Эътиқоди суст, илми саёз инсонларни йўлдан оздириш, залолат сари етаклашга қаратилган шайтоний амаллар бисёр. Инсоният душманлари мақсадларига етиш учун турли-туман ҳийлаларни ўйлаб топадилар. Шулардан бири фитнадир. Зеро, фитна одамлар орасини бузади, уларни бир-бирига душман қилади, отани боладан, яқинни жигардан айиради. Нотинчлик, низо, иғво келтириб чиқаради.
Фитна луғатда кўп маъноларда келади:
Фитна - адаштириш, қизиқтириш, алдаш, йўлдан оздириш ва чалғитишдир. Ёлғонга асосланган “ғоя” ҳидоят йўлидагиларни ҳақ йўлидан оздиришга хизмат қилади. Айрим манфаатдор тоифалар хоҳиш-иродаси рўёбига хизмат қилади. Бунга бугунги кунда Ироқ ва Суриянинг каттагина ҳудудларини босиб олган ИШИД террористик гуруҳининг амалга ошираётган қонли фаолияти яққол мисолдир. Мўминни мўминга душман қилиб, бир-бирларининг қонини тўкишга сабабчи бўлаётганлар – асл фитначилардир.
Фитна, аслида, гумроҳлик; ақлдан озганлик, жинниликдир. Акс ҳолда, қандайдир ўй-хаёлларни деб икки дунё саодатидан воз кечиш мумкинми? Бу ишга қодир кишини ақли, тафаккури соғлом, эътиқоди мустаҳкам, деб бўлмайди. Бунга мисол қидириб узоққа бормаймиз: ИШИДнинг алдов ва пуч ғояларига лаққа тушиб, айбсиз инсонлар қонини тўкаётган кимсалар бориб турган гумроҳлардир.
Фитна эгаларининг хатти-ҳаракатлари исён, ғалаёнга олиб келиши муқаррар. Ғоявий ихтилоф, илмдаги келишмовчилик, ақидадаги қарама-қаршилик, охир-оқибат, инсонлар ва ҳатто халқлар ўртасида нифоққа сабаб бўлиши мумкин (Яман давлатининг таназзулга юз тутиши бунга яққол мисол). Боғийлик, яъни мавжуд ҳукуматга қарши чиқиб, уни ағдариш, мақсадларига мос давлат қуришга қаратилган исён шулар жумласидан бўлиб, манбаларда боғийнинг ўлимга маҳкумлиги таъкидланади. Илло, у тавба қилсагина кечирилади. Эътибор қаратилса, юртимизда қарор топган қонунчилик соф исломий ақидаларга нақадар мослиги аён бўлади. Зеро, адашган кимсаларнинг халқидан, юртбошисидан кечирим сўраб қилган тавбаси кечирилмоқда, ҳаётини йўлган қўйиши, гуноҳини ҳалол меҳнати билан ювишига имкон берилмоқда...
Фитна – ёлғонга, миш-мишга таянади. У оятларни таъвил қилиш, ҳадисларни нотўғри талқин этиш натижасидир. У васваса, нафс балоси оқибати бўлиб, миллий, диний қадриятлар асосини вайрон қилишдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Ниҳоят, фитна – синов, гуноҳдир. Аллоҳ ҳалолни, ҳаромни аниқ белгилаб берди. Уларнинг ўртасидаги нарсалар эса шубҳадир. Асл исломий манбаларда ҳақиқий мусулмон инсоннинг ҳатто шубҳали амалдан ҳам қайтиши лозимлиги таъкидланади. Зеро, залолатга етакловчи ғоялар, нотўғри ва ботил қарашлар чин инсонлар учун синов ҳамдир. Шу боис, имони мустаҳкам, эътиқоди комил инсон ҳаром ва шубҳали амалларни бажаришдан тийилади, бинобарин, уларни бир бора қилган инсон, кейинчалик, ўрганиб қолади ҳамда гуноҳга мойил бўлиб қолади.
Фитна илмсизлик натижасида келиб чиқади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) башорат берганларидек, шариат илмидан бехабар кишиларнинг дин номидан иш юритиши инсон ва жамият учун кўплаб кўнгилсизликларни, фитналарни келтириб чиқаради. Аллоҳ таоло фитна ҳақида Ўзининг Каломи шарифидаги “Бақара” сураси 191-оятида: “(Одамларни) алдаб, фитнага солиш ўлдиришдан (ҳам) ёмонроқдир”, деб ўз бандаларини турли кўринишдаги фитналардан эҳтиёт бўлишга буюради. Чунки, инсоннинг маънавий ўлими унинг жисмоний ўлимидан аянчлироқ, ёмонроқдир. Шу боис ҳам, ояти каримада инсонлар орасида фитна, фасод ишларни тарқатишнинг гуноҳи маънан бир инсонни ўлдиришдан ҳам ёмонроқ эканлиги айтилмоқда, чунки инсоннинг руҳини ўлдириш – унинг жасадини ўлдиришдан фожиалироқ, оқибати эса даҳшатлироқдир.
Хўш, залолат йўлига кириб қолган инсон нима қилсин? Кейинги ҳаёти учун қандай йўл тутсин? Аллоҳ таоло “Аъроф” сураси 3-оятида бу масалада аниқ буйруқ – амрларини баён қилган: “(Эй, инсонлар), сизларга Парвардигорингиздан нозил қилинган нарсага (Китобга) эргашингиз, ундан ўзга “дўстларга” эргашмангиз! Камдан-кам панд-насиҳат олурсизлар”.
Кўриниб турганидек, Аллоҳ таоло Қуръонга эргашиш, эшитилиши ёқимли, кўриниши жозибали, аммо мазмунию мақсади ёмонлик, оқибати эса фосиқликдан иборат даъватлар қилувчи “дўстлар”дан йироқ бўлишни қатъий буюрмоқда. Қуръоннинг бошқа бир ўрнида шундан кейин ҳам тафаккур қилмайдиган, ҳидоятга қайтмайдиган мусулмонлар тўғрисида гўзал тадбир, адолат йўли зикр қилинади: “Эй, мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйинсунингиз! Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз,— агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир” (“Нисо”, 59).
Мазкур оятда Аллоҳ таоло барчани Ўзига, Расулига ҳамда ўз ораларидан чиққан бошлиқларга итоат этишни буюрмоқда. Фитна қилишга эмас. Дарҳақиқат, Қуръонда ҳар қандай муаммоли масаланинг адолатли ечими бор. Ихтилоф вақтида энг тўғри ечим фирқаланишнинг олдини олишдир. Асл тараққиёт ҳам, саодат ҳам бирдамлик, ҳурфикрлик натижасида амалга ошади. Бунинг учун ҳар бир фуқаро Аллоҳ қайтарганларидан қайтиши, буюрганларига итоат этиши ҳамда ўзларидан бўлган ишбошиларга сўзсиз бўйсиниши шарт.
Мусулмон кўр-кўрона тақлид қилмасин. У ҳар бир нарсага миллий, диний қадриятларига ҳамоҳанг ақлан ёндашсин. Ўзининг илми етарли бўлмаса, илмли, ишончли, тақводор, олимлардан сўраб билсин. Ўрганганларига амал қилсин. Хуллас, илм ўргансин, билганларига амал қилсин. Шундагина ҳидоят топади. Фитна қурбонига айланмайди. Акс ҳолда, унутмаслик керакки, Аллоҳ таолонинг унинг учун тайёрлаб қўйилган аламли азоби бор: “Ким ҳақ йўлни аниқ билганидан кейин пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга доҳил қиламиз. Нақадар ёмон жойдир у!” (“Нисо”, 115).
Аён бўлаётирки, фитна, унга етакловчи ҳар бир хатти-ҳаракат – оғир гуноҳ. Ундан тийилиш – мусулмонларнинг бурчи. Динига, маънавиятига, халқига содиқлик эса хотиржамлик, кўнгиллар ободлиги, юрт равнақи, энг муҳими, икки дунё саодатига эришиш калитидир. Шундай экан, турли кўринишдаги ёт ғоялар таъсиридан сақланайлик, фитналардан огоҳ бўлайлик. Халқ, миллат бахти унга мансуб инсонлар бахти йиғиндисидан иборатлигини асло унутмайлик!
Шукуржон ШАНИГМАТОВ,
Дўмбиробод жоме масжиди имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг барча сифатлари ҳам камолот сифатларига дахлдор эканига шубҳа бўлиши мумкин эмас. У кишининг буюк ҳаётларини диққат билан ўрганган уламолар Оиша онамиз розияллоҳу анҳода бошқаларда бўлмаган қирқта комилалик сифатлари бор эканини таъкидлайдилар. Ана шунинг учун ҳам бу ҳақда бир-икки оғиз сўз айтмоқни раво кўрдик.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг камолот сифатлари ҳақида сўз юритар эканмиз, бу сифатлар рўйхатининг бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадиси шарифлар туришини айтиб ўтмоғимиз лозим. У зот Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳақларида ажойиб мадҳларни айтганлар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша! Мана бу Жаброил, у сенга салом айтмоқда», дедилар.
«Ва алайҳиссалому ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу! Эй Аллоҳнинг Расули, сиз мен кўрмаган нарсани кўрасиз», дедим».
Жаброил алайҳиссалом бу дунёда пайғамбарлардан бошқа кимга салом айтганлар?
Жаброил алайҳиссалом бу дунёда пайғамбарлардан бошқа биргина инсонга – Оиша онамиз розияллоҳу анҳога салом айтганлар.
Мана шу улуғ мақомнинг ўзи бир оламга татийди.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар. Аёллардан Марям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади.
Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир», дедилар».
Иккисини Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадиси шарифда аслида аёлларнинг, хусусан, Марям онамиз, Осиё онамиз ва Оиша онамизнинг бошқа аёллардан устун бўлган фазллари ҳақида сўз боради.
«Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар».
Эркаклардан баркамол бўлганлар рўйхатининг аввалида Пайғамбар алайҳиссаломлар турадилар. Улардан бошқа баркамол эркаклар ҳам бор. Бу ҳақиқат ҳаммага маълум.
«Аёллардан Марям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади».
Бу икки улуғ зотнинг баркамол бўлганликлари Қуръони каримда уларнинг биргаликда, хос зикр қилинишларидан ҳам билиб олинади.
Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида:
«Аллоҳ иймон келтирганларга Фиръавннинг хотинини мисол қилиб келтирди. Ўшанда у: «Роббим! Менга Ўз ҳузурингда, жаннатда бир уй бино қилгин. Менга Фиръавндан ва унинг ишидан нажот бергин ва менга золим қавмдан нажот бергин», деб айтди», деган (11-оят).
Фиръавннинг хотини ўша пайтдаги энг катта подшоҳнинг аёли эди. Емак-киймакда тўкин эди. Нимани хоҳласа, шуни қилиши мумкин эди. Қасрларда, турли неъматлар ичида фароғатда яшашига қарамасдан, у кофир ва золим эрига ҳамда қавмига қарши чиқди. Аллоҳга иймон келтирди. Аллоҳдан жаннатда уй қуриб беришини сўради. Бу ҳол эса дунё ҳою ҳавасидан устун келишнинг олий мисолидир.
Мўминларнинг иккинчи мисоли Марям бинти Имрондир.
«Ва фаржини пок сақлаган Имрон қизи Марямни (мисол келтирди). Бас, унга Ўз руҳимиздан пуфладик ва У Роббининг сўзларини ҳамда китобларини тасдиқ қилди ва итоаткорлардан бўлди» (12-оят).
Имроннинг қизи Марям Аллоҳга соф эътиқодда бўлганлар ва ўзларини ҳам соф тутганлар. Яҳудийлар туҳмат қилганларидек, нопок бўлмаганлар. Аллоҳ таоло Жаброил фаришта орқали ана шу пок жасадга ўз руҳидан «пуф» дейиши билан Ийсо алайҳиссаломни ато қилган.
«Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир».
Энди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари – Оиша онамизнинг фазллари ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг бошқа аёллардан фазлларини сарийд деб номланадиган таомнинг ўша вақтдаги бошқа таомлардан устунлигига ўхшатмоқдалар.
Ўша пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар яшаб турган жамиятнинг шароити ва таомилига кўра, сарийд бошқа таомлардан афзал таом ҳисобланар эди.
Худди шунга ўхшаб, Оиша онамиз ҳам бошқа аёллардан афзал эдилар.
Бу дунёда ким ушбу мақомга сазовор бўлибди?!
Ушбу мақомга бу дунёда фақат Оиша онамиз розияллоҳу анҳо сазовор бўлдилар.
Термизий ва Бухорий Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Зотус-Салосил аскарига бошлиқ қилдилар. Қайтиб келганда:
«Эй Аллоҳнинг Расули, одамларнинг қайсиниси сиз учун энг маҳбубдир?» дедим.
«Оиша», дедилар.
«Эркаклардан-чи?» дедим.
«Унинг отаси», дедилар.
«Сўнгра ким?» дедим.
«Сўнгра Умар», дедилар ва бир неча одамларни санадилар. Бас, мени охирларида қилиб қўймасинлар, деб, сукут сақладим».
Аллоҳнинг Расули учун одамларнинг қайсиниси энг маҳбуб экан?
Аллоҳнинг Расули учун одамлар ичида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо энг маҳбуб эканлар.
Бу дунёда ким ушбу мақомга сазовор бўлибди?
Ушбу мақомга бу дунёда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо сазовор бўлибдилар.
Имом Абу Яъло «Муснад»ларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:
«Менга ҳеч бир аёлга берилмаган тўққиз нарса берилган:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга уйланишга амр қилинганларида Жаброил алайҳиссалом суратимни олиб тушиб, у зотга кўрсатган.
– У зот менга бокира ҳолимда уйланганлар. Мендан бошқага бокира ҳолида уйланмаганлар.
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлари менинг қучоғимда турган ҳолда вафот этдилар.
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимда дафн қилиндилар.
– Фаришталар менинг уйимни ўраб олган эдилар. У зотга мен у кишининг кўрпаларида турганимда ваҳий нозил бўлар эди. У зот мени ўзларидан узоқлаштирмас эдилар.
– Мен у зотнинг халифалари ва сиддиқларининг қизиман.
– Менинг оқловим осмондан нозил бўлган.
– Мен покнинг ҳузурида пок яратилганман.
– Менга мағфират ва карамли ризқ ваъда қилинган».
Имом Қуртубий ўз тафсирларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг камолот сифатлари ҳақида сўз юритар эканлар, жумладан, қуйидагиларни айтганлар:
«Баъзи аҳли таҳқиқлар айтурлар:
«Юсуф алайҳиссалом фаҳш ишда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини бешикдаги гўдакнинг тили билан оқлади.
Марям фоҳишаликда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини ўғиллари Ийсо алайҳиссаломнинг тили билан оқлади.
Оиша фаҳш ишда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини Қуръон билан оқлади. Аллоҳ у киши учун гўдакнинг оқлашини ёки набийнинг оқлашини раво кўрмади. Аллоҳ у кишини туҳматдан Ўз каломи ила оқлади».
Аллоҳ таоло бу дунёда кимни туҳматдан Ўз каломи ила оқлабди?
Аллоҳ таоло бу дунёда фақат Оиша онамиз розияллоҳу анҳони туҳматдан Ўз каломи ила оқлаган.
"Нубувват хонадони хонимлари" китобидан.