Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Май, 2025   |   6 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:46
Қуёш
05:17
Пешин
12:25
Аср
17:18
Шом
19:27
Хуфтон
20:51
Bismillah
04 Май, 2025, 6 Зулқаъда, 1446

Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) – кечиримли зот

04.01.2017   5095   9 min.
Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) – кечиримли зот

Яҳудий олими Зайд ибн Саъана Расулуллоҳ (алайҳиссалом)даги пайғамбарлик сифатлари ва аломатларини синчиклаб ўрганган бўлса-да, башорат қилинган белгилардан иккитасини аниқламаганди. Зайд ана шу икки аломатни синаб кўрмоқчи бўлди.

Белгилардан бири Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳалимлик сифатлари ғазабларидан устунлиги бўлса, иккинчиси, у зотга нисбатан ножўя хатти-ҳаракат қилинганда ҳалимлик ва юмшоқлик сифатлари янада зиёда бўлиши эди.

Шундай қилиб, Зайд бу ишнинг тагига етиш учун Расулуллоҳ (алайҳиссалом) билан бирга юрадиган бўлди. Кунларнинг бирида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бир аъробий қишлоғида аҳвол оғирлигидан шикоят қилди. Зайд буни бир чеккада туриб эшитиб турарди. Шундан кейин орадан кўп вақт ўтмай, Зайд Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га: “Мен сиздан фалон-фалон нарсани палон пулга сотиб оламан”, деб саксон динорни олдиларига қўйди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) динорларни аъробийга бердилар. Кейин Зайд билан фалон кунда қарзларини беришга келишишди. Лекин ваъда қилинган кундан бир-икки кун олдин Зайд атайин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига қарзини талаб қилиб борди. Зайднинг ўзи бундай ҳикоя қилади: “Мен у зот яқинларига келдим-да, устки кийимларидан қаттиқ тортдим. Ҳатто кийимлари елкаларидан тушиб кетди. Сўнг қовоғимни солиб, юзимга жиддий тус бериб: “Эй Муҳаммад, қарзингни бермайсанми?! Аллоҳга қасамки, сизлар –Абдулмутталиб уруғи қарзни бермай чўзиб юрасизлар! Мен орангизда аралашиб юрганим учун бундан хабардорман”, дедим. Бу гапни эшитиб турган Умар ибн Хаттоб қаттиқ ғазабланиб: “Эй Аллоҳнинг душмани, ҳали сен Расулуллоҳ (алайҳиссалом)га шундай муомала қиляпсанми?! У зотни ҳақ ила юборган Аллоҳга қасамки, ҳақ тўланмай қолиб кетишидан қўрқмаганимда эди, бошингни танангдан жудо қилган бўлардим”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Умар (розияллоҳу анҳу)га табассум қилиб қўйдилар-да: “Мен билан у бундан бошқа муомалага муҳтожроқмиз, у ҳам бўлса мени қарзни чиройли адо этишимга, уни эса қарзни гўзал ҳолда талаб этишига буюрмоғингдир. Эй Умар, у билан боргин-да, ҳақини тўлаб бер ва қўрқитганинг бадалига йигирма соъ хурмо ҳам қўшиб бер”, дедилар.

Бу гапдан сўнг қалбим хотиржам тортди, чунки пайғамбарлик белгиларидан яна бири ўз тасдиғини топди. Умар (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амрларини бажарди. Шунда мен:

  • Мени танийсанми, Умар? – дедим.
  • Йўқ, кимсан? – сўради Умар (розияллоҳу анҳу)р.
  • Мен Зайд ибн Саъанаман, – дедим.
  • Яҳудий олими Зайдми? – сўради яна.
  • Ҳа, – деб жавоб бердим.
  • Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бундай муоамала қилишинг, қўпол сўзларни айтишингни сабаби нима?” – деб сўради.
  • Мен У зотнинг кечиримлилик сифатларини синаб кўрмоқчи эдим – дедим мен.

*****

Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга эдим. У зот устиларига дағалроқ кийим кийган эдилар. Бир аъробий у зотнинг ридоларидан қаттиқ тортди, ҳатто кийимларининг чети муборак бўйинларини қириб юборди. Кейин аъробий: “Эй, Муҳаммад, мана бу икки туямга Аллоҳ таоло сенга берган мол-дунёдан юклаб бер. Чунки, сен ўзингни молингдан ҳам, отангни молидан ҳам менга бирор нарса бермагансан!” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир оз сукут сақлаб турдилар-да, сўнг: “Молу давлат – Аллоҳ таолоникидир. Мен У Зотнинг бандасиман”, дедилар. Кейин гапларини давом эттириб:

  • Эй аъробий, сендан менга нима қилган бўлсанг, ўшанинг қасоси олинади, – дедилар.
  • Йўқ, – деди у.
  • Нима учун, – дедилар.
  • Чунки сен ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармайсан, – деди.

Бу гаплардан Расул (алайҳиссалом) кулдилар ва саҳобаларга бир туясига арпа, бошқа бирига эса хурмо юклаб беришларини буюрдилар”.

*****

Бадр ғазотида Сафвон ибн Умайя отаси ва акасидан айрилди, Умайр ибн Ваҳбнинг ўғли Ваҳб асир олинган эди. Сафвон амакисининг ўғли Умайр ибн Ваҳб билан Байтуллоҳдаги Ҳижр олдида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг жонига қасд қилишга келишиб олишди. Ушбу келишувга кўра Сафвон Умайрнинг қарзларини тўлаб, фарзандларини ўз қарамоғига олиши шарт эди. Шундан сўнг Умайр хабар фош бўлмаслиги учун Сафвондан бу суҳбатни сир сақлашини сўради.

Сафвон эса бир қилични ўткирлаб, унга кучли заҳар суртди ва уни Умайрга топширди. Умайр қилични яшириб, Мадинага отланди. Кўзлаган манзилига етгач, аввало масжидга кирди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни кўриб:

  • Эй Умайр, сени бу ерларга қандай шамол учириб келди, – деб сўрадилар.
  • Асир тушган ўғлим Ваҳбнинг олдига келдим, – жавоб берди Умайр.
  • Бу ерга келишингнинг асл сабаб шуми? – сўрадилар яна.
  • Ҳа, бу ерга ўғлимни деб келдим, – деди у.

Шунда Пайғамбар (алайҳиссалом):

  • Ҳижрда Сафвон билан нималарни шартлашган эдинг? – дедилар.

Бу гапни эшитиб Умайрнинг ранги ўзгариб кетди.

  • Нимани шартлашибман?! – деди ҳаяжонини яшириб.
  • Мени қатл этишинг эвазига оилангни қарамоғига олишини зиммасига юклатдинг-ку! Албатта Аллоҳ мени сендан тўсувчидир, – дедилар.

Бундай бўлишини кутмаган Умайр:

  • Гувоҳлик бераманки, албатта сиз Аллоҳ таолонинг Расулисиз! Бу гаплар Сафвон билан менинг ўртамда Ҳижрда бўлиб ўтгани рост. Бироқ у ерда иккимиздан бошқа ҳеч кимса йўқ эди. Аниқ биламанки, буни сизга Аллоҳ таоло билдирган. Мен Аллоҳга ва расулига иймон келтирдим – деди.

Мазкур воқеадан ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзларини қатл этмоқчи бўлганларни кечириб юборганларига гувоҳ бўлдик.

*****

Пайғамбар (алайҳиссалом) Ҳунайн томон йўлга чиққанларида, инсонлар орасида Уҳуд жангида отаси ва амакиси қатл этилган Шайба ибн Усмон ҳам бор эди. Шайба: “Ҳозир Қурайш қавми билан Ҳунайндаги Ҳавозинга бораман. Шоядки, ҳамма ўзи билан ўзи бўлиб турганида Муҳаммаднинг ёлғиз юрганини кўриб қолсам. Шунда бутун Қурайшнинг ўчини олган мен бўлсам”, деб, у зотни қатл этишни кўнглига тугиб қўйди.

Шайба ўзининг илгари: “Агар араб ва ажамлардан бирорталари қолмай Муҳаммадга эргашса ҳам, мен ҳеч қачон унга эргашмайман”, деганларини эслаб шундай деди: “Мен Муҳаммадни қатл қилиш мақсадида пайт пойлай бошладим. Тобора уни қатл этишга бўлган рағбатим тобора кучайиб борар эди. Бир пайт мусулмонлар Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг олдидан тарқалиб кетишди. У зотни ёлғиз кўриб фурсатни қўлдан бой бермай деб, дарҳол қиличимни қинидан чиқардим. Ўлдирмоқчи бўлиб энди ташланай деганим-да, худди яшин каби олов парчаси кўтарилиб, менга қараб келаётгандай бўлди. Нима қиларимни билмай, қўрқанимдан икки қўлим билан кўзимни ёпиб олдим”, деди. Ибн Исҳоқ (раҳматуллоҳи алайҳ) қилган ривоятда эса Шайба бундай дейди: “Ўшанда Муҳаммадни энди қатл қилай деганимда, бирдан бир нарса юрагимни қамраб олди, ҳатто қимирлашга мадорим қолмади”, деган экан. Шайба гапини давом эттириб айтади: “(Бу ҳолатни кўрган) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мени чақирдилар: “Эй Шайба, олдимга кел”, дедилар. Бордим, у зот кўксимни силаб қўйдилар ва: “Эй Аллоҳ, уни шайтондан сақлагин”, деб дуо қилдилар. Шайба: “Аллоҳга қасамки, дуо қилинган лаҳзадан бошлаб Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга қулоғим, кўзим ва ўзимдан ҳам севиклироқ бўлиб қолди. Аллоҳ таоло қалбимдан адоватни кетказди”, деди. Сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Шайбага: “Яқинлашгин ва (душманларга қарши) курашгин”, дедилар. Шайба: “Мен қиличимни кўтариб, у зотнинг олд томонларига ўтиб олдим. Ўшанда мен ўз жонимни фидо қилиб бўлса ҳам у зотни барча нарсадан ҳимоя қилишдан бошқасини ўйламасдим. Агар отам тирикликларида менга рўбаро келиб қолганида ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ҳимоя қилиб, унга қарши чиққан бўлардим”, деди”.

Ғиёсиддин БАРАТОВ,

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Имом Мотуридий ҳақида 15 факт

30.04.2025   11651   3 min.
Имом Мотуридий ҳақида 15 факт

1. Олимнинг тўлиқ исми шарифи Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотуридий Самарқандий Ансорий.


2. Камолиддин Баёзийнинг таҳқиқига кўра бу зотнинг насаби улуғ саҳобий Абу Айюб Ансорийга бориб тақалади.


3. Абу Мансур Мотуридийнинг қайси йилда туғилгани аниқ маълум эмас. Аммо устози Муҳаммад ибн Муқотил Розий ҳижрий 248 (милодий 862) йилда вафот этгани айтилган. Шунга кўра, Абу Мансур Мотуридий ҳижрий 240 (милодий 854) йилдан олдин туғилгани тахмин қилинади.


4. Имом Мотуридий кўплаб устозлардан таълим олган. Қуйидагилар уларнинг энг машҳурлари:

  1. Имом Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ Жузжоний;
  2. Имом Абу Наср Аҳмад ибн Аббос Иёзий;
  3. Нусайр ибн Яҳё Балхий;
  4. Муҳаммад ибн Муқотил Розий ва бошқалар.


5. Ушбу олимлар Имом Мотуридийни Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳгача бўлган санадини боғловчи устозлар ҳисобланади.


6. Имом Мотуридийнинг шогирдлари унинг илимй меросини давом эттириб, бу таълимотни ривожлантирганлар. Масалан:

  • Абулқосим Исҳоқ ибн Муҳаммад Ҳаким Самарқандий.
  • Имом Абулҳасан Али ибн Саъийд Рустуғфаний.
  • Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад Самарқандий.
  • Имом Абу Муҳаммад Абдулкарим Паздавий.


7. Абу Мансур Мотуридий тафсир, усулул фиқҳ ва ақоид каби шаръий илмларнинг турли йўналишлари бўйича асарлар таълиф этган.


8. Тафсир йўналиши бўйича “Таъвилоту аҳли сунна” номли тафсир ёзган.


9. Усулул фиқҳ йўналишида “Маъхозуш шароиъ” (Шаръий ҳукмлар манбаси) ва “Жадал” (Илмий баҳслар) номли иккита китоб ёзган.


10. Уламолар Абу Мансур Мотуридий ақоид илми бўйича ёзган асарларини ўрганиб чиқиб, уларни уч турга ажратганлар:

  1. Мақолот (мақолалар);
  2. Раддиялар;
  3. Аллоҳ таолога иймон келтириш асослари.


11. Абдулҳай Лакнавий “ал-Фавоидул-баҳия” асарида Имом Абу Мансур Мотуридийни мутакаллимлар имоми ва мусулмонларнинг тўғри ақидасини асослаб берган буюк аллома сифатида тавсифлайди. Унинг таъкидлашича, Имом Мотуридий беназир асарлар яратиб, ботил ақида вакилларининг бузғунчи ғояларига раддиялар берган.


12. Уламолар айтадиларки, Ҳужжатул Ислом (Ислом дини ҳужжати) дейилганда фақат Имом Ғазолий тушунилганидек, Имомул ҳудо (тўғри йўлга бошловчи) дейилганда ҳам фақат Имом Мотуридий тушунилади.


13. Бутун ҳаётини илм маърифат ўрганиш ва уни ёйиш билан ўтказган Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 333 (милодий 945) йилда тахминан тўқсон беш ёшида Самарқандда вафот этган ва Чокардиза қабристонига дафн этилган.


14. 2020 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази” ташкил этилган.


15. Шунингдек, 2025 йил март ойида Давлатимиз раҳбари томонидан буюк олимга юксак ҳурмат ифодаси ўлароқ “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.