Яшил баҳор олиб келганди уни,
Ёз дарё бўйида сувга зор этди,
Қаҳратон ёнида юрди ҳар куни,
Ниҳоят суйгани – куз билан кетди.
Хуршид Даврон
(05.11.2016)
“Ҳар бир жон ўлимнинг тотувчисидир” (Анбиё, 35). Ҳа, бандалик ҳақиқати бу фонийликдир. Боқий қолгувчи ёлғиз Тангри таолодир.
Инсонга ато этилган фурсат – умр ҳаётини эл-юрт учун, жамият учун манфаатли ўтказишнинг ўзи ҳам бир саодат. Куни кеча ўзбек халқи, ўзбек шеърияти ўзининг забардаст ўғлони – Ўзбекистон Қаҳрамони, Ҳамза номидаги, Абдулла Қодирий номидаги ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотлари соҳиби, шоир ва ижодкор Абдулла Ориповни боқий дунёга кузатди.
Абдулла Орипов ҳозирги ўзбек шеъриятида инсон қалбидаги мураккаблик ва зиддиятларни теран, ҳаққоний, ўзига хос бетакрор куйлаган ижодкор эди. Ўз ижоди ила ўзбек шеъриятига янгича бадиий тафаккур йўсинларини олиб кирди. Шоир Яссавий, Навоий, Бобур, Чўлпон сингари ижодкорлар бадиий анъаналарининг давомчиси бўлди. Айниқса, истиқлол йилларида халқимиз хотирасидан унутилаёзган миллий қаҳрамонларимиз, буюк сиймоларимиз образини ҳаққоний гавдалантира олган, қолаверса, исломий тафаккурга йўғрилган миллий ўзлигимизни тараннум этган моҳир ижодкор эди. Бу борада унинг машҳур “Ҳаж дафтари ” (1992), “Соҳибқирон” (1996) номли тўпламлари, “Бобур”, “Савоб”, “Бандага сиғинма”, “Ҳидоят йўли”, “Мен кимга суянгум”, “Зиёли”, “Илтижо”, “Орият”, “Инсон”, “Сўнгги макон” ва бошқа кўпгина асарини келтириш мумкин.
Абдулла ака билан суҳбатларимизнинг бирида: “Тақсир, шеърларингизда имон ҳақида тафаккур ҳақида жуда кўп ёзгансиз”, дея марожаат этганимизда – Бахил қанчалар диндор бўлмасин жаннатга кирмайди, олов ўтинни ёқиб битиргани каби ҳасад ҳасадчининг савобларини еб тугатади дейдилар. Мен гапни нарироқдан бошлаётганимнинг сабаби бор. Баъзиларда юзаки фикрлаш қусури кучайиб кетяпти. Айниқса, озроққина адабиётга даъвогарлиги бўлганларга бу дарднинг юқиши жуда ёмон. Ижодкор деганимиз, биринчи навбатда, тафаккур қилувчи жонзотдир. Бу қавм фикрлашсиз яшамаслиги, яшолмаслиги лозим. Ваҳоланки, аллақачонлар ўзини номдорлар қаторига қўшиб бўлган қаламкаш биродарларимизнинг кўплари ҳалигача Қуръони карим ёхуд ҳадиси муборакдан ҳам бехабарлар, дея айтган эдилар.
Истиқлолимизнинг илк йилларида (1992 йил) Абдулла Орипов билан муборак ҳаж сафарида бирга бўлиш насиб этганди. Ўшанда моҳир ижодкор ўзларининг “Ҳаж дафтари” номли тўпламларини битган эдилар.
Абдулла Ориповнинг бадиий юксак ижоди халқимизнинг қалбидан чуқур ўрин олган. Буюк истеъдод соҳибининг ижод намуналари асрлар давомида мухлислари томонидан севиб ўқилишига шубҳа йўқ. Аллоҳ таолодан севимли шоиримизнинг охиратлари обод бўлишини, асарларидаги миллий руҳ, маънавий покликдан сабоқ олган ҳар бир ўқувчи учун у кишига савоб ва мукофотлар етиб боришини сўраб қоламиз.
Анвар қори ТУРСУНОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби
МЕН КИМГА СУЯНГУМ
Бир кун савол берди ёшгина ўғлон:
– Нечун Аллоҳим деб йиғлайсиз нолон?
Дедим, жавобимдан бўлмагин ҳайрон,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.
Тинимсиз алдаса муҳит, маконинг,
Тортса оёғингдан дўсту ёронинг.
Шундай ўтар бўлса ҳар зум, ҳар онинг,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.
Ношукур эмасман дунёда гарчанд,
Қайдадир менга ҳам бор балки дилбанд.
Ва лекин тириклай куйдирса фарзанд,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.
Инсофу ишонч ҳам ширин сўз бари,
Тириклик тошқиндир ёки кўпкари.
То ҳаёт экансан қочгайдир нари,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.
Шунчалар каж эрур дунёи гардун,
Ундан диёнатни ахтармоқ нечун?
Падар шод ўз ўғлин бағрин этса хун,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.
Мингта кўз пойлайди битта жонингни,
Жонингмас, мартабанг, балки шонингни,
Ўт қўймай ёқарлар хонумонингни,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.
Бу кўҳна дунёда яшадим нега,
Яйдоқ от мисоли бўлдим беэга.
Маломат қилурман, оломон, сенга:
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.
Мендан ранжимасин бўлса дўст агар,
Балки уларнинг ҳам дилида кадар,
Ҳойнаҳой, мендайлар дегай муқаррар:
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.
Умр ҳам охирлаб бормоқда секин,
Энди сарғаймоқда мен эккан экин.
Майли, сен ўзингга суянгил, лекин,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.
СЎНГГИ МАКОН
Қайга бориб қўнар учаётган сор,
Қайси жойда тўхтар югурук оҳу?
Жавоб бериб бўлмас бу гапга зинҳор,
Бу жиҳат ёпиқ, деб айтилган, ёҳу.
Узоқ йиллар яшаш ҳар кимга армон,
Гарчи дунё ўзи фоний, муваққат.
Филда ҳам бор эмиш энг сўнгги макон,
Инсонга буюрсин Ватани фақат.
ОРИЯТ
Ер юзин тасмадек олгандир ўраб,
Турфа қавмларнинг сафи, қатори.
Бир ёнда боёнлар туришар қараб,
Ишларин ҳамиша келган барори.
Бир ёнда йўқсиллар тизилган борҳо,
Бошқалар сингари яхлит жамоат.
Лекин тиланишдан чарчамас асло,
Балки шараф эрур бундайин одат.
Учинчи қатор бор, учинчи қатор,
Хайру эҳсон кутиб, тиз чўка қолмас.
Улар ноёб зотлар, орияти бор,
Олтин танга узат, барибир, олмас!
Жонажон ватанимиз Ўзбекистонда амалга оширилаётган тараққиёт тобора янгидан янги босқичларга қадам қўйишда давом этмоқда. Бу, шубҳасиз, жамият ҳаётининг ҳар бир жабҳасида “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” тамойилига асосланган ўзига хос бир қатор ислоҳотларни амалга оширишда ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Мамлакатимизда турли динларга эътиқод қилувчи миллат вакиллари ўртасида ўзаро диний бағрикенгликни тарғиб этиш, миллатлараро тотувлик ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ҳам шулар жумласидандир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрел куни эълон қилинган “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳам айни шу масалалар назарда тутилган.
Мазкур фармонда таъкидланишича, жаҳон тамаддунида алоҳида ўрин тутган, умумбашарий тараққиёт омили бўлган илм-фан ва маданият ривожига катта ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларимиз қолдирган улкан илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, ёш авлод қалбида Ватанга садоқат, миллий-диний қадриятларга ҳурмат туйғуларини тарбиялашда улардан унумли фойдаланиш бу ислоҳотларнинг асосий негизини ташкил этади.
Фармон асосида Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлигининг Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази муассислигида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифлари маъқулланган ва унинг асосий вазифалари белгилаб берилган. Жумладан, унда “...буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг юксак инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш, ёш авлодни бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида тарғибот ишларини олиб бориш” ҳам қайд этиб ўтилган.
Албатта, бу вазифани бажариш нафақат олимлар, балки бугун диний соҳада халққа хизмат қилаётган барча ходимлар зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Зеро, соҳанинг ҳар бир ходими тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини теран англаши, юртимизда яшаб, ижод қилган улуғ алломаларнинг бой илмий-маънавий меросини халққа етказиши, кенг тарғиб қилиши замон талабидир.
Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати ҳақида сўз кетганда, энг аввало, турли манбаларда бу улуғ аллома ҳақида айтилган фикр-мулоҳазаларга тўхталиб ўтиш ўринлидир.
Ана шундай манбалардан бири, сўзсиз, улуғ мутафаккир Алишер Навоий бобомизнинг қатор асарларидир. Шоир ижодида нақшбандийлик тариқати асосий ўрин тутади. Ҳар бир асарининг ғоявий мазмуни, уларда илгари сурилган тасаввуфий қарашлар бевосита унинг Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқатига катта эътибор берганлигидан дарак беради. “Лисон ут-тайр” достони ҳам бундан мустасно эмас.
Асарнинг “Хожа Баҳоуддин Нақшбанд сўзи фанойи комил мақомида” бобида шоир улуғ алломага шундай таъриф беради:
Хожаи олий сифоти аржманд,
Шаҳ Баҳо ул Ҳақ вад-дин Нақшбанд.
Чун бу иқлим уза бўлди тахтгир,
Тузди йўқлук кишвари узра сарир.
Навоий таъкидлашича, Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд олий ахлоқий сифатларга эга зотдир. Чунончи, у зот бу иқлим тахтига ўтиргач, яъни дунёга келган кунидан бошлаб, ўзини йўқлик тахтида кўрди. Демак, Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг энг улуғ инсоний фазилатларидан ўзлигини англаб, худбинликдан кечишдир. Шоир фикрини давом эттирар экан ёзади:
Ўз вужудин пок сайри ҳақшунос,
Ҳар не бирлаким қилур эрди қиёс.
Ондин ўзни кам топар эрди басе,
Сарву гулдин ўйлаким хору хасе.
Ҳақшунос – Аллоҳни таниган аллома ўзини нимага қиёс қилса, ундан паст кўрар, яъни оддий хас сарв билан гулнинг наздида қанчалик кўримсиз бўлса, у зот ҳам ўз вужудини ҳеч қачон бирор нарсадан ортиқ кўрмас ва бутун ҳаёти давомида шундай камтарликка амал қилиб яшаган. Агар инсонлар ўз ҳаётларини инсонпарварлик ва бағрикенглик асосида қурсалар, дунёда рўй бераётган ўзаро низолар, қирғинбарот урушлар, ўткинчи мол-дунё учун қилинаётган пасткашликларга барҳам берилган, инсонлар бир-бири билан тинч-тотув ҳаёт кечирган, она замин бағрида бегуноҳ гўдакларнинг қонлари дарё бўлиб оқмаган бўлар эди. Аммо афсуски, бугун дунёнинг турли мамлакатларида бундай мислсиз фожиаларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз.
Тасаввуф аҳли орасида Баҳоуддин Нақшбандий ҳазратларининг: “Мусибатлар жуда кўпдир. Фақат энг буюк мусибат эса вақтнинг фойдасиз, бекорга кетишидир”, – деган панду насиҳати машҳурдир. Шунга кўра ҳикоятда нақшбандийликнинг яна бир тамойили бозгаштга ҳам тўхталиб ўтилади. Унга кўра ўзининг ҳар бир нафасини назорат қилган ориф унинг бирор лаҳзаси, ҳаттоки, нафас олиш ва чиқаришнинг орасидаги онлардан бири ҳам, ғафлат билан беҳуда ўтган бўлса бозгашт қилиши, яъни ғафлатда кечган ҳар бир ишини қайтадан бажариши лозимлигини таъкидлайди.
Зеро, аҳли Ҳақ – Аллоҳнинг ошиқлари шу тариқа ўз вужудини инкор этиб, шу сабаб билан будини – борлигини набуд – йўқликка алмаштирадики, шоир бу ўринда китобхонларни нақшбандийликнинг яна бир рашҳаси “вуқуфи қалбий” – “қалбдан огоҳ бўлиш”га қаратади. Бу раҳшага кўра солик ҳамиша ўз қалбидан огоҳ бўлиши, унда кечаётган ҳар бир ўй-фикрларни тартибга солиб, ҳатто хаёлан бўлса-да, кибру ҳавога, манманликка йўл қўймаслиги керак.
Алишер Навоий Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари умрларининг охиригача ўзларида мужассам бўлган фазилатларни тарк этмаганлиги ва шу тариқа фано бўлганликларини айтиб, шундай якунлайди:
Бўйла ошом эттилар жоми фано,
Қолмоғондин сўнг асар ўздин яно.
Ҳақ вужудидин бақое топмайин,
Жоми ваҳдатда лиқое топмайин,
Чун фано хайлига дохил бўлдилар,
Боқийи мутлаққа восил бўлдилар.
Шоир таъкидлашича, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ўзлигидан, яъни “мен”ликнинг кибру ҳаволаридан кечган ҳолатда вафот этдилар. У кишининг назарида Ҳақ вужудидан бошқа боқий бўлмади, ўзининг Ҳақ наздида ҳечлигини англаб етди ва фано хайли – аҳлига қўшилиб, боқийи мутлақ – Аллоҳ висолига эришди.
Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достонидан олинган ҳикоятлар гарчи ҳажман кичик бўлса ҳам, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари таълимотининг энг асосий тамойилларини ўзида акс эттирганлиги билан қадрлидир. Ўйлаймизки, муштарийлар бу асар таҳлилини Президентимиз фармонларида айтилган “тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш, “Етти пир” алломалари ва азиз авлиёларнинг бой илмий-маънавий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш” йўлидаги арзимас уринишларимиздан бири сифатида қабул қиладилар ва йўл қўйган нуқсон-хатоларимизни кечирадилар. Албатта, умид қиламизки, бу борада янада теранроқ қарашлар билан бойитилган мақолалар билан бизни хурсанд этадилар.
Алишер домла Наимов,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари