Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Январ, 2025   |   10 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:35
Bismillah
10 Январ, 2025, 10 Ражаб, 1446

Фитна улкан гуноҳдир

7.02.2017   5510   7 min.
Фитна улкан гуноҳдир

Эътиқоди суст, илми саёз инсонларни йўлдан оздириш, залолат сари етаклашга қаратилган шайтоний амаллар бисёр. Инсоният душманлари мақсадларига етиш учун турли-туман ҳийлаларни ўйлаб топадилар. Шулардан бири фитнадир. Зеро, фитна одамлар орасини бузади, уларни бир-бирига душман қилади, отани боладан, яқинни жигардан айиради. Нотинчлик, низо, иғво келтириб чиқаради.

Фитна луғатда кўп маъноларда келади:

  1. Жозиба, сеҳр; фусункорлик, афсункорлик, тароват, фатонат, берилмоқ (мафтун бўлмоқ). Фитна амал инсонларга гўзал кўринади, ёқимли кўринишда тақдим этилади. Асли сийратидан фарқ қилишини, афсуски, инсонлар кеч тушунади. Асл Ислом, соф ақида, ҳақ жаннат каби жилвакор иборалар қанчадан-қанча инсонларни ром этмади, дейсиз. Мазмун, ҳақиқий мақсад мана шу жозиба ортида яширингани боис, уни тезда илғаб, англаб олиш мушкул. Шу сабаб таклиф этилаётган ахборот ақл ва нақл тарозисида тортилиши, синтез қилиниши мақсадга мувофиқ.
  2. Ишонмаслик, умидсизлик, худосизлик, даҳрийлик. Фитна, аслида ҳам, даҳрийликдир. Аллоҳга ишонган – имонли одам фитна қилиши мумкинми?! Аллоҳдан умидини узган, шайтон қулига айланганларгина одамлар орасига нифоқ солишга жазм қила олиши мумкин.

 Фитна - адаштириш, қизиқтириш, алдаш, йўлдан оздириш ва чалғитишдир. Ёлғонга асосланган “ғоя” ҳидоят йўлидагиларни ҳақ йўлидан оздиришга хизмат қилади. Айрим манфаатдор тоифалар хоҳиш-иродаси рўёбига хизмат қилади. Бунга бугунги кунда Ироқ ва Суриянинг каттагина ҳудудларини босиб олган ИШИД террористик гуруҳининг амалга ошираётган қонли фаолияти яққол мисолдир. Мўминни мўминга душман қилиб, бир-бирларининг қонини тўкишга сабабчи бўлаётганлар – асл фитначилардир.

 Фитна, аслида, гумроҳлик; ақлдан озганлик, жинниликдир. Акс ҳолда, қандайдир ўй-хаёлларни деб икки дунё саодатидан воз кечиш мумкинми? Бу ишга қодир кишини ақли, тафаккури соғлом, эътиқоди мустаҳкам, деб бўлмайди. Бунга мисол қидириб узоққа бормаймиз: ИШИДнинг алдов ва пуч ғояларига лаққа тушиб,  айбсиз инсонлар қонини тўкаётган кимсалар бориб турган гумроҳлардир.

 Фитна эгаларининг хатти-ҳаракатлари исён, ғалаёнга олиб келиши муқаррар. Ғоявий ихтилоф, илмдаги келишмовчилик, ақидадаги қарама-қаршилик, охир-оқибат, инсонлар ва ҳатто халқлар ўртасида нифоққа сабаб бўлиши мумкин (Яман давлатининг таназзулга юз тутиши бунга яққол мисол). Боғийлик, яъни мавжуд ҳукуматга қарши чиқиб, уни ағдариш, мақсадларига мос давлат қуришга қаратилган исён шулар жумласидан бўлиб, манбаларда боғийнинг ўлимга маҳкумлиги таъкидланади. Илло, у тавба қилсагина кечирилади. Эътибор қаратилса, юртимизда қарор топган қонунчилик соф исломий ақидаларга нақадар мослиги аён бўлади. Зеро, адашган кимсаларнинг халқидан, юртбошисидан кечирим сўраб қилган тавбаси кечирилмоқда, ҳаётини йўлган қўйиши, гуноҳини ҳалол меҳнати билан ювишига имкон берилмоқда...

 Фитна – ёлғонга, миш-мишга таянади. У оятларни таъвил қилиш, ҳадисларни нотўғри талқин этиш натижасидир. У васваса, нафс балоси оқибати бўлиб, миллий, диний қадриятлар асосини вайрон қилишдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

 Ниҳоят, фитна – синов, гуноҳдир. Аллоҳ ҳалолни, ҳаромни аниқ белгилаб берди. Уларнинг ўртасидаги нарсалар эса шубҳадир. Асл исломий манбаларда ҳақиқий мусулмон инсоннинг ҳатто шубҳали амалдан ҳам қайтиши лозимлиги таъкидланади. Зеро, залолатга етакловчи ғоялар, нотўғри ва ботил қарашлар чин инсонлар учун синов ҳамдир. Шу боис, имони мустаҳкам, эътиқоди комил инсон ҳаром ва шубҳали амалларни бажаришдан тийилади, бинобарин, уларни бир бора қилган инсон, кейинчалик, ўрганиб қолади ҳамда гуноҳга мойил бўлиб қолади.

Фитна илмсизлик натижасида келиб чиқади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) башорат берганларидек, шариат илмидан бехабар кишиларнинг дин номидан иш юритиши инсон ва жамият учун кўплаб кўнгилсизликларни, фитналарни келтириб чиқаради. Аллоҳ таоло фитна ҳақида Ўзининг Каломи шарифидаги “Бақара” сураси 191-оятида: “(Одамларни) алдаб, фитнага солиш ўлдиришдан (ҳам) ёмонроқдир”, деб ўз бандаларини турли кўринишдаги фитналардан эҳтиёт бўлишга буюради. Чунки, инсоннинг маънавий ўлими унинг жисмоний ўлимидан аянчлироқ, ёмонроқдир. Шу боис ҳам, ояти каримада инсонлар орасида фитна, фасод ишларни тарқатишнинг гуноҳи маънан бир инсонни ўлдиришдан ҳам ёмонроқ эканлиги айтилмоқда, чунки инсоннинг руҳини ўлдириш – унинг жасадини ўлдиришдан фожиалироқ, оқибати эса даҳшатлироқдир.

Хўш, залолат йўлига кириб қолган инсон нима қилсин? Кейинги ҳаёти учун қандай йўл тутсин? Аллоҳ таоло “Аъроф” сураси 3-оятида бу масалада аниқ буйруқ – амрларини баён қилган: (Эй, инсонлар), сизларга Парвардигорингиздан нозил қилинган нарсага (Китобга) эргашингиз, ундан ўзга “дўстларга” эргашмангиз! Камдан-кам панд-насиҳат олурсизлар”.

Кўриниб турганидек, Аллоҳ таоло Қуръонга эргашиш, эшитилиши ёқимли, кўриниши жозибали, аммо мазмунию мақсади ёмонлик, оқибати эса фосиқликдан иборат даъватлар қилувчи “дўстлар”дан йироқ бўлишни қатъий буюрмоқда. Қуръоннинг бошқа бир ўрнида шундан кейин ҳам тафаккур қилмайдиган, ҳидоятга қайтмайдиган мусулмонлар тўғрисида гўзал тадбир, адолат йўли зикр қилинади: “Эй, мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйинсунингиз! Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз,— агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир” (“Нисо”, 59).

Мазкур оятда Аллоҳ таоло барчани Ўзига, Расулига ҳамда ўз ораларидан чиққан бошлиқларга итоат этишни буюрмоқда. Фитна қилишга эмас. Дарҳақиқат, Қуръонда ҳар қандай муаммоли масаланинг адолатли ечими бор. Ихтилоф вақтида энг тўғри ечим фирқаланишнинг олдини олишдир. Асл тараққиёт ҳам, саодат ҳам бирдамлик, ҳурфикрлик натижасида амалга ошади. Бунинг учун ҳар бир фуқаро Аллоҳ қайтарганларидан қайтиши, буюрганларига итоат этиши ҳамда ўзларидан бўлган ишбошиларга сўзсиз бўйсиниши шарт.

Мусулмон кўр-кўрона тақлид қилмасин. У ҳар бир нарсага миллий, диний қадриятларига ҳамоҳанг ақлан ёндашсин. Ўзининг илми етарли бўлмаса, илмли, ишончли, тақводор, олимлардан сўраб билсин. Ўрганганларига амал қилсин. Хуллас, илм ўргансин, билганларига амал қилсин. Шундагина ҳидоят топади. Фитна қурбонига айланмайди. Акс ҳолда, унутмаслик керакки, Аллоҳ таолонинг унинг учун тайёрлаб қўйилган аламли азоби бор: “Ким ҳақ йўлни аниқ билганидан кейин пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга доҳил қиламиз. Нақадар ёмон жойдир у!” (“Нисо”, 115).

Аён бўлаётирки, фитна, унга етакловчи ҳар бир хатти-ҳаракат – оғир гуноҳ. Ундан тийилиш – мусулмонларнинг бурчи. Динига, маънавиятига, халқига содиқлик эса хотиржамлик, кўнгиллар ободлиги, юрт равнақи, энг муҳими, икки дунё саодатига эришиш калитидир. Шундай экан, турли кўринишдаги ёт ғоялар таъсиридан сақланайлик, фитналардан огоҳ бўлайлик. Халқ, миллат бахти унга мансуб инсонлар бахти йиғиндисидан иборатлигини асло унутмайлик!

Шукуржон ШАНИГМАТОВ,

Дўмбиробод жоме масжиди имом-хатиби

 

Бошқа мақолалар
Мақолалар

ОИТСдан сақланишнинг осон-ишончли йўли

10.01.2025   547   4 min.
ОИТСдан сақланишнинг осон-ишончли йўли

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


"Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир".

Инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Шунинг учун ҳам инсонга фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларигина тўғри келиши мумкин. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсоннинг заиф ҳолда яратилганини таъкидламоқда. Яратувчининг Ўзи «заиф яратилган», деб турганидан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда У Зот оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, У Зот енгилликни хоҳлайди.

Ислом шариати, умуман, енгиллик устига бино қилингандир. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Ҳаммаси ўз ўрнида баён қилинади. «Нисо» сурасининг бошидан муолажа қилиб келинаётган масалалар, хусусан, эркак ва аёл, оила, никоҳ масаласига келсак, ушбу оятда бу масалаларда ҳам Аллоҳ Ўз бандаларига енгилликни исташи таъкидланмоқда. Зоҳирий қаралганда, диний кўрсатмаларни бажариш қийин, шаҳватга эргашганларнинг йўлларида юриш осонга ўхшайди. Исломда ҳамма нарса ман қилинган-у, фақат биргина йўлга рухсат берилганга ўхшайди. «Номаҳрамга қарама», «У билан ёлғиз қолма», «Уйланмоқчи бўлсанг, олдин аҳлининг розилигини ол», «Маҳр бер», «Гувоҳ келтир» ва ҳоказо. Ҳаммаси қайдлаш ва қийинчиликдан иборат бўлиб туюлади. Шаҳватга эргашганлар эса «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади», дейишади. Бу эса содда ва осон кўринади. Ҳақиқатда эса ундай эмас. Натижага қараганимизда бу нарса яққол кўзга ташланади. Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар инқирозга учраган. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.

Бизнинг асримизга келиб, Ғарбда, ўзларининг таъбири билан айтганда, жинсий инқилоб бўлди. Жинс борасида олимлар етишиб чиқдилар. Улар «Жинсий ҳуррият бўлмагунча, инсон тўлиқ ҳур бўла олмайди. Агар жинсий майллар жиловланса, инсонда руҳий тугун пайдо бўлиб, унда қўрқоқлик ва бошқа салбий сифатлар келиб чиқишига сабаб бўлади», каби ғояларни тарқатишди. Оқибатда жинсий инқилоб авжига чиқди.

Натижасини – ҳар хил бало-офатлар буҳронини ҳозир ўзлари кўриб-татиб туришибди. Ахлоқий бузуқлик, оиланинг ва жамиятнинг парчаланиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолишидан ташқари, сон-саноғига етиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлди. Жинсий инқилоб оқибатида тараққий этган ғарб давлатларининг туб аҳолиси даҳшатли суръатда камайиб бормоқда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таносил касалликлари келиб чиқди, ҳар йили сон-саноқсиз одамлар шу касалликлардан ўлмоқда. Насл бузилиб, одамлари заифҳол ва касалманд бўлиб бормоқда. Турли ақлий ва руҳий касалликлар урчиди. Охири келиб, касалликларга қарши инсондаги табиий монеликнинг йўқолиши (ОИТС) касаллиги пайдо бўлди. Бу касаллик ҳақли равишда, XX аср вабоси деб номланди. Унинг давоси йўқ. Бу дардга чалинишнинг сабаби зинодир. У билан касалланган одам тез муддатда ўлади. Ҳамма даҳшатда. Бу дардга чалинмасликнинг йўллари ахтарилмоқда, бу йўлда беҳисоб маблағлар сарфланмоқда, мазкур вабога чалинмасликнинг турли чоралари таклиф этилмоқда. Қонунлар чиқарилмоқда, идоралар очилмоқда.

Лекин шаҳватга эргашганлари сабабли улар энг осон, энг ишончли битта йўл – Аллоҳнинг йўлига қайтишни хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Ақалли ушбу дарднинг бевосита сабабчиси бўлмиш зинони ман этувчи қонун чиқаришни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Чунки шаҳватга эргашганлар шаҳватга қарши чиқа олмайдилар. Уларнинг ўзлари шаҳватга банда бўлганлари учун унга эргашганлар. Ўзларини зоҳирий енгил кўринган ишга уриб, энди оғирликдан бошлари чиқмай юрибди. Зоҳирий оғир кўринган бўлса ҳам, Аллоҳ кўрсатган йўлга юрган бандалар бошида мазкур оғирлик ва машаққатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Улар мутлақ енгилликда, фаровон турмуш кечирмоқдалар.

"Тафсири Ҳилол" китобидан

Мақолалар