“3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан 2016 йил 30 ноябрь куни Қарши шаҳридаги “Аёллар маслаҳат маркази”да марказ раҳбари О. Анорова, вилоят Маънавият тарғибот маркази раҳбари Л. Саодатова, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қарши шаҳар бўлими ходимаси Ю. Аллаева, вилоят Тадбиркор аёллар уюшмаси раҳбари О. Очилова, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти вакилининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Ш. Каромова ва маданият ходимлари ҳамда маҳаллалардаги кам таъминланган оилалар иштирокида тадбир бўлиб ўтди.
Унда Қашқадарё вилояти вакилининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Ш. Каромова сўзга чиқиб, “Тинчлик – олий неъмат” мавзуида маъруза қилиб, маҳаллалардаги кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, ногирон, боқувчисини йўқотганлар ҳолидан хабар олиш улкан савоб эканини оят, ҳадис ва ҳаётий мисоллар билан ёритиб берди.
Тадбир сўнгида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги томонидан 12 нафар имконияти чекланган, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга моддий-хайрия ёрдамлари кўрсатилди.
Бекмурод САҲРИЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилояти вакиллиги масъул ходими
Бир қишлоқда жаҳли тез чиқадиган, ўзини бошқа олмайдиган ўспирин йигит бор экан. Кунлардан бирида отаси унга ҳар гал жаҳли чиққанида бир мих олиб, уйнинг олдидаги дарахтга қоқишини айтди.
Ўғил шундай қила бошлади. Бир неча мих қоқилган дарахтни кўриб, йигитнинг унга раҳми келди. Ўзини бошқаришни, сабрли бўлишни ўрганди. Дарахтга мих қоқмай қўйди. Буни кўрган ота энди ўғлига қоқилган михларни суғуриб ташлашни буюрди. Ўғил отасининг айтганини бажарди.
Дарахтнинг яралари битиб, ўрнида чандиқлар пайдо бўлди. Ота ўғлига:
– Қара, ўғлим! Қоқилган ҳар бир мих бу дарахтни яралаган эди. Уларни суғуриб ташлаган тақдирингда ҳам, ўрни, чандиқлари қолди. Энди дарахтнинг ана шу жойлари мўртлашиб, қурт тушади ва уни емиради.
Ўғил бошини эгиб қолди. Ота сўзида давом этди:
– Бу-ку бир дарахт экан, Аллоҳ таоло азизу мукаррам қилиб яратган инсон зотининг қалб аталмиш дарахтига ҳам баъзан тил аталмиш болға билан сўз аталмиш михлар қоқилади. Гарчи кейин хатолар тан олиниб, узр сўралиб, у “мих”лар суғуриб олинса-да, ўрнида чандиғи, доғи қолади... Сен ўшандай михларни қоқишдан сақлан. Ўзингни идора қилишни, жаҳлингни жиловлашни ўрган!..
Дарҳақиқат, инсон қалби гўё нафис бир ойнага ўхшайди. У дарз кетса, кейин ҳеч қачон аслидагидек тикланмайди. Шундай экан, ҳар доим Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаб муомила қилишни ўрганайлик ҳеч бўлмаса ҳаракат қилайлик. Аллоҳ ҳаммамизни тўғри йўлдан адаштирмасин! Зеро, кўнгил – Яратганнинг назаргоҳидир.
Қудсий ҳадислардан бирида Аллоҳ таоло: “Мен сизларнинг на суратингизга ва на чиройларингизга қарайман. Балки қалбларингизга қарайман ва сизлардаги яхши хислатлардан рози бўламан”, деган.
Акбаршоҳ Расулов