Сийрат китобларидан бирини ўқир эканман, олдин ўзим аҳамият бермаган бир воқеа мени ўзига жалб этди. Ишда ҳам, бошқа вақт ҳам шу воқеа тез-тез хаёлимга келаверди. Шу сабаб бу воқеа ҳақида биргаликда тафаккур қилиш мақсадида сизларга ҳам илиндим...
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг амакилари Абу Толиб ва аёллари Хадижа розияллоҳу анҳо вафот қилганларидан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қиладиган киши бўлмай қолди. Мусулмонларга нисбатан озор янада кучайди, даъват иши тўхтаб қолаёзди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у ер шарафли кишиларнинг шаҳри деб, уларнинг Исломга киришларидан умидвор бўлган ҳолда Тоифга йўл олдилар. Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу у зот алайҳиссаломга ҳамроҳ бўлдилар. Йўл юриб, машаққат чекиб Тоифга ҳам етиб бордилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифнинг улуғлари ила учрашиб, уларни Исломга чақирдилар. Натижа эса у зот алайҳиссалом кутганларидан тамомила тескари бўлди. Улар Пайғамбаримиз алайҳиссаломни ҳақорат қилишди, мазах қилишди. Кўп озорлар бериб, ҳатто у зот алайҳиссаломнинг муборак қонлари тўкилганда ҳам озорни тўхтатишмади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир зум дам оламан деб тўхтасалар ерюткур қавм ортларидан қувиб етиб келар, тошларни ёмғир каби ёғдирар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳимояларида туриб Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу ҳам жабрландилар. Шу тариқа иккилари улардан нари бўлиб, бир мевазорга кирдилар ва Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳга дуо қилдилар. Мевазорнинг хўжайини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳолларига ачинганидан, ўзининг Аддос исмли хизматкорига мева бериб, уларнинг ёнига юборди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мевадан олиб, ейишдан олдин “Бисмиллаҳ” дедилар. Шунда Аддос ажабланиб, бу ҳудудда бу сўздан фойдаланилмаслигини изҳор қилди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан “Сен қаердан келгансан?” деб сўрадилар. Аддос “Найнаводанман” деган эди, Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Аллоҳнинг солиҳ бандаси Юнус ибн Маттоъ яшаган ўша Найнаводанмисан?” дедилар. У: “Сен уни қаердан биласан?” деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “У ҳам набий эди, мен ҳам набийман” дедилар.
Аддос розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пешона ва қўлларидан ўпиб мусулмон бўлди...
Бу воқеанинг эътиборимни тортган жойи шу бўлдики, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу шунча машаққат ила ўзга шаҳарга бориб, уларни Исломга чақирсалар ҳам Аллоҳ таоло ҳидоятни насиб қилмагани учун Тоиф аҳли Исломга кирмади. Боғга кирганларида эса, улар кутмаганда, бир оғиз калима – “Бисмиллаҳ” сабабидан Аллоҳ таоло асли христиан бўлган бир кишини мусулмон бўлишини насиб айлади. Аллоҳ таоло Аддос розияллоҳу анҳуни ҳидоятга бошлаган эди...
Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф
Савол: Оилалиман, 2 нафар фарзандим бор. Турмуш ўртоғим эҳтиёжларим, касал бўлсам дори-дармоним учун пул бермайдилар. Болаларимизни эҳтиёжлари учун бериб турадилар, холос. Ўзим ишлайман, “ишлаб топган пулингни ҳаммасини менга беришинг керак, чунки Хадича онамиз ҳам ҳамма пулларини Расулимиз алайҳиссаломга берганлар” дейдилар доим. Эътироз билдирсам, “менга итоатсизлик қиляпсан” дейдилар.
Яқинда шу масалада жанжаллашиб қолганимиздан кейин пулимни ярмини олиб, ўзимда қолган ярмини рўзғорга ишлатишимга мажбурлаяптилар. Бизнинг вазиятимизга шариатда қандай изоҳ берилади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таоло оилада эркакни раҳбар этиб тайинлаб, унинг зиммасига қўл остидагиларнинг: аёли ва фарзандларининг нафақасини юклаб қўйган. Аёлнинг топаётган пулида на эрнинг ва на қайнонанинг ҳақи бор, уни зулм қилиб олиб қўйишга мутлақо ҳақи йўқ. Агар ўзи рози бўлиб берса, олиши мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Мусулмон кишининг моли бошқага ҳалол эмас, фақатгина ўзи рози бўлиб, кўнглидан чиқариб берсагина, ҳалол бўлади” (Имом Аҳмад ривояти).
Хадийжа розияллоҳу анҳо онамиз бутун молу жонини Сарвари олам бўлган турмуш ўртоқларига инъом этганлар, яъни ўз ихтиёрлари билан берганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом тортиб ёки талаб қилиб олиб қўймаганлар. Нафақат Хадийжа онамиз, балки у зотнинг атрофидаги барча саҳобалар у зотни жонларидан ортиқ яхши кўрганлар ва борини беришга шай турганлар.
Шариатимиз ҳар бир шахсга молиявий мустақиллик берган. Эр топган пулини ўзи истагандай сарфлаши ва бунга на аёли ва на бошқа одамлар тўсқинлик қилишга ҳақи йўқ бўлгани каби, аёлнинг ҳам шахсий маблағидаги тасарруфи ўз қўлида бўлади. Фақатгина фойда-зарарни билмайдиган ақли заиф тоифаларгина бундан мустасно. Уларнинг тасарруфини валийлари олиб боради.
Аммо юқоридаги гаплардан аёл топганини ҳеч кимга бермаслиги, фақат ўзи ишлатиши керак экан, деган хулоса чиқмайди. Ўз ихтиёри билан эрига, фарзандларига ёки бошқаларга ҳадя қилиши мумкин ва бу учун албатта, ажр олади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг аёллари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: “Эримга садақа қилсам бўладими?” – деб сўраган ва у зот алайҳиссалом: “Ҳа”, деб жавоб берганлар. Яъни саҳобия аёллар эрларига садақа, ҳадя қилиб турганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бежизга: “Ўзаро ҳадялашинглар, ўртада муҳаббат пайдо бўлади”, деб айтмаганлар.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, оила эр-хотин ўзаро бир-бирларини тушунишлари, ҳурмат қилишлари ва ўз бурчларини муҳаббат билан адо этишлари лозим. Ана шунда оилавий ҳаёт саодатли давом этади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.