Бир кўлда мақтанчоқ ўрдак яшар экан. Кунларнинг бирида у атрофдаги қурбақаларга мақтаниб шундай дебди: "Дунёда мендек жонивор йўқ. Чунки мен ҳам сувда сузаман, ҳам қуруқликда юраман, ҳам осмонда уча оламан". Буни эшитиб турган қари тошбақа унга: "Кўп мақтанаверма, ҳой ўрдак, сен сузишни билганинг билан балиқдек суза олмайсан. Югурганинг билан кийикдек югура олмайсан. Учганинг билан бургутдек уча олмайсан. Сен буларнинг ҳаммасини бир ўрдакдек қила оласан, холос", дебди.
Эй инсон, билгинки, ҳар бир одамнинг ўзига яраша қобилияти бўлади. Ақлли одам шу қобилиятни ривожлантириб, ундан ўзи ва бошқалар манфаат кўради. Ақлсиз эса умр бўйи бошқаларга тақлид қилиб, вақтини зое кетказади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ
Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Қашқадарё вилоятида «Инсон қадри улуғланган юртда меҳр ва эътибор ҳар бир хонадонга кириб боради» шиори остида хайрли тадбир ўтказилди.
Мазкур ташаббусга Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Фарҳод Кушаков ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, бош имом-хатиб Раҳматилло домла Усмонов бошчилик қилди.
Тадбир доирасида шаҳар ва туман бош имом-хатиблари ҳудудлардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ва бемор фуқароларнинг хонадонларига ташриф буюрдилар.
Самимий мулоқотлар давомида фуқароларнинг ҳол-аҳволи ва эҳтиёжлари ўрганилиб, уларга маънавий далда берилди. Хонадон эгаларига байрамона кайфият улашиш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотлари, эҳсон ва совға-саломлар топширилди.
Шунингдек, имом-хатиблар юртдошларимиз билан оила мустаҳкамлиги, ўзаро меҳр-оқибат, сабр-қаноат ҳамда саховатнинг фазилатлари ҳақида диний-маърифий суҳбатлар олиб бордилар. Бу каби хайрия тадбирлари жамиятда ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга, одамлар қалбида эртанги кунга ишонч уйғотишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати