Таниқли маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир” деган чуқур маъноли сўзлари нақадар ҳақиқат эканини яхши англаймиз. Тарбия масалаларига эътиборсиз қаралган вазиятда юзага келадиган кўнгилсизликлар ҳам, у келтириб чиқарадиган зарарли оқибатлар ҳам барчамизга аён. Аммо бугун кишиларимизга ана шу ҳакикатни айтсангиз сизга: “Нима қилай, ишламасанг бўлмаса!”, “Кўряпсиз-ку, осонмас, ҳаёт ташвишлари, болаларнинг еб-ичишию, кийим кечаги ...”, “Ҳа энди ўзи омон бўлса, тарбияси бир гап бўлар...”
Йўқ, тарбия “бир гап бўладиган” нарса эмас. Унинг учун жон куйдириш шарт. Мол дунё кийим кечакка ҳирс қўйиш дардидан фориғ бўлиб, тарбия билан шуғулланиш керак.
Гўё кўпчиликнинг фарзанд тарбияси билан банд бўлишга ортиқча вақти йўқ эмиш. Ваҳоланки, тарбия масалалари билан ортиқча вақтда эмас, ҳар дақиқада шуғулланиш даркор. Олимларнинг аниқлашича, бир суткада фарзанд тарбияси учун фақатгина ўн икки дақиқагина вақт ажратадиган ота-оналар бор экан. Бу дақиқалар ҳам асосан дастурхон атрофида ўтирганда, бола кўчага чиқаётганда, мактабга кетаётгандаги бериладиган кичик танбеҳларга сарф бўларкан, холос.
Буюк ватандошимиз Имом Ғаззолий бундай дейди: “Болалар ота-оналарига берилган бир омонатдир. Боланинг қалби ҳар қандай нақшу тасвирдан холи бир қимматбаҳо гавҳардир. У қандай нақш солинса, қабул қилади, қаёққа букилса, эгилади. Агар яхшиликка ўргатилса, шу билан ўсади ва дунёю охиратда саодатга эришади. Унинг савобига ота-онаси ҳам, ҳар бир муаллиму устозлари ҳам шерик бўладилар. Агар ёмонликка одатлантирилса, ҳайвонлардек ўз ҳолига ташлаб қўйилса, охир-оқибат ҳалок бўлади. Гуноҳи эса унинг тарбияси учун жавобгар бўлганларнинг гарданига тушади”.
Азиз ота оналар, бу борада олиб бораётган ишларингизга бир назар ташлаб кўринг-а?! Сиз буни қай даража уддалаяпсиз, фарзандингизга, унинг тарбиясига қанча вақт ажратяпсиз?
Зеро, бугун илм-фан ва таълим изчил ривожланиб бораётган бир даврда ҳеч шак-шубҳасиз тарбия таълимнинг асосида туриши шартдир. Шундай экан, илм-фан таълим-тарбия асосида олиб борилиши мақсадга мувофиқдир. Қолаверса, ҳар бир педагог, муаллим ва устознинг таълим беришдан мақсади –келажаги порлоқ, Ватан ва эл-юрт хизматида турадиган кадрларни тарбиялаш бўлар экан, бундай таълим-тарбия ўз самарасини бермай қолмайди. Яъни, бугунги куннинг ўқитувчи ва муаллими ўзи таълим бераётган шахсга фидойилик билан таълим бериши, қолаверса жонкуяр тарбиячи бўлиши шарт.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов айтганларидек: “Таълимни тарбиядан, тарбияни эса таълимдан ажратиб бўлмайди – бу шарқона қараш, шарқона ҳаёт фалсафаси”. Шундай экан, таълим ва тарбия ишини уйғун ҳолда олиб бориш талаб этилади.
Шуни унутмаслигимиз керакки, юрт келажаги, ватанимиз тараққиёти ва халқимизнинг эртанги куни қандай бўлиши фарзандларимиз ва ёшларимизнинг бугун қандай таълим ва тарбия олишига боғлиқдир. Шу сабабли ҳар қайси ота-она, устоз ва мураббий ҳар бир бола тимсолида аввало шахсни кўриши зарур. Ана шу оддий талабдан келиб чиққан ҳолда, ўниб-ўсиб келаётган ёшларни мустақил ва кенг фикрлаш қобилиятига эга бўлган, онгли яшайдиган комил инсонлар этиб вояга етказиш – таълим-тарбия соҳасининг асосий мақсади ва вазифаси бўлиши лозим, деб қабул қилишимиз керак.
Биринчи Президентимиз “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида таъкидланганидек: “Маънавиятни шакллантиришга бевосита таъсир қиладиган яна бир муҳим ҳаётий омил – бу таълим-тарбия тизими билан чамбарчас боғлиқдир. Шунинг учун маънавиятни шакллантиришда таълим ва тарбиянинг ўрни ва аҳамияти катта ҳисобланади”.
Маълумки, ота-боболаримиз қадимдан бебаҳо бойлик бўлмиш илму маърифат, таълим ва тарбияни инсон камолоти ва миллат равнақининг энг асосий шарти ва гарови деб билган. Албатта, таълим-тарбия – онг маҳсули, лекин айни вақтда онг даражаси ва унинг ривожини ҳам белгилайдиган, яъни халқ маънавиятини шакллантирадиган ва бойитадиган энг муҳим омилдир. Бинобарин, таълим-тарбия тизимини ва шу асосда онгни ўзгартирмасдан туриб, маънавиятни ривожлантириб бўлмайди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, фарзандларимизни илм-фан ва таълим-тарбия асосида вояга етказиш мақсадга мувофиқ экан, ўз ўрнида тарбия эса маънавият билан чамбарчас боғлиқдир. Зеро, ёшлар келажак эгалари ҳисобланади. Ёшларимиз таълим-тарбиясида эса маънавий тарбия катта аҳамиятга эга. Муҳтарам биринчи Юртбошимиз “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида фарзандларимизнинг маънавий тарбияси ҳақида алоҳида тўхталиб: “Агар биз бу масалада ҳушёрлик ва сезгирлигимизни, қатъият ва масъулиятимизни йўқотсак, бу ўта муҳим ишни ўз ҳолига, ўзибўларчиликка ташлаб қўядиган бўлсак, муқаддас қадриятларимизга йўғрилган ва улардан озиқланган маънавиятимиздан, тарихий хотирамиздан айрилиб, охир-оқибатда ўзимиз интилган умумбашарий тараққиёт йўлидан четга чиқиб қолишимиз мумкин”, – деган фикрларини доимо ёдда тутишимиз керак. Энг муҳими, фарзандларимизни соғлом, комил инсон қилиб тарбиялайликки, улар ўз ота-боболарига, тарихимизга, Ватанимизга, она тилимизга, ўз миллий қадриятларимизга, муқаддас динимиз анъаналарига содиқ бўлишсин.
Ўткир ҒУЗАРОВ,
“Хожа Бухорий” номли ўрта махсус
ислом билим юрти мудири
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен бирор нарсани Аллоҳдан тақво қилиб тарк қилсанг, Аллоҳ таоло сенга ундан-да яхшироғини ато қилади” [1], деганлар.
Ким “одамлар нима деркин”ни ташлаб, юзинг-кўзинг қилиб ўтирмасдан Аллоҳ таолодан бошқадан умидини узса, Аллоҳ таоло унга тарк қилганларидан кўра яхшироғини беради. Уни нафснинг иззати, махлуқотдан беҳожат бўлиш билан ризқлантиради. Бу борада Набий алайҳиссалом шундай дея марҳамат қилганлар: “Ким иффатли бўлиш ҳаракатида бўлса, Аллоҳ унинг иффатини сақлайди. Ким одамларга сарғайиб юришдан қутулиш ҳаракатида бўлса, Аллоҳ таоло уни беҳожат қилиб қўяди. Ким сабрли бўлишга уринса, Аллоҳ таоло уни сабрли бандалардан қилади”[2].
Ким Аллоҳнинг қадарига эътироз қилишни ташласа ва ҳамма ишларини Роббига топширса, Аллоҳ таоло у бандани рози бўлиш ва кучли иймон билан сийлайди ҳамда унинг ишини шу даражада гўзал ниҳояга етказадики, у бу ҳолни етти ухлаб тушида ҳам кўрмайди.
Ким фолбин ва сеҳргарлардан юз ўгирса, Аллоҳ таоло унга сабрни насиб этади, таваккул ва тавҳиднинг ҳақиқати билан сийлайди.
Ким дунё матоҳларига қиё боқмаса, Аллоҳ унинг ишларини илгари қилади, қалбига сокинлик беради. Ўзи хоҳламаса-да, дунё унга эшикларини очади.
Ким Аллоҳгагина ибодат қилса, фақат ягона Аллоҳдан қўрқса, ваҳималардан қутулади. Аллоҳ таоло уни омонда сақлайди. Қўрқинчли нарсалар ҳам у учун саломатлик, оромбахш бўлиб қолади.
Ким ёлғонни тарк этиб ростгўйликни маҳкам тутса, Аллоҳ уни яхшилик томон йўллаб қўяди ва Аллоҳнинг ҳузурида сиддиқлар сафида бўлади, одамлар орасида ростгўйлик ила танилади ва шу орқали одамлар унинг гапларига қулоқ солади, унинг ҳурматини қиладиган бўлади.
Ҳақ бўлса-да, тортишувни тарк этгани эвазига Аллоҳ таоло жаннатда бир уй насиб қилади. Душманнинг ёмонлигидан асрайди. Қалби мусаффо бўлади. Унинг айбларини очадиганлардан омонда сақлайди.
Олди-сотдида алдовни тарк этганга нисбатан одамларнинг ишончи ортади. Унинг савдосида харидорлари сони кўпайиб боради.
Ким ҳаром нарсаларга қарамаса, Аллоҳ қалбига бир лаззатни ато этади.
Бахилликдан сақланиб, саховатпешаликни устун қўйган кишини одамлар ҳам яхши кўради. Аллоҳга ва жаннатга яқинлашади. Ғам-ташвишлардан енгиллайди. Фазилат бобида мартабаси ортиб боради. «...Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчидирлар»[3].
Кибрланишни четга суриб, камтаринликни шиор қилиб олган кишининг қадри ошади. Бу Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг сўзларидир: “Ким Аллоҳ учун тавозели бўлар экан, Аллоҳ унинг қадрини кўтармай қўймайди” [4].
Ким кўп уйқу ва унинг лаззатидан воз кечиб, вақтини Аллоҳнинг ризоси учун намоз ўқиш билан ўтказса, Аллоҳ таоло унга шодлик, тетикликни ато этади.
Ичиш-чекишнинг барча турларининг яқинига йўламаган кишига Аллоҳ Ўзи мададкор бўлади. Унга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат насиб этади. Бу бахт ҳақиқий бахт бўлади, кайф қилгандаги сохта бахт эмас.
Ким қодир бўла туриб, қасос ва ўч олмаса, Аллоҳ унинг кўксини кенг қилиб қўяди. Қалбига сурур беради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бир бандани афв қилишидан фақат ва фақат унинг иззати ортади”[5], деганлар.
Ёмонлар билан ҳамтовоқ бўлишдан сақланганни Аллоҳ таоло яхши кишиларга йўлиқтиради. Ҳалолдан ризқ топади, дунё ва охират яхшиликларини қўлга киритади.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Аҳмад ривояти.
[2] Имом Бухорий ривояти.
[3] Ҳашр сураси, 9-оят.
[4] Имом Муслим ривояти.
[5] Имом Муслим ривояти.