САБЗИ (Daucus) — соябонгулдошлар оиласига мансуб икки, қисман бир йиллик ўтсимон ўсимликлар туркуми, сабзавот экини. Сабзининг 60 дан ортиқ тури бор. Бир тури (Daucus carota) — маданий сабзи. экилади. Бу тур Ғарб (Ўрта Ер денгизи ҳавзасидан келиб чиққан 4 тур-хил — каротинли, сариқ, оқ, бинафшаранг сабзилар) ва Осиё (Афғонистон ва унга яқин ҳудудлардан келиб чиққан 6 тур-хил — сариқ, бинафшаранг, қизил, тўқ бинафшаранг, пушти, оқ сабзилар) кенжа турига бўлинади.
Уруғи майда, 1000 донаси 1—1,5 г. Илдизмеваси серсув, навига қараб думалоқроқ, цилиндрсимон, ранги сариқ, оқ ва баъзан қизғиш, оч кизил, узунлиги 8—17 см, вазни 30—200 г ва ундан ортиқ. Сабзиси (илдизмеваси)да 10—12 % қанд, 9,2% углеводлар, 1,1% азотли моддалар ва С, В,, В2, РР витаминлари, 9,0 (20—25 гача) мг% каротин бор. Сабзи инсон озиқ-овқат рационида муҳим ўринда туради. Янгилигида истеъмол қилинади, консервалар тайёрланади, тиббиётда эса сабзидан турли дори-дармонлар тайёрланади. Шимолий районларда ва Европа мамлакатларида, асосан, қизил, Марказий Осиё мамлакатларида сариқ сабзи экилади. Ўзбекистонда халқ селекциясида сабзининг жуда кўп навлари яратилган. Ҳозирги даврда сабзининг Мушак 195 (эртапишар) ва Нурли (ўртапишар), Мирзой қизил 228, Мирзой сариқ 304 (ўрта эртаги), Нант 4, Шантанэ 2461 (ўртаги) ва Зийнатли, Каскаде Ғ, Пума Ғ, ва бошқа навлари ва дурагайлари экилади.
(“ЎзМЭ”дан)
Унинг шифобахш хусусиятлари қадимдан маълум. Ўрта асрларда ундан юрак, қон-томир, жигар касалликларини, шунингдек сариқ ва йўтални даволашда кенг фойдаланилган.
Бугунги кунда сабзи камқонлик, меъда-ичак йўллари, ёғ босган организм, буйрак касалликлари ва бошқа қатор иллатларни даволашда муолажавий овқатланиш таркибида асосий ўринлардан бирини эгаллайди.
Сабзи каротин моддасига жуда бой бўлган сабзавотдир.Организмни бу модда запаси билан 2 кунга етарли таъминлаш учун ўртача катталикдаги битта сабзини истеъмол қилиш етарли бўлади. Бундан ташқари бу сабзавот тури В, РР, К, Е витаминлари, кальций тузи, калий, фосфор, натрий, темир, йод, магний ва бошқа фойдали моддаларга бой. Сабзида оқсил моддаси кам, лекин унинг таркибида тахминан 7% углевод (унинг асосий қисмини организмда яхши ҳазм бўлувчи глюкоза ташкил этади) бор.
Хом сабзини истеъмол қилиш соч ва тирноқларнинг синувчанлигида, кўриш қобилияти пасайганда жуда фойдали. У организмнинг касалликлардан ҳимояланиш кучини кўпайтиради, юқумли касалликлардан муҳофаза қилади. Худди шунинг учун ҳам ундан организм витамин етишмаслигидан толиқадиган қиш кунлари, халқимиз “илик узилди” деб атайдиган эрта баҳор кунлари истеъмол қилиб туриш тавсия этилади.
Бу сабзавот оғиз бўшлиғи учун фаол антибактериал воситадир. Стоматит (милк яллиғланиб, чақа бўлиши)ни даволашда халқ табобати сабзи шарбатига бир оз асал қўшиб чайишни тавсия қилади.
Сабзи қабзиятда мислсиз шифобахш сабзавот бўлиб, ошқозон-ичак йўлларидаги иллатларда ҳам фойдалидир. Сурги сифатида қирғичда қирилган сабзини ва шунингдек, унинг шарбатини (150-200 мл кечқурун уйқуга ётиш олдидан) истеъмол қилиш ниҳоятда фойдали. Бавосирда сабзи баргини дамлаб чой сифатида ичиш ёрдам беради. Узоқ вақт битиши қийин бўлган ярага сабзи бўтқаси боғланади. Сабзи минерал модда алмашинувини меъёрга келтиришда фойда беради, унинг шарбати катаракта ва конъюктивит касалликларида кўз ҳолатини яхшилайди.
Шуни таъкидлаш лозимки, қалқонсимон без касалликларида сабзи таркибидаги каротин организмда ўзлаштирилмайди. Шунингдек ингичка ичакнинг ўткир шамоллаши жараёнида сабзи истеъмол қилиш тавсия этилмайди.
Қон босимида сабзи шарбати
Қон босими ошишида 1 дона сабзини майда тишли қирғичдан чиқариб, 1 дона хрен илдизини қўшиш ва уларнинг шарбатини чиқариш, 40 мл лимон соки ва 30 г асал қўшиб, аралаштириш лозим. Кунига 3 маҳал, 15 мл дан овқатланишдан 30 минут олдин 6-8 ҳафта давомида истеъмол қилинади.
Йўталда сабзи шарбати
ҳолатда кунига 20 мл дан 5-6 марта ичилади.
Аралашмани кунига овқатланишдан олдин 6-7 маҳал 70 мл дан ичилади.
Жигар касалликларида сабзи шарбати
150 г сабзини ва 100 г хрен илдизини қирғичдан ўтказиб, 20 мл спирт, 20 г асал қўшиб аралаштирилади. Аралашма 1-2 ой давомида кунига 3 маҳал 20 мл дан ичилади.
Сабзи шарбати герпес (терининг муайян қисми шамоллаши) касаллигида
Майда тишли қирғичда 100 г сабзи ва 150 г олма чиқариб, турупини сиқиб, шарбати олинади. Кунига 4-6 маҳал 50 мл дан ичилади.
Сабзи шарбати ва уруғи сийдик қопида тош пайдо бўлганда
Грипда сабзи шарбати ва чеснок
Майда тишли қипғичдан 1 та сабзи ва чеснокдан 4 та тишчаси ўтказилади ва уларни сиқиб, шарбати олинади. Буруннинг ҳар бир катагига кунига 3 маҳал 2-3 томчидан томизилади.
Сабзи шарбати дерматитда
100 г сабзи қирғичдан ўтказилиб, унинг турупи салфеткага бир текис қалинликда солинади, терининг касалланган қисмига 20-30 дақиқа қўйилади.
Сабзи дамламаси организмни тозалашда
Сабзини қуритилганидан 20 г ига 250 мл қайнаган сув қуйилади ва 10 дақиқага идиш қопқоғи ёпиб қўйилади. Дамлама бир неча қисмга бўлиб, кун давомида ичилади.
Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади.
17 ноябрь 2016 йил
Савол: Ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар тонг қуёш чиққанда икки фаришта нидо қилади. Эй Аллоҳ инфоқ қилувчини инфоқини ўрнини тўлдиргин ва хасис, зиқнага талофат бер” дер эканлар. Лекин биз ҳаётда бу ҳадиснинг аксини кўрамиз. Инфоқ, эҳсон ва садақа қилувчилар яшашда ўрта ҳол, баъзилари эса бироз қийналган бўлса, зиқна, хасис Аллоҳ йўлида бир чақа ҳам инфоқ қилмайдиганлар эса, дунёлари зиёда бўлиб бораётганлигини кўрамиз. Шунда киши ҳаёлига бу ҳадис саҳиҳмикан ёки ёлғонми деган ўй келади. Агар саҳиҳ бўлса нега инфоқ қилувчининг қилган инфоқини ўрни тўлмаяпти? Нега хасис, зиқна одам талофат кўрмаяпти?
Жавоб: Мазкур ҳадис саҳиҳ, муттафақун алайҳ. Ҳадиснинг тўлиқ матни қуйидагича.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бандалар ҳар тонг оттирганларида икки фаришта тушиб, уларнинг бири: "Ё Аллоҳ инфоқ қилувчини инфоқини ўрнини тўлдиргин", иккинчиси эса: "Ё Аллоҳ хасис, зиқнага талофат бер" дейди” (Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ, 445-бет, 1442-ҳадис)
Ушбу ҳадиснинг маъносига ўхшаш бошқа ҳадислар ҳам мавжуд. Мисол учун, Абу Умома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Эй Одам боласи агар саҳоватли бўлсанг, бу ишинг сен учун яхшидир. Агар зиқна, хасис бўлсанг, бу ишинг сен учун ёмондир" (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).
Оятда эса: “Ҳар бир инфоқ қилган нарсангизнинг ўрнини У тўлдирур. У зот ризқ бергувчиларнинг яхшисидир” дейилади (Сабаъ сураси, 39-оят). Ушбу оятни Ибни Касир раҳимаҳуллоҳ тафсирларида: "Роббингизнинг буюрган ёки мубоҳ қилган ишларида бирор бир нарсани инфоқ қилсангиз, албатта, У дунёда унинг бадалини беради. Охиратда эса, савоб ва мукофот беради", деганлар.
Энди савол берувчининг фикрига келадиган бўлсак, у инсон фақатгина ҳадисдаги тўлдириш ва талофот сўзларини мол-мулк маъносида тушунганлар. Ҳадиснинг асл моҳияти эса, бундан кўра чуқурроқ ва кенгроқдир. Аслида инфоқ қилувчи кишига Ғоний ва Карим бўлган Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилиши унинг инфоқига энг яхши эваздир. Аллоҳни инфоқ қилувчи бандасининг аҳлини ислоҳ, фарзандларини иқтидорли, танасини соғ, озига барака бериши ва уни тўғри йўлга бошлаши, яхшиликлар қилишга муваффақ қилиши, қалбида сакинат, инсонларни унга нисбатан муҳаббатли ва иймон ҳаловатини сезувчи қилиб қўйиши инфоқ қилувчи кишига дунё матоларидан чекланишидан кўра яхшироқдир. Зотан орифлар руҳий ризқларни кўзни қувонтирувчи дунё матоларидан кўра абадий ва қиймати баланд деб биладилар.
“Талофат” эса, фақатгина молнинг талофати дегани эмас, балки кишининг оиласини нотинчлиги, фарзандларини ноқобил, ўзгалар билан яхши алоқада бўлмаслиги, доим ташвишда, ҳаётда кишини хафа қиладиган ишлар билан яшаши, моли кўп бўлса-да фойдалана олмаслиги ва доимо танасининг дарди билан азоб уқубатда ҳаёт кечириши тушунилади. Бундай ҳолатлар эса, молнинг талофотидан кўра ёмонроқдир.
Ҳадисда келган фаришталарнинг дуоси Қуръони каримдаги ушбу оятларга мувофиқдир: "Аммо кимки (ато) берса ва тақво қилса. Ва гўзал (сўз)ни тасдиқ қилса. Бас, Биз уни осонга муяссар қиламиз. Аммо кимки бахиллик ва истиғно қилса. Ва гўзал (сўз)ни ёлғонга чиқарса. Бас, Биз уни қийинга муяссар қиламиз" (Лайл сураси, 5-10-оятлар).
Аллоҳ барчамизни оятларини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини асл моҳиятлари билан англаб етишимизни осон қилсин.
Юсуф Қорозовийнинг “Фатаава Муасира” номли асаридан
“Имом ат-Термизий” жомеъ масжиди имом хатиби
Яҳё Абдураҳмонов таржимаси