Жума – ҳар бир дақиқаси Аллоҳнинг марҳаматига тўла бўлган кундир. Баъзан биз бу кунни бошқа кунлар сингари оддийгина ўтказамиз, эътиборсизлик қилиб қанчадан-қанча савоблардан бебаҳра қолаётганимизни англамаймиз. Бинобарин, жума куни:
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жума куни дуоларнинг ижобат бўлиши ҳақида: “Бу кунда шундай фурсат борки, мусулмон банда намоз ўқиш учун шу вақтга дуч келади ва Аллоҳдан нимани сўраса, истаганини шубҳасиз беради”, дедилар (Бухорий, Муслим).
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлар учун энг хайрли кун – жума кунидир. Шундай экан бу куни менга кўп салавотлар айтинглар, чунки бу кунги салавотлар менга кўрсатилади”, деб айтганлар (Абу Довуд).
Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким «Каҳф» сурасини жума куни ўқиса, қиёмат куни унинг қадами остидан нур чиқиб, осмону фалакни ёритади ва унинг икки жума орасидаги хатолари кечирилади”, деганлар.
Авс ибн Авс (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимки жума куни ғусл қилиб, масжидга яёв борса, жума хутбасини чалғимасдан эшитса ва намоз ўқиса, масжидга сари босиб ўтган ҳар бир қадами учун бир йиллик (нафл) рўза ва (нафл) тунги намознинг ажри берилади”, дедилар.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимки ғусл қилиб, покиза кийим кийса ва мушк билан хушбўйланса, масжидга шошмасдан борса ва имом маърузасини бўлмасдан эшитса ва намоз ўқиса у киши уйга ўтган жумадан бери қилган гуноҳларидан фориғ бўлган ҳолда қайтади”, дедилар.
Бошқа бир ҳадисда эса, “Кимки жума намозидан сўнг, оёғини алмаштирмасдан туриб қуйидаги сураларни 7 мартадан ўқиса: Фотиҳа, Ихлос, Фалақ ва Нос сураларини, Аллоҳ субҳанаҳу ва Таоло унинг аввалги ва охирги гуноҳларини кечиради ва уни мукофотлайди, деганлар.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким жума куни ғусл қилиб, масжидга эрта борса, битта туя сўйгандек бўлади. Ким иккинчи вақтда борса, худди битта сигир сўйгандек, ким учинчи вақтда борса, худди битта шохдор қўчқор сўйгандек, ким тўртинчи вақтда борса, худди битта товуқ сўйгандек, ким бешинчи вақтда борса, худди бир тухум атагандек бўлади. Имом (минбарга) чиққанда эса фаришталар хутбани эшитишга ҳозир бўладилар”, дедилар (Абу Довуд, Ибн Можа).
Ушбу ҳадислар жума кунининг фазилати ва савоби ҳақида бир эслатмадир. Барчамиз бу куннинг улуғ фазилатларидан тўлиқ баҳраманд бўлайлик.
М. Зуфарова
тайёрлади
Инсоният тарихида ўз ўрнига эга бўлган буюк алломаларимиздан бири Имом Абу Мансур Мотуридийдир. Ул сиймо фақат бир замоннинг эмас, балки барча замонларнинг долзарб ва муҳим масалаларига асосли ҳамда қатъий жавобларни бера олган мутафаккир олим.
У зотнинг дунё илм-фанига, айниқса, ақида илмига қўшган ҳиссаси, ақл ва нақлни уйғунлаштиришдаги ўрни ҳақида замондошлари ҳамда муҳаққиқ олимлар томонидан юксак баҳолар берилган.
Кўпчилик «Абу Мансур» нисбасини эшитганда, у зотнинг ўғли «Мансур» бўлганми, деган саволга тўхталади. Лекин манбаларда Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг «Мансур» исмли ўғли бўлгани айтилмаган. Аммо тадқиқотчилар манбаларга таяниб, у зотнинг қизи бўлганини таъкидлаган. Лекин Имом Мотуридий ўз тафсирида ўғил фарзандли бўлишни орзу қилганини ва уни «Мансур» деб номлашини айтиб ўтган. Бу ҳақда «Таъвилот ал-Қуръон»да шундай дейилади: «Абу Мансур» деб, унга «Мансур» исмли ўғил туғилиши умидида ишлатилади».
Бу орзу амалга ошган ёки йўқлиги ҳақида тарихий маълумот учрамайди. Қайд этилган жумла Имом Мотуридийнинг шахсий ҳаётидаги содда бир орзуни кўрсатса-да, унинг туйғулари қанчалик самимий эканини билдиради.
Имом Мотуридийнинг илмдаги даражаси ҳақида у зотнинг шогирдлари ва издошларидан етишиб чиққан етук олимлар юксак баҳолар берган. «Сайфул-ҳақ» (Ҳақиқат қиличи) деган шарафли унвонга сазовор бўлган олим Абу Муин Насафийнинг таъкидлашича: «Агар аҳли сунна олимлари орасида фақат Имом Абу Мансур Мотуридийнинг ўзи бўлганида ҳам, етарли бўлар эди». Бу таъриф Имом Мотуридийнинг аҳли сунна ва жамоа асосини барпо этишдаги ўрнини ёрқин намоён қилади.
Ундан ташқари, Абу Муин Насафий Имом Мотуридийга: «Илм уммонига шўнғиб, ундаги ноёб дурларни қўлга киритишга муваффақ бўлган, диннинг ҳужжат-далилларини баён этиб, уларни ўз фасоҳати, чуқур илми ва юксак ақл-заковати билан сайқаллаштирган олим», деган таърифни берган.
Устози Абу Наср Иёзийнинг у зотга нисбатан ҳурмати ва эътирофи ҳам жуда таъсирли. У дарс мажлисларида Мотуридий ҳозир бўлмагунча гапирмас эди. Ҳар гал уни узоқдан кўриб, ҳайрат билан назар ташлар ва Қуръони каримдан қуйидаги оятни тилга оларди: «Парвардигоринг хоҳлаганини яратади ва ихтиёр этади» (Қасос сураси 68-оят).
Абдулҳай Лакнавий «ал-Фавоидул-баҳия» асарида Имом Абу Мансур Мотуридийни мутакаллимлар имоми ва мусулмонларнинг тўғри ақидасини асослаб берган буюк аллома сифатида тавсифлайди. Унинг таъкидлашича, Имом Мотуридий беназир асарлар яратиб, ботил ақида вакилларининг бузғунчи ғояларига раддиялар берган.
Айрим манбаларда Имом Мотуридий тариқат шайхлари томонидан ҳам умматни тўғри йўлга йўлловчи шахс сифатида эътироф этилгани айтилади. Имом Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Солиҳ Жузжоний Имом Мотуридийнинг тасаввуфдаги устозларидан бири бўлган.
Замонавий мотуридийшунос олимлардан Аҳмад Саъд Даманҳурий ўзининг Имом Мотуридийга бағишлаб ёзган асарида шундай дейди: «Имом Мотуридий фиқҳ, илм, тақво, дину диёнат, фазилат ва яхшиликда пешқадам бўлиб, у билан ҳамфикр ёки унга қарши бўлганларнинг барчаси унинг беназир олим эканини эътироф этган. У суннатнинг кескир қиличи, бидъат ва гумроҳликка қарши курашган аллома бўлган. Ул зот кўплаб китоблар ёзиб, ислом динини ҳимоя қилган, унга қарши чиққанларни мағлуб этган».
Мотуридийшунос олим Сўнмас Қутлуғ эса шундай дейди: «Имом Мотуридий Аллоҳ таоло томонидан инсониятга берилган энг улуғ инъом, бебаҳо туҳфадир».
Айримлар «Китоб ат-тавҳид»нинг кириш қисмидаги ақлий далилларга қараб, у зот фақат ақлга таянган деб хулоса қилади. Лекин Яратувчининг мавжудлигини инкор қилаётган инсонга ўша мавжудликни ақл орқали исботлаш табиий ва зарурий услубдир. Имом Мотуридий нақлни четлатмаган, балки уни ўз ўрнида ишлатган. Аксинча, Имом Мотуридий илмда нақл ва ақлни мукаммал тарзда уйғунлаштира олган олим эди. У зот ўзининг соғлом эътиқодга бағишлаб ёзган «Китоб ат-Тавҳид» асарида Қуръони каримнинг 77 та сурасининг, 350 та оятидан фойдаланган. Бу эса Мотуридийнинг ақида масаласида нақлга нақадар эътибор қилганини кўрсатади. Турк олими Бакр Тўпол ушбу кўрсаткичларни таҳлил қилиб, ҳатто Имом Мотуридийнинг ишора қилиб кетган оятларини ҳам келтирган ва бу сон янада юқори чиққанини таъкидлаган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан буюк олимга юксак ҳурмат ифодаси ўлароқ «Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарор қабул қилингани, албатта, бутун дунё мотуридийшуносларини чексиз қувонтирди. Бу эса ҳар бир инсоннинг қалбида фахр ва шодлик туйғусини уйғотмай қолмайди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Имом Абу Мансур Мотуридий – ислом ақидасини ҳимоя қилган, аҳли сунна вал-жамоа таълимотининг илмий асосларини тизимлаштириб, мустаҳкамлаган буюк олимдир. У ўз асарлари ва илмий баҳслари орқали турли бидъатчи тоифаларнинг нотўғри ақидаларини рад этган. Имом Мотуридий фақатгина раддия берувчи эмас, балки ақидавий масалаларга ақл ва нақл асосида ечим топа билган буюк шахсият эди.
Ихтиёр Абдураҳмонов,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Манба: uza.uz