18 ноябрь санасида “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар билим юртида “Буюк ва муқаддассан, Ватан!” мавзуида ўқитувчи Хуршида Усмонова 1-курс талабаларига мустақиллик дарси ўтди. Унда барча ўқитувчилар иштирок этишди. Талабалар “Тинчлик” ва “Тараққиёт” гуруҳига бўлинишди. Дарс мустақиллик неъматини қадрлаш учун, аввало, мозийга назар ташлаш, бу йўлдаги қийинчиликлар батафсил баён қилинди. Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ватан эрки, халқ фаровонлиги учун кўрсатган жонбозликлари жонли мисоллар ила изоҳланди.
Сўнг мустақиллик йилларида эришган ва эришиб келаётган ютуқларимиз, хусусан, спорт, фан, маданият, таълим, иқтисод, ишлаб чиқариш ва бошқа кўплаб соҳалардаги марраларимиз слайдлар орқали намойиш қилинди. “Билар эдим. Билмоқчиман. Билиб олдим” технологияси асосида талабаларнинг фикрлари, мустақиллик шарофати туфайли эришган ютуқларимиз, дарсдан олинган фойдалар сўралди. Сўнг икки жамоа гуруҳ бўлиб, мавзу юзасидан тест, муаммоли вазият топшириғини бажардилар. Тараққиётнинг ўзбек модели ва унинг аҳамияти санаб ўтилди. Мустақиллик ҳақида видеофильм намойиш этилди.
Бундан ташқари, Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти талаба қизлар амалиёт ўташ учун билим юртига ташриф буюришди. Амалиётчилар Қуръон, ҳадис, ақоид, фиқҳ, араб тили, сийрат, маънавият каби фанлардан билим юрти ўқитувчиларига бириктирилди. Қизлар маъҳадда олган билимларини янада мустаҳкамлаш учун ўқитувчилардан керакли тавсия, маслаҳатлар олмоқдалар. Амалиётчилар маърифий тадбирларда ҳам фаол иштирок этиб, маънавият фан ойлиги учун “Маънавият юлдузи”, байроғимиз қабул қилинганлигига 25 йил тўлгани муносабати ила “Давлатмиз рамзлари” шиори остида тадбир ўтказишди.
Зиёда АЛМЕДОВА,
билим юрти ўқитувчиси
Кеча, 6 май куни Бухоро шаҳридаги Мир Араб олий мадрасасида “Йилнинг энг яхши ислом тарихи ўқитувчиси” мусобақаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, вилоят бош имом-хатиби, Мир Араб олий мадрасаси ректори Жобир домла Элов, ҳайъат аъзолари, таълим муассасалари раҳбарлари, педагог-ўқитувчилар иштирок этди.
Мусобақа давомида иштирокчилар 4 та шарт бўйича баҳс олиб борди. Уларнинг чиқишини малакали ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.
Якуний натижаларга кўра қуйидагилар ғолиб деб топилди:
1-ўрин: “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Муҳаммадяҳёхон Маҳмудов 1-даражали диплом, “Ҳаж” сафари йўлланмаси ва смарт телевизор билан мукофотланди.
2-ўрин: Тошкент ислом институти ўқитувчиси Халилуллоҳ Юсупов, 2-даражали диплом, “Умра” сафари йўлланмаси ва смарт телевизор билан тақдирланди.
3-ўрин: Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси Санжар Бердиевга 3-даражали диплом ва замонавий музлатгич тақдим этилди.
Танловнинг қолган 10 нафар иштирокчисига фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Айтиш жоизки, ушбу танлов Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари педагог-ўқитувчилари ўртасида ҳар йили ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати