Ўзбекистон Республикаси Ҳаж делегацияси бугун 18 январь куни Саудия Арабистони Подшоҳлигига жўнаб кетди. Ушбу сафар 7 кун давом этади.
Саудия Арабистони Ҳаж ишлари вазири Солиҳ Бантин таклифига асосан, «Ҳаж–2017» мавсумининг ташкилий ишларини келишиб олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов – делегация раҳбари ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бошчилигидаги делегация бугун Жидда шаҳрига етиб боради.
Шунингдек, уларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот котиби Жалолиддин Нуриддинов ва Тошкент ислом университети халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Ҳамидбек Ҳасанов ҳамроҳлик қилишмоқда.
Сафар давомида Ўзбекистон Ҳаж делегацияси ва Саудия Арабистони Ҳаж ишлари вазирлиги ва мутасадди ташкилотлар ўртасида «Ҳаж–2017» мавсумининг ташкилий ишлари ўзаро кўриб чиқилади. Шу мақсадда Маккаи мукаррама, Мадинаи мунаввара ва Жидда шаҳарларида жорий йил ҳаж мавсумида ўзбекистонлик ҳожиларга хизмат қилувчи идоралар ва муассасалар раҳбарлари билан келишиб олинади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллиги ташаббуси билан Бухоро шаҳридаги Дилкушо жоме масжидида навбатдаги умра дарслари ўтказилди.
Дарсда “Абу Ҳафс Кабир” жоме масжиди имом-хатиби, “Мир Араб” мадрасаси ўқитувчиси Акрам домла Абдуллаев навбатдаги умра сафарига кетаётган 13-14 -гуруҳ аъзолари ва тайинланган элликбошилар иштирок этди.
Маърузада Акрам домла Абдуллаев сўзга чиқиб, умра зиёратининг аҳкомлари, сафар одоблари, мусофир кишининг ибодати, сафар олдидан тайёргарлик каби мавзуларни ўтиб берди.
Дарс мобайнида иштирокчиларни қизиқтирган ақидавий, фиқҳий ва диний-ижтимоий мавзулардаги саволларга устоз томонидан атрофлича тушунчалар бериб ўтилди
Аллоҳ таоло умрага отланаётган ҳамюртларимизнинг сафарини хайрли қилсин, Байтуллоҳни тавоф қилишни барчамизга насиб этсин!
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати