Оғир иқтисодий шароитга қарамай покистонликлар ҳам бошқа кўплаб давлатлар қатори Рамазон ойини муносиб ўтказишга, барча урф одатларини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда.
Машҳур Равалпинди бозорида ўнлаб кўнгиллилар рўзадорлар, айниқса, камбағаллар ва кам таъминланган кишилар учун хайрия ифторлик дастурхонлари тайёрлаб беришади, деб ёзади ИҚНA сайти “ал-Aлам” нашрига таяниб.
Иқтисодий инқироз кишиларнинг харид қилиш қобилиятини пасайтирди, Покистон ҳукумати бу муборак ойда кам таъминланган оилаларга ёрдам пакетлари тақдим этиш ва нархларни пасайтириш орқали кишиларнинг муаммолари ва оғирини енгиллаштиришга ҳаракат қилди.
170 миллиондан зиёд Покистон мусулмонлари қийин шароитларга қарамай, Рамазон ойини ўзгача тарзда ўтказиш, оддий маҳаллий маҳсулотлар ва ифторлик дастурхонида бўлиши керак бўлган ширинликларни тайёрлашни истайди.
Покистонда Рамазон ойининг охирги жума куни “Aлвидо Жума” деб номланади, покистонликлар Муборак Рамазон ойининг охирги жума кунида энг катта масжидларда намоз ўқийдилар ва тонг отгунча ибодат билан машғул бўладилар.
ЎМИ Матбуот хизмати
وحدثنا إسحاق بن إبراهيم بن جبلة نا عبيد الله بن موسى أنا إسرائيل، عن سماك أنه سمع موسى بن طلحة يحدث عن أبيه قال: مررت مع النبي صلى الله عليه وعلى آله وسلم في نخل فرأى قوما في رءوس النخل يلقحون النخل فقال: ما يصنع هؤلاء؟ قالوا: يجعلون الذكر في الأنثى قال: ما أظن ذلك يغني شيئا فبلغهم ذلك فتركوه فنزلوا عنها فبلغ ذلك النبي صلى الله عليه وعلى آله وسلم فقال: إنما هو ظن ظننته، إن كان يغني شيئا فاصنعوه، فإنما أنا بشر مثلكم وإن الظن يخطئ ولكن ما قلت لكم: قال الله تعالى فلن أكذب على الله عز وجل.
Мусо ибн Талҳа отасидан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам билан бирга (Мадина) хурмозорлари орасидан ўтдим. У зот хурмолар устига чиқиб олиб, чанглатаётган одамларни кўриб: “Анавилар нима қилишмоқда?” дедилар.
Одамлар: “(Хурмонинг) эркагини урғочисига қўшмоқда”, деди.
У зот: “Менимча, ундоқ қилиш бирор фойда бермас, деб гумон қиламан”, дедилар.
Ҳалиги одамларга бунинг хабари етиб борганда, улар у(чанглатиш)ни тарк қилди ва хурмолардан тушди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламга бу ҳақда хабар берилганда: “У менинг бир гумоним, агар ўша нарса уларга манфаат берса, уни қилаверсин! Албатта, мен ҳам сизлар каби башарман. Албатта, гумон хато қилади. Лекин сизларга “Аллоҳ таоло бундай деди”, деб бирор нарса айтсам, зинҳор Аллоҳ азза ва жаллага нисбатан ёлғон сўзламайман”, дедилар.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД