Биз кўпинча ҳаётимизда рўй берадиган воқеъа-ҳодисалардан норози бўламиз. Шунда ўзимизга-ўзимиз: нега менга бу мусибат етди? Нега бошқаларга эмас, айнан менга синовлар кўп бўлаяпти? Бу қийинчиликларни ниҳояси борми ўзи? Ва ҳоказо шу каби саволлар бера бошлаймиз. Албатта, мўмин киши яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан эканига имон келтиради. Бироқ шундай бўлсада, айрим кишилар орасида шу каби саволлар ҳали-ҳануз учраб тургани тез-тез қулоққа чалинади. Шу каби саволларга Аллоҳнинг каломидаги оятлардан жавоб топишга уринамиз. Шоядки, айрим инсонлар Каломуллоҳдан келтирилган жавобларни ўқиб, қалблари таскин топса.
Жавоб:“Одамлар:“Имон келтирдик”,–дейишлари билангина, синалмаган ҳолларида қолдириладилар, деб ўйладиларми?! Биз улардан олдинги (имонли) кишиларни синаган эдик-ку!..”(Анкабут 2-3).
“...Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам синаб, имтиҳон қилурмиз...” (Анбиё, 35).
Жавоб: “...Балким, сизлар ёқтирмаган нарса (аслида) ўзларингиз учун яхши, ёқтирган нарсангиз эса (аслида) сизлар учун ёмон бўлиб чиқар. Аллоҳ билур, сизлар эса билмайсизлар” (Бақара, 216).
Жавоб: “Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди. Унинг касб этгани (яхшилиги) – ўзига ва орттиргани (ёмонлиги) ҳам ўзигадир”(Бақара, 286).
“Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (Шарҳ, 5-6).
Жавоб: Агар (чин) мўмин бўлсангиз, ўзингиз олий (даражада) бўла туриб, (баъзи мағлубиятларингиз сабабли) сустлашмангиз ҳам, ғамгин ҳам бўлмангиз” (Оли Имрон, 139).
Жавоб: “Эй, имон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз!” (Оли Имрон, 200).
“(Аллоҳдан) сабр ва намоз ила ёрдам сўрангиз. Дарҳақиқат, у (намоз) оғир ишдир. Илло, итоатли (хокисор) кишиларга (оғир) эмас” (Бақара, 45).
Жавоб: “...Менга Аллоҳ кифоядир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Унга таваккул қилдим. У буюк Аршнинг парвардигоридир!”(Тавба, 129).
Жавоб: “...Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз. Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофирлар қавмигина ноумид бўлур” (Юсуф, 87).
“(Эй, Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзи Мағфиратли ва Раҳмлидир”(Зумар, 53).
Жавоб: “Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир” (Юнус, 58).
Ушбу оятда Аллоҳнинг икки улуғ неъмати зикр қилинаётир. Бири – фазлу карами, яъни Ислом дини. Иккинчиси – раҳмати, яъни Қуръони карим. Ҳадиси шарифда айтиладики, кимга Аллоҳ таоло Ислом дини ва Қуръон илмини насиб этган бўлса-ю, у камбағалман деб нолиса, Аллоҳ то қиёмат кунигача унинг икки кўзи ўртасига (пешонасига) фақирлик тамғасини босиб қўяр. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу), Ҳасан Басрий ва Қатода (роҳимаҳумуллоҳ)лар оятдаги “Аллоҳнинг фазли” – ислом. “Унинг раҳмати” – Қуръон, деб тафсир қилганлар. Абу Саид ал-Худрий (розияллоҳу анҳу) эса, Аллоҳнинг фазли – Қуръон, Унинг раҳмати – Қуръонга аҳл бўлишдир, деган. Бундан бошқача тафсирлар ҳам мавжуд.
Жавоб: “...Албатта, Аллоҳ одамларга нисбатан меҳрибон ва раҳмлидир”( Бақара, 143).
Интернет маълумотлари асосида
Илҳом МАЪРУПОВ
тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ бир куни илмий мажлисларида шундай дедилар: «Инсонга ҳаётда ғам, мусибат ва машаққатлар етади. Агар банда чуқурроқ ўйлаб кўрса, бу машаққат ва қийинчиликлар Аллоҳ таолонинг неъматлари эканини англайди. Масалан, беморлик ҳам бир неъмат. Фақирлик ва муҳтожлик ҳам неъмат. Қалб кўзи очиқ инсон бу нарсалар Аллоҳ таолонинг неъматлари эканини кўради. Ҳақиқатда, машаққат ва қийинчиликлар неъматдир. Аммо бизнинг қосир ақлимиз уларнинг неъмат эканини сиғдира олмайди».
Шу ўринда мусибат ва қийинчиликлар қандай қилиб неъмат бўлади? деган савол туғилади. Бу саволнинг жавоби ҳадиси шарифда келади. Унда айтилишича, Аллоҳ таоло охиратда машаққат ва мусибатларга сабр қилган бандаларига беҳисоб ажр-мукофотлар беради, ўшанда дунёда у қадар мусибатга учрамаган одамлар у бандаларни кўриб, кошки, ҳаёти дунёда бизга ҳам мусибат ва машаққатлар етганда эди, биз ҳам сабр қилган ва сабримизга мана шундай ажр-савоблар олган бўлар, бу кунда сабр қилувчилар билан бирга турар эдик, деб орзу қиладилар.
Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деб турганларида, мажлисга бир одам кириб келди. У ногирон бўлиб, турли хил дардларга мубтало эди. У келиб, Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳга: «Менинг ҳаққимга дуо қилинг, Аллоҳ таоло менга бу машаққатлардан нажот берсин», деди.
Мавлоно Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Биз ўша мажлисда ҳозир эдик. Ўшанда ҳайрон бўлдик, Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ бутун мусибатлар ва қийинчиликларнинг неъмат эканини айтиб турибдилар. Бу ёқда эса бу одам ўзидан машаққат ва қийинчиликларнинг кетишини истаб дуо сўраяпти. Агар бу ногирон одамдан машаққатлар кетишини сўраб дуо қилсалар, у ҳолда неъматнинг зое бўлишини сўраган бўладилар-ку? Ҳожи Имдодуллох Маккий раҳматуллоҳи алайҳ шу пайт қўлларини дуога кўтардилар ва: «Аллоҳим! Ҳақиқатда, барча мусибат ва машаққатлар неъматдир. Лекин, Аллоҳим, биз ожизмиз. Сен бизнинг ожизлигимизга назар сол ва бу машаққат неъматини саломатлик неъматига алмаштириб бер!» деб дуо қилдилар».
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан