Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446

Қурони карим тиловатининг 20 одоби

24.01.2017   9565   3 min.
Қурони карим тиловатининг 20 одоби

Бандаларини Ўзининг муқаддас, мўжиз Каломини ўқишни ўрганиш бахтига мушарраф этган Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар бўлсин.
Ўз умматларига: «Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатганингиздир» дея, уларни ушбу Каломи Раббонийнинг таълимига тарғиб қилган ва бунда ўзи энг гўзал намуна бўлган Набийимиз Муҳаммад мустафога Аллоҳниг салоту саломлари бўлсин.
Уламоларимиз Қуръони Карим қироати одоби ҳақидаги барча далилларни ва мулоҳазаларни ўрганиб чиққанларидан кейин хулоса қилиб, бу одобларни қуйидагича тартибга соладилар:
1.  Қуръони Каримни қироат қилувчи таҳоратли бўлиши лозим.
2.  Қуръони Каримни қироат қилувчи одобли бўлиши керак.
3.  Қуръони Каримни қироат қилувчи чўкка тушиб, тавозуъ билан ўтириши керак.
4.  Қуръони Каримни қироат қилувчи чордана қуриб, ёнбошлаб ёки мутакаббир сифатда ўтирмаслиги керак.
5.  Қуръони Каримни қироат қилувчи учун энг афзал ҳолат тик турган ҳолида намозда ва масжидда ўқимоқликдир.
6.  Қуръони Каримни қироат қилувчи ўзининг муҳим ишларини ташламаслиги керак. Ишдан бўшаганда қироат қилади.
7.  Қуръони Каримни қироат қилувчи учун қироат кўпайиб баданига зарар етказадиган бўлмаслиги керак.
8.  Қуръони Каримни қироат қилувчи ўта шошилиб тартил ва тажвидни бузмаслиги керак. Тиловатдан вақтни қизғаниб ёки бошқа сабаблар билан шошилиб ўқимаслик.
9.  Қуръони Каримни қироат қилувчи оддий киши бўлса, ҳар куни бир порадан ўқиб, бир ойда бир марта хатм қилиб туриши керак.
10.  Қуръони Каримни қироат қилувчи қироатни кўп қилмоқчи бўлса, уч кундан кам бўлмаслиги керак.
11.  Қуръони Каримни қироат қилувчи хатм қилганидан кейин Аллоҳ таолога дуо қилиши марғубдир.
12.  Қуръони Каримни қироат қилувчи имкони борича тиловатни чиройли қилишга ҳаракат қилмоғи мустаҳабдир.
13.  Қуръони Каримни қироат қилувчи қироатни ичида қилмоғи мустаҳабдир. Бу ўзига эшитиладиган қироатдир.
14.  Қуръони Каримни қироат қилувчи баъзи мақсадлар учун овозини баланд қилиб қироат қилса ҳам жоиз.
15.  Қуръони Каримни қироат қилувчининг мусҳафи бўлса, ўша мусҳаф қаровсиз қолмаслиги учун ҳар куни маълум оятларни бўлса ҳам унга қараб ўқиб турмоғи лозим.
16.  Қуръони Каримни қироат қилувчи доимо ўзи ўқиётган калом башарнинг эмас, Аллоҳ таолонинг каломи эканини ва У зотнинг улуғлигини ҳис қилиб турмоғи лозим.
17.  Тиловатга киришишдан олдин ақлни машғул қиладиган турли омиллардан зеҳнни холи қилиш.
18.  Ҳар гал тиловатга киришиш олдидан Аллоҳ таолодан уни осон этишини чин дилдан сўраш ва У Зотдан доимо ғайрат, куч-қувват ва имкониятлар сўраб дуою илтижода бўлиш. Зотан Аллоҳдан ўзга ҳеч кимдан қувват ва ёрдам йўқдир.
19.  Бу ўринда оддий матнни эмас, балки, буюк илоҳий китоб, лафзи ҳам, маъноси ҳам Аллоҳ томонидан бўлган, У Зотнинг қадийм каломи бўлмиш Қуръони каримни, илоҳий ваҳийни ўқиётганини унутмаслик, бу ҳақиқатни доимо ҳис қилиб туриш.
20.  Бу йўлда тўғри ният билан қилинган ҳар бир ҳаракат ва машғулот ибодат ҳисобланишини доимо ёдда тутиш.


Тошкент ислом институти 4-курс талабаси
Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳасан розияллоҳу анҳунинг саховатлари

25.11.2024   1924   3 min.
Ҳасан розияллоҳу анҳунинг саховатлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳасан розияллоҳу анҳу зироат экинлари экиладиган ерларга эга эди. Бундан ташқари, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврида укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳу билан бирга давлатдан йилига беш минг дирҳам маош оларди. Бу миқдордаги маошни фақат Бадр жангида қатнашганларгина олишлари мумкин эди. У киши розияллоҳу анҳу Муовия розияллоҳу анҳунинг даврида йилига юз минг дирҳам маош оладиган бўлди. Кўплаб бой саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари туфайли Ҳасан розияллоҳу анҳу ва укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳуга катта миқдорда ҳадялар беришарди. Бундан ташқари, баъзи саҳобалар ўлимидан олдин ўзи қолдирган меросдан уларга берилишини васият қилишарди. Масалан, Бадр ва Уҳуд жангларида қатнашган Ислом суворийси Миқдод ибн Амр ибн Саълаба ал-Киндий ўлимидан олдин бойлигидан ўн саккиз минг дирҳамни Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумога васият қилади. Бу васият амалга оширилади.

Ҳасан розияллоҳу анҳу кўп марта уйланган саҳобалардан эди. Бироқ у ажрашган аёлларига нисбатан жуда сахий эди. Ана шундай аёли Оиша Ҳасамийяга йигирма минг дирҳам нафақа тўлаган. Яна ажрашган икки хотинига ўн минг дирҳамдан ташқари бошқа мол-мулкларни ҳам нафақа қилиб қўшиб берган. У никоҳига оладиган аёлларига ҳам кўп миқдорда маҳр берарди. Иккита аёлига йигирма минг дирҳамдан, бошқа бир аёлига эса юзта жория ва юз минг дирҳам маҳр берган.

Ҳасан розияллоҳу анҳу бор мол-мулкини икки марта, мол-мулкининг ярмини оёқ кийими ва маҳсиларигача уч марта ҳадя қилган. Ёрдамга муҳтож бир кишига бир юз ўттиз минг дирҳам, бошқа бирига эса юз минг дирҳам садақа қилгани ривоят қилинган. Мадина кўчаларидан ўтиб кетаётган бир йўловчини зарур бўлган улов ва озиқ-овқатлар билан таъминлаган. Эҳтиёжи учун юз минг дирҳам сўраб Аллоҳ таолога дуо қилган кишига ўшанча пул жўнатган. Масжидул Ҳаромнинг четида бир кишининг «Аллоҳим, менга ўн минг дирҳам бер», деганини эшитиб, дарҳол уйига қайтиб бориб, унга шунча пул юборган.

Ҳасан розияллоҳу анҳу ҳаж сафари чоғида ўзи ва укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳуни, жияни Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни қўй гўшти билан меҳмон қилган бечора аёлни Мадина бозорида кўриб қолиб, унга мингта қўй ва минг тилла бериб юборган.

Маккадан Мадинага сафари чоғида бир одам у кишини ёмғирдан ҳимоялаш учун ўз чодирида меҳмон қилади. Ана шу чодир эгасига чўпонлари билан бирга юзта туя ҳадя қилади.

Яна Ҳасан розияллоҳу анҳу ўзига бир қўй ҳадя қилган қулни қўйлари билан бирга сотиб олиб, уни озод этади ва унга сурувни ҳадя қилади. Шунга ўхшаш яна бир воқеа: итига овқатидан берган қулни ўзи қўриқлаётган боғи билан бирга сотиб олиб, уни озод қилади. Кейин ўша боғни қулнинг ўзига ҳадя қилади.

«Миллионер саҳобалар» китобидан