Шу йилнинг 3-4 февраль кунлари Эрон Ислом республикасининг жанубидаги Форс вилоятидаги маданият ва ёшлар маркази раҳбари ноиби Али Ризоий “Шероз – Ислом олами ёшлари пойтахти” мавзуида тадбир ўтказилишини маълум қилди.
Унда Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва эронлик масъул шахслар иштирок этиб, Шероз шаҳрининг тарихи, санъати, маданияти ва келгуси тараққиёти тўғрисида ўз фикрларини билдиради.
Эслатиб ўтамиз, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Туркиянинг Истамбул шаҳрида ўтказган III анжуманида Шероз шаҳрига “Ислом олами ёшлари пойтахти” деган мақомни берган эди. Шу сабабли тадбирда “Шероз – Ислом ёшлари пойтахти” байроғи баланд кўтарилади.
Халқаро алоқалар бўлими.
Шу кунларда Иордания пойтахти Амман шаҳрида Иордания вақф ва ислом муқаддасотлари ишлари вазирлиги томонидан Ислом дини тинчлик, бағрикенглик, мўътадиллик экани ва уни ҳар қандай зўравонлик, куч ишлатиш, тоқатсизлик кабиларга қарши эканини ўз ичига олувчи «Амман рисоласи» нинг моҳиятига бағишланган 45 илмий-амалий семинар бўлиб ўтмоқда.
Анжуманда Иордания вақф вазири Холилий, Иорданиядаги Қирол Абдуллоҳ II номидаги даъватчилар тайёрлаш, малакасини ошириш институти ректори доктор Абдуссатор, Иордания бош муфтийси Аҳмад Ҳасанот, Иордания қироллик ҳузуридаги Қуддус ишлари қўмитаси аъзоси доктор Муҳаммад Сидр ва бошқалар қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази бош мутахассиси Саййиджамол домла Масайитов ўз маъруза ва суҳбатлари билан иштирок этмоқда.