга тааллуқли 24 та ноисломий диний ташкилот давлат рўйхатидан ўтказилди.
Жорий йил 25 февраль куни қабул қилинган қонун асосида тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси бу борада амалга оширилаётган ишларга ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қиляпти.
Мазкур ҳужжат виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқ ва Ўзбекистон дунёвий давлат эканига оид конституциявий қоидаларни рўёбга чиқариш ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифалари, принцип ва устувор йўналишларини белгилаб берди.
Ўтган қисқа вақт ичида мамлакатимизда Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилди.
2017 йилга қадар мамлакатимизда 3 та олий (1 та исломий, 2 та ноисломий) ҳамда 9 та ўрта махсус диний таълим муассасаси фаолият юритган. Бугун эса 16 та диний таълим муассасаси бор, уларнинг 6 таси олий ўқув юртидир.
Мазкур соҳадаги ишларни янада ривожлантириш мақсадида Президентимизнинг жорий йил 21 апрелдаги "Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони нафақат диний-маърифий соҳа, балки кенг жамоатчилик томонидан ҳам мамнуният билан кутиб олинди.
Содиқ Тошбоев,
Дин ишлари бўйича қўмита раиси
Манба: "Янги Ўзбекистон" газетаси 2025 йил 25 апрель, 84-сон