Миср ва Сурия Ислом оламида Қуръони каримни қироатини энг яхши ва хуш овоз билан ўқийдиган қорилар юртлари сифатида машҳурдир. Айниқса, Абдулбосит Абдуссомад, Муҳаммад Сиддиқ Миншавий, Мустафо Исмоил, Али Банно каби Қуръон ҳофизларининг шуҳрати оламга кенг ёйилган. Улар орасида устоз қорилардан, Қуръони карим ҳофизи ва ҳомили Маҳмуд Халил Ҳусорий алоҳида ўрин тутади.
Фазилатли шайх Маҳмуд Халил Ҳусорий ҳижрий сана бўйича 1335-йили Зулҳижжа ойида мелодий 1917 йили сентябр ойининг 17-кунида Мисрнинг ғарбий вилояти Тонтонинг маркази Шуброн намлаҳ қишлоғида дунёга келган. Унинг отаси бўйра тайёрлаб сотарди. Бўйрани арабчада “ҳасир”дейишади. Шунинг учун у кейинчалик “Ҳусорий” тахаллуси билан машҳур бўлди. Маҳмуднинг болалик ва ёшлик даври отасига тирикчилик ишларида ёрдам бериш билан кечди. Орада Қуръони каримни ҳифз этишни бошлади ва саккиз ёшидаёқ ёд олди. Ўша даврнинг машҳур Қуърон ҳофизи Иброҳим Саломдан сабоқ олди. Тенгдошлари Мустафо Исмоил ва Маҳмуд Али Баннолар билан мусобақалашиб Қуръонни ўрганишди ва тадқиқ қилишди.
Қуръони каримни тажвид қоидаларига биноан мукаммал қилиб, хуш овоз билан тиловат қилиши Маҳмуд Халил Ҳусорийни бутун мамлакатга машҳур қилиб юборди. У мелодий 1944 йили ҳижрий 1364 йили Миср радиоси ташкил этган қорилар таловида икки юз нафар қори ичида биринчи ўринни эгаллади ва жаҳоннинг энг кучли қориларидан бири эканини исботлади.
У Қуръон ҳофизи бўлибгина қолмади. Тинимсиз изланишлар, чуқур тадқиқотлар эвазига Қуръони карим ҳомилига, яьни, Қуръонни ёддан ўқиш билан бирга маьноларини тушуниб, уни ҳаётга татбиқ этувчи, унга амал қилувчи кишига айланди.
1944 йилдан бошлаб Масжидул Аҳмадийда, 1955 йилда эса Масжидул Ҳусайнийда Қуръон тиловат қилиб берувчи ва Миср қорихоналарини назорат қилувчи ва тафтишчиси эди. Кейинчалик мелодий 1961, ҳижрий 1381 йили шайхлик ловозимини бошқарувчи этиб тайинлангунига қадар унга мудир ўринбосари этиб тайинланди. У биринчи бўлиб мелодий 1961 йили, ҳижрий 1381 йили Ҳафс Осимдан қилган ривояатга кўра тартил ила ўқилган Қуръони каримни овозли кўринишда чиқарган. Мисрда чамаси 10 йил родио эшиттиришларда Ҳусорий чиқарган биргина Қуръони каримни овозли нусхасидан фойдаланилган. Мелодий 1964 йили, ҳижрий 1384 йили Варш Нофеьдан қилган ривояатга кўра тартил ила ўқилган Қуръони каримни овозли кўриниши чиқаради. Кейинчалик мелодий 1968 йили, ҳижрий 1388 йили Қолун ад-Дурийдан қилган ривояатга кўра тартил ила ўқилган Қуръони каримни овозли кўриниши чиқаради. Мана шу йилнинг ўзида “Бутун Дунё Ислом Қорилари” бирлашмасини раиси этиб тайинланади.
1965 йили уни Миср Вақф ишлари вазирлигига Қуръони карим бўйича маслаҳатчи вазифасига тайинлашди. Кейинчалик муқаддас Қуръони мажид соҳасида илмий-тадқиқот ишлари учун унга “Қуръон фанлари доктори” деган унвон берилди. Қуръон ҳомили илоҳий ваҳйнинг дахлсиз ва ўзгаришсиз асралишида катта қатъият ва фидокорлик кўрсатди. Исроилда Қуръони карим изоҳлари бузиб талқин қилинганида Маҳмуд Хусарий бу сохтакорликларни биринчи бўлиб кескин рад этди. Машҳур қори кўплаб Ислом ўлкаларига ташриф буюриб, ўша мамлакатлар мусулмонларининг Қуръон билан боғланишларини мустаҳкамлаш, Илоҳий каломни тиловат қилиш, ўрганиш ва амал қилишда, қорилар тайёрлаш ишларида уларга холисона кўмаклашди. Бу хайрли амалларда кўп ғайрат ва шижоат кўрсатди. Унинг ана шу саъй-ҳаракатлари натижасида ғайримуслим ўлкалардаги бошқа диндагиларнинг Исломга киришлари сезиларли даражада кўпайди.
У ҳаётининг сўнгида ўзининг барча мол мулкини учдан бирини Қуръони каримни хизмати ва Қуръони каримни ёдловчилар учун берилишини васият қилган.
Қуръон ҳофизи ва ҳомили Маҳмуд Халил Ҳусарий мелодий 1980-йили 24-Октябр, ҳижрий 1401-йил Муҳаррам ойиниг 16 душанба куни Қувайтга кетаётиб, йўлда вафот этди.
Таълиф этган китоблари:
Аллоҳ таоло у зотдан рози бўлсин.
Имом Бухорий номидаги
Тошкент ислом институти 4-курс талабаси
Каримов Зиёдуллоҳ Ғайбуллох Ўғли
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир куни Ҳасан розияллоҳу анҳу уйидан янги, тоза кийимлар кийиб, виқор билан кўчага чиқди. Бир гуруҳ дўстлари, ходимлари билан Мадина кўчаларининг бирида кетаётиб, елкасида бир меш сув кўтариб олган, қашшоқликдан эзилган кекса яҳудийни учратиб қолди. Қария Ҳасан розияллоҳу анҳуни бундай кўркам кийимда кўриб, чидай олмади, «Илтимос, бирпас тўхтаб, сўзимга қулоқ солинг!» деди. Ҳасан розияллоҳу анҳу тўхтади. Яҳудий: «Эй Расулуллоҳнинг набираси! Менга раҳм қилинг, адолат қилинг! Бобонгиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дунё мўминнинг зиндони, кофирнинг жаннатидир», деган эдилар. Лекин кўриб турибманки, сиз бу дунёда ҳам неъматларга кўмилиб, фаровон яшаяпсиз. Унда бўлса, бу дунё сиз учун жаннат, мен учун эса дўзах экан-да? Ахир мен қийинчиликда, қашшоқликда яшаяпман. Лекин сиз мўминсиз, мен эса ундай эмас», деди.
Ҳасан розияллоҳу анҳу бундай деди: «Кўзингдан парда олиб ташланганида, Аллоҳ таоло менга ва барча мўминларга жаннатда қандай неъматлар тайёрлаб қўйганини кўрганингда эди, бу дунё шунчалик гўзаллигига қарамай, биз учун зиндонлигини кўрган бўлардинг. Аллоҳ таоло сенга ва барча кофирларга дўзахда қандай азобу қийноқлар тайёрлаб кўйганини кўрганингда, шунчалик қашшоқ, паришонлигингга қарамай, бу дунё сен учун жаннат эканлигини тушунган бўлардинг».
Дарҳақиқат, мусулмонлар бу дунёда қанчалик фаровон яшамасин, жаннатдаги неъматлар олдида ҳеч нарса эмас. Худди шунга ўхшаб, мусулмон бўлмаганлар ҳам бу дунёда фаровон яшаётган бўлса, бу Аллоҳ таолонинг Роҳман исмининг бир тажаллийси бўлиб, вақтинчалик берилган иноятдир, охиратда кўриладиган азобларнинг қаршисида ҳеч нарса эмасдир.
«Ким дунёни истаса, дунё уни ерга уради!»
Ҳасан розияллоҳу анҳу ўрни келганда, одамларга насиҳат қилиб, ҳаётда бошқаларга ибрат бўлиб яшаш, гўзал хулқ-атвор эгаси бўлиш лозимлигини айтар эди. У ўзининг ижтимоий ҳаётга оид маслаҳатларидан бирида бундай деган: «Кимки дунёни хоҳласа, дунё уни ерга уради! Кимки дунёга қалбини боғламаса, унга парво қилмайди. Кимки дунёни севса, у бойларнинг қулига айланади. Кечаги куни билан бугунги куни тенг бўлган киши зиёнда, кимнинг ўтмиши бугунидан яхшироқ бўлса, у ҳам зиёндадир. Ўзини мукаммал деб ҳисоблаган одамда камчилик кўп бўлади. Гўзал ахлоқ инсонга зийнатдир. Садоқат бойликдир. Шошқалоқлик енгилликдир. Қалби дунёга боғланган одамлар билан бирга ўтириш доғдир. Ёмон одамлар билан бирга бўлиш эса ўзгаларда шубҳа уйғотади».
«Миллионер саҳобалар» китобидан