Яқинда Миср араб республикасида, мисрлик ёзувчи Муҳаммад Абдулазиз Юнус қаламига мансуб “Қуръони карим элчилари” номли янги китоб нашрдан чиқди. Ҳажми 192 саҳифадан иборат мазкур китобда, дунёнинг кўзга кўринган, машҳур қорилари: Абдулбосит Абдуссомад, Маҳмуд Халил ал-Хусарий, Муҳаммадсиддиқ ал-Миншавий, шунингдек, икки ҳарами шарифда Қуръон тиловати ва Хатмул Қуръон тадбирларини ўтказишда хизмат қилган етук қорилар, жумладан, Шайх Иброҳим ал-Ахдар, Шайх Аҳмад Ҳижазий, Шайх Заккий Доғистоний, Шайх Али ибн Абдурроҳман ал-Хузайфий, Шайх Али Абдуллоҳ ал-Жобир ва шу каби машҳур қориларнинг яшаш тарзи ва ҳаёти ҳақида қимматли маълумотлар берилади.
Ушбу китоб, яқинда Қоҳира шаҳрида бўлиб ўтадиган 48-халқаро китоб кўргазмасида намойиш этилиши кўзда тутилган.
Илёс АҲМЕДОВ тайёрлади
Шу кунларда Иордания пойтахти Амман шаҳрида Иордания вақф ва ислом муқаддасотлари ишлари вазирлиги томонидан Ислом дини тинчлик, бағрикенглик, мўътадиллик экани ва уни ҳар қандай зўравонлик, куч ишлатиш, тоқатсизлик кабиларга қарши эканини ўз ичига олувчи «Амман рисоласи» нинг моҳиятига бағишланган 45 илмий-амалий семинар бўлиб ўтмоқда.
Анжуманда Иордания вақф вазири Холилий, Иорданиядаги Қирол Абдуллоҳ II номидаги даъватчилар тайёрлаш, малакасини ошириш институти ректори доктор Абдуссатор, Иордания бош муфтийси Аҳмад Ҳасанот, Иордания қироллик ҳузуридаги Қуддус ишлари қўмитаси аъзоси доктор Муҳаммад Сидр ва бошқалар қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази бош мутахассиси Саййиджамол домла Масайитов ўз маъруза ва суҳбатлари билан иштирок этмоқда.