Яқинда ижтимоий тармоқларда, Макка шаҳридаги унча катта бўлмаган, ўз бағрига атиги бир неча кишини сиғдира оладиган, шаҳардаги энг ажойиб ва ноодатий намоз ўқиладиган жойнинг расми кенг тарқалди.
“Al-Arabiya” нашрининг хабар беришича, ушбу намозгоҳ “Мусолла” деб аталиб, у “Аброжул байт” мажмуаси таркибидаги “Mecca’s Royal Clock Towerhotel” меҳмонхонасининг энг юқори қисмида жойлашган ярим ойнинг ичида жойлашган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган расмда, каъбадан 500 метр баландликда жойлашган ушбу намозгоҳда, бир неча кишилар намоз ўқиётгани акс этган.
Илҳом МАЪРУПОВ
тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир сафар оиламиз билан бир нечта давлатларга саёҳат қилиш учун йўлга чиқдик. Бир давлат чегарасига етиб борганимизда, у ерда жуда катта тирбандликка дуч келдик.
Кун ботгунича шу ерда қолиб кетдик. Тирбандлик сабаб чегарадан ўта олмадик. Машинадаги ука-сингилларим асабийлашган, кимдир хавотирда, кимдир эса ғазабда эди. Фақат отам хотиржам эди. У сокинлик билан:
— Бу ҳам ўтиб кетади, — деди.
Сўнг қўшиб қўйди:
— Йиллар ўтгач, сизлар бу воқеани эслайсизлар ва унга кулиб қўясизлар.
Дарҳақиқат, ҳозир онам бу воқеани ҳар сафар эслаганда, табассум билан ҳикоя қилади.
Бу ҳаётдаги оддий, аммо муҳим ҳақиқатни кўрсатади: ҳеч бир ҳолат доимий эмас. Инсон қийинчиликка дуч келганда, оғриқ кўпинча ўз ҳақиқий ҳажмидан каттароқ кўринади. Худди шундай, қувончли лаҳзалар ҳам бизга абадийдек туюлиши мумкин.
Отам ҳам ўша куни қийналган эди, аммо хотиржам эди. Чунки у бу қийинчилик ҳам ўтиб кетишини биларди. У бахтли кунларда ҳам хотиржам эди, чунки бахт ҳам абадий эмаслигини англарди.
Баъзилар буни совуққонлик деб аташи мумкин. Мен эса буни қалб хотиржамлиги деб атайман.
Бу шундай хотиржамликки, инсонга яхши кунларда ҳам, қийин кунларда ҳам ўзини барқарор ҳис қилишга ёрдам беради.
Бу тамойил отамнинг сўнгги кунларида ҳам яққол намоён бўлди. У ҳаётининг охирги кунларида ҳам ажойиб хотиржамлик ва ички осойишталик билан яшади.
Ҳатто отам бундай деб айтарди:
— Ҳатто оғриқ ҳам ўтиб кетади. Ўлим ҳам ўтиб кетади.
Унинг сўнгги кунларидаги хотиржамлик ҳолатини ҳали ҳам тўлиқ тушуниб етолмайман.
Бу қоида машҳур ҳикматга ўхшайди:
“Ҳеч нарса абадий эмас”.
Қийинчиликлар ҳам ўтади, қувончлар ҳам ўтади. Шунинг учун инсон ҳар бир ҳолатда мувозанатни сақлашни ўрганиши керак.
Даврон НУРМУҲАММАД