Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Феврал, 2025   |   8 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:08
Қуёш
07:28
Пешин
12:42
Аср
16:05
Шом
17:50
Хуфтон
19:05
Bismillah
07 Феврал, 2025, 8 Шаъбон, 1446

Расулуллоҳга муҳаббат қўйиш - дунё ва охират саодати

9.12.2016   7124   6 min.
Расулуллоҳга муҳаббат қўйиш - дунё ва охират саодати

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатни имоннинг бир бўлаги қилган ва У зотнинг суннатларини энг тўғри йўл қилиб берган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг шариат қилиб берган динини тўла-тўкис, Раббимиз амр этгани каби етказиб, омонатини мукаммал сизу биз умматларига топширганлар. Бу ишларни биз умматларини жуда ҳам яхши кўрганлари ва меҳр-шафқатларини гўзал бўлганларидан адо этганлар. Бас, шундай экан Аллоҳ таоло У зоти шарифни чиройли мукофотлар билан сийласин. Ўз Расулини севиш ва муборак изларидан эргашишни бизга, фарзандларимизга ва барча инсонларга насиб этсин. 

Пайғамбарга севги-муҳаббат деганда нимани тушинмоқ керак? Яъни, ҳар бир мусулмон киши қалбини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга моил қилиб, бошқа барча нарсаларнинг муҳаббатидан У зотга бўлган муҳаббатни устун кўйиш демакдир.  Аслида, муҳаббат деганда - муҳаббат қўйилган нарсага мувофиқ бўлган холатни тушунилади. Мойиллик эса - у билан лаззат олиш ва маъқул кўриш демакдир. Худди бир нарсани суратини, овозини  ёки бўлмаса таомни суйганга ўхшаш. Инсон ўз ақли билан лаззат олиши ботиний маъно ҳисобланиб, бу солиҳ, олим ва фазл аҳлларини муҳаббатларидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатда буларнинг ҳаммаси мужассам бўлмоғи даркор. Бу муҳаббат инсонни зоҳирий ва ботиний гўзаллик, жами улуғлик хислатларини камоли, фазилатларнинг барча тури, энг тўғри йўлда мустақим бўлиши, неъматларнинг давомийлиги ва абадий азобдан халос бўлиш каби маъноларга эга қилади.

  Шундай экан, биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар тарафлама ришталарни боғлаб, қалбимизни ҳиссий ва маънавий, ақлий томондан маърифат ва илм билан, сийратлари ва ҳадисларини ёд олиш ҳамда суннатларига эргашиш орқали муҳаббатларимизни исботи бўлса, суннатларига амал қилиш аъзоларнинг муҳаббати тасдиғи бўлади. Аммо суннатларига эргашса бўлди шуни ўзи муҳаббатга кифоя қилади дейилгани эмас, албатта. Балки муҳаббат қалб ва нафс билан уйғунлашгандагина мукамал ўз ифодасини топади. Шундагина мусулмон одам виждонан қалб амалларини энг яхшисини бажарган бўлади. Шу сабаб инсонларнинг муҳаббат даражалари бир-биридан фарқланади.

 Муҳаббатур-расул вожиб амал эканига қуйидаги оят далолат қилади:

 قُلْ إِنْ كَانَ آَبَاؤُكُمْ وَأَبْنَاؤُكُمْ وَإِخْوَانُكُمْ وَأَزْوَاجُكُمْ وَعَشِيرَتُكُمْ وَأَمْوَالٌ اقْتَرَفْتُمُوهَا وَتِجَارَةٌ تَخْشَوْنَ كَسَادَهَا وَمَسَاكِنُ تَرْضَوْنَهَا أَحَبَّ إِلَيْكُمْ مِنَ اللَّهِ وَرَسُولِهِ وَجِهَادٍ فِي سَبِيلِهِ فَتَرَبَّصُوا حَتَّى يَأْتِيَ اللَّهُ بِأَمْرِهِ وَاللَّهُ لَا يَهْدِي الْقَوْمَ الْفَاسِقِينَ

“Айтинг (эй, Муҳаммад): “Агар оталарингиз, фарзандларингиз, ака-укаларингиз, хотинларингиз, қариндошларингиз, меҳнат билан топган мол-мулкларингиз, касод бўлишидан қўрққан тижоратингиз ва ёқтирган масканларингиз сизлар учун Аллоҳ ва Расулидан (Мадинага ҳижрат қилишдан), Унинг (тоати) йўлидаги жидду-жаҳд қилишдан (кўра) суюклироқ бўлса, (унда) то Аллоҳ ўз амри (азобини) келтиргунига қадар кутиб турингиз! Аллоҳ (эса) фосиқлар қавмини ҳидоят этмагай” (Тавба сураси, 24-оят).

Мазур ояти каримада Аллоҳ ва пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат ҳамма нарсаларнинг муҳаббатидан олдин туришликка даъват қилади. Бошқа ояти каримада:

 النَّبِيُّ أَوْلَى بِالْمُؤْمِنِينَ مِنْ أَنْفُسِهِمْ ...

“Пайғамбар мўминларга ўзларидан ҳам ҳақлироқдир...” (Аҳзоб сураси, 6-оят). Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари бошқа барча нарсаларга қўйган муҳаббатдан кўра устунроқ бўлмагунча имонлари комил бўлмагай, деганидир.

Ҳадиси шарифда эса Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз мен унга ота-онасидан, боласидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча, мўмин бўла олмайди”, дедилар (Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “мўмин бўла олмайди” деганларидан мурод, комил имонли мўмин бўла олмайди, деганларидир. Шу билан биргаликда бу ҳадис мусулмон кишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиш вожиб эканлигига далолат қилади. Шундагина, ҳақиқий имон эгаси, нажот топувчи кишига айланар экан.

Уламоларимиз кишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатининг қанчалик чин эканлигига куйидаги ўн иш далолат қилади.

  • Ҳаётлик чоғларида У зотга ёрдам бериш ва вафотларидан кейин суннатларига амал қилиш;

  • У зотнинг суҳбатларига қизиқиш. Бу иш фақат саҳобаларга хос бўлсада, улардан кейинги келган мусулмон авлодига У зотни ҳеч бўлмаса тушда кўришни орзу қилиш орқали ўз исботини топади;

  • Амрларига бўйсиниш;

  • У зотнинг суннатларига амал этмаслик, муҳаббат қилмаслик ила гуноҳкор бўлиб қолишдан эхтиёт бўлиш;

  • Кўп салавот йўллаш;

  • Суннатларига бошқаларни тарғиб этиш;

  • Бидъат хурофотлардан ўзини олиб қочиш;

  • Саҳоба ва аҳли байтни яхши кўриш;

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари билан зийнатланиш;

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишда хаддан ошмаслик.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васллам ҳузурларига келиб: “Эй, Аллоҳнинг расули! Қиёмат қачон бўлади?”, деб савол қилди. “Сен қиёматга нимани ҳозирлаб қўйдинг?”, дедилар Пайғамбар алайҳиссалом. Савол берган киши: “Мен Аллоҳ ва унинг Расулини муҳаббатидан бошқа арзигулик ҳеч нарса тайёрламадим”, деб жавоб қилди. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, сен ўзинг яхши кўрганлар билан биргасан, ҳар ким ўзи яхши кўрганлар билан бирга бўлади”, деб марҳамат қилдилар.

Анас розияллоҳу анҳу: “Биз ислом келгандан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзларини эшитганчалик хурсанд бўлмаганмиз”, деди.

 Аллоҳ таоло барчаларимизнинг қалбимизга Расулини муҳаббатини жо қилсин. Қиёматда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “ҳамд” байроқлари остида туриш ва У зотнинг муборак шафоатларига эришиш ҳамда жаннатда Расулига қўшни бўлиш бахтини насиб этсин!

  

Жалолиддин Ҳамроқулов,

ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,

Тошкент шаҳар “Навза” жоме масжиди имом хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

“Булус” зиндонига тушиб қолманг!

6.02.2025   11005   2 min.
“Булус” зиндонига тушиб қолманг!

Аллоҳ таоло айтади: “Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон сураси, 18-оят).
 

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизлардан илгари яшаб ўтган бир кишини такаббурлик билан изорини судраб юрганида ер ютди. У қиёмат кунигача ер (қаъри)га кириб кетаверади(Имом Бухорий ривояти).


Ёшлигимизда устозлар кишининг кибрли ё ундай эмаслигини донга тўла бошоқнинг эгилиши, донсиз бошоқнинг эса худди кибрлангандай тик туриши мисолида тушунтиришганди. Катта бўлиб англадикки, устозларнинг мақсади бошоқ мисолида кибрланмасликни кўз олдимизда қолдириш бўлган экан. Негаки, мутакаббирликнинг оқибати жуда аянчли бўларкан.


Амр ибн Шуайбнинг бобосидан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қиёмат кунида мутакаббир кимсалар одам суратидаги чумолиларга ўхшаш ҳолда қайта тирилади. Уларни ҳар томондан хорлик ўраб олади. Улар жаҳаннамдаги  “Булус” деб номланадиган зиндонга ҳайдалади(Имом Термизий ривояти).


Кибрнинг сабаблари турличадир. Масалан, бирор соҳани ўзлаштирган, керакли мутахассисга айланган одам ўзини олим, бошқаларни жоҳил санаб, насиҳатни қабул қилмай қолиши, кимдир ота-боболарининг олий насаби билан фахрланиб, ўзгаларни насаби паст, деб билиши, кимдир эса мол-дунё туфайли ғурурга кетиши мумкин. Яна чирой, қувват каби неъматлар ҳам шулар жумласидан. Кўплар шу сабаблар туфайли “Бошқалардан устунман”, деб ўйлашади. Ваҳоланки, Аллоҳ банданинг чиройига, насабига, бойлигига эмас, қалбига, қилаётган нияти ва амалига қарайди.


Ибн Синонинг устози Кушёрнинг ҳузурига бир киши илм ўрганиш мақсадида келибди. 2-3 ой ўтса ҳамки, устози илм беришни бошламагач:

– Ҳазрат, энди менга жавоб берсангиз. Уч ой бўлди, дарс бермадингиз. Вақтингиз йўқ шекилли, – дебди. Шунда устоз:

– Мен сенга бажонидил дарс берардим. Лекин ҳузуримга келган пайтингда "бу илмдан менинг унча-мунча хабарим бор", дея кибрландинг. Ўша қарашинг ҳалиям кетмади. Мен бўш идишни тўлдираман, деб жавоб қилибди.


Мол-давлатга кибрлансангиз, демак фақирсиз. Ўзингизни бошқалардан устун кўрадиган бўлсангиз, ҳар қанча илмингиз бўлмасин, жоҳилсиз. Кишини зулмга, туғёнга соладиган куч-қувват аслида заифликдир. Ҳақиқий бойлик, мартаба ва илмни тавозели инсонлардан топасиз! 

Жаъфархон Сўфиев,

Тўрақўрғон туманидаги

“Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби

Мақолалар