“Қадимги аждодларимиз – комил инсон ҳақидаги бутун бир ахлоқий талаблар мажмуасини, замонавий тилда айтсак, шарқона ахлоқ кодексини ишлаб чиққанлар”.
Ислом КАРИМОВ
Ўзбекистон Республикасининг
Биринчи Президенти
Мавлоно Жалолиддин Руминийнинг “Маснавийи Маънавий” асарида ёритилган қарашлар, кузатишлар ва ҳаётий тажрибалар ўқувчини руҳий ва ахлоқий камол топишига, жамиятда эса соғлом ва покиза муҳитни юзага келтиришига беқиёс ҳисса қўшади. Румий теран нигоҳ билан дунёга назар ташлайди. У инсонни қандай бўлса шундайлигича ўрганади. Кишининг қалб қўридаги энг нозик, энг гўзал яширин сирларини ошкор қилади.
Румий инсоннинг нафси, ҳирси сабабли келиб чиқадиган ёвузликларни таҳлил қилиб, улардан қутулиш, покланиш йўлларини баён этади. У одамлар бир-биридан бойлиги, ирқи, дини, насли-насаби билан эмас, балки комиликка интилиши билан фарқ қилади, дейди. Унинг фикрича, инсон комилликка ўз меҳнати, қобилиятига яраша эриша олади.
Олим қарашларида севги бутун борлиқни ҳаракатга келтирувчи куч ҳисобланади. Кишининг ўз касбига, яқинларига, она ватанига муҳаббати ҳақиқий ишқ йўлидаги босқичлардандир.
Жалолиддин Румий ишқ-муҳаббат ва севгини, заррин нурини таратиб турган қуёшга ўхшатади. Лекин ўз-ўзига бино қўйишни ўзини зиндонга ташлаш, деб билади. Буюк олим инсонга, аёл зотига бўлган муҳаббатни қадрлайди. Зеро, инсон ўзига ўхшаган инсонга муҳаббат қўйиши билан инсонийлик моҳиятини англаб етади, дейди.
Аёл – ҳаёт давомчиси бўлиб, у пайғамбарларни, валийларни, авлиёларни, подшоҳларни, комил инсонларни ва ер юзидаги барча инсонларни дунёга келишига сабабчи зот. Башарият онанинг меҳр нуридан камол топиб, комиллик сари одимлайди.
Манбаларда келтирилишича, Жалолиддин Румий тўнғич ва севимли ўғли Султон Валидни муршидининг қизи Фотимабонуга уйлантириб қўяди. Фотима бону шоирга яқин шогирд бўлгани учун, ўз фарзанди каби қадрли ва суюкли эди. Шу сабабли, Румий тўйдан сўнг, ўғлига шундай мазмунда мактуб йўллайди: “Ўғлим, кўзим ва кўнглимнинг нури Фотимабонуни асраб-авайла, уни сенга топширдим, зеро бу сен учун буюк синов ва омонатдир. Унга адолат билан муомала қил, ҳиммат-ҳимоятингни ному-номуси ёруғ ва мусаффо бўлсин десанг, аёлинг билан кечган ҳар кунинг тўй, ҳар тунинг никоҳ оқшоми бўлгай. Уни ҳамиша қалбинг тузоғи билан овла, энди ҳеч қачон овлашга ҳожати йўқ бир ўлжа, деб қарама. Зеро, бундай ўйлагувчилар енгил-елпи назарли кишилардир”. Отасининг ушбу мактубини ўқиб, ундаги насиҳатга амал қилган ўғил турмуш ўртоғи билан бахтли ҳаёт кечиради.
Хулоса қилиб айтганда, Жалолиддин Румий қарашларидаги комилликка етакловчи фазилатлар ҳар бир йигит ва қиз учун жуда муҳим тарбиявий аҳамиятга эгадир.
Ҳусанбой ШЕРМАТОВ,
Тошкент шаҳар “Ҳазрати Умар”
жоме масжиди имом-хатиби.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Фитна – бу жамиятда ихтилоф, низо ва бузғунчиликка олиб келадиган омиллар мажмуасидир. Тарих давомида фитна турли кўринишларда – сиёсий қарама-қаршилик, диний зиддият ёки ижтимоий беқарорлик сифатида намоён бўлган.
Фитна жамият ривожига салбий таъсир кўрсатиб, муносабатларнинг бузилишига сабаб бўлади. Ижтимоий низолар одамлар ўртасида ишончни йўқотади, бу эса ҳамкорлик ва бирдамликка путур етказади. Масалан, сиёсий фитналар давлат институтига бўлган ишончни камайтириб, қонун устуворлигига халақит беради. Иқтисодий жиҳатдан, фитна савдо-сотиқ, инвестициялар ва ишлаб чиқаришнинг пасайишига олиб келади. Тарихдаги кўплаб мисоллар мавжуд бўлиб, фуқаролик урушлари, оммавий тартибсизликлар фитнанинг иқтисодий ва ижтимоий зарарларини кўрсатади.
Диний ёки мафкуравий фитналар эса жамиятдаги маънавий қадриятларга таҳдид солади. Бундай низолар одамларни гуруҳларга бўлиб, бир-бирига қарши қўяди, бу эса узоқ муддатли парокандаликка сабаб бўлади. Фитна кўпинча ёшларнинг радикаллашуви, ахлоқий бузилиш ва маънавий йўқотишлар билан боғланади.
Бақара сураси 217-оятида “Фитна қотилликдан ҳам оғир гуноҳдир”, 191-оятда “Фитна қотилликдан ҳам ёмондир” дейилган.
“Тафсири Ирфон”да, золим ва қонхўр кимсалар ҳамиша инсонлар, бутун-бутун қабилалар ўртасида фитна, нифоқ солиб, жамиятнинг тинч ҳаётини пароканда қилиши, фитна эса одамларни қатл қилишдан ҳам оғир жиноят экани айтилган.
Фитна конструктив йўналтирилиб, олди олинмаса, бузғунчилик ва беқарорликка сабаб бўлади. Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда, “Яқин орада фитналар бўлади. Ўша чоғда ўтириб олган одам тик тургандан яхшироқдир. Ўрнида жим тик турган эса юраётган одамдан яхшироқдир. Яёв юрган эса тез-тез юраётган одамдан яхшироқдир. Ким ўша фитналарга эътибор берса уни фитна ўзига тортиб кетади. Кимки қутулишга жой топа олса, ўша жойда фитнадан ҳимоялансин!”, дейилган.
Бу ҳадисда Расул алайҳиссалом фитнага аралашиб қолишдан қайтариб, ундан четда бўлиш йўлларини баён қилган. Фитнага қизиқмаслик, эътибор қилмаслик, қўшилмаслик билан ҳимояланишни тавсия қилганлар.
Фитнанинг зарарли таъсирини камайтириш учун жамиятда маърифат ва мулоқотни кучайтириш зарур. Таълим ва ахборот воситалари орқали одамларнинг танқидий фикрлаш қобилиятини ошириш, уларни фитна унсурларидан ҳимоя қилади. Давлат ва жамоат ташкилотлари эса адолатли қонунлар ва очиқ мулоқот орқали ишонч муҳитини шакллантиради.
Бундан ташқари, фитнанинг олдини олишда маънавий-ахлоқий тарбия муҳим ўрин тутади. Дини ва миллий қадриятларга асосланган тарбия одамларда бирдамлик ва ўзаро ҳурмат туйғусини мустаҳкамлайди. Ниҳоят, фитнага қарши курашишда ҳар бир фуқаронинг масъулиятли ва фаол иштироки муҳимдир.
Аллоҳ таоло Ҳужурот сураси 6-оятда “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмасдан бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекиб қолманглар” деб фитнага сабаб бўлувчи гап-сўзларга кўр-кўрона эргашиб кетмасдан текшириб кўриш лозимлигини таълим берган.
Шундай экан, фитнани олдини олиш, фитна келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этиш, унга қарши курашиш жамиятнинг барча аъзолари учун умумий вазифадир.
Шермуҳаммад Болтаев,
Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо жоме масжиди имом-хатиби.