Мовароуннаҳр диёрида XV асрнинг иккинчи ярмидаги маданий муҳитнинг ривожланишида буюк бобокалонимиз Ҳазрат Алишер Навоийнинг ўрни беқиёс саналади.
Алишер Навоий яшаб ижод этган даврда меъморчилик, наққошлик, тасвирий санъат (миниатюра), хаттотлик, мусиқа, таълим тизими, илм-фаннинг турли соҳалари (аниқ фанлар – астрономия, математика; табобат, Қуръон илмлари, фиқҳ, фалсафа, тасаввуф, адабиёт ва ҳ.к.) ўз даврига нисбатан юксак даражада ривожланди.
Шунингдек ушбу даврда турли илм-фан соҳалари қаторида Қуръон ва тафсир илмлари ривожига ҳам алоҳида эътибор қаратилганлиги бизгача етиб келган маълумотларда ўз аксини топган.
Мовароуннаҳр тафсир илми ривожида айниқса, Алишер Навоийнинг ҳиссаси катта бўлган. Шоир фаннинг турли соҳаларидан яхши хабардор бўлиш билан бир қаторда, ўз асарларида Қуръондан ҳам кенг фойдаланган. Унинг “Хамса”, “Ситтаи зарурия”, “Насойим ал-муҳаббат”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо”, “Сирож ал-муслимин” каби асарларида, умуман назм ва насрдаги ёзма меросида Ислом масалалари бўйича кўп ҳолларда Қуръон оятларига асосланган мулоҳазалар баён қилинганини кўриш мумкин.
Таъкидлаш жоизки, Алишер Навоий Қуръон ва тафсир илмидан таълим олишни ёшликдан бошлаган ва унинг “Мажолис ан-нафоис” асарида олти ёшида тарихчи Шарафиддин Али Яздий (ваф. 858/1454) билан бўлган суҳбат чоғида мактабда “Таборак” сурасигача ўқигани қайд этилган.
Навоийнинг Қуръон тафсирига бўлган эътибори унинг бир нечта тафсирлар ёздирганида ҳам кузатилади. Масалан, ўша давр муфассирларидан бири бўлган Мовароннаҳрлик Ҳусайн Воиз Кошифийнинг илмий фаолиятига назар соладиган бўлсак, унинг қаламига мансуб “Жавоҳир ат-тафсир” ва “Мавоҳиби Алийя” асарлари бевосита Алишер Навоийнинг таклифи ва ҳомийлиги остида ёзилган.
Мовароуннаҳр маданий-маънавий муҳитида Алишер Навоий Қуръон илмлари, жумладан тафсир илмини ривожлантириш мақсадида мазкур соҳага ўз даврининг етук олим ва муфассирларини жалб қилган ҳамда уларга ҳомийлик килган.
Алишер Навоий Қуръон илмларини чуқур ўрганиш мақсадида ўз илмий фаолиятини Самарқандда Хожа Хурд ва Мавлоно Муҳаммад Олим каби мовароуннаҳрлик илм аҳллари билан бирга давом эттиради ва уларнинг тафсир илми борасидаги мазмунли суҳбатларидан баҳраманд бўлади. Ана шундай кенг билим доирасига эга бўлиш орқали Алишер Навоий кейинчалик Қуръон билан боғлиқ мавзуларни ўз асарларида эркин ифодалай олади. Жумладан, “Насоим aл-муҳаббат”нинг хожа Баҳоуддин Нақшбандга бағишланган мақоласида зикр ҳақида сўз борганда “Нур” сурасининг қуйидаги 37-оятини тафсир қилганини кўришимиз мумкин:
“Уларни на тижорат ва на савдо (ишлари) Аллоҳ зикридан чалғита олмас” – ояти далил қилиб берилган.
Алишер Навоийнинг Қуръон ва ҳадисдан унумли фойдалангани унинг бошқа асарларида ҳам кузатилади. Шоир ижодида Қуръон илмлари қай даражада ифодаланганлиги ҳақида кенгроқ тасаввур ҳосил қилиш учун унинг “Назм ал-жавоҳир”, “Мажолис ан-нафоис”, “Ҳайрат ал-аброр”, “Ситтаи зарурия”, “Насоим ал-муҳаббат”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо”, “Сирож ал-муслимин” ва “Хамсат ал-мутаҳаййирин” каби асарларига эътибор қаратадиган бўлсак, унда мавзуга дахлдор бўлган маълумотлар батафсил баён этилганига амин бўламиз. Мазкур асарларда ҳам Қуръони каримга катта эътибор берилгани маълум бўлади.
Масалан, шоир ўзининг “Назм ал-жавоҳир” асарида Қуръон ўқишнинг фойдаси ҳақида қуйидагиларни ёзади:
Олам эли ичра гар гадо, гар шоҳ эрур,
Не дардки ул кўнгли аро ҳамроҳ эрур,
Қуръонни тиловат этсун, гар огоҳ эрур,
Эл дардига чун даъво Каломуллоҳ эрур.
Бошқа бир байтда эса Алишер Навоий Қуръон тиловати ҳақида қуйидаги мисраларни айтади:
“Қуръон”ки эрур муждаи жоний ўқумоқ,
Йўқ, йўқки, ҳаёти жовидоний ўқумоқ,
Бил кўнгулга истасанг шифони ўқумоқ,
Ким келди кўнгул шифоси они ўқумоқ.
Шоир мазкур сатрларни келтирганда Исро сурасининг Қуръон мўминлар учун шифо эканлиги тўғрисидаги 82-ояти: “(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз” – деган мазмунга таянганини кўрамиз.
Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, Алишер Навоий даврида мамлакатда ўрнатилган сиёсий барқарорлик ва иқтисодий ривожланиш маънавий ҳаётнинг юксалишига олиб келди.
Ушбу даврда Ҳазрат Навоий давлат миқёсидаги катта ҳуқуқларга эга бўлиб, бутун куч-ғайратини эл-юрт хизматига, халқ фаровонлиги ва осойишталигига қаратди.
XV асрнинг иккинчи ярмида эса Мовароуннаҳр ва Хуросонда Қуръон тафсири, ҳадис илми, фалсафа, адабиёт, тарих, мусиқа, рассомлик ва хаттотлик илмлари энг аввало ғазал мулкининг султони бўлган Алишер Навоийнинг ғамхўрлиги остида ривожланди. Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий ўз ҳаёти мобайнида нафақат туркий тилга асос солди, балки Моваруннаҳрда Қуръон ва тафсир илмларининг ривожланишига ҳам ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшди десак асло муболаға бўлмайди.
АброрАЛИМОВ,
Тошкент шаҳар
“Қатортол”масжиди имом-хатиби
Намл сурасида: «То улар чумолилар водийсига етганларида, бир чумоли: “Эй чумолилар! Уяларингизга кирингиз...” деди», дейилади.
Сулаймон алайҳиссалом қўшини билан келаётганида, бир чумоли жамоасига кутилмаган хатар яқинлашаётганини ҳис қилди ва қолганларни огоҳликка чақириб, биз тарафга хатар яқинлашиб келяпти, жонингизни қутқаринг: «...Яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни босиб-янчиб кетмасинлар, деган эди» (Намл сураси, 18-оят).
Чумолининг қилган иши қанчалар ажабтовур-а?! У хатарни пайқаши биланоқ ўзини қутқариш учун эмас, жамоасини қутқариш учун шошилди.
Қавмининг қайғусини ўз зиммасига олди, хатар келмасидан уни ҳис қила билди ва чумолилар тўдасини “хавф бостириб келяпти, шошилинглар, жонингизни хатардан қутқариб қолинг”, дея огоҳлантирди.
Бир назар солайлик-да, ояти каримада келган “чумоли” сўзи араб тили қоидаларига кўра тадқиқ қилинса, у накра (ноаниқ) шаклда турибди. Аҳамиятли жиҳати шундаки, “чумоли” сўзи Қуръони каримда ноаниқ шаклда келтирилди, демакки ўша чумоли тўданинг оддий бир аъзоси, лекин шундай бўлишига қарамай ўзини паст санамади. Биз эса, фалончи нима қилди, писмадончи-чи, деб суриштириш билан оворамиз.
Келинг, энди масаланинг бошқа томонига эътиборимизни қаратайлик. Чумоли: “Эй чумолилар, ҳозир Сулаймон сизларни қириб юборади. Сизлар бир кучсиз жамоасиз, улар сизга эътибор ҳам бермайди”, дедими?! У тўдасидагилар билан вазиятни таҳлил қилдими?! Чумолига боқинг. Аксинча, Сулаймон ва унинг қўшинини айбсиз дея, улар сезмаяптилар, деб уларни оқлади.
Чумолилар ҳам огоҳлантирувчига қараб: “Йўқ, сен бизнинг устимиздан бошлиқ бўлмоқчисан. Сенга фақат мартаба, мансаб керак”, дейишдими?! Асло йўқ! Аксинча, унинг гапини олиб, инларига кириб кетишди ва жажжи чумолининг даъватига эргашганлари ҳолда нажотга етиб, жонлари омон қолди.
Ўзи учун уя қуриш жараёнида сабр қилиш ҳам чумолиларнинг хусусиятларидандир. Улар қураётган уялари бир неча маротаба қулаб тушишига қарамасдан, уни қайта-қайта тиклайверадилар ва охир-оқибат бир бутун уя ҳолига келтирадилар.
Ҳикоят. Ривоят қилинишича, Амир Темур жангларнинг бирида мағлубиятга учрайди ва ўша ерга яқин бир ғорга кириб, мағлубияти ҳақида ўйлайди. У чуқур тафаккур қиларкан, кўзи бир чумолига тушади. Чумоли ғор деворига кўтарилмоқчи бўлиб, тушиб кетади. Иккинчи уринишда ҳам девордан сирпаниб тушади. Учинчи сафар ҳам... Амир Темур бу митти жониворни диққат билан кузата бошлайди, ундан кўзини узмайди. Ахийри, ўн еттинчи уринишда чумоли деворга чиқишга муваффақ бўлади. Шунда Амир Темур: “Ё қудратингдан! Шу кичик махлуқ сал кам йигирма марта уринди. Мен нима учун мағлубиятимдан заифлашяпман?!” – дея ўзини койийди.
Буюк қўмондон ғордан чиқиб тор-мор бўлган қўшинини яна жангга тайёрлайди ва битта бўлса-да, тирик одами қолгунича таслим бўлмасликка астойдил қарор қилади. Унинг кўз ўнгида эса митти чумолининг шижоати акс этади.
Мутахассисларнинг таъкидлашларича, чумоли ҳашаротлар орасида энг қатъиятли, ўзаро ҳамкор ва ҳамжихат экан.
Чумолининг яна бир сифати уларнинг ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлигидир. Уларнинг бари бир бўлиб, битта чизиқ тортган ҳолда доимий ҳаракатда бўлар эканлар.
Шу митти чумолининг ҳаракатлари бизларга қайсидир маънода ўрнак бўлиши мумкинми?!
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.