«Инсон эътиқодсиз, иймонсиз яшай олмайди. Чунки комил ва собит эътиқод жамият маънавий қиёфасини белгилайди. Бу борада Ислом дини катта аҳамиятга эга».
И.А. Каримов
«Ислом» сўзи араб тилидан ўзбек тилига таржима қилинганда «итоат ва бўйсуниш», «ихлос ва турли офатлардан саломат бўлиш», ҳамда «сулҳ ва омонлик» деган маъноларни билдиради. Бу динни Пайғамбарнинг ўзлари танлаган эмас, балки уни Аллоҳ таоло ихтиёр килган. Ислом – бу Аллоҳ ягона деб эътиқод қилиб, унга бўйсунмоқлик ва бутун қалб билан унга ихлос қилмоқлик демакдир.
«Ислом» деганда ҳозирги кунда исламофобиянинг таъсиридан баъзилар фақат уруш, отиш, гаровга олиш, одамларни ўлдириш деб, баъзилар фақат намоз, рўза, таҳорат, масжид деб, баъзилар фақат салла, чопон, махси, калиш деб тушунадилар ва ҳоказо... Ваҳоланки ушбу Ислом дини ҚАНДАЙ дин экани хусусида муҳтарам Биринчи Президентимиз ниҳоятда серқиррали ва тўла-тўкис тушунтириб берадилар:
«Биз Ислом дини ота-боболаримиз дини экани, у биз учун ҳам иймон, ҳам ахлоқ, ҳам диёнат, ҳам маърифат эканини доимо юксак қадрлаймиз… Динга ҳурмат ва эътиқод – биз учун ўлмас қадриятдир».
«Бугунги кунда ислом динига нисбатан бутун дунёда қизиқиш ва интилиш кучайиб, унинг хайрихоҳ ва тарафдорлари кўпайиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Бунинг асосий сабаби муқаддас динимизнинг ҳаққонийлиги ва поклиги, инсонпарварлиги ва бағрикенглиги, одамзотни доимо эзгуликка чорлаши, ҳаёт синовларида ўзини оқлаган қадрият ва анъаналарни аждодлардан авлодларга етказишдаги беқиёс ўрни ва аҳамияти билан боғлиқ. Ва халқимизнинг маънавиятини шакллантиришга, ҳар қайси инсоннинг Аллох марҳамат қилган бу ҳаётда тўғри йўл танлаши, умрнинг мазмунини англаши, авваламбор, руҳий покланиш, яхшилик ва эзгуликка интилиб яшашида унинг таъсирини бошқа ҳеч қандай куч билан қиёслаб бўлмайди».
Бу дин шундай бир динки, нафақат Ислом динини, ҳатто бошқа динларни ҳам инкор этувчи шахсларга нисбатан ҳам ширин сухан билан чиройли муомалада бўлишликка ундайдиган дин.
«Суннат эрмиш, кофир бўлса, берма озор,
Кўнгли қоттиғ, дил озордин Худо безор,
Аллоҳ ҳақи, ондоғ қулға сижжин тайёр,
Донолардин эшитиб, бу сўз айдим мано».
Мусо алайҳиссалом ва Ҳорун алайҳиссаломларга ўзини «Худоман», деб даъво қилган Фиръавндек зотга ҳам Аллоҳ таоло юмшоқ ва мулойим сўз билан гапиришликка буюряпти:
“Эй, Мусо! Сен ўзинг ва биродаринг Ҳорун Менинг оятларимни одамларга олиб борингиз ва Мени зикр қилишда сустлик қилмангиз! Иккингиз Фиръавннинг олдига борингиз, чунки у "Мен – худоман”, деб ҳаддидан ошди. Бас, унга юмшоқ сўз айтингиз! Шояд, у эслатма олса ёки ҳалок қилишимдан қўрқса” (Қуръони карим Тоҳо сураси 42 – 44 оятлар).
Ва ҳолбуки, Худои таоло қодир эди Мусо алайҳиссаломга: «Эй, Мусо, Фиръавнни олдига борганингизда асонгизни ушланг, аждаҳога айланиб Фиръавнни ютиб юборсин», – дейишликка. Лекин Худои таоло Ўзининг энг улуғ пайғамбарларидан бири бўлган, Аллоҳ таоло билан воситасиз гаплашган, Қуръони Каримда у кишининг номлари 136 марта зикр этилган, алоҳида бир Муқаддас китоб нозил қилинган, севимли пайғамбарларидан битталари бўлган бўлсалар-да, ширин сўз ва мулойимлик ила муносабат қилишни амр-фармон қилади.
«Агар бўлсанг ипак каби мулойим,
Мулойим сен бўлсанг, қулинг бўлайин.
Қулоғимга берган пандинг олайин,
Кишига қаттиқ сўз айтувчи бўлма».
Аллоҳ таоло инсоният тарихида Ер юзининг қайси жойида одамлар ичида ёмон, разил, нохуш, қабих ишлар кўпайиб кетган замонларда Ўзининг ҳикмати илоҳийси ила шуларни ислоҳ қилиш учун огоҳлантирувчи, ислоҳ этувчи пайғамбар жўнатган… VI асрларда Арабистон ярим оролида тарқоқ қабила тузумида истиқомат қиладиган халқлар бутпарастлик ва жаҳолат ботқоғига ботиб қолган бир даврда, қабилалар ўзаро тинмай жанглар олиб борадиган бир вақтда, ижтимоий ва мулкий тенгсизлик чидаб бўлмас даражага етган бир пайтда, жаҳолат шу даражага бориб, ҳатто айрим қабилаларда қиз фарзанд дунёга келса, уни тириклайин кўмиб юборадиган бир замонда Ер юзининг эгаси бўлган Аллоҳ таоло пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом орқали Ислом деган динни барпо этишни ихтиёр килди.
Тарихдан маълумки, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ватанпарварликлари, инсонпарварликлари ҳаммани лол қолдирган. У зоти шарифда ўтган барча пайғамбарларнинг яхши фазилатлари мужассам эди. Одам алайҳиссаломнинг яхши хулқ-атвори, Сиф алайҳиссаломнинг илму донишлиги, Нуҳ алайҳиссаломнинг жасорати, Иброҳим алайҳиссаломнинг шафқати, Исмоил алайҳиссаломнинг фасоҳати, Исҳоқ алайҳиссаломнинг камтарлиги, Лут алайҳиссаломнинг фаросати, Ёқуб алайҳиссаломнинг топқирлиги, Юсуф алайҳиссаломнинг ҳусн-жамоли, Мусо алайҳиссаломнинг сабот-матонати, Юнус алайҳиссаломнинг ҳалимлиги, Довуд алайҳиссаломнинг хайрихоҳлиги, Илёс алайҳиссаломнинг олижаноблиги, Яҳё алайҳиссаломнинг мусаффолиги, Исо алайҳиссаломнинг тақводорлиги пайғамбаримиз Муҳаммад расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламда мужассам бўлган эди.
Пайғамбаримизнинг турли қийинчиликлари, тинимсиз меҳнатлари, матонатли курашлари, бетакрор бағрикенгликлари ва беқиёс меҳрлари туфайли Ислом динининг жўғрофий доираси кенгайди, қўшни мамлакатлар халқлари ҳам ислом динига ўтиб мўмину мусулмон бўлишди. Бу Исломнинг халқчиллигидан, кўпчилик мамлакат халқлари ўртасида қозонган ҳурматидан далолат беради.
Чунки ер юзасидаги барча мавжудотнинг энг ардоқлиси, икки дунё сарвари, Аллоҳнинг суюкли хабиби бўлмиш Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам халқни зулмату жаҳолату қабоҳат дунёсидан саодатли йўлга етаклади. Парвардигорнинг марҳамати ила ул зоти олий 23 йил мобайнида Ислом динини оммалаштирди, тарғиб ва ташвиқ қилди, Қуръони Каримни халққа машъал қилиб тортиқ этдики, бутун аҳли Ислом ҳозиргача ундан баҳраманддир.
Яхшилик ва эзгулик, бағрикенглик ва тинчлик, яқинлари ва бегоналарига бирдек марҳаматли бўлиш, қон тўкмасликка чақирувчи, нафс васвасасига учмаслик, қўни-қўшни ҳақларини адо этиш, бошқа дин ва ўзга миллат вакилларига чиройли муомала қилиш, ота-онага улар ҳаёт эканларида меҳрибон ва сахийлик ила муносабатда бўлиш, дунёдан ўтганларнинг ҳақларига дуо қилишга, Ватанни севишга даъват қилувчи муқаддас динимиз, айниқса, мустақиллик йилларида ўз қадрини ҳамда ўзининг азалий вазифаси – эзгу мақсадларга чин маънода хизмат қилиш имкониятини топди.
Муқаддас Ислом динимиз ҳукмлари ҳам, жаннатмакон юртимиз буюк ва маърифатпарвар, улуғвор ва донишманд халқининг Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларга уйғунлашиб кетган урф-одатлари ҳам инсонларни диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликка тарғиб этади. Шу жаннатмакон заминнинг, буюк алломалар юртининг туб халқи бўлмиш ўзбекнинг ҳам феълий, ҳам қавлий жиҳатдан тўла-тўкис ва мукаммал этиб, мадҳиямизда ҳам «бағрикенг ўзбекнинг ўчмас иймони» деб тавсифлаб, баён этилади.
Эзгуликнинг ёрқин намоёндаси, диний бағрикенгликнинг улуғ тимсоли ва буюк намунаси, дунёдаги ҳар бир мўмин-мусулмоннинг энг катта устози бўлган жаноб Пайғамбаримиз ҳар бир мусулмон кундалик фаолиятида ишлатиши лозим бўлган, ҳар кунги ҳаётида татбиқ этиши даркор бўлган мавзуларни меҳр-мурувват ила марҳамат қилганлар:
-Қўшниларингиз сизни яхши одам дейишаётган бўлса, демак, сиз яхшисиз. Агар улар сизни ёмон одам дейишаётган бўлса, демак, сиз ёмон одамсиз.
-Ер юзидагиларга раҳм қилинг, осмондаги Зот сизга раҳм қилгусидир.
-Бирор киши бор айбингизни айтиб сизни ҳақоратласа, сиз уни унда бор айби билан ҳам ҳақоратламанг. Шунда бунинг савоби сизга, гуноҳи унга бўлур.
-Кимники Аллоҳ Таоло дўст тутса, унга одамларнинг ҳожатлари тушадиган қилиб қўяди.
-Сиз яхшиликни унга муносиб бўлганга ҳам, бўлмаганга ҳам қилаверинг. Агар сиз эзгуликка лойиқ одамни топсангиз, демак, у эзгулик аҳлидир, агар ундай одамни топмасангиз, демак, сиз ўзингиз эзгулик аҳлидансиз.
-Ҳар бир қилинадиган яхшиликка садақа савоби берилур.
-Кимки бир чумчуқни бекордан-бекор ўлдирса, қиёмат кунида у чумчуқ Арш олдига келиб, баланд овоз билан: Парвардигорим, бу бандадан сўрагин, нима учун мени беҳуда ўлдирди экан? – дейди.
-Золим билан бирга юрган одам жиноят содир қилибди.
-Кимки бирор гуноҳ иш қилишни ният қилса-ю, сўнгра ниятидан қайтса, унга бир яхшилик савоби ёзилажак.
-Бутун умр эзгуликни тиланглар!
-Умматимнинг раҳмдилларидан ва шафқатлиларидан фазилат истанглар. Чунки сизлар уларнинг қанотлари остида яшайсизлар.
-Биродарингиз золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам унга ёрдам беринг! (зулм илдизига болта уриш ҳам золимга, ҳам мазлумга ёрдамдир.)
-Маслаҳатни ақл эгаларидан сўранглар, тўғри йўл топасизлар, уларнинг айтганидан чиқманг, пушаймон бўласизлар.
-Кимки яхшилик кўчатини қадаса, орзу қилган ҳосилини йиғиб олади ва кимки ёмонлик уруғини сепса, афсус-надомат мевасини териб олади.
Доно халқимиз ислом динимиздаги кўрсатмаларни ўз тилида мақол сифатида ҳам ифода этган:
"Ёмонликка яхшилик эр кишининг ишидир.
Ёмонликка ёмонлик ҳар кишининг ишидир".
* * *
"Ўзингга раво кўрмаганни,
Ўзгага ҳам раво кўрма".
"Агар сен қиблага бурмасанг юзни,
Беш маҳал саждаю намозинг бекор.
Жаннатга ҳеч қачон тикмагил кўзни
Агар бир мўминга етказсанг озор”.
* * *
“Маккага етти қат борганча бўлур,
Бошини силасанг ўксик инсонни".
Ислом динимиз, айниқса, бизнинг заминимиздаги Ислом эзгулик дини эканлигини, таъбир жоиз бўлса, кўрга ҳасса ушлатгандек муҳтарам Биринчи Президентимиз ўз китобларида ўргатяптилар: «Эзгу одатимизга айланиб кетган меҳр-оқибат тушунчасини оладиган бўлсак, унинг жуда теран тарихий, миллий, диний илдизлари борлигини кўриш мумкин. Бу аввало инсоннинг инсон билан, қўшнининг қўшни билан, қариндошнинг қариндош, оиланинг оила билан, энг муҳими, шахснинг жамият билан уйғун бўлиб яшашини, етим-есир, бева-бечора ва ногиронларга, мусофирларга саховат кўрсатиш, сидқидилдан, беғараз ёрдам беришни англатади ва бундай хусусият халқимизнинг маънавий оламига сингиб кетганини ҳеч ким инкор эта олмайди».
"Дасти қисқаларни камситма зинхор.
Савобнинг каттаю кичиги бўлмас.
Кимнингдир давлати беҳуда бисёр
Ва лекин бахилдир, толеи кулмас.
* * *
Оч қолган гўдакка саховатли зот,
Яримта хурмони дилдан илинди,
Билгилки, бу ҳиммат шу зум, шу заҳот,
Бус-бутун савоб деб қабул қилинди.
* * *
Демишлар савоб иш офатни тўсиб,
Эзгулик йўлига шайлангусидир.
Энг кичик ҳиммат ҳам тойчоқдек ўсиб,
Тулпордек савобга айлангусидир".
Илохо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Меҳрибон Парвардигоримиз буюрган, жаноб Пайғамбаримиз с.а.в. тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизни рўҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!
Иброҳим Иномов,
ЎМИ раиси ўринбосари
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бугунги кунда кўплаб мусулмон юртларида жамият ичида тафриқа ва фитналар келиб чиқишига сабаб бўлаётган жиддий муаммолардан бири – такфир, яъни мусулмонларни “кофир” деб фатво чиқаришнинг кўпайганлигидир. Бу масала кейин пайдо бўлган масалалардан ҳисобланади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида бирор кишини кофир деб ҳукм чиқарилгани ҳеч кимга маълум эмас. Бу мавзу жуда нозик ва ўта хатарли масала бўлиб, мавзуни яхши англаш учун аввало куфрнинг маъноси ва таърифини тушуниб олиш лозим.
Куфр тушунчаси ва унинг таърифи
“Куфр” имоннинг зидди бўлиб, у луғатда “беркитиш” ва “ёпиш” маъносини англатади. Ибн Форис шундай дейди: “Куфр – иймоннинг зиддидир. У ҳақиқатни ёпиш ва беркитиш маъносида ишлатилади”. (Мaқoйис aл-луға, 5/191). Уламолар куфрни таърифлашда турли ибораларни айтиб ўтганлар, жумладан Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Куфр – Аллоҳнинг Роб эканлигини инкор қилиш, Қуръонда нубуввати тасдиқланган бирор пайғамбарнинг пайғамбарлигини инкор қилиш ёки Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган, бутун умматнинг иттифоқи билан саҳиҳ экани маълум бўлган нарсани инкор қилишдир. Шунингдек, бирор амални бажариш куфр экани далиллар билан тасдиқланган бўлса, шу амални бажариш ҳам куфр ҳисобланади” (Ал-Фасл фил-милал вал-аҳво ван-ниҳал, 3/118).
“Ал-Мавсуатул-Фиқҳия”да шундай дейилган: "Шариатда куфр – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динидан экани аниқ ва зарурий равишда маълум бўлган нарсани инкор этишдир. Масалан, Аллоҳнинг борлигини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлигини ёки зинонинг ҳаромлигини инкор қилиш шу жумладандир" (Ал-Мавсуатул-Фиқҳия. 15/34)
Такфирнинг тарихий илдизлари
Энди бу масаланинг тарихига назар ташласак, мусулмонларни кофирга чиқаришга биринчи бўлиб журъат қилганлар “хаворижлар” фирқаси ҳисобланади. Улар “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофирга айланади”, “Ёмон амал қилган мусулмон Исломдан чиқади”, деб ҳисоблаганлар. Хўш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан “жаҳаннам итлари” деб номланган, мусулмонларни кофирга чиқариб, уларнинг қонини ҳалол санайдиган бу тоифа қаердан келиб чиққан? Бу борада Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Талхис ал-Хобир” асарларида қисқача тўхаталиб, шундай деганлар: Аслида хавориж сўзи “хуруж”, яъни “қарши чиқиш” сўзидан олинган бўлиб, улар Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга қарши чиққанликлари учун шу ном билан аталган эдилар. Улар аввалига Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг тарафида эдилар ва Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу билан бирга Жамал ва Сиффин жангларида иштирок этишган эди. Сиффин жангининг ниҳоясида шом аҳли мағлубият яқинлигини сезгач мусҳафларни найзаларга илиб, қарши томонни Аллоҳнинг китобини орада ҳакам қилишга чақиришни маслаҳат беришди. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу аввалига бу фикрни унчалик маъқул кўрмадилар. Лекин У зотнинг сафдошлари орасида Аллоҳнинг китобини ҳакам қилишга рози бўлганлар кўпчилик эди. Натижада, Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг мусулмонлар қонини тўкмаслик ҳақидаги истаклари устун келиб, ҳакамликка рози бўлдилар. Аммо хаворижлар кейинроқ бу қарорни инкор қилдилар ва: “Ҳакамликни қабул қилиб, хато қилибмиз! Энди хатони тузатишимиз керак! Аллоҳнинг ҳукмидан бошқа ҳукм йўқ! деб бақира бошладилар”. Улар Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ва ҳакамликка рози бўлганларнинг барчасини кофир деб “фатво” чиқардилар ва фақат тавба қилиб, уларга қўшилганларни имонда қолган деб ҳисобладилар. Ҳаттоки бу гумроҳлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан жаннат башоратини эшитган Ҳазрати Алидек зотга: “Сен ўзингни кофир деб тан ол, сўнгра тавба қил, ана шунда биз сенга итоат қиламиз”, дейишгача бордилар. Албатта, Али розияллоҳу анҳу бунга рози бўлмадилар. Шундан сўнг хаворижлар У зотга қарши чиқиб, уруш очдилар (Талхис ал-Хобир, 6/2709).
Бора-бора хаворижарнинг қиладиган иши мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа бўлмай қолди. Уларнинг бу ашаддий мавқифлари қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг беҳисоб қонлари тўкилишига олиб келди. Энг ёмони, ақида бобида кераксиз ихтилофлар авж олди. Натижада ақида пойдевори дарз кетди. Фақат Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби уламолари жасорати ва улкан меҳнати эвазига бу дарз қайтадан тўғриланди.
Такфирнинг хатарлари
Бировни кофир дейиш осон иш эмас. Чунки бу ишнинг орқасидан келиб чиқадиган ҳукмлар ҳам ўта хатарлидир. Бу ишнинг жуда нозик ва ўта хатарли эканини тушуниш учун қуйида Қуръон ва Суннат ҳамда уламоларимизнинг сўзларидан бир қанча далилларни келтириб ўтамиз. Аллоҳ таоло айтади:
يَأَيُّهَا الَّذِينَ ءَامَنُوا إِذَا ضَرَبْتُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ فَتَبَيَّنُوا وَلَا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلَامَ لَسْتَ مُؤْمِنًا
“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ йўлида жиҳодга чиқсангиз, аниқлаб олинглар ва сизга салом берган кимсага, мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).
Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ, ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: “Бану Салим қабиласидан бир одам бир гуруҳ саҳобанинг олдидан қўйларини боқиб ўтиб қолди ва уларга салом берди. Саҳобалар: “Биздан қўрққанидан салом берди, бўлмаса, бермас эди”, дедилар-да, уни ўлдириб, қўйларини Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига ҳайдаб бордилар. Шунда Аллоҳ таоло: “Сизга салом берган кимсага, мўмин эмассан, деманглар”, оятини нозил қилди. (Тафсир Ибн Касир, 2/337). Аллоҳ таоло ушбу оятда мусулмонларни шошқалоқлик билан бировни имонсиз деб ҳукм қилишдан қайтармоқда, Зеро бировнинг қалбида имон бор йўқлигини фақат Аллоҳ таологина билади. Шунинг учун ҳар қандай шубҳа ёки тахмин асосида инсонни мўминликдан чиқариш, унга душманларча муносабатда бўлиш мутлақо нотўғри ва ҳаромдир.
Пайғамбаримиз сoллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам мусулмонни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
عَنِ ابْنِ عُمَرَ، أَنَّ النَّبِيَّ ﷺ قَالَ: «إِذَا كَفَّرَ الرَّجُلُ أَخَاهُ فَقَدْ بَاءَ بِها أَحَدُهُمَا.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши биродарини кофирга чиқарса, албатта, иккисидан бири куфрга дучор бўлади”, дедилар (Саҳиҳи Муслим, 123-ҳадис).
Яъни, ким, мўмин биродарини кофир дейиш мумкин, деган эътиқодда кофир деса, ўзи кофир бўлади. Чунки ҳалолни ҳаром деб билиш куфр бўлади. Бу ҳолатда кимнингдир иймонига, шаҳодатига ҳамла қилиб, уни кофирга чиқармоқда. Натижада унинг ўзи кофир бўлади. Иккинчи фикр шуки: Бировни “Эй кофир”, дейиш кишини куфрга олиб боради. Яъни бундай дейишда кофир бўлиб қолиш хавфи бор. Бу инсон бугун кофир бўлмаса-да, бора-бора бир кун диндан чиқиб қолади (Шарҳи Нававий 2/50).
Шундай экан, бировни кофир дейишдан олдин бу гап ўзига қайтиши мумкинлигини яхшилаб ўйлаб қўйиш керак бўлади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганар:
عَنْ أَنَسِ، عَنِ النَّبِيِّ ﷺ قَالَ: «ثَلَاثٌ مِنْ أَصْل الْإِيمَانِ: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لَا إِلَهَ إِلَّا الله ، وَلَا نُكَفِّرُهُ بذَنْبٍ، َلَا تُخْرِجُهُ مِنَ الْإِسْلَامِ بِعَمَل
Уч нарса иймоннинг аслидир: “Лаа илаҳа иллаллоҳу” деган кимсага тегмаслик; гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз; амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз” (Абу Довуд ривояти 2532-ҳадис). Яъни калимаи шаҳодатни айтиб, ўзининг мусулмонлигини билдириб турган кишига тегмаслик, унинг жонига, молига зарар етказмаслик зарур. “Лаа илаҳа иллаллоҳу”ни айтиб, зоҳирида мусулмон бўлиб кўринган одамни қилган гуноҳ иши туфайли кофирга чиқармаймиз. У кофир эмас, нари борса осий мўмин бўлади. Калимаи тавҳидни айтиб, Исломни зоҳиридан кўрсатиб турган одамни амали туфайли Ислом миллатидан чиқармаймиз. Бундай одамларга амалига яраша тайин қилинган шаръий жазо берилади. Эътиқоди бузилмаса, Исломдан чиққан ҳисобланмайди. Умумий қоида мана шу!
Такфирга шошилмаслик борасида уламоларнинг сўзлари
Аҳли сунна вал-жамоа уламолари мусулмонни куфрда айблаш масаласида ниҳоятда эҳтиёт бўлишга буюрганлар. Буюк муҳаддис ва фақиҳ Абу Жаъфар Таҳовий раҳимаҳуллоҳ ўзининг Ал-Ақида ат-Таҳовия асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз” (Ал-Ақида ат-Таҳовия). Бу эса шуни англатадики, агар бир мусулмон гуноҳга қўл ургани билан уни ҳалол деб билмаса, у ҳануз Ислом доирасида қолади. Зеро, гуноҳ бошқа, куфр бошқа.
Мулла Али Қорий раҳимаҳуллоҳ ҳам бу борада машҳур ҳанафий олими Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳнинг сўзларини келтирадилар: “Агар мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (Шарҳ аш-Шифа).
Бу сўзлар мусулмонни осонликча такфир қилиш нақадар катта хатарларга олиб боришини очиқ-ойдин кўрсатмоқда. Ислом шариатида кишининг имонидан чиқиши фақат аниқ ва қатъий далилларга таяниши лозим. Гумон ёки нотўғри талқин асосида бировни кофирга чиқариш жамиятни улкан фитна сари етаклайди. Шу боис, мўмин киши доимо ўз биродари ҳақида яхши гумонда бўлиши лозимдир.
Бугунги кунда такфир муаммоси
Юқоридаги далиллар ва тарихий мисоллар такфир масаласининг нақадар нозик ва хатарли эканини таъкидлайди. Афсусуки, бугунги кунда такфир масаласи яна долзарб муаммолардан бирига айланиб, баъзи гуруҳлар томонидан нотўғри талқин қилинмоқда. Айрим экстремистик ҳаракатлар ва радикал оқимлар мусулмонларни осонгина кофирликда айблаб, жамиятда бўлиниш ва фитнага сабаб бўляпти. Уларнинг тарғиботи натижасида ёшлар орасида мутаассиблик кучайиб, ўзини ҳақ, бошқаларни эса ботил деб биладиган кайфият шаклланмоқда. Бу ҳолатнинг асосий сабабларидан бири – илмсизлик, Қуръон ва Суннатни нотўғри тушунишдир. Кўпчилик мутаассиб кишилар исломий илмларни мустаҳкам ўрганмасдан, айрим шубҳали манбалар ёки нотўғри тарғиботлар таъсирида қолиб, нотўғри қарашлар гирдобига тушиб қолишмоқда.
Хулоса
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ислом ақида бобида ҳам, ибодат бобида ҳам, ўзини тутиш бобида ҳам ва бошқа бобларда ҳам мўътадилликка асосланган. Бундай мўътадилликнинг чегарасини билиш учун эса асосли илмий мезон керак. Ана шу асосли мезонга эга бўлиш учун эса исломий илмларнинг барчасини асл масдарлардан, етук ва тақводор уламолардан тўлиқ ўрганиш керак. Бу нарсаларга одоб-ахлоқ, ҳилм ва босиқлик ҳамда ҳар бир нарсани ўз ўрнида тўғри баҳолай билиш омиллари қўшилгандагина, ўнг ёки сўлга бурилиб, ҳалокат жари ёқасига келиб қолиш хавфининг олди олинган бўлади.
Сўзимиз сўнгида Роббимиздан сўраймизки: Эй Роббимиз, бизни дунё ва охиратда ҳидоят топган бандаларинг қаторига қўшгин! Бизни фитналардан узоқ, ҳақ йўлда собит қилинган ва Сенинг ризойинга эришган зотлардан қилгин. Амин!
Азимжон РИХСИБОЕВ,
Тошкент Ислом институти талабаси.