Саудия Арабистони Подшоҳлигида нашр этиладиган «Уккоз» газетасининг 2016 йил 12 сентябрь сонида эълон қилинган.
Мақолада Каъбаи муаззама тўғрисида маълумотлар берилган.
1. Ал-ҳажар ал-асвад (қора тош);
2. Бобул-каъба (Каъба эшиги);
3. Ал-мийзабу, мийзабур-раҳма (раҳмат тарнови);
4. Аш-шазуравон (қозиқ);
5. Ҳажару Исмоил (ал-Ҳатим);
6. Ал-мултазам;
7. Мақом Иброҳим алайҳиссалом;
8. Рукнул-ҳажар ал-асвад;
9. Ар-рукнул-ямоний;
10. Ар-рукнуш-шомий;
11. Ар-рукнул-ироқий;
12. Ситарул-каъба;
13. Жигар ранг мармар чизиғи.
Каъбаи муаззама калити
Узунлиги 25 см
Каъбанинг махсус хизматчисида сақланади.
Сувалган жой
Каъбаи муаззаманинг эшиги ва рукни ироқий ўртаси - шарқий деворидаги кичкина чуқурча узунглиги 2 м, эни 112 см, чуқурлиги 28 см.
Бу Жаброил алайҳиссалом намоз ўқиган жойлари ва Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Макка фатҳи куни хонаи Каъбадан чиқиб, намоз ўқиган жойлари.
1377 ҳ. йил зиёратчилар беихтиёр қоқилишларининг олдини олиш мақсадида чуқурча тўлатилиб, суваб қўйилди ва атрофидаги оқ мармардан ажралиб турадиган чиройли рангли тўртбурчак мармар қопланди.
Хонаи Каъба устунлари Тик дарахтидан (субтропик иқлимда ўсувчи ниҳоятда мустаҳкам дарахт, кемасозликда ишлатилади - таржимон) ишланган 3 та устун мавжуд бўлиб, ҳар бирининг айланаси 150 см, диаметри 44 см.
Каъба пойдеворлари
Каъба пойдеворларини Иброҳим алайҳиссалом бино қилганлар.
Саудия Арабистони муҳандислари 1417 ҳ. йил умумий таъмирлаш жараёнида пойдевор ғиштлари туянинг бўйни шаклида (солкаш қилиб - таржимон) бир-бирига бириктириб, мустаҳкам қурилганлиги замон таъсиридан – емирилишдан ва бошқа талофатлардан ҳимояланганига яна бир марта ишонч ҳосил қилишди.
Томи
Ҳар қандай чиришдан ҳимояланган мустаҳкам тик дарахти танасидан тайёрланган 23 та тахта-тўсин билан ёпилган.
Девор қалинлиги
Девор қалинлиги 90 см.
Тош-ғиштлари
1614 та ғишт
Улардан энг каттаси 190х50 см;
Энг кичиги 50х40 см.
Янги кисва (каъбапўш)
Соф табиий шойидан тўқилган;
Белбоғида Қуръоний ояти карималар битилган;
Каъбапўшнинг ранги қора;
Қиймати 22 миллион риёл (қарийб 6 миллион доллар);
Каъбаи муаззама эшиги пардасининг узунлиги 6,5 метр, эни 3 метр;
Каъбапўш баландлиги 14 метр бўлиб, беш қисмдан ташкил топган, улардан тўрттаси Каъбаи муаззаманинг тўрт томонини қоплаб туради, бешинчиси Каъба эшигига осилган пардадан иборат.
Каъбапўшнинг тўрт томонидаги белбоғи узунлиги 47 метрдан иборат, эни 95 см. Белбоғ умумий Каъбапўшнинг учдан бир қисми – юқори қисмини эгаллаган, 16 бўлак, олтин ва кумуш толалар билан зийнатланган.
Нуриддинов Жалолиддин таржима қилди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш, диний-маърифий соҳани замон талаблари асосида ислоҳ қилиш, диний бағрикенглик ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга йўналтирилган кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, диний соҳада давлат сиёсатининг такомиллашуви, фуқароларнинг диний эътиқод эркинлигининг кафолатланиши ва диний соҳага оид масалаларнинг ҳуқуқий асосда ҳал этилиши борасида туб бурилиш юз бермоқда. Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида илгари сурилган консептуал ёндашувлар нафақат мамлакат ичида, балки халқаро майдонда ҳам эътироф этилмоқда.
Хусусан, куни кеча имзоланган "Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент фармони мамлакатда ушбу йўналишдаги ислоҳотларни тизимли равишда янги босқичга кўтаришга қаратилган муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Мазкур фармон орқали давлат-дин муносабатларининг очиқлиги, шаффофлиги, диний ташкилотларнинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш, шунингдек, диний-маърифий фаолиятни илмийлик, миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида ташкил этиш каби устувор вазифалар белгилаб берилди.
Бу фармон нафақат диний соҳада фаолият юритаётган мутасаддилар, балки кенг жамоатчилик, илмий доиралар, халқаро экспертлар томонидан ҳам ижобий баҳоланиб, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари, хусусан, виждон эркинлиги бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларни амалда рўёбга чиқаришга интилаётганини яққол намоён этди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 23-июндаги қарори билан Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ислом сивилизатсияси маркази ташкил этилган эди.
Бугунги дунё манзарасида диний экстремизм ва терроризм таҳдиди кучайиб бораётгани кузатилмоқда. Бу ҳолат кўплаб жамиятларда тинчлик ва барқарорликка таҳдид солмоқда. Радикализм ва экстремизмнинг асосий сабабларидан бири диний саводсизликдир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021-йил 21-апрелдаги "Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида "Жаҳолатга қарши маърифат" улуғвор ғоя асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг ёритиш ва бу соҳадаги илмий-маърифий фаолиятни жадал ташкил этиш, ислом ва жаҳон сивилизатсиясига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой маданий меросини чуқур ўрганиш асосида ёшларнинг онгу тафаккурини шакллантириш, жамиятда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, тинчлик ва тотувликни, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг дахлдорлик ҳисси ва иштирокини янада ошириш каби масалалар асосий ўринни эгаллаган.
Жумладан, фармонда Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг "Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси" сифатида қайта номланиши, академиянинг ҳуқуқларини аниқ белгиланиши ва шу каби соҳага оид барча ислоҳотлар ҳаммани бирфек қувонтирди. Бу ҳақида ҳужжатда шундай дейилади:
Олий таълим, фан ва инноватсиялар вазирлиги ҳамда Қўмитанинг Ўзбекистон халқаро ислом академиясини Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси (кейинги ўринларда – Академия) этиб қайта номлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Академия исломшунослик ва диншунослик соҳаларида мутахассисларни ҳамда ўқув дастури, қўлланма ва дарсликларни тайёрлашга ихтисослашган таянч давлат олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси этиб белгилансин.
6. Қуйидагилар Академиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:
а) исломшунослик, диншунослик, дин психологияси, ислом иқтисодиёти, манбашунослик, халқаро муносабатлар ва эҳтиёж мавжуд бўлган бошқа соҳалар бўйича кадрлар тайёрлаш;
б) таълим жараёнига илғор педагогик технологияларни, илм-фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини ҳамда етакчи хорижий олий таълим ташкилотлари тажрибаси асосида ишлаб чиқилган таълим дастурларини жорий этиш;
в) виждон эркинлиги ва конфессиялараро бағрикенгликни таъминлаш, радикаллашув, экстремизм ва терроризмга қарши курашиш ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг асосларига оид илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш;
г) диний-маърифий йўналишда илмий, илмий-оммабоп адабиётларни тайёрлаш ва нашр қилиш, шунингдек, интернет тармоғида таълим ресурсларини жойлаштириш ва мунтазам янгилаб бориш;
д) талабаларда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни ривожлантириш, Ватанга муҳаббат, унинг тақдирига дахлдорлик, касбга садоқат ҳиссини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия жараёни ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш;
э) мамлакатимизда ва хорижда диний соҳада фаолият олиб бораётган илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш.
Президентимиз ташаббуси билан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази ташкил этилган бўлиб, мазкур илмий-тадқиқот марказлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида эди. Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ҳузурида фаолият олиб бораётган Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳам бошқа тадқиқот марказлари сингари Вазирлар маҳкамаси ҳузурига ўтказилди. Бу ҳам марказда амалга ошириб келинаётган кенг кўламдаги илмий ишларнинг янада юқори савияда яратилишида муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси исломшунослик, диншунослик, дин психологияси, ислом иқтисодиёти, манбашунослик, халқаро муносабатлар йўналишлари бўйича етук кадрларни тайёрлашда илғор хорижий тажрибалар асосида замонавий ўқув дастурларини ташкил этади. Академиянинг илмий-тадқиқот салоҳияти кенгайиб, диний-маърифий адабиётлар яратиб, илмий ва оммабоп адабиётлар нашр этади ҳамда рақамли ресурслар яратилиб, академия томонидан кенг жамоатчиликка етказилади.
Илҳомжон Бекмирзаев,
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси
"Ижтимоий фанлар ва ҳуқуқ" кафедраси профессори