Бандаларини Ўзининг муқаддас, мўжиз Каломини ўқишни ўрганиш бахтига мушарраф этган Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар бўлсин.
Ўз умматларига: «Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатганингиздир» дея, уларни ушбу Каломи Раббонийнинг таълимига тарғиб қилган ва бунда ўзи энг гўзал намуна бўлган Набийимиз Муҳаммад мустафога Аллоҳниг салоту саломлари бўлсин.
Уламоларимиз Қуръони Карим қироати одоби ҳақидаги барча далилларни ва мулоҳазаларни ўрганиб чиққанларидан кейин хулоса қилиб, бу одобларни қуйидагича тартибга соладилар:
1. Қуръони Каримни қироат қилувчи таҳоратли бўлиши лозим.
2. Қуръони Каримни қироат қилувчи одобли бўлиши керак.
3. Қуръони Каримни қироат қилувчи чўкка тушиб, тавозуъ билан ўтириши керак.
4. Қуръони Каримни қироат қилувчи чордана қуриб, ёнбошлаб ёки мутакаббир сифатда ўтирмаслиги керак.
5. Қуръони Каримни қироат қилувчи учун энг афзал ҳолат тик турган ҳолида намозда ва масжидда ўқимоқликдир.
6. Қуръони Каримни қироат қилувчи ўзининг муҳим ишларини ташламаслиги керак. Ишдан бўшаганда қироат қилади.
7. Қуръони Каримни қироат қилувчи учун қироат кўпайиб баданига зарар етказадиган бўлмаслиги керак.
8. Қуръони Каримни қироат қилувчи ўта шошилиб тартил ва тажвидни бузмаслиги керак. Тиловатдан вақтни қизғаниб ёки бошқа сабаблар билан шошилиб ўқимаслик.
9. Қуръони Каримни қироат қилувчи оддий киши бўлса, ҳар куни бир порадан ўқиб, бир ойда бир марта хатм қилиб туриши керак.
10. Қуръони Каримни қироат қилувчи қироатни кўп қилмоқчи бўлса, уч кундан кам бўлмаслиги керак.
11. Қуръони Каримни қироат қилувчи хатм қилганидан кейин Аллоҳ таолога дуо қилиши марғубдир.
12. Қуръони Каримни қироат қилувчи имкони борича тиловатни чиройли қилишга ҳаракат қилмоғи мустаҳабдир.
13. Қуръони Каримни қироат қилувчи қироатни ичида қилмоғи мустаҳабдир. Бу ўзига эшитиладиган қироатдир.
14. Қуръони Каримни қироат қилувчи баъзи мақсадлар учун овозини баланд қилиб қироат қилса ҳам жоиз.
15. Қуръони Каримни қироат қилувчининг мусҳафи бўлса, ўша мусҳаф қаровсиз қолмаслиги учун ҳар куни маълум оятларни бўлса ҳам унга қараб ўқиб турмоғи лозим.
16. Қуръони Каримни қироат қилувчи доимо ўзи ўқиётган калом башарнинг эмас, Аллоҳ таолонинг каломи эканини ва У зотнинг улуғлигини ҳис қилиб турмоғи лозим.
17. Тиловатга киришишдан олдин ақлни машғул қиладиган турли омиллардан зеҳнни холи қилиш.
18. Ҳар гал тиловатга киришиш олдидан Аллоҳ таолодан уни осон этишини чин дилдан сўраш ва У Зотдан доимо ғайрат, куч-қувват ва имкониятлар сўраб дуою илтижода бўлиш. Зотан Аллоҳдан ўзга ҳеч кимдан қувват ва ёрдам йўқдир.
19. Бу ўринда оддий матнни эмас, балки, буюк илоҳий китоб, лафзи ҳам, маъноси ҳам Аллоҳ томонидан бўлган, У Зотнинг қадийм каломи бўлмиш Қуръони каримни, илоҳий ваҳийни ўқиётганини унутмаслик, бу ҳақиқатни доимо ҳис қилиб туриш.
20. Бу йўлда тўғри ният билан қилинган ҳар бир ҳаракат ва машғулот ибодат ҳисобланишини доимо ёдда тутиш.
Тошкент ислом институти 4-курс талабаси
Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли
Самарқанднинг тарихий қисмида туризм инфратузилмасини кенг кўламли янгилаш ишлари давом этмоқда. Амалга оширилаётган лойиҳаларнинг асосий мақсади хорижий сайёҳларнинг қолиш муддатини узайтириш, қулай шаҳар муҳитини яратиш ва бир вақтнинг ўзида маҳаллий аҳолининг ҳаёт сифатини оширишдан иборат.
“Самаркандский вестник” нашрига кўра, туризмни ривожлантириш дастури доирасида эски шаҳарнинг 13 та кўчаси босқичма-босқич замонавий пиёдалар йўлагига айлантирилмоқда. Бу ерда янги хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилмоқда, жамоат жойлари ободонлаштирилмоқда, миллий меъморчилик анъаналарини сақлаб қолган ҳолда муҳандислик коммуникациялари ва бино фасадлари янгиланмоқда.
Энг йирик лойиҳалардан бири Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган Бухоро кўчасини реконструкция қилиш бўлди. Кўчанинг 850 метр қисми тўлиқ пиёдалар ҳудудига айлантирилади. Лойиҳани ишлаб чиқувчилардан бири, Самарқанд давлат техника университети ўқитувчиси Жасур Бердиқуловнинг таъкидлашича, илгари бу ерда қатнов қисмининг торлиги туфайли мунтазам равишда тирбандликлар юзага келган, қулай пиёдалар йўлакларининг йўқлиги эса пиёдалар учун жиддий ноқулайликлар туғдирган. Ишлар якунлангач, кўча хавфсиз жамоат майдонига айланади. Аҳоли учун алоҳида тўхташ жойи ажратилган бўлиб, транспорт воситаларининг киришига фақат зарурат туғилганда махсус хизматларга рухсат берилади. Шу билан бирга, сув, газ, электр ва бошқа муҳандислик тармоқлари тўлиқ модернизация қилинмоқда.
Олтин аср маҳалласида жойлашган Бағдод кўчасида ҳам ишлар давом этмоқда. Бу ерда 600 метрлик ҳудуд ободонлаштирилмоқда. Лойиҳа доирасида замонавий туризм ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яратиш, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш кўзда тутилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати