Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатни имоннинг бир бўлаги қилган ва У зотнинг суннатларини энг тўғри йўл қилиб берган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг шариат қилиб берган динини тўла-тўкис, Раббимиз амр этгани каби етказиб, омонатини мукаммал сизу биз умматларига топширганлар. Бу ишларни биз умматларини жуда ҳам яхши кўрганлари ва меҳр-шафқатларини гўзал бўлганларидан адо этганлар. Бас, шундай экан Аллоҳ таоло У зоти шарифни чиройли мукофотлар билан сийласин. Ўз Расулини севиш ва муборак изларидан эргашишни бизга, фарзандларимизга ва барча инсонларга насиб этсин.
Пайғамбарга севги-муҳаббат деганда нимани тушинмоқ керак? Яъни, ҳар бир мусулмон киши қалбини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга моил қилиб, бошқа барча нарсаларнинг муҳаббатидан У зотга бўлган муҳаббатни устун кўйиш демакдир. Аслида, муҳаббат деганда - муҳаббат қўйилган нарсага мувофиқ бўлган холатни тушунилади. Мойиллик эса - у билан лаззат олиш ва маъқул кўриш демакдир. Худди бир нарсани суратини, овозини ёки бўлмаса таомни суйганга ўхшаш. Инсон ўз ақли билан лаззат олиши ботиний маъно ҳисобланиб, бу солиҳ, олим ва фазл аҳлларини муҳаббатларидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатда буларнинг ҳаммаси мужассам бўлмоғи даркор. Бу муҳаббат инсонни зоҳирий ва ботиний гўзаллик, жами улуғлик хислатларини камоли, фазилатларнинг барча тури, энг тўғри йўлда мустақим бўлиши, неъматларнинг давомийлиги ва абадий азобдан халос бўлиш каби маъноларга эга қилади.
Шундай экан, биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар тарафлама ришталарни боғлаб, қалбимизни ҳиссий ва маънавий, ақлий томондан маърифат ва илм билан, сийратлари ва ҳадисларини ёд олиш ҳамда суннатларига эргашиш орқали муҳаббатларимизни исботи бўлса, суннатларига амал қилиш аъзоларнинг муҳаббати тасдиғи бўлади. Аммо суннатларига эргашса бўлди шуни ўзи муҳаббатга кифоя қилади дейилгани эмас, албатта. Балки муҳаббат қалб ва нафс билан уйғунлашгандагина мукамал ўз ифодасини топади. Шундагина мусулмон одам виждонан қалб амалларини энг яхшисини бажарган бўлади. Шу сабаб инсонларнинг муҳаббат даражалари бир-биридан фарқланади.
Муҳаббатур-расул вожиб амал эканига қуйидаги оят далолат қилади:
قُلْ إِنْ كَانَ آَبَاؤُكُمْ وَأَبْنَاؤُكُمْ وَإِخْوَانُكُمْ وَأَزْوَاجُكُمْ وَعَشِيرَتُكُمْ وَأَمْوَالٌ اقْتَرَفْتُمُوهَا وَتِجَارَةٌ تَخْشَوْنَ كَسَادَهَا وَمَسَاكِنُ تَرْضَوْنَهَا أَحَبَّ إِلَيْكُمْ مِنَ اللَّهِ وَرَسُولِهِ وَجِهَادٍ فِي سَبِيلِهِ فَتَرَبَّصُوا حَتَّى يَأْتِيَ اللَّهُ بِأَمْرِهِ وَاللَّهُ لَا يَهْدِي الْقَوْمَ الْفَاسِقِينَ
“Айтинг (эй, Муҳаммад): “Агар оталарингиз, фарзандларингиз, ака-укаларингиз, хотинларингиз, қариндошларингиз, меҳнат билан топган мол-мулкларингиз, касод бўлишидан қўрққан тижоратингиз ва ёқтирган масканларингиз сизлар учун Аллоҳ ва Расулидан (Мадинага ҳижрат қилишдан), Унинг (тоати) йўлидаги жидду-жаҳд қилишдан (кўра) суюклироқ бўлса, (унда) то Аллоҳ ўз амри (азобини) келтиргунига қадар кутиб турингиз! Аллоҳ (эса) фосиқлар қавмини ҳидоят этмагай” (Тавба сураси, 24-оят).
Мазур ояти каримада Аллоҳ ва пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат ҳамма нарсаларнинг муҳаббатидан олдин туришликка даъват қилади. Бошқа ояти каримада:
النَّبِيُّ أَوْلَى بِالْمُؤْمِنِينَ مِنْ أَنْفُسِهِمْ ...
“Пайғамбар мўминларга ўзларидан ҳам ҳақлироқдир...” (Аҳзоб сураси, 6-оят). Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари бошқа барча нарсаларга қўйган муҳаббатдан кўра устунроқ бўлмагунча имонлари комил бўлмагай, деганидир.
Ҳадиси шарифда эса Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз мен унга ота-онасидан, боласидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча, мўмин бўла олмайди”, дедилар (Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “мўмин бўла олмайди” деганларидан мурод, комил имонли мўмин бўла олмайди, деганларидир. Шу билан биргаликда бу ҳадис мусулмон кишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиш вожиб эканлигига далолат қилади. Шундагина, ҳақиқий имон эгаси, нажот топувчи кишига айланар экан.
Уламоларимиз кишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатининг қанчалик чин эканлигига куйидаги ўн иш далолат қилади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васллам ҳузурларига келиб: “Эй, Аллоҳнинг расули! Қиёмат қачон бўлади?”, деб савол қилди. “Сен қиёматга нимани ҳозирлаб қўйдинг?”, дедилар Пайғамбар алайҳиссалом. Савол берган киши: “Мен Аллоҳ ва унинг Расулини муҳаббатидан бошқа арзигулик ҳеч нарса тайёрламадим”, деб жавоб қилди. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, сен ўзинг яхши кўрганлар билан биргасан, ҳар ким ўзи яхши кўрганлар билан бирга бўлади”, деб марҳамат қилдилар.
Анас розияллоҳу анҳу: “Биз ислом келгандан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзларини эшитганчалик хурсанд бўлмаганмиз”, деди.
Аллоҳ таоло барчаларимизнинг қалбимизга Расулини муҳаббатини жо қилсин. Қиёматда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “ҳамд” байроқлари остида туриш ва У зотнинг муборак шафоатларига эришиш ҳамда жаннатда Расулига қўшни бўлиш бахтини насиб этсин!
Жалолиддин Ҳамроқулов,
ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,
Тошкент шаҳар “Навза” жоме масжиди имом хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ибн Асокир Муҳаммад ибн Маслама розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Масжид томон юрдим. Сарпо кийиб олган бир қурайшлик одамни кўрдим ва:
«Буни сенга ким кийгизди?» дедим.
«Мўминларнинг амири», деди.
Ундан ўтиб, бир оз юрганимдан кейин яна бир сарпо кийиб олган қурайшлик одамни кўрдим ва:
«Буни сенга ким кийгизди?» дедим.
«Мўминларнинг амири», деди.
Ундан ўтиб, бир оз юрганимдан кейин пастроқ сифатли сарпо кийиб олган ансорий одамни кўрдим ва:
«Буни сенга ким кийгизди?» дедим.
«Мўминларнинг амири», деди.
У (Муҳаммад ибн Маслама) масжидга кириб, баланд овоз билан такбир айтди ва:
«Аллоҳу акбар! Аллоҳ ва Унинг Расули рост айтди! Аллоҳу акбар! Аллоҳ ва Унинг Расули рост айтди!» деди.
Умар розияллоҳу анҳу унинг овозини эшитди ва унга «Олдимга кел», деб одам юборди. У икки ракъат намоз ўқиб олиб, кейин боришини айтди. Умар воситачини яна қайтариб юбориб, «Келишингни азм қилдим», деди.
У келганда Муҳаммад ибн Маслама розияллоҳу анҳу: «Мен ҳам ўзимча икки ракат намоз ўқимасдан туриб, унинг олдига бормасликка азм қилдим», деди. Бас, Умар розияллоҳу анҳу келиб, унинг ёнига ўтирди. Намозини ўқиб бўлганидан кейин унга:
«Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозгоҳларида овозингни кўтариб, такбир айтганингнинг ва «Аллоҳ ва Унинг Расули рост айтди!» деганингнинг хабарини айт. Бу нима?» деди.
«Эй мўминларнинг амири, масжид томон юрдим. Йўлимда сарпо кийиб олган қурайшлик Фалон ибн Фалонни учратдим ва:
«Буни сенга ким кийгизди?» дедим.
«Мўминларнинг амири», деди.
Ундан ўтиб, бир оз юрганимдан кейин сарпо кийиб олган қурайшлик Фалон ибн Фалонни учратдим ва:
«Буни сенга ким кийгизди?» дедим.
«Мўминларнинг амири», деди.
Ундан ўтиб, икки сарподан пастроқ сифатли сарпо кийиб олган Фалон ибн Фалон ансорийни кўрдим ва:
«Буни сенга ким кийгизди?» дедим.
«Мўминларнинг амири», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Огоҳ бўлинглар! Албатта, сизлар мендан кейин бировни бировдан устун кўришни кўрасизлар», деганлар. Ўша нарса сенинг қўлинг-ла бўлишини хоҳламадим, эй мўминларнинг амири!» деди.
Умар розияллоҳу анҳу йиғлаб юборди ва «Астағфируллоҳ! Энди қайтармайман», деди. Ўша кундан кейин бирорта қурайшликни бирорта ансорийдан афзал кўрмади».
Муҳаммад ибн Маслама ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг энг ишончли тафтишчилари эди. У киши Муҳаммад ибн Масламани энг нозик ишларни, хусусан, амирлар устидан тушган аризаларни тафтиш қилиш учун юборар эдилар. Муҳаммад ибн Маслама розияллоҳу анҳу эса бундай ишларни ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу кутганларидан ҳам аъло даражада адо этиб келар эди.
Бу сафар ушбу дақиқ тафтишчининг панжасига Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ўзлари тушиб қолдилар. Муҳаммад ибн Маслама розияллоҳу анҳу ўз виждони амрига биноан тафтиш юритди. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари томон юриб бораётиб, йўлда одатдагидан бошқача кийимлар кийиб олган кишиларни кўрдилар. Улардан кийимлари ҳақида сўраб билдилар.
Шу билан бирга, унинг тафтишчилик қобилияти ўз-ўзидан ишга тушиб, бировнинг, ҳатто адолати ила тилларда достон бўлган халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳам хаёлларига келмаган нозик нарсаларни илғаб олдилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўзларига яқин бўлган муҳожирларга ансорийларга қараганда яхшироқ, сифатлироқ кийимлар совға қилган эдилар. Албатта, совға бермоқчи бўлган одам кимга нимани хоҳласа, ўшани беради. Аммо раҳбарнинг, халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг жамият мулкидан бўлган нарсаларни бу хилда ҳадя қилишга ҳақлари йўқ эди. Шунинг учун Муҳаммад ибн Маслама масжидга кириши билан Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан адолатсизлик содир бўлганини, унга билдирадиган даражада баланд овоз билан айтиб, дод солди.
Муҳаммад ибн Маслама розияллоҳу анҳунинг кимлигини ҳеч ким билмаса ҳам, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу яхши билар эдилар. Шунинг учун у киши ўзларини қўйишга жой топа олмай қолдилар. Муҳаммад ибн Масламанинг нимадан норози эканлигини тезроқ билишга шошилиб қолдилар ва уни ҳузурларига чорлаб, одам юбордилар.
Лекин Муҳаммад ибн Маслама розияллоҳу анҳу ҳам анойилардан эмас эди. Халифага хушомад эмас, тафтишчилик қилмоқчи эди. Шунинг учун халифа икки марта одам юборса ҳам бормай, намозини ўқийверди. Бу эса Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ташвишларини яна ҳам оширди. Энди у киши Муҳаммад ибн Масламани чақириш у ёқда турсин, унинг намоз ўқиётган жойига ўзлари келиб олдилар ва намоз ўқиб бўлишини кута бошладилар.
Муҳаммад ибн Маслама розияллоҳу анҳунинг аччиқ танқидларидан кейин дунёдаги энг кучли жамиятнинг раҳбари, забардаст халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўз хатоларини тан олиб, дарҳол тавба қилдилар. Шу билан бирга, ўша хатони қайта такрорламасликка ваъда бердилар ва ваъдаларининг устидан чиқдилар.
Бундай ишни қилиш учун масъул киши иймонли, ихлосли бўлиши керак эди.
Бундай ишни қилиши учун масъул киши Аллоҳ таолодан қўрқадиган бўлиши керак эди.
Бундай ишни қилиши учун масъул киши Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бўлиши керак эди!
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди